O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Юрт қайғуси

Юрт қайғуси
183 views
24 June 2012 - 13:15

Истанбул Ойдин университети Фан ва адабиёт факулетининг декани. проф. доктор Шуойиб Қорақош, “Туркистонда миллиятчилик фаолиятлари” ҳақида ўтказилган симпозиумда сўзлаган нутқида 20-аср бошларида ўзбек зиёлиларининг илғорларидан бири Абдурауф Фитратнинг “Юрт қайғуси” номли шеърини келтиради. Бу асар Абдурауф Фитрат тарафидан 1918 йилда ташкил этилган “Ҳуррият” номли газетада эълон қилинган эди. Ўша шеър мазмуни ва моҳияти балан бугун ҳам ўз аҳамиятини, муҳимлигини ва оригиналлигини заррача йўқотгани йўқ. Шу сабабдан унинг кириллда ва лотин алифбосининг туркча вариантида ифодаларини эълон қилиш ўқувчиларимиз учун маърифат бўлар деб ўйладик. Марҳамат уни ўқинг! Алибой Йўляхши.

 

Юрт қайғуси.

“Ётсам тушимда, уйғонсам ёнимда, кўз юмсам қаршимда мунгли хаёл келиб турадур!
Бу бир хотин хаёли … бир хотинки, эгнида ипакли, лекин йиртиқ ва эски бир куйлакдан бошқа бир кийим йўқ.
Бош-оёқлари яланғоч, тирсакларигача қоп-қора лойқадан ботган,
Бақиришга товуши, қутулишга кучи қолмаган! …
Қарайман: Кимсасизлик юкидан ориқланган танда золимона урилган қамчиларнинг яраси бор.
Кўраман: Жоҳилона қилинган эмлардан носулга қайтган* яраларидан қонлар оқиб турадур! …

[* эмлардан носулга қайтган – “эмлар”, эмлаш ёки дорилаш деганидир. “Носулга қайтган”, гангренага айланган демоқчи. Бутун жумла: “Жоҳилона қилинган эмлардан носулга қайтган,” дейилганда, жоҳилона дориланган яралар гангренага айланганда каби тушунилиши лозим бўлади]

Эй, мунгли хотин, сен кимсан?
Эй, ғамли она, нечук мундан айрилмайсан?
Ёнимда, кўзимда, миямда, юрагимда нима ахтарасан? Нечук кетмайсан?
Қайғу тутунлари ичра ёғдусиз қолган кўзларинг, у ёш ёмғирларинг нечун тўкадир?
Зулм занжирлари билан боғланган қўлларинг нечун ҳар ёнга узатиладир, нима тилайсан? …
Оҳ … билдим … билдим … англадим!
Сен менинг Ватанимсан, Ватанимнинг мунгли хаёлисан.
Эй, муқаддас Туронимнинг хаёли, кетмай тур, айрилма.
Туроним, сендан айрилмоқ – менинг ўлимим.
Сенинг учун ўлмак менинг тириклигимдир.
Паноҳим, саждагоҳим, умидим!
Ёвларинг сени шу кунгами солдилар?
Тилагим, истагим, саодатим!
Болаларинг сени шу ҳолдами қўйдилар?
Суюнчим, овунчоғим, ўчоғим!
Золимлар сени кимсасизми кўрдилар?
Йўқ, сен кимсасиз эмассан.
Мана мен, бутун борлиғим билан сенга кўмак қилишга ҳозир.
Мана мен чин кўнгил билан сенинг йўлингда ўлишга рози.
Қоф тоғлари йўлимда тушса,
Тамуғ оловлари қаршимдан чиқса, яна сен сари кетарман.
Устимга инсонлар эмас, Шайтонлар келса,
Оёғимга занжирлар эмас, жаҳаннам илонлари сарилса, яна сен сари кетарман.
Дунёнинг бутун балолари бошингга тўкилса,
Зулм чўлининг темир тиканлари кўзларимга кирса, яна сени қутқараман.
Мен сенинг учун тирилдим,
Сенинг учун яшарман,
Сенинг учун ўлурман.
Эй Туркликнинг муқаддас ўчоғи!
Ўлим сенинг ўлимингни истаганларга,
Нафрат сени кўмгани келганларга!”