O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЎХҲ фаоли Фахриддин Тиллаевнинг Ўзбекистондан чиқиши таъқиқланди

ЎХҲ фаоли Фахриддин Тиллаевнинг Ўзбекистондан чиқиши таъқиқланди
11 views
07 December 2013 - 18:46

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаоли Фахриддин Тиллоев Тошкент шаҳар Чилонзор туман Жиноят ишлари бўйича судининг шу йил 29 ноябр куни чиқарган қарорига биноан Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Бунга Тиллоев Фахриддин Ҳабибуллаевич Ўзбекистон давлати фойдасига 7 миллион 235 минг 500 сўм миқдорида маъмурий жарима ундириш тўғрисидаги суд қарорини бажармагани асос қилиб олинган.
“2012 йил 23 ноябрда қўзғатилган 26107/27 ижро иши бўйича 15.08.1971 йилда туғилган, паспорт номери АА 0721916, 2013 йил 23 январ куни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ИИБ томонидан берилган ҳозирда Чилонзор туман, 7 мавзе, 50 уй, 44 хонадонида яшовчи қарздор Тиллоев Фахриддин Ҳабибуллаевич Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чеклансин”, дейилади Чилонзор туман суд ижрочилари бўлим бошлиғи катта суд ижрочиси Б.Ж. Салойдинов томонидан шу йилнинг 29 ноябрида тасдиқланган қарорда.
Ўз навбатида фуқаро Фахриддин Тиллоев 2012 йилнинг 5 декабр куни Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Ҳамза туман суди қарори устидан юқори органларга тушунтириш хати ёзиб берганини маълум қилди:
“Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Ҳамза тумани суди қарори юзасидан юқори инстанцияларга мурожаат қилганман. Менинг ушбу мурожаатларим Тошкент шаҳар суди томонидан кўриб чиқилди. Бироқ, 2013 йил 23 сентябрида Ҳамза туман суди қабул қилган қарорни ўз кучида қолдирди. Шундан сўнг мен бу катта миқдордаги жаримани тўлашга ҳеч қандай имкониятим йўқлигини, икки нафар вояга етмаган фарзандим борлиги ва вақтинча ҳеч қаерда ишламаётганимни Чилонзор туман суд ижрочиларига ёзма равишда билдирдим. Суд ижрочилар бўлими суд ижрочиси Ш.А. Аҳмадбекова тушунтириш хатимни делога тиркади. Аммо орадан бир йил ўтиб Ахмадбекова мени мажбурий равишда чақирди ва “қарзингни қачон тўлайсан?”, деб тергади. Ваҳоланки, республика Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларида “суднинг қарори юзасидан маъмурий жаримани ундиришда, агар қарор ижроси ўз вақтида ўндирилмай қолиб кетса, қарздор томонлар қарзини тўлашга имкониятлари бўлмаса, унда унинг мол-мулки мусодара қилинади. Агар бунга ҳам, имконияти етмаса, қарздордан қарзини давлат фойдасига ундириб бериш қатъийян манъ этилади” деб кўрсатилган, дейди ЎХҲнинг бир жинояти учун икки қайта судланган фаоли Фахриддин Тиллоев.
Фахриддин Тиллоев орадан бир йил ўтиб республика қонунларини четлаб, 29 ноябр куни адолатсиз қарор чиқарган Чилонзор туман суд ижрочилари уйида тинтув ўтказганини ва ўзига тегишли “Hisense” русумли телевизорни тортиб олганларини айтади.
“Бу ҳам етмагандай, шу йилнинг 29 ноябр куни Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклаш тўғрисида” қарор ҳам қабул қилдилар”, деди ЎХҲ фаоли Фахриддин Тиллоев.
Тошкент шаҳр турғуни Мансуржон Фозилжоновнинг маълум қилишича, шу йилнинг 3 декабр куни ҳаракатнинг бошқа аъзоси Жуманиёзов Нуриддин Райимбергановичнинг уйи ҳам суд ижрочилари томонидан тинтув қилинган ва унга тегишли “Samsung” русумли ноутбук ва бошқа техник ускуналари олиб кетилган.
Фозилжоновнинг гапига қараганда, ЎХҲнинг фаол аъзолари иккинчи марта судланишига “Шу йилнинг 2 декабр куни фуқаро Абдулло Тожибой ўғли Фахриддин Тиллоев ва Нуриддин Жуманиёзовлар устидан суд идораларига ёзган шикоят аризалари туртки бўлган”.
Эслатиб ўтамиз, Абдулло Тожибой ўғли “Эрк” партияси ва ЎХҲ аъзолигидан чиқарилган.

ЎХҲ Тошкентдаги мухбири