O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ислом Каримов подшоҳми, президентими?

Ислом Каримов подшоҳми, президентими?
130 views
23 May 2016 - 9:15

Бу ёғи энди очиқ хат ёзишга ўтиб кетдикми?

Минг афсуслар бўлсинки, Ҳикматуллоҳ Иброҳим жаноблари “Бу кунлар” асарининг моҳиятига етиб бормабди.

Биз у кишичалик олимликка даъво қилмасак ҳам, бир-икки савол берсак: Ислом Каримов подшоҳми, президентими? Бу иккиси бир-биридан фарқ қиладими?

Иккинчидан, агар Ислом Каримовни подшоҳ деб айтсак, бу одам ислом шариати асосида сайланганми? Аммо у ислом шариати асосида сайланмаган ёки тайинланмаган бўлса, унга исломий қоидалар асосида бўйсуниш қанчалик асосли?

Аммо бу одам ўзини президент деб эълон қилган, подшоҳман, султонман демаган. Бу биринчидан.

Иккинчидан, бу одам менга ислом қоидалари асосида бўйсунинглар демаган, балки конституция асосида бўйсунинглар деган.

Энди биз унга муносабат билдиришда ислом шариатига амал қилайликми ёки конституцияга?

Бу одам ислом қоидаларини менсимайди, конституцияни ҳам бир тийинга олмайди. Диндорларни одам сифатида кўрмайди, энди бу ҳолда унга қараб Сизга ислом шариати асосида итоат қиламиз десак, бу қанчалик мантиққа тўғри келади?

Ислом Каримов масжидларни ёптирди, жамоат жойларида намоз ўқишни тақиқлади, иш жойларида намоз ўқиш мумкин эмас, араб тилини бирор масжид имомига бориб ўрганиш жиноят, ҳижоб кийиб давлат ишида ишлаб бўлмайди, – бу одам шариатнинг бу ва бу каби минглаб қонунларини оёқости қилди. Энди унга биз нима учун у менсимайдиган шариат асосида бўйсунишимиз керак?

Сиз келтирган оят, ҳадис ва ҳукмлар бутун мамлакатда ислом низоми ҳукм сурган замонларга хос. Аммо бугун бизнинг мамлакатда ислом низоми эмас, якка бир одамнинг истаклари ҳукм сурмоқда.

Агар Ислом Каримовни исломий бир подшоҳ ёки султон деб билсак, у демократияни эмас, ислом шариатини бош мезон қилиб белгиласа, демак, Сиз айтган қонунларга, ҳукмларга сўзсиз итоат қилиш керак, бироқ аксинча бўлса-чи? Шунда ҳам Сизга кўнайликми?

Каримов ўзи танлаган демократия президентни истаган пайтда халқ давлат тепасидан олишга ҳуқуқ беради. Иккинчидан, президент рухсат берган қонунга мувофиқ уни танқид қилиш мумкин. У рухсат берган доирада ҳаракат қилишдан ислом дини бизни қайтарадими?

Агар бу одам шу тариқа ҳукуматда узоқ йил ўтирар экан, уни ағдариб ташлашга ҳам тайёр бўлганлар бор. Уни мансабдан тушириб бошқасини ўтқазиш ҳам мумкин.

Фитна масаласига келсак. Подшонинг ўзи фитнага имкон туғдириб берса, нима қилайлик?

“Бу кунлар” китоби одамларга ўзингизни ислоҳ қилинг деган гапни айтган, Каримовнинг “сирлари” эса сирлигини йўқотган. Буни ҳамма биларди. Китоб қилиб ёзиш, сиз айтгандек “жааа” ғийбат эмасдир. Мавжуд воқелик ҳужжатлаштирилган.

Кейин Нуруллоҳ ака китоб хотимасида агар уруш бўлиб қолса – Оллоҳ кўрсатмасин – шу Ислом Каримов билан бир сафда Ватанни ҳимоя қиламан деб ҳам айтган.

Агар халқ Каримовга сен қаридинг, бошқа одам керак бизга деб тушунтирса, бунинг ёмон томони борми?

Нуруллоҳ аканинг бу китоби халқнинг ана шу хитобидир.

Қисқаси, очиқ хатингиз нима учун пишиқ ва пухта эмас. Китоб олдида у кўзга кўринмаяпти ҳам…

Муҳсин Солиҳ