O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳақгўйлик зардоби (вакцинаси)

Ҳақгўйлик зардоби (вакцинаси)
148 views
06 February 2013 - 17:52

Биолог ё медицина мутахассиси бўлмасам-да, ҳар қалай шу соҳаларда фикр юритиш каминани ўта қизиқтиради.

Масалан, инсон табиатидаги руҳий омилни биологик жиҳатдан қонга сингиши ва шаклланиши ё генетик тарзда наслга ўтишини олайлик.

“Жиннилиги қонида бор”,“ўғрилик аждодида бор эди, бунга суяк суриб ўтибди”, “буни отаси ҳам, буваси-ям аблаҳ одам эди, ўзи ким бўларди?”, “Буни асли палаги тоза одамда”, “Нега бунча тўғрисўз софдил десам, фалончини боласи экан-да?”..

Юқоридаги факторлар руҳий омилни генетик тарзда биологик ҳолатга ўтишига киради.
“Туппа-тузук одам эди-ю, буни нима жин урди?”. “Ота-онаси жуда диёнатли одамлар эди, нега боласи уларга тортмади”. ”Нега бунақа ашир қўрқоқ бўлиб қолдинг? Ахир сен жасур йигит эдинг-ку, қўрқоқлик қон-қонингга сингиб қолибди-я!”. “Ота-буваси илимилиқ, инаса кишилар эди, бу оловни ютади-я!”.

Бу эса генетика билан боғлиқ бўлмаган инсон ҳаёти давомида орттирган руҳий-маънавий майллардир.

Бутун бир халқ ёппасига қўрқоқ бўлиб қолиши мантиққа зид. Зеро бутун мамлакат аҳли кези келганда, мард ёвқур бўла олиши ҳақиқат.

Ҳамма гап ўша кези келишида. Қачон кези келаркин? Келди ҳам дейлик, лекин у пайтга етиб боргунимизча, лоқайдлик ва қўрқоқлик вируси батамом сурункали бедаво эпидемияга айланиб қолмасмикин?

Айни шу икки иллат (лоқайдлик, қўрқоқлик) вирусидан қутилиш учун
Нима қилишимиз керак?

Буни иллат вирусига қарши вакцинада (зардобда) эмлаш керак.
Янглишмаётган бўлсам, шу ерда нафақат хасталикнинг аниқ ташхиси қўйилди, балки уни шифолаш рецепти ҳам берилди.

Гап шу рецептда кўрсатилган вакцинани топишда қолди.

Нима деб ўйлайсиз, шу вакцинани топиш мумкинми? Аввало уни қаердан топамиз? Вакцинани таркибида нима бор? Бор бўлса, ўзимизда ишлаб чиқариладими, ё чет элдан келтириш лозимми?

Бунга жавоб: Вакцина ўзимиздан чиққан, лекин ўз вакцинамизни чет элдан, чекка-чекка юртлардан топиб келтириш кечиктириб бўлмас заруратдир.

Яъни бу вакцина ўз юртидан ноҳақ ҳайдалган, қувғин қилинган жасур адолатпарвар ватандошларимиз бўлишади.

Ҳақсўз айтилмайдиган ерда маддоҳлиг-у, ялтоқилик барча тубанликлар урчийди.
Ҳақгўй сиймоларимиз қувғин қилинган экан, халқ деган мақомдан маҳрум авом ана шу тубанликларда булғаниб ботиб қолаверади.

Ҳеч бир истеҳзосиз айтаман-ки, Улуғ Ватан Уруши деб аталмиш йилларни мен “Яшасин уруш, яхшики ўшанда ота-буваларимиз уруш-жанг кўришди” деб баралла айтишга ҳақлиман деб ҳисоблайман.

УВУ шўро хокимиятига мислсиз маъний фойда келтирган. Зинҳор урушни тарғиб қилиш ниятим йўқ. Акс холда фашистдан нима фарқим қолади.

Аввало, ўшанда дунёдаги энг катта мамлакат бир оила бўлиб яшай билган. Нон карточкасини йўқотган қўшниси очликдан ўлмаслиги учун оч-ночор юрган фарзандлари луқмасини оғзидан юлиб, қўшнисига илинган инсонлар ўшанда кам бўлган дейсизми? Яна “Ҳамма нарса фронтга!” “Ҳамма нарса – фронт учун!” деб хатто аёллар оғзидаги тилладан ясалган протез тишларини суғуриб беришган.

Фронтда 18-20 яшар атрофидаги жўмард йигитлар не қахрамонликлар кўрсатишган.

Уруш тугагач, ўша қаҳрамон йигитлар уйланиб, оилали бўлишгач биз уларнинг зурриёти бўлишдек бахтга сазовор бўлмадикми?

Тўғрисўз, шарттаки, қабихлик ниш уриб чиқай деган иллатни илдизи билан қўпорадиган, лафзи пок инсонлар орасида ўша пайтлар яшамадикми? Демак, биз уларнинг ҳақгўйлик вакцинасидан мунтазам эмланиб турганмиз.

Йиллар ўз ҳукмини ўтказиб ўша вакцина эгалари оламдан ўтиб кетишди.

Уларнинг вакцинасидан эмланган аксарият кейинги авлоднинг кўплари вакциналик бўла олдилар. Ўйлайманки, кўпчилик мухолифат эгаларини ота-буваси уруш кўрган инсонлар бўлишса керак. Минг афсуски, юрт бугун каламушларга қолиб кетди. Иллат вируси ҳаммага юқиб кетди.Тўғри сўз инсон энг камида ахмоқ ё бўлмаса жинни ё фитначи-террористга айлантирилди.

Нима бўлганида ҳам вакцинамиз ҳали бор. Мен уларнинг ким қандай кишилар эканликларини яхши биламан. Мадҳиябозлик қилмай деган андишада уларни фалончи пистончи деб номма-ном санамай қўя қолай. Уларнинг кимлигини жуда яхши биласиз. Муҳими, улардан вақтида эмланиб қолайлик.

Санжарали Имомов,
драматург