O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Муҳаммад Солиҳ: “Озодликсиз барқарорлик бўлмайди”

Муҳаммад Солиҳ: “Озодликсиз барқарорлик бўлмайди”
226 views
08 April 2015 - 19:09

ms-1

BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига таниқли шоир ва мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ жавоб беради.

Муҳаммад Солиҳ 1949 йилда Хоразм вилоятида туғилган.

Тошкент Давлат Университети(ҳозирги Миллий Университет)нинг журналистика факультетини, Москвадаги Олий Адабиёт курсини тугатган.

У ўзининг 1977 йилда нашр этилган илк шеърий китоби-“Бешинчи фасл” билан авангард шоир сифатида танилади.

20 дан ортиқ шеърий, насрий ва публицистик китоблари муаллифи.

Муҳаммад Солиҳ Франц Кафка асарлари ва 20-аср француз шоирлари, шунингдек, атоқли турк шоири Юнус Эмро шеърлари ҳамда туркий халқларнинг машҳур эпоси саналмиш “Дада Қўрқут китоби”ни ўзбек тилига ўгирган.

Шўро даврида айрим танқидчилар Муҳаммад Солиҳни миллий анъаналардан узоқ, Ғарбга тақлид қилувчи шоир сифатида танқид қилишади.

Аммо айнан Муҳаммад Солиҳ ўзбек тили, миллий адабиёт ва тарихга нисбатан шўролар сиёсатини танқид қилиб чиққан илк ўзбек зиёлиси бўлади.

СССРнинг сўнгги йилларидаги ошкоралик сиёсати Муҳаммад Солиҳни ўткир публицистга айлантиради.

У Ўзбекистондаги пахта яккаҳокимлиги, Орол денгизининг қуриши оқибатида юзага келган экологик фожеа мавзуларида кўплаб мақолалар эълон қилади.

Айни пайтда сиёсат билан фаол шуғулланади.

Муҳаммад Солиҳ 1988 йилда Ўзбекистонда тузилган илк мухолифат ташкилоти – “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг асосчиларидан бўлган.

1989 йилда “Эрк” демократик партиясига асос солади.

1990 йилда Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат этиб сайланади ва шу йилнинг 20 июнида Олий Кенгаш “Эрк” партияси таклиф қилган “Мустақиллик декларацияси”ни қабул қилади.

karim1991 йил декабрида бўлиб ўтган илк президентлик сайловларида Ислом Каримовга ягона рақиб бўлган Муҳаммад Солиҳ расман 12,7 фоиз овоз олгани хабар қилинган.

Мухолифат овоз бериш натижаларининг сохталаштирилганини айтади.

Муҳаммад Солиҳ 1992 йилнинг 2 июлида мухолифатга қарши бошланган сиёсий репрессияларга норозилик сифатида депутатликдан истеъфо беради.

Кўп ўтмай, ҳокимият органига параллел “Миллий мажлис” тузишда айбланган Муҳаммад Солиҳ 1993 йил апрелида ҳибсга олинади.

Бир неча кундан сўнг халқаро босимлар остида озодликка чиқарилган Муҳаммад Солиҳнинг мамлакатни тарк этиши тақиқланади.

Аммо у аввал Бокуга, кейин эса Туркияга чиқиб кетишга муваффақ бўлади.

1999 йил февралидаги Тошкент портлашлари ортидан Ўзбекистон ҳукумати Норвегиядан сиёсий бошпана олган Муҳаммад Солиҳни халқаро қидирувга беради.

Портлашларнинг асосий ташкилотчиларидан бири сифатида айбланган Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонда сиртдан 16 ярим йилга маҳкум этилади.

2001 йилда Норвегия полицияси ўзбек махсус хизматларининг Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд уриниши юзасидан текширув олиб боради.

ms-22001 йил ноябрида Чехия полицияси Прагага ташриф буюрган Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистон ҳукуматининг талаби билан ҳибсга олади.

Халқаро норозиликларга қарамасдан, Прага маҳкамаси 30 ноябр куни ўзбек мухолифати раҳбарини ватанига экстрадиция қилиш эҳтимоли билан 40 кун ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқаради.

2001 йилнинг 10 декабр куни Чехиянинг марҳум президенти Вацлав Ҳавел мамлакат ички ишлар вазири билан учрашувдан сўнг Муҳаммад Солиҳ ўзининг шахсий кафолати остида озодликка чиқарилишини эълон қилади.

12 декабр куни ҳибсдан озод этилган Муҳаммад Солиҳни Чехия президенти ўз қароргоҳида қабул қилади.

2003 йилда Тошкент портлашларининг асосий айбланувчиси ва гувоҳларидан бўлган Зайниддин Асқаров ўзбек расмийларининг рухсати билан Тошкентдаги қамоқхонада ғарблик журналистлар билан уюштирилган суҳбатда Муҳаммад Солиҳнинг портлашларга алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот беради.

Асқаровнинг ўзи 2011 йилда Ўзбекистон қамоқхонасида қийноқлар натижасида вафот этади.

2009 йилда Муҳаммад Солиҳ ташаббуси билан “13 Май иттифоқи” деб номланган мухолифат коалицияси тузилади.

У 2011 йилда Берлинда “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” таъсисчиларидан бўлади ва Ҳаракатнинг раиси этиб сайланади.

1990-йилда ўрта мактаблар ва олий ўқув юртларининг адабиёт дарсликларига киритилган Муҳаммад Солиҳнинг асарлари Ўзбекистонда расман тақиқланган.

Салом, Муҳаммад Солиҳ акага саволларим.

1. Уларнинг “Қуролсиз кишининг озодлиги” фильмида, бутун бошли газета нашрини сотиб олганлари ҳақида гапирадилар. Нашрни сотиб олиш учун маблағни қаердан олганлар?
2. Нега байроғингиз Америка байроғига ўхшаш? Раҳмат.

Самир.

М.Солиҳ: “Қуролсиз кишининг озодлиги” фильмида “нашр сотиб олингани” ҳақида гап йўқ. Сиз ёки янглиш англагансиз ёки бу иддаонгиз уйдирмадир. ЭРК партияси байроғини назарда тутаётган эсангиз, бу Америка байроғи эмас, “Туркистон байроғи”дир, ундаги рангларни мен танлаганим йўқ, жадидлар танлаган ва улар бу байроқни таъсис этишган. Бу байроқ 1921 йилда Тошкентда Жадидларнинг махфий ташкилоти “Миллий Бирлик” тарафидан таъсис қилинган. 1917 йил ноябрь ойида қурилган илк мустақил давлат Қўқон Мухторияти 1918 йил февраль ойида болшевиклар ва арман дашноқлари тарафидан йиқилгандан сўнг, Туркистон миллиятчилари, жадидлар ўзининг янги Туркистон давлати қуриш режасини туза бошладилар ва бўлажак давлатнинг байроғи қуйидаги суратда кўраётганингиз байроқ эди.

ms-3Баъзи тарихчилар бу байроқни 1924 йилгача Туркистон Автоном Республикаси байроғи сифатида ишлатилди дейишади, аммо бу нотўғри тезис. Бу байроқ ҳеч қачон бир давлат байроғи сифатида ишлатилмади. 1990 йил апрель ойида биз илк маротаба бу байроқни ЭРК партиясининг расмий байроғи сифатида қўллана бошладик.

Нега биз бу байроқни ЭРК партиясининг мафкуравий рамзи сифатида танладик?

Чунки 1990 йилда Совет Иттифоқи ҳали йиқилмаган эди ва Чўлпон ва Фитрат асарларини яширин тарзда ўқиб етишган ўзбек мунавварварлари жадидларнинг орзусини амалга ошириш учун пайт келганини ҳис эта бошладилар ва ЭРКни қурдилар. Диққат қилинг, ЭРК партияси ҳам 1910 йилларда жадидлар тарафидан қурилган бир яширин сиёсий ташкилотнинг исми эди. Бу исм тарихини мен ҳеч кимга айтганим йўқ, ҳатто дўстларимга ҳам. Уларнинг билиб-билмай бу сирни ошкор қилиб қўйишларидан қўрқдим.

Савол: Ҳурматли М.Солиҳ, сизнингча, демократия, озодлик бирламчими ёки стабиллик? Хусусан, Ўрта Осиё замонавий давлатлари учун қай бири муҳимроқ?
Олдиндан, Раҳмат! .Фарғона водийсидан Эркин.

М.Солиҳ: Халқининг фаровонлигини ҳадаф олган ҳар қандай давлат учун озодлик заминидаги истиқрор(стабиллик) муҳим. Истиқрорсиз озодлик узоққа бормагани каби, озодликсиз истиқрор ҳам узоққа бормайди. Бу икки омил ошиқ-мошиқ каби бир-бирини тўлдириб туриши шарт.

Савол: Ассалому алaйкум. Сизнинг рақибларингиз деймизми, ёки душманларингизми сиз ҳақингизда шундай гапларни очиқдан очиқ ўз сайтларида ёзиб юришади. Сиз унга жавобан ҳеч нима ёзмайсиз, нега?Ғайрат Қурбонов

М.Солиҳ: Мен “жоҳилларга жавоб сукутдир” ақидасига амал қилишга интилганим учун ҳам уларга жавоб бермайман. Менга ҳужум қилганларнинг деярли ҳеч бирида жўяли бир танқид, конструктив бир фикр кўрмаганим учун ҳам уларга жавоб бериб, у тубанликларга саёҳат қилишни ўзимга эп кўрмайман. Халқимиз улар ўйлаганидек аҳмоқ эмас, улар ҳақорат қилаётганидек қўрқоқ ҳам эмас, нималар бўлаётганини жуда яхши кўриб туришибди. Ахборот майдони тўла тоталитар давлат назоратида бўлишига қарамасдан, халқимиз хабар оляпти ва ким ҳақ, ким ноҳақ эканини ҳам халқимиз билиб турибди.

Шундай экан, мен ўзимни жоҳиллар олдида оқлашга ҳеч эҳтиёжим йўқ.

Савол: Айтингчи, Ўзбекистонда дунёвий давлат қуриш ниятингиз борми ёки диний исломий давлат? Сизнинг фикрингизча, келгусида Ўзбекистон давлатида диннинг ўрни қандай бўлиши керак? Сизнингча, бизда ислом партияси бўлиши керакми ва улар ислом давлати қуриш ва ҳокимиятни эгаллаб олиш учун кураш олиб борадими?Раҳмат.
Сафар Каттабоев

М.Солиҳ: Ўзбекистонда ҳар нарсадан аввал адолатли давлат қуриш ниятимиз бор. Адолат биринчи мезондир. Мафкура кейин келади. Иккинчи ўлароқ, халққа тамал ҳурриятларини таъмин этадиган ва уларни Бош қонун билан ҳимоя қиладиган бир давлат қуришни орзу этмоқдамиз. Бу ҳурриятлар эътиқод (виждон) ҳуррияти, сўз ҳуррияти, меҳнат қилиш ҳуррияти, истаган минтақада яшаш ҳуррияти, саёҳат қилиш ҳуррияти, ўз уйи ва номусини ҳимоя қилиш ҳуррияти, ҳар қандай террорга (давлат террори доҳил) қарши бош кўтариш ҳуррияти ва ҳоказо – булар ватандошларимизнинг тамал ҳақлари бўлажак. Учинчи ўлароқ, бу кўрсатилган ҳақларнинг таъминоти, ҳимояси, назорати ва буларни ифодаловчи қонунлар ҲУКУҚ заминида ҳал этилажак. Яъни давлат ҲУКУҚ ДАВЛАТИ бўлажак, иншооллоҳ.

Савол: Салом Ҳурматли Солиҳ оға.
Тасаввур қилайлик, ҳаққоний рақобатли сайловолди кампаниясида сиз ўзингизни келгуси президентлик муддати учун 5 йиллик ёки 7 йиллик (фарқи йўқ муддатини) программангизни оммага тақдим қилиб, кишиларни ўзингизга овоз беришларига ундаяпсиз. Шунда қанақа муҳим учта-тўртта реал (масалан газ ёки электр энегия муаммоси сингари) ўзгаришларга қўл уришга ваъда берган бўлардингиз?Ҳурмат билан Паланги

М.Солиҳ: Ҳаққоний сайлов бўлса, шунга яраша дастур қилинади. Аммо ҳар қандай дастурнинг амалиётга тадбиғи аввал моддий, кейин ижтимоий (истиқрор), сўнгра сиёсий омиллар билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Дастур ўлкадаги сиёсий ва иқтисодий конюктура билан ҳисоблашилган ҳолда тузилсагина у реалистик характердаги дастур бўлади. Бугун 5 йил ёки 10 йил сўнгра ўтказилиш эҳтимоли бўлган “ҳаққоний сайлов” учун дастур ёзиш жиддий бир ҳаракат бўлмайди.

Савол: М. Солиҳ тимсолида ўзбек адабиёти йирик истеъдодни йўқотди. Хўш, сиёсат М.Солиҳ мисолида нима топди?Олдиндан раҳмат.
Тошкент

М.Солиҳ: Аслида, бу саволни каминага эмас, Ўзбек сиёсати ва адабиётидан хабардор бўлган бир мунаққид ёки таҳлилчига берсангиз у холисроқ баҳо берган бўларди. Модомики, саволни менга йўналтирибсиз, қисқа бўлса ҳам, ўз фикримни сизга айтай: Истеъдод агар бўлса, ҳеч қачон йўқолмайди. Агар М.Солиҳ сиз айтаётгандай “адабиётда йирик истеъдод” бўлган бўлса, у ҳали ҳам шу мақомда турибди. Чунки унинг “йирик истеъдод” таърифига сабаб бўлган китоблари ҳали ҳам ўқилаяпти. Энди “сиёсат М.Солиҳ мисолида нимани топди” деган саволга баҳони М.Солиҳнинг бериши ҳам жуда ноқулай. Буни тарих бир куни ёзар иншооллоҳ.

Ассалому алайкум
Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ жаноблари, бир нечта саволларим бор эди: 1990 йилларда CCC деган ёпиқ, ташқи дунёни кўрмаган ўзбек халқидан чиққан мустақиллик ғоясини илгари сурган биринчи ўзбек лидерисиз. Мустақиллик ғояси билан чиқишингиз қаердан пайдо бўлди ва нимага асосландингиз. Ёки ўша йилларда Болтиқбўйи халқлари мустақиллик учун биринчилардан курашган эди, шу сизни илҳомлантирдими ўша йилларда кўпчилик ўзбек халқи агар Ўзбекистон СССРдан чиқса аҳволи оғир бўлади, дейишганди лекин сизнинг ниятингиз амалга ошди, балки сиз ўйлаган мустақилликдан сўнг аҳвол сизнингчамасдур, бунга сабаб диктатура тузумидир. Агар сиз президент бўлганингизда қанақа сиёсат қўллаган бўлардингиз, мусулмонларга қанақа муносабатда бўлардингиз?. Ў збек халқини онгига қандай қарайсиз, инсон фаравон яшаши учун ғарбда энг муҳими демократия, ҳукумат халқ учун хизмат қилади, ўзбек халқида эса тинчлик ,яъни оч қорним тинч қулоғим, халқ ҳукумат учун хизмат қилади. Бу Сталин давридан қолган қўрқувми? Сталин ҳамма зиёлиларни йўқ қилганди ва бир ўзи худодек қолганди ва у ўлганда ҳам кўпчилик йиғлаганди. Сайлов арафасида ҳам кўпчилик Каримов кетса уруш бўлади, у қолгани яхши, тинчликни ушлаб турибди, дейишганди гўёки бутун дунёда уруш бўлаётгандек …Путин бошчилигидаги Овроосиё Иттифоқига Ўзбекистоннинг қўшилишига тарафдормисиз?
(Илтимос, ббс мухбирлари саволимни етказсангиз ва жавобини интернетдан ббс хабарларидан ёзсангиз, чунки Тошкентда радиони эшитиш имконияти йўқ. Олдиндан раҳмат.)Хан Эшан

М.Солиҳ: Бу саволларни берган дўстимиз баъзи саволларига ўз жавобини ҳам бериб кетган. Мен жавоби берилмаган нуқталарга тегинаман: Ўзбекистон 1991 йилда, СССР қулаган пайтда СССРнинг қолган жумҳуриятлари ичида инфраструктураси,саноати,иқтисоди, аграр сектори ривожланган, кадрлар заҳираси бой ўлкалардан биттаси эди. Кремл 1989 йилда Ўзбекистонга раҳбар этиб тайинлаган Компартия котиби Ислом Каримов ўзининг 25 йиллик ҳокимияти даврида бу ривожланган ўлкани минатақанинг энг қашшоқ мамлакатига айлантирди. Бу Каримов ва унинг режимининг кечириб бўлмайдиган жиноятидир. Бунга 25 йил давомида ҳур фикрлилар ва диндорларга қарши ўтказилаётган узлуксиз зулм, Андижондаги юзларча бегуноҳ инсоннинг қатлиоми ва ўн мингларча сиёсий ва диний мухолифнинг турмаларда қийноққа солинишини илова этсак, Каримов режимини фақат сиз тилга олган Сталиннинг зулм отигагина қиёслаш мумкин. Ҳа, халқимиз “тинчлик” мезонини ҳаддан ташқари иррационал савияга юксалтирди, уни деярли Каримов зулмини оқлаш воситасига айлантирди. Ҳолбуки, хатто узоқ йиллар давом этган фуқаролар урушини бошдан кечирган Тожикистон ҳам бугун “тинч” Ўзбекистонга нисбатан эркинроқ, фаровонроқ ҳолдадир. Аслида, бир миллатнинг миллат ўлароқ боқийлигига зарар берадиган нарса уруш эмас, маънавий қадриятлардан жудо бўлишдир, номусини йўқотишдир. Урушда шаҳид бўлиш номуссиз яшашдан минг карра афзалдир. Каримов зулми даврида халқимиз жуда катта маънавий зарар кўрди. Оила фардлари орасидаги севги ришталари заифлашди, дўстга садоқат, ваъдага вафо қолмади, аёлларимиз ҳаёсизлашди, эркакларимиз субутсизлашди. Булар ҳаммаси Зулмнинг заҳарли меваларидир. Биз иқтидорга келсак, нима қилишимиз мумкинлигига турли баҳоналар билан турли шаклда жавоб берганман. Путин таклиф этаётган Авроосиё биз ҳаёл қилган Авроосиё андозасига уйғун эмас. Биз тенг ҳуқуқли партнерлар Авроосиёсига қарши эмасмиз. Ҳатто, Авроосиёда Турк дунёси ва Слав дунёсидан иборат икки блок иншо этилса,бу юксалаётган Хитой экспансиясига қарши бир геостратегик қалқон бўла оларди, деган фантастик фикримиз ҳам йўқ эмас. Аммо хали бу ҳаёлни ҳақиқатга айлантирадиган тарихий шарт-шароитлар вужудга келгани йўқ. Аммо биз орзу этишда давом қиламиз, албатта.

Савол: Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ ака, яхшимисиз, ишлариз яхшими, Аллоҳ ҳимоясида сақласин. Мен сизни ғойибдан ҳурмат қиламан ва ўз навбатида сиздан ранжиган ҳолатларим ҳам бор. Ижозат берсангиз, бир қатор савол бермоқчиман. 1. ЎХҲ фаолиятида қандай камчиликлар туфайли тарқалиб кетди? Бу тарқоқлик омиллари ва асосий сабаблари қандай? Яъни аниқ ва дақиқ қилиб халққа, Сизни ҳурмат қилган Ўзбекистонликларга шу масала бўйича батафсил тўхталиб ўта оласизми? 2. ЎХҲ ташкилоти ким томонидан молиялаштирилган? Биз биламизки, собиқ Акромийлар номи билан танилган гуруҳ ЎХҲ га аъзо бўлганида молиявий ишларни ўз бўйнига олган эди, хўш бу молиявий масалалар бўйича ЎХҲ ўз тарафдорларига ҳисобот берадими? Умумиятла олганда, ЎХҲ нимани ҳисобига кун кўради? 3. ЎХҲ ташкилотига раис бўлар экансиз, бу ташкилотни келажакдаги фаолияти ҳақда нималар дея оласиз? 4. ЎХҲ низомига кўра ҳар уч йилда Қурултой бўлиши ва ташкилий ишлар қурилиши лозим, бу йилги ЎХҲ Қурултойи ҳақида умумий маълумот бера оласизми?
Мирраҳмат Мўминов, Facebook

М.Солиҳ: ЎХҲ тарқалиб кетмади, унга кирган 10 га яқин киши Ҳаракатдан чиқиб кетди. Ва бу одамларнинг чиқиб кетишини мен аввалдан айтган эдим, чунки бу одамлар аввалги ташкилотлардан ҳам худди шундай арзимаган баҳонада чиқиб кетишган эди. Улар ўз вазифасини бажаришди демак. Андижонлик дўстларимиз бир яхши ният билан Ҳаракатга аъзо бўлишди ва бир муддат самимий меҳнат қилишди. Сўнгра кўрдиларки, сиёсат ташқаридан кўрингани каби осон иш эмас экан, бу ишнинг зарари фақат ўзингга эмас, оила-аъзоларингга ҳам тегар экан. Ва улар чекиндилар. Ўзбекистон МХХ сининг вакили Дюсселдорфга келиб, жамоат лидерларига “Андижондаги қариндошларингизни йўқотиб юборамиз” деб таҳдид қилишди ва дўстларимиз ҳаракатдан чиқдилар. Менинг улардан хафачилигим йўқ, улар марофонда шу нуқтага қадар чопа олдилар, шунга ҳам раҳмат. Аслида, мен Ҳаракатдан айрилган ҳеч биридан хафа эмасман. Ҳаракатга кириш каби ундан чиқиш ҳам шахснинг ишидир. Андижон жамоати Ҳаракатнинг молиявий таъминотига илк босқичда ёрдам берган, кейинги Қурултойларнинг молиявий таъминоти билан Ҳаракатга ҳайрҳоҳ бошқа биродарларимиз шуғулланган.

Савол: Ассалом алейкум Муҳаммад Солиҳ ака! Ўзбекстоннинг ўзбошимча сиёсатидан, диктатурадан деярли халқнинг ҳаммаси мамнун эмас.Фақат қўрққанидан мақтайди, қўрққанидан индамай яшайди, қўрққанидан нимаики бошга тушса барчасига рози! Бу ҳолатдан халқ қандай қутулиши мумкин? Каримов яна ўз ўрнини сотиб олди, у кетгани билан ён-атрофдагилари ўрнига ўтириб, ҳеч нарса ўзгармаслиги аниқ. Бу саволларга тўлиқроқ жавоб берсангиз. Қачон мардикорлар озаяди, фоҳиша ўзбек қизларининг сон-саноғи кундан-кунга ошиб бормоқда.
Пўлат Турон, Facebook

М.Солиҳ: “Қачон мардикорлар озаяди, фоҳиша ўзбек қизларининг сони қачон озаяди?” деган саволларингизни Каримовга берсангиз эди, анча фойдали бўларди. Биз иқтидорга келсак, албатта бу саволларингизни бизга бермайсиз, чунки у пайтда мардикорлар ўз ватанига қайтган бўладилар, чунки ўз ватанида уларга иш бўлади, қизларимиз Дубайга “саёҳат” қилмайдилар, чунки улар учун ҳам нормал яшаш учун шароит яратилган бўлади. Буни қилиш учун ўлка раҳбаридан даҳо бўлиш талаб қилнмайди, буни бажариш учун озгина фаросат, озгина ақл, озгина раҳм-шафқат, озгина мазлумга қайишиш, биродарингга яхшилик исташ ва кучли бир ирода лозим.

Савол: Ассалому алайкум! Мен ҳам Пўлат Туроннинг гапларига қўшиламан. Ва яна сиздан сўрамоқчиман, биздаги бу ноҳақликларга чегара қўйишнинг наҳотки имкони йўқ?. Қандай қилиб биздаги шу муаммоларни тўхтатиш керак: ишсизлик (етишмовчиликдан чет давлатларда мардикорчик, аёлларни шунақа йомон-харом йўллар орқали пул топиши), сўм қадрсизлиги, порахўрликни авж олиб кетганлиги, қонунни халққа келганда ўз кучини йўқотиб давлат-ҳокимият органлари учун асосий қурол қилиб олганлиги, яъни чиқарилган қонунлар халқ манфаати учун эмас, тепада ўтирган ҳокимият эгалари учун хизмат қилишларини тўхтатишни, 21 асрда яшаб туриб наҳотки бечора халқимизни ҳеч бўлмаса газ ва електр билан таьминлашни иложи бўлмаса? Амаллаб пул топиб бирор ҳусусий фирма ташкил қилганларга (агар унинг даромади тузукроқ бўлса) унга қонун доирасида йўқ бўлган йўқловлар йўқлаб, уни кризисга учратадилар ва сўнг ақли бор одам бундай ишга қўл урмайди ва ҳк… Бу зайилда ўзбек халқи охири нима бўлади?Сиз сиёсатчи сифатда шу ҳолатларга жим қараб туришингиз тўғрими? Сиз ҳам бежиз президентликка номзод сифатида қўйилмагансиз, яъни сизни ҳам бутун халқни бошқара оладиган шахс сифатида билишган. Агар зарур бўлса, кўзлари ғубор босган оддий халқни сиз тўғрингиздаги фикрларини ўзгартиринг! Сиз Президентимизга рақиб бўлманг! Шунчаки халқингиз учун нимадир қилинг! Яъни саволим- шу ботқоққа ботиб бораётган халқингиз учун нимадир қилиб, уни қўлидан тортиб, тўғри йўлга солиш қўлингиздан келадими?
Ширин Қодирова, Facebook

М.Солиҳ: Албатта чораси бор буларнинг! Зулм боқий бўла олмайди, Каримов зулми ҳам ўз ниҳоясига етаяпти, иншоОллоҳ. Қисқа бир замон сўнгра, бу зулмнинг қурбонлари ёруғликка чиқажак ва бу ойдинликка тезроқ чиқиш учун ҳар ким қўлидан келган, кичик бўлса ҳам, бир акцияни амалга ошириши керак бўлади. Ҳамма нарсани бахти қаро мухолифатдан кутиш одатини тарк қилинглар, сизлар ҳам ҳисса кўшинглар мухолифат ҳаракатига!

Савол: Ассалому Алейкум Жаноб М. Солиҳ сиз ҳақиқатдан ҳам экстремист мусулмонлар аъзосимисиз ва сизнинг партиянгиз, яъни ЭРК партияси шарият қонунларига таянадими?
Ташкентский Бродяга, Facebook

М.Солиҳ: Ҳа, иншоОллоҳ, мен мусулмонларнинг аъзосиман. Агар сиз Каримов мени айблаган айблар бўйича сўраётган бўлсангиз, ҳа мен эсктремистман. Яъни агар 5 вақт намоз ўқиш экстремизм бўлса, Аллоҳнинг буюрган фарзларини адо этиш экстремизм бўлса, мен экстремистман. ЭРК партияси бир сиёсий партиядир, диний жамоат эмас.

Ассалому алайкум Муҳаммад Солиҳ!
Сиз ўзингизни Ўзбек мухолифатининг лидери деб биласиз. Ҳақиқатан ҳам сиз мустақиллик йилларида ва ундан кейинги йиллардаги сиёсий жараёнларда яхши-ёмон иштирок этиб келяпсиз. Сиз аввал “Бирлик” ҳаракатининг, кейин Ўзбекистон Демократик кучлари Форумининг ва ниҳоят Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг тузилишида бевосита иштирок этдингиз ва бу ташкилотларнинг асосий раҳбарларидан бири бўлдингиз. Аммо афсуски, бу учала ташкилот ҳам вақт ўтиши билан ўзининг бирлигини қўрий олмай, парчаланиб кеди. Натижада Ўзбек мухолифати жиддий поракандаликларга учради, мухолифат зарар кўрди. Сиёсатда лидер истаса-да, истамаса-да, натижа учун масъулдир. Сиз Ўзбек мухолифлар томонидан тузилган бу 3 ҳаракатнинг парчаланиб кетиши учун ўзингизни қайси даражада масъул, деб ҳисоблайсиз. Бу масъулиятдан келиб чиқиб, мен 25 йилдир уриндим, аммо тақдиримда мухолифат лидери бўлишлик йўқ экан, деб истеъфога чиқиш ҳақида қарор бера оласизми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!
Омон Йўлдош

М.Солиҳ: Мен қурилишида иштирок этган ва раҳбарлигини юритган Бирлик, ЭРК ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати мазлум ўзбек халқининг озодлиги учун имкони даражасида холис ва жасорат билан курашди, алҳамдулиллоҳ. Каримов режими каби қаттол режим дунёда йўқ, унга мухолифат қилиш учун отнинг юрагидай юрак керак инсонга. Бирлик, ЭРК ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракатида шундай дев юракли инсонлар фаолият курсатди ва бу йулда кўплари шаҳид бўлди, кўплари зиндонларда ўтирибди, кўплари сургунда сарсон-саргардон дунё кезиб юрибди. Бу ҳаракатлар парчаланиши учун сизга ўхшаган инсонларни сафарбар қилган қаттол режим 26 йилдир, бир зум ҳам тинч яшагани йўқ ва албатта, деганингиз каби, баъзи натижаларга эришди. Лекин шу онда, шу соатда ҳам Каримовнинг жазо органларининг асосий иши – ЭРК аъзоларини, ЎХҲ фаолларини таъқиб қилиш эканлигини бутун Ўзбекистон билади. Ҳеч бир бошқа мухолиф ташкилот ЭРК ва ЎХҲ каби жабр кўраётгани йўқ, тазйикка учраётгани йўқ. Нега? Чунки ярим-ямалоқ сайлов бўлса ҳам, унда Каримовдан кўпроқ овоз олиши мумкин булган, ҳали ҳам халқнинг асосий қисми тарафидан қўллаб-қувватланётган ташкилотлар шу ЭРК ва ЎХҲ дир. Агар шундай бўлмаганда эди, уларга ҳар куни пикет қилаётган маригинал гуруҳларга эътибор қилмаганлари каби, эътибор қилишмаган бўларди. Мен ўзимни ЭРК ка ҳам, ЎХҲ га хам раҳбар тайин этганим йўқ. Мени бу ташкилотларнинг Қурултойлари сайлаган. Қурултой менинг истеъфомни истаса, истеъфомни жон деб тақдим этаман.

Манба: bbc.co.uk/uzbek