O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Артел”ни судга бераман!..

“Артел”ни судга бераман!..
307 views
25 September 2012 - 10:11

Андижонлик муаллим

 

Кўпдан бери Тошкентга йўлим тушмаганди. Катта идораларга шикоят ташлаш важидан пойтахт ҳавосидан нафас олиш насиб этди. Ўзи бир қучоқ ариза билан келгандим. Ка-атта паннога илинган “риклом”ни кўриб қўлим беихтиёр яна бир шикоятга югураёзди.

Гапни кўп чўзмай, муддаога ўта қолай. Шу десангиз, “Артел” деган ширкат Тошкентнинг энг гавжум жойларини реклама билан тўлдириб  ташлабди. Бирида жоннинг ҳузури совутгич, яна бирида анча-мунча тандир-ўчоқни чангида қолдирадиган газ плитаси кўз-кўз қилинган. Ҳаммасидан ҳам, шу газ плитаси рекламаси таъбни хира қилди…

Сериалу филмларни бўшатмаётган актриса қизимиз Дилноза Кубаева, кейин, ҳадеб ирғишлаб, саҳнани чангитадиган йигит бор-ку, “Божалар” группаси аъзоси – икковлоннинг расми туширилган панно. Катталиги қўшнимиз Қодирбойнинг дарвозасичалик келади. Унга шапалоқдек қилиб “Энди сизга ўтин керак бўлмайди!” деб ёзиб қўйибди.

Шу гапи билан “Артел” давлатимизни сиёсатига қарши чиқаётганига нега ҳеч ким саросоп солмаяпти – ҳайронман.

“Ўтин керак бўлмайди” дегани нимаси?! Мана, Андижонимизда шахсан ҳокимбуванинг ўзи қишга ўтин ғамлаб олишни қулоғимизга қуяётган бўлса! Одамлар молини, борини сотиб, жон ҳалпида ўтин йиғаётган бўлса!

Ўтин жониворнинг бир машинаси (аъробангизнинг катта-кичиклиги, бўйи-энига қараб-да) бир миллион сўмга чиқиб кетган (Қўшни Наманган, Фарғона вилоятларида ҳам саржини фалон пул деб эшитаман). У эмас, бу эмас, аҳвол шундоқ давом этса, ўтин валютага айланиб кетадиёв.

Жияним Фарғонага тушган. Фиғонидан дуд чиқиб арз қилади, таппи қилишга тушиб кетдик деб. Ўтин фалон пул бўлганидан кейин бурнини жийирмасдан тезак ёқишга ҳам кўнади-да одамзот! (Айтганча, мавриди бўлмасаям, тилшуносларимизга бир сўровим бор эди, илтимос, шу таппи, тезак сўзларини “эскирган” деган тамға қўйиб, луғатнинг энг тубига тушириб юборишмаса, ҳали бу сўзлар бизга кў-ўп асқотади, шекилли).

“Артел”нинг рекламаси шижоат билан ўтин йиғаётган бизга ўхшаган омиларнинг ишчанлик кайфиятини сўндиради. Ё нотўғри гапиряпманми? Янаям ёмони, одамларда “Ие, газ бўлиши мумкин экан-да!” деган хомхаёл уйғотиб қўйиш хавфиям бор.

Бу “риклом”ни вилоятларга қўйса, “ЧП”ларга сабаб бўлиши ан-ниқ! Газнинг  шаклу шамойилини, ҳид-исини эсдан чиқарган одамлар “Наҳотки, бу йил қишда газ ёқсак!” деб юрагини ушлаб қолиши, узр-у, бирор ҳомиладор келин ҳаяжондан бола ташлаб қўйиши… хуллас, шунга ўхшаган бехосиятликлар юз бериши мумкин.

Яна нималардир ёзмоқчи эдим. Лекин гап кўп-у, кўмир оз-да. Сиёсий сергаклигим учун орден-медал бериш шарт эмас, фийсабилло ёздим.

 

ozodlik.org