Абдуқодир Саттаров
(Ҳазиний ғазалига мухаммас)
Бу дин аҳкомларига мен итоат қилмасам бўлмас,
Ва Қуръони Каримни ҳам тиловат қилмасам бўлмас.
Салот фарзини ҳар соат-басоат қилмасам бўлсам,
Гуноҳга тавба айлаб, энди тоат қилмасам бўлсам,
Хатою маъсулиятларга надомат қилмасам бўлсам.
Нетай, ғафлат аро юрсам ки нодонлик, ўжарликда,
Умрдан не нажот бўлгай, гар ўтса бесамарликда?
Хаёт мазмунини билмай, ажаб зеру забарликда,
Абас ўтди йигитлик, сад дариғо, бехарликда,
Ғаниматдур, тирикликда ибодат қилмасам бўлмас.
Кўнгилда ул тариқатга чунон ҳохиш бўлур пайдо,
Шукр, мўмин-мусулмонман, ки жаннатга ўзим шайдо.
Зикр айлаб, дегум тахсин туну кун, бўлса ҳам ялдо,
На юз бирла борурмиз туҳфасиз Хақ қошиға фардо,
Хаётим борича эмди ибодат қилмасам бўлмас.
Нодомат-ла умр ўтти, дилимда кўпдир армоним,
Ғарибу ҳасталик бирла нетай, охир куяр жоним?
Ҳануз ғафлат аро ўтгай куну хафта, ою оним,
Сулуким-Қодирия, раҳбаримдир пири пироним,
Саҳарлар зикри Оллоҳ уни одат қилмасам бўлмас.
Бу ғафлат ичра ётдим-ку, нихоят паккага еттим,
Бирон кор айлайин дерман, мадорим йўқ, тубан кеттим.
Дегайман сарҳисоб айлаб, охират йўлига неттим,
Юриб нафсим учун шул вақтгача, тоатни тарк эттим,
Қаноат шаҳриға бориб, тижорат қилмасам бўлмас.
Нажот айла, эй Ололҳим, Ўзингсан соҳиби қудрат,
Умр бирла саодат бер, илимда бўлғуси суръат.
Паноҳ излаб юрурманким, хузурингга этай журъат,
Фужуру фисқу исёним халойиқлар аро шухрат,
Мадина, Маккатуллони зиёрат қилмасам бўлмас.
Юрибман нокасу нодон кеча-кундуз хатарликда,
Қилай тавба, тазаррулар туриб бедор саҳарликда.
Қодирий сен, у дунёга борурсан бесамарликда,
Эгосиз ит каби умрим ўтибдур дарбадарликда,
Хазиний ихтиёри эмди, ҳижрат қилмасам бўлмас.