O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Баҳодир Файзи: “Ҳаммага бирдек яхши кўриниб бўлмайди”

Баҳодир Файзи: “Ҳаммага бирдек яхши кўриниб бўлмайди”
17 views
25 April 2012 - 9:17

Мухолифат ичида ғайрат билан, тунлари ухламасдан иғво ёйишни ўзига касб қилиб олган А.Пўлатов, Ж.Маматов, Б.Маликов каби кимсаларга жавоб ёзиб вақт йўқотмаслик учун 

аввалроқ чоп этилган холис материалларни қайта босишга қарор қилдик. Баҳодир Файзининг “Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар” асарини саҳифамизда беришдан олдин,
журналист Юсуф Расулнинг муаллиф билан суҳбатини эътиборингизга ҳавола қиламиз. (Таҳририят)

***

Баҳодир Файзининг “Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар” асари бу борада амалга оширилган илк тадқиқот сифатида эътироф этилади.

Китобда ўзбек мухолифати фаолиятини бошланиши, ҳукумат билан мухолифат муносабатларидаги зиддиятлар, ички курашлар катта маҳорат ҳамда ғоятда закийлик билан инкишоф
этилган.

Китобда жуда кўп манбаларга мурожаат қилинган, муаллифнинг шахсий қарашлари ва кўрган кечирганлари ҳам унда ўз аксини топган. Айрим мутахассислар Баҳодир Файзининг бу
китоби ўзбек мухолифати тарихини ёритиш йўлидаги кичик бир уриниш эканлигини айтишади.

Баъзи бир мухолифат намояндалари китоб муаллифини тарафкашликда ва мавзуга нохолис ёндошганликда ҳам айблашади.

“Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар” илк бор “Исёнкор” саҳифасида ўзбек тилида босила бошлагач бу каби иддаолар айрим гуруҳлар ичида кўзга ташлана бошлади.

Биз шу муносабат билан айни пайтда АҚШда яшаётган Баҳодир Файзи билан суҳбатлашиб, унга бу борадаги айрим саволлар билан мурожаат қилдик.

Юсуф Расул: Баҳодир, бу китобдан боблар “Исёнкор” саҳифаларида ўзбек тилида эълон қилина бошлагач, турли сиёсий доираларда муҳокама қилина бошлади. Айрим мухолифат
намояндалари сизни тарафкашликда айблаб танқид қилишмоқда, жуда кўп ҳамкасбларингиз, ижодкорлар, турли соҳа эгалари эса сизни ёш бўлишингизга қарамай шундай катта ва
савобли ишга қўл урганингиз билан табриклашмоқда. Кўплаб ўқувчиларимиз эса бизга ёзган мактубларида китоб муаллифига миннатдорчилик билдириб қўйишимизни сўрашган…

Баҳодир Файзи: Раҳмат, илиқ фикрлар учун. Ҳақиқатдан “Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар” асарини таниқли журналист ва адиб Исмат Хушев жуда катта маҳорат билан ўзбек
тилига таржима қилмоқдалар. Бунинг учун у кишига ва китоб ҳақида самимий фикр билдирган барча дўстларимизга чин дилдан миннатдорчилик билдириб қўймоқчиман.
Ю.Р.: Нима учун ушбу асар шу пайтгача ўзбек тилига ўгирилмаган эди?

Б.Ф.: Биласизми, таржима бу қайта яратиш санъати дегани. Мен айни пайтда АҚШда яшаётганим ва ишлаётганим учун китобни ўзбекчага таржима қилиш учун имкон топа олмаган
эдим. Бундан ташқари “Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар” асарини инглиз тилидаги қайта ишланган, тўлдирилган нусхасини тайёрлаяпман. Мен айни пайтда АҚШдаги Питсбург
(Pttsburgh) шаҳридаги Point Park Университетида бизнес соҳасида таҳсил оламан. Бу ерда Ўзбекистондаги иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдан хабардор ўқитувчимиз профессор, доктор
Креноу бор, у менга китобни халқаро андозаларга мос тарзда тайёрлашда ёрдам бермоқда.

Ю.Р.: Сиз ўзбек мухолифатини тадқиқ қилган киши сифатида бирор илмий даражага эгамисиз?

Б.Ф.: Мен ижтимоий фанлар бўйича Трукиядаги Улудоғ Университетида бакалаврлик даражасини олганман. Ҳозир АҚШдаги Point Park University магистратурасида ўқияпман. Шу
пайтгача бирор фан ёки соҳа бўйича докторлик илмий даражаси олмаганман.

Ю.Р.: Мухолифат вакилларини истисно қилганда, китоб ҳақида яна кимлар ўз фикр мулоҳазаларини билдирмоқда?

Б.Ф.: Оддий одамлар, Англиядан, Қирғизистондан ва ҳатто Ўзбекистондан жуда кўп ёшларнинг фикрларни олдим. Ўқувчилар китобдаги маълумотлар ўзлари учун янгилик эканлигини
ва бу соҳада ахборот олганликларидан мамнун эканликларини билдиришган эди.
Мен Ўзбекистонда амалга ошириш қийин бўлган ишни мамлакатдан ташқарида туриб амалга оширдим. Лекин тан олиш керак, малакали илмий иш эмас бу. Мақсадим халқаро
ташкилотларга, дипломатларга ва хорижлик ўқувчиларга Ўзбекистондаги мухолифат ҳақида маълумот бериш эди.

Китобни ўзбек тилида таржима қилиб интернет орқали жамоатчилик эътиборига ҳавола этилиши кутилмаганда кўпчиликни ўзига қаратди. Чунки, шу пайтгача бу китоб ҳақида у қадар
фикрлар билдирилмаган эди. Назаримда ўзбек тилида интернет ўқувчилар жуда ҳам кўпайгандек.

Ю.Р.: Нега бу китобни дастлаб рус тилида таёрладингиз?

Б.Ф.: Сабаби бу китобни тайёрлашда асосан русча ва инглизча манбаълардан фойдаланилган. Материалларни инглизчадан русчага таржима қилиш осон кечган. Бундан ташқари
Марказий Осиё ва Ўзбекистон ҳақида кўп кишилар асосан рус тилида ўқишади. Шу сабабли китоб рус тилида тайёрланганди.

Ю.Р.: Умуман олганда, сиз ўзбек мухолифати тарихи ва фаолияти ҳақида биринчилардан бўлиб китоб ёздингиз. Бу ўзига хос тадқиқотдир. Китобни яратилиш жараёни ҳақида гапириб
бера оласизми? Китобни ёзиш учун қандай манбаъларга мурожаат қилгандингиз?

Б.Ф.: Мустақилликдан кейинги ўзбек мухолифати ҳақида китоб ёзиш борасида олдиндан ўйлаб, фикрлашиб юрганмиз. Бу борада баъзи олимлар, ижодкорлар менга маслаҳат беришган.

Аввало бир нарсани айтиш керакки, ўзбек мухолифати ҳақида китоб ёзилмасдан олдин ҳам жуда кўп китоблар, мақолалар чиққанди. Масалан, Туркияда “Мухолифат” китоби нашр
этилган, АҚШ ва Европа матбуотида бир қанча мақолалар эълон қилинганди.

“Мухолифат” китоби ўзбек ва турк тилларида Туркиядаги “Кomen” нашриётида 2002 йил феврал ойида нашрдан чиққан. Унда юрт ташкарисидаги ўзбек мухолифати ҳақидаги
мақолалар, китоблар ва амалга оширилган илмий ишлар тўпланган. (Бу ҳақда қаранг:  uzbekistanerk.org
Ю.Р.: Сизни китобингизда фақат хорижда чиққан манбаълар асос қилиб олинганмиди?

Б.Ф.: Ҳа, албатта. Чунки мамлакат ичида мухолифат ҳақида фақат қораловчи, бир ёқлама фикрлар билдириб келинади. Шу сабабли китобда мамлакат ташқарисида чиққан
адабиётлардан фойдаланилди.

Ю.Р.: Умуман бу китобни ёзилишига нималар сабаб бўлган? Баъзи мухолифат гуруҳлари сизни “Эрк” лидери буюртмасига кўра бу китобни ёзганликда айблашмоқда.

Б.Ф.: Йўқ, бу хато қараш, менга бу китобни ёзиш ғоясини айни пайтда АҚШда яшаётган таниқли тилшунос олим Хайрулла Исматуллаев берган. Бир куни у киши мендан Ўзбекистон
мухолифати ҳақида чиққан мақолалар ва китобларни тўплаб, бир рисола қилиб беришимни илтимос килдилар. Мен ўша пайтда Питсбург Университетида (university of pittsburgh)
ўқирдим. Дастлаб ушбу Университетнинг кутубхонасидан, компютер базасидан маълумотлар тўпладим. Барча маълумотлар АҚШ матбуотида эълон қилинган.

Ўша пайтда дастлаб Ўзбекистон мухолифатини тарихи ҳақида қисқа бир брашюра, рисола шаклида бир нарса ёзиш фикрида эдим. Шундан сўнг ишга киришдим. Ўзбекистон ҳақида
хорижда чиққан материалларни ҳам тўплашга улгурдим. Жуда кўп манбаълар бор эди, фақат уларни таҳлил қилиб китобни ёзиш қолганди…

Ю.Р.: Биринчи тадқиқотингини амалга ошириш қийин бўлгандир? Умуман ушбу китоб устида қанча вақт иш олиб бордингиз?

Б.Ф.: Тўғрисини айтсам, китобга материаллар тўплаш ва ёзиш жараёни 5 ой вақтимни олди. Мен ўша пайтда Университетда ўқирдим .Шу сабабли китобни ёзишга у қадар кўп вақт
ажратмаганман. Шунга қарамай вақт ажратиб, ушбу китобни 2002 йилнинг декабр ойида ёзиб тугалладим.

Китоб тайёр бўлганди. Уни қайта қайта ўқиб, баъзи жойларини тўлдириб чиқдим. Бироқ олдимизда бир муаммо турарди, бу рус тилидаги китобни нашр этиш учун маблағ топиш
муаммоси эди.

Китобни Америкада нашр қилиш қийин эди биз учун. Чунки рус тилида тайёрланган асарни бирор нашриёт сотиб олмайди. Китоб бизнесида улар бирор фойда кўрмаса бу ишга қўл
уришмайди. Бу китоб эса фойда кўриш учун эмас, балки ўзбек мухолифати ҳақида маълумот бериш мақсадида, савоб учун ҳозирланган эди.

Иккинчидан тан олиш керак китоб профессионал ёзилмаган эди. Сабаби бу мени биринчи тажрибам эди, бундан ташқари китобни жуда қисқа вақт ичида тайёрлаганман. Шу сабабли
китобни нашр қилишни осон йулларини излай бошладик. Мен олдин Америкага келмасимдан бурун Туркияда яшаганман. Туркиядаги “Улки очаклари” журналида ишлаганман. Жуда кўп
танишларим ва дўстларим бор бу журналда. Журналда ишловчи дустларимиз китобни нашр этилишига ёрдам беришларини айтишди. Бундан табиийки хурсанд булдик.

2003 йилга келиб Туркияда “Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар” асари рус тилида 1000 нусхада нашр этилди.

Ю.Р.: Баъзи мухолифат намояндалари сизни бу китобдан катта фойда кўрганингизни даъво қилмоқда. Ҳақиқатдан ҳам шундайми?

Б.Ф.: Бу китобни бирор фойда кўраман деб тайёрламаган эдим. Шунчаки хайр саховат учун қилинган ва нашр этилган эди. Китоб рус тилида бўлгани учун уни ташқарида, яъни
Ўзбекистондан хорижда сотиш имконияти чегараланган. Шу боис бу китоб Ўзбекистонда ва бошқа русийзабон ўлкаларга бепул тарқатилди. Каминага бор йўғи 15 дона китоб теккан.

Ю.Р.: Баъзи мухолифатдаги гуруҳлар бу китоб “Эрк” партияси тарафида туриб ёзилганини иддао қилишмоқда, бунга муносабатингиз қандай?

Б.Ф.: Юқорида айтганимдек китобни ёзиш жараёнида жуда кўп манбаълардан фойдаландим ва жуда кўп материалларни тўпладим. Тўғрисини айтиш керак ва бу ҳақиқатни тан олиш
керак, хорижда чиққан ўзбек мухолифати билан боғлиқ материалларнинг аксарияти “Эрк” партияси лидери Муҳаммад Солиҳ жаноблари шахсиятлари, ижодлари ва сиёсий фаолиятлари
ҳақида эди. Шу боис мен ҳам ўз асаримда Солиҳ жанобларига кўп ўрин берган бўлишим мумкин ва бу табиий ҳолдир деб ҳисоблайман.

Китобни кимгадир ёқиши ёки ёқмаслиги ҳам табиий ҳолдир. Чунки ўзини мухолифат намояндаси деб ҳисоблайдиган кишилар ҳам китобдан ўзлари ҳақида ниманидир ўқишни исташар, мен
эса улар ҳақида ёзмаган ва бунга алоҳида эътибор қаратишни лозим эмас деб ҳисоблагандирман.

Аслини олганда тарафкашлик дегани ҳам мавҳум тушунча. Бирор нарсага тарафсиз одамни ўзи бўлмайди. Биз табиийки нимагадир тарафмиз. Инсон зоти борки нимагадир тарафли
бўлади, ҳеч қачон бетараф булмайди.
Ю.Р.: Лекин ҳар бир журналист ва илмий изланувчидан талаб қилинадиган бетарафлик, холислик каби халқаро андозалар борку?!

Б.Ф.: Бетарафлик, холислик каби халқаро андозалар идеал маънода айтилади. Лекин аслида бетарафлик йўқ нарса. Ўзбекистонлик бўлганим ва мухолифат намояндаларини яқиндан
таниганим учун сиз айтгандек ва кимлардир иддао қилаётгандек тарафсиз бўлишим қийин. Ҳаммага юз фоиз яхши кўринишнинг ўзи бемаъниликдир. Тарафсиз, ёки ҳаммага бирдек
яхши кўринишни хоҳлаган кишининг характери, шахсияти бўлмайди.

 

Суҳбатдош Юсуф Расул,
мустақил журналист, Швеция.
yangidunyo.org