Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(63-қисм)
Чор Ўрусияси дин бошқарувини Оллоҳ ва Унинг элчиси қўлидан, Қуръон ва суннат ҳидоятидан олиб Санкт Петербург сензураси ихтиёрига берган бўлса, Совет давлати бу вазифани СССР Министрлар совети қошидаги Дин ишлари бўйича кенгаш қўлига берди, “мустақил” Ўзбекистон эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита қўлига топширди. Ҳар уч ҳолда ҳам бу ташкилотлар орқасида махфий ташкилотлар ‒ Ўрусия даврида чор охранкаси, Совет даврида Давлат хавфсизлик комитети (ДХК ‒ КГБ) турди, “мустақиллик”ка эришганимиздан бери Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) турибди.
Демак, тузумлар ўзгарди, динга муносабат ўзгармади ‒ бу уч хил тузумда бир хил давом этяпти. Ҳатто ҳар тузум ўзгарганида кейингиси олдингисидан баттар бўлиб борди.
Диннинг сўзини дин уламоси айтмас экан, дин масаласи давлат сиёсатига қараб эмас, Қуръон ва ҳадисга таяниб ҳал этилмас экан, бундан кейин ҳам аҳвол яхши томонга ўзгармайди.
Сўзимиз қуруқ бўлмасин, нашрга тайёрланган адабиётлардан бугун қайси гаплар олиб ташланаётганига, давлат диннинг қайси ақидаю ҳукмларидан қўрқаётганига беш-олти мисол келтирамиз:
1.“– 10-бетдаги “Инсонларнинг кўп сўзлари уламолар наздида куфрдир” деб бошланган хатбошидан 11-бетдаги “динсиз, имонсиз, эътиқодсиз. Сен фожирсан, фосиқсан, мунофиқсан” деб тугалланган жумлагача қисқартириш;
– 43-50 бетлардаги “Намозни қасддан тарк этиш” номли сарлавҳа остида берилган мавзуни тўлиқлигича қисқартириш;
– 51-56 бетлардаги “Узрсиз жамоат намозини тарк этиш” номли сарлавҳа остида берилган мавзуни тўлиқлигича қисқартириш;
– 56-57 бетлардаги “Жума намозини тарк этишга одатланиш” номли сарлавҳа остида берилган мавзуни тўлиқлигича қисқартириш;
– 86-87 бетлардаги “Қодир бўла туриб ҳаж қилмаслик” номли сарлавҳа остида берилган мавзуни тўлиқлигича қисқартириш;
– 189-198 бетлардаги “Хамр (маст қилувчи ичимлик) ичиш” номли сарлавҳа остида берилган мавзуни тўлиқлигича қисқартириш лозим.
Дин ишлари бўйича қўмита экспертлик гуруҳи “Гуноҳи кабиралар” номли китоб қўлёзмасида кўрсатилган ҳолатларни бартараф этиш шарти билан унинг мазмунига диний нуқтаи назардан эътироз билдирмайди” (Дин ишлари бўйича қўмита(ДИҚ)нинг 2013 йил 31 июл куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси(ЎМИ)га йўллаган 2038 рақамли рухсат хатидан).
“Диний нуқтаи назардан эътироз билдирмайди”, дейди-ю, аммо катта гуноҳ (гуноҳи кабира)лардан беш-олтитасини санашни, одамларга эслатишни ман этади, бундай китобда дин қоладими? Айрим ишларни куфр деб бўлмаса, намозни қасддан тарк этиш, узрсиз жамоат намозини тарк этиш, жума намозини тарк этишга одатланиш, қодир бўлатуриб ҳажга бормаслик, маст қилувчи ичкилик ичиш ҳукмларини баён қилиш мумкин бўлмаса, динга берилаётган эркинликми шу?!
2.“– 71-76 бетлардаги “Ароқ ичгувчини мазаммат қилиш” номли сарлавҳа остида берилган мавзуни тўлиқлигича қисқартириш;
– 121-126 бетлардаги “Золимларга ёрдам беришнинг мазаммат қилингани ҳақида” номли сарлавҳа остида берилган мавзуни тўлиқлигича қисқартириш;
– 159-162 бетлардаги “Намозни тарк қилувчилар баёни” номли сарлавҳа остида берилган мавзуни тўлиқлигича қисқартириш лозим.
Дин ишлари бўйича қўмита экспертлик гуруҳи “Дуррат ан-носиҳин” номли китоб қўлёзмасида кўрсатилган ҳолатларни бартараф этиш шарти билан унинг мазмунига диний нуқтаи назардан эътироз билдирмайди” (ДИҚнинг 2013 йил 31 июл куни ЎМИга йўллаган 2040 рақамли рухсат хатидан).
Диққат қилинг: демак, арақ ичувчини ҳам, золимларни ҳам, золимга ёрдам берувчини ҳам, намозни тарк қилганларни ҳам айблаб бўлмайди бугун!
Жамият ичувчи бўлгани учун арақ ичганларни айблаш тақиқлангандир балки.
Намоз ўқишни ташлаб юборганларни ҳам сўкма дейишдан мақсади – ўзи давлатнинг нияти одамларни намоздан чиқариш-у, сенлар нима қиляпсанлар, дейишдир.
Аммо золимни нимага золим деб бўлмайди? Золим ўз номи билан золим бўлса, бу сўз ҳар замон ва ҳар маконда салбий маъно ташиса, нимага Ўзбекистонда золимни ҳам, унга ёрдам қилувчиларни ҳам айблаб бўлмайди?
Демак, мантиқан қараганда, фикрни элакдан ўтказувчи мутасаддилар ўзлари билмаган ҳолда давлатни ҳам, давлатнинг бошлиғини ҳам золим деб тан оладилар! Ўзлари бу ишлари билан золимга ёрдам бераётганларини ҳам билиб турибдилар! Агар бошлиқларини золим, ўзларини золимга ёрдам берувчилар деб ўйлашмаганида эди, китоблардан, диний газет-жўрноллардан, жума насиҳатларидан бу мавзуни ўчиртириб юрмаган бўлишарди.
III. Шунингдек, “Мўйлабини лаб четидан ошириб ўстириш кофирлар одатидир” деб ёзилган жумлани олиб ташлаш; “Аёлларни сочларига бошқа сочни, сунъий бўлса ҳам, улашлари ҳаромдир” деб бошланган хатбошидан “…сочига бошқа сочни улаб қўйишни сўраган аёлни Аллоҳ таоло лаънатлайди” деб ёзилган жумлагача қисқартириш… лозим” (2013.24.01. 181-рақам); “Золимлар ва уларнинг ёрдамчилари дўзахийдирлар”; “Маст қилувчи нарсани доим ичишга одат қилган киши бутга ибодат этган киши кабидир”; “Ким уч марта жума намозини сабабсиз қолдирса, мунофиқлардан деб ёзилади” жумлаларини қисқартириш; “Шаҳидларга аталган хос неъматингни сўрайман” деб ёзилган жумлани, “Бунда чўчқа гўшти ҳаром бўлгани учун нарда ўйнаганнинг қўли ҳам ҳаромга текканига ишора бор” жумласигача қисқартириш.
Ҳатто чўчқа гўштини ҳаром деб бўлмаса!
Маст қилувчи ичкиликни ҳаром деб бўлмаса!
Ё давлат бу масалаларни майда-чуйда деб ўйлайдими?!
Динда майда-чуйда бўлмайди, энг майда туюлгани ҳам ғоят аҳамиятли бўлиб чиқади. Бу ҳукмлар китоблардан, газет-жўрноллардан, жума мавъизаларидан осонгина қайчилаб ташланаверса, дин қоладими?!
Динга тўла ҳурлик берилган дегани шуми ё?!
IV.Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилин” китобидан: 31-бетдаги “Улар (шаҳидлар. – Н.М.Р.) иккинчи бор ҳаёти дунёга қайтиб, Аллоҳ йўлида жанг қилиб, ҳалок бўлишни орзу қиладилар” деб ёзилган жумлани қисқартириш; 145-156 бетлардаги 15-бобни, “Зино ҳақидаги” 45-бобни, 347-бетда берилган 536-ҳадисни (!) тўлиқлигича қисқартириш… лозим” (2013.8.04. 890-рақам).
Бунақа мисоллардан юзлабини келтирса бўлади. Бу мисоллар диннинг ўзак масалалари ‒ ақида ва ҳукмлари ҳатто мўътабар манбалардан ўчириб ташланаётганини ёки ўзгартирилаётганини кўрсатади.
Мўътабар манба не, ҳатто Қуръони каримнинг айрим оятлари (мас., жиҳод, ҳалол-ҳаром, кўпхотинлилик ҳақларидаги оятлар) мачитларда гапиртирилмайди, газет-жўрнолларда шарҳлатилмайди, чоп этилаётган китоблардан ўчиртирилади.
Оятга муносабат шундай, ҳадисларни қўяверинг: улар ҳам қаттиқ чиғириқдан ўтказиб берилади. Имом Бухорийга ҳам, Имом Муслимга ҳам давлат ишонмайди, улар танлаган саҳиҳ ҳадислар давлатни қониқтирмайди, уларни саҳиҳ ё саҳиҳмас деб ўзи бошқатдан “аниқлайди”. Қайтадан жиддий текширувдан ўтказиб, элакда қолганларигагина рухсат беради.
Хуллас, давлат диннинг хоҳлаган жойидан хоҳлаган патини юлиб, хоҳлаган кўйига соляпти. Ҳамма нарсага ақли етадиган “уламои киром” бу каби аянчли ишларга очиқ муносабатини билдириш ўрнига қайтага ҳар куни ҳар йиғин ва ҳар тўпламда томоқ йиртиб: “Оллоҳ таоло: «Шукр этсаларинг, неъматимни зиёда қиламан», деган. Шунинг учун, муҳтарам аҳли Ислом, аҳли мўмин биродарлар, муқаддас диний қадриятларимизни халқимизга қайтариб берган, эминликда-эркинликда ибодат қилишимизга тўла шароит яратиб қўйган давлатимизга, шахсан Президент бовамизга каррот-каррот шукрлар айтайлик, ҳамду санолар йўллайлик”, деб турибди…