Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(53-қисм)
Ўн учинчи кўчат
“Сариғи” сариқ бўлса, “жиддийи” сап-сариқдир
“Мамлакатда ўзга ҳол эди,
Матбуотда ўзга фол эди…”
“Сариқ” сўзи алоҳида ишлатилса, ранг ўлароқ ҳам, бошқа маъноларда ҳам ҳар бир ўзбекка очиқ тушунарли. “Матбуот” сўзи ҳам алоҳида келса, босма нашрлар кўзда тутилаётганини ҳамма билади. Аммо ҳаммага тушунарли бу икки сўз қўшилиб бирга келса, тушунарсиз, чучмал, бегона бўлиб қолади.
“Сариқ матбуот”…
Онгингизда нима акс этди?
Айтарли ҳеч нима.
Оврупа тилларида бу маъно қандай ифодаланишини мен билмайман, лекин ўрисчада жаранглаган “Жёлтая пресса” бирикмаси бизнинг тилимизга сўзма-сўз таржимада ўша совуқ ўлкалардан ясама қоғозларга ўранган ҳолда кириб келди. Ясама бўлгани учун ҳалиям тўла ерлашиб кетгани йўқ. Бу бирикма орқали оврупалик нимани назарда тутган бўлса, ўша маънода қабул қилишга қанча тиришмайлик, ғирт ўзбекча “сариқ” сўзи ўзбекнинг тасаввурини барибир бошқа ёқларга тортиб кетаверади, онгларимизда кутилган маънода суратланмайди. Анчадан бери кучли тилларнинг тақлидчиси ва соясига айланиб қолган тилимиз бу бирикмани ҳам айнан қабул қилиб, янги сўз ясашда уқувсизлигини, босқин остидаги тил эканини яна бир бор кўрсатиб қўйди. Тўғрироғи – сўз ясаш уқуви, мустақил тиллик лаёқати йўқотилгани билиниб қолди.
Оврупа ва Ўрусия “жёлтая пресса” деркан, маза-матрасиз, олди-қочди, шилта, ғийбат хабарлар билангина кун кўрадиган газет-жўрнолни кўзда тутади. Уларни жиддий газет-жўрноллардан ажратиш учун ҳам шу бирикмани ўйлаб топган чоғи. “Сариқ”дан ҳам баттар матбуот тури “бульварная” деб аталади. Бир сўз билан айтганда, туссиз, саёз матбуот!
Ҳа, “Жёлтая пресса”ни ҳеч бўлмаганда “Туссиз, саёз матбуот” деб (билағонлар озгина бош қотирса, балки бундан-да ўзбекона бирикма яратса бўлар) олганимизда эди, онгларимизда ўзлигимизга яқин қандайдир маънолар аксланган бўларди.
Хуллас, илғанган бўлса керак, ушбу кўчатимизни Ўзбекистондаги матбуот томорқасига экяпмиз ва матбуотимиз аҳволига бағишлаймиз. Бунда асосий диққатимизни ўзини “жиддий матбуот” деб тақдим қилаётган нашрларга қаратамиз, лекин, ўрни келса, туссиз нашрларга ҳам умумий кўз ташлаб қўямиз. Лекин “жёлтая пресса” ўрнига биз таклиф қилаётган бирикма то оммалашгунича “туссиз” ё “саёз” сўзлари билан бир қаторда, ҳозирча мажбурий муроса ўлароқ “сариқ” сўзини ҳам ишлатиб турамиз, сарлавҳага ҳам бу сўзни шу учун чиқардик ва азиз ўқувчиларимиздан бизни тутимсизликда айбламасликларини сўраймиз.
“Ўзбекистонда 1305 та рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситаси бор бўлиб, улардан 712 таси газета, 264 таси журнал, 16 таси ахборот бюллетенлари, 4 таси ахборот агентлиги, 63 таси телеканал ва 34 таси радиоканалдир”.
“Расмий маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда нодавлат оммавий ахборот воситалари сони икки баробарга ошган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлис қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитасининг сўнгги йиғилишида маълум қилинди.
Бугунги кунда мамлакатда 1243 та нодавлат оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 160 дан зиёди мустақил веб-сайтлар, 43 фоизи босма нашр, 53 фоизи телеканал ва 85 фоизи радиоканаллардир”.
Булар орасида нечтаси туссиз, саёз, нечтаси тусли, жиддий матбуот эканини ажратиш жуда қийин.
Биринчидан, ҳеч бир газет ўзини туссиз ҳисобламайди, саёзлар қаторига қўшишларини хоҳламайди. Аммо совет замонидан ишлаб келаётган катта-кичик газет-жўрнол ўзини “жиддий”лар қаторига қўшиши аниқ. Бу газет-жўрнол журналистлари бошқаларини, айниқса, “мустақиллик”дан кейин хусусий мақомда очилган газет-жўрнолларни сариқ санаши ҳам тайин. Лекин бунда ҳам аниқ-тиниқ бир чегара-ўлчов йўқ. Масалан, Коммунистик партия ҳукмрон бўлган совет замонидаги “Қишлоқ ҳақиқати” газетининг “мустақиллик” замонидаги вориси “Қишлоқ ҳаёти” ўзини жиддий ҳисобласа, унда шу газет қошида чиқадиган ҳафталик “Ҳаёт”ни қайси қаторга қўшамиз? Ҳол бу ки, “Ҳаёт” ўзини туғдирган “ота газет”дан кўра ўқишлироқдир. Ёки совет замонида очилган “Оила ва жамият” газетини олайлик: ўзи ҳақида ўзи қанақа фикрда бўлмасин, бугун биз четдан унинг ранги-тусини қандай аниқлаймиз?
Иккинчидан, саёзлик ё юксаклик саҳифаларида берилаётган материаллар савиясига қараб белгиланадиган бўлса… унда уларни бир-биридан ажратиш баттар қийинлашади. Савиянинг ўлчови қолмаган бир пайтда нимага асосланиб бирини саёз, иккинчисини баланд деймиз? Агар ўқувчининг дидига қаралса, “сариғи” ютиб кетади! Чунки ўқувчи бугун биз ”сариқ” дейдиган газетларни устун кўряпти, кўпроқ ўшаларни ўқияпти. Ўзини “жиддий” ҳисоблайдиган газетларни оддий ўқувчи хоҳлаб олмай қўйганига йигирма йилларча бўлди.
Одамлар, айниқса бекорчилар, бозорчилар туссиз, саёз, сариқ матбуотга қизиқиб кетди. Ғийбат бўлса ҳам, олди-қочди бўлса ҳам, уларда нотавон кўнгилларини қитиқлайдиган нимадир бор. Излаганини, руҳига тўғри келганини топяпти. Ҳеч бўлмаганда, талвасада кечаётган ҳаётини вақтинчага бўлса-да эсидан чиқартирадиган, турмуш қийинчиликларидан чалғитиб, фикру хаёлини ҳаётда учраб турадиган айрим шахсий ва шилта воқеалар ичига олиб кириб кетадиган қанақадир овунчоқ мақолаларни ўқийди. Ўзининг даражасида ўйлайдиган журналистлар уларни қониқтиради.
Жиддийларида нима бор? Уларда шу ҳам йўқ!
Даъвомиз оғир, албатта. Бу даъвога яраша узил-кесил далиллар келтиришимиз лозимлигини ҳам тушунамиз. Лекин мисолни қайси газетдан (ёки: газетлардан) олган яхшилиги борасида кўп ўйладик. Охири “отахон газет”имиз бўлмиш “Халқ сўзи”ни танладик. Биринчидан, бу газет мамлакатнинг юзи. Иккинчидан, тахминимизча, ўзини энг жиддий ҳисоблайди. Учинчидан, бошқа “жиддийлар”дан тўрттасининг (“Ўзбекистон овози”, “Миллий тикланиш”, “XXI аср”, “Адолат”) аҳволини бундан олдинги бобда бирмунча кўрдик. Демак, энди ҳартомонлама ўрганишга лойиқ газет “Халқ сўзи”дир.
Бир қараганда, “Халқ сўзи” ҳеч кимнинг газети эмас ‒ хўжайини кўрсатиладиган ерда ҳеч нарса ёзилмаган. Дейлик, “Ўзбекистон овози” битта Ўзбекистон Халқ Демократик партиясининг газети, “Халқ сўзи” эса, алоҳида олганда, на Президентнинг, на Олий Мажлиснинг ва на ҳукуматнинг газети. 4-бетнинг энг пастида фақат муассислари санаб ўтилган: “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси”. Яъни, хўжайинлари ўзини бир оз панага олган “мустақил” газет! Шиори: “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат”.
Чинакам демократия гази билан ўлчаганда бундай бўлиши мантиққа терсдир. Бири қонун чиқарадиган, расман қараганда, президентнинг ҳам, ҳукуматнинг ҳам ишини кузатиб борувчи ташкилот, иккинчиси қонунларни тасдиқлайдиган ташкилот, учинчиси шу қонунлар доирасида ишлайдиган ижрочи ташкилот. Демократия бу ташкилотлар бир-биридан мустақил бўлишини тақозо этади, бироқ уларнинг фикр ёйувчиси битта бўлса… ахир, кулгили-да.
Бир жумла билан айтганда, “Халқ сўзи” туғилишиданоқ қўл-оёғи тўрттомонлама боғлиқ бир газетдир – на холислик ила унисини танқид қила, на мустақиллик ила бошқасининг ишини таҳлил эта олади. Қолади – маддоҳлик. Натижада, мана, неча йиллардан бери у асло халқнинг сўзи бўлиб эмас, давлатнинг, ҳукуматнинг, Олий Мажлиснинг, ҳаммасини тўплаб битта қилиб айтганда эса, “Президентнинг сўзи” бўлиб келмоқда. Ҳар кунги қиёфаси – бир хил. Ҳар кунги мавзуи – бир хил. Ҳар кунги сўзи – бир хил. Услуб бир хил, хулоса бир хил. Куйи ҳам, қўшиғи ҳам бир хил. Зерикарли.
Оддий халқ юракдан хоҳлаб бу газетга обуна бўлмайди, кўнгли тортиб ўқимайди ҳам. Бошлиқлар тоифаси ҳам қатордан қолмаслик учунгина обуна бўлади, аммо деярли ўқимайди. Онда-сонда спорт янгилигига ёки таъзия хабарларига кўз ташламаса, бошқа мақолалари ҳеч кимни қизиқтирмайди. Чунки қолгани ҳар куни минг бора такрорланадиган гаплар, мадҳиялар…
Неча йиллардан бери бу газетга давлат идоралари ва солиқ ташкилотлари орқали катта-кичик идоралар мажбурий обуна қилдирилади. Кўчада дўкондан бирор киши олаётганини кўрсангиз, билинг, у одам қайсидир бир идорада ишлайдиган, ўсишга орзуманд майда амалдор бўлиб чиқади. Оддий халқ бу газет учун чўнтагидан пул чиқармайди. Айтмоқчи, дўконларда туриб қолган сонларини арзонлаштириб оладиганлар бор. Аммо улар ҳам ўқишга ё эски газетларни тўплашга ишқивоз бўлганидан эмас, бозорларда ё кўча-кўйда ул-бул нарсани ўраб сотишга олади (бу ҳолни бир гал Ўзбекистон телевидениесининг ўзи билиб-билмай тан олиб қўйди!).
Нимага? Чунки ўқиб маза оладиган ҳеч нарса йўқ. Ҳар янги сонида нима борлигини билишга кўпи билан бир-икки дақиқа кетади, холос. Бошдан-охир кўз югуртиришга кетадиган вақт ичида бутун бошли катта газетни “ўқиб чиқса” бўлади. Ичида нима борлигини сарлавҳаларининг ўзиёқ айтиб турибди…
Ўқувчилар янглиш англамасинлар: бу “отахон газет”да ишлайдиган ўнлаб журналистнинг меҳнатини битта сўз билан йўққа чиқармоқчи ёки, уларнинг дунёқарашлари ҳам бизники каби бўлсин, демоқчи эмасмиз. Агар бу газет “Халқ сўзи” бўлиб эмас, балки, масалан, “Президент овози” бўлиб чиққанида эди, ҳар қанча маддоҳлик қилса, ҳозиргидай карнай-сурнайини чалаверса, ишимиз йўқ эди. Нега? Эгаси берган нонни оқлаб еган бўларди, холос. Демократия тамойилларига ҳам терс бўлмасди. “Президент овози” бўлганидан кейин, тўласича давлат томон бўлиб, нима деса деяверади-да.
Ёки давлат сиёсатига, мамлакат аҳволига халқнинг чинакам муносабатини ифодалайдиган бошқа мустақил, мухолиф газет-жўрноллар бўлганида ҳам майли эди. Булар йўқми, ҳозирги “Халқ сўзи” ҳам сиёсий лоқайд халқ номидан нуқул давлатнинг қўлтиғига сув пуркаш билан оворами, унда бизнинг танқидларимизга ҳам чидашига тўғри келади. Чунки биз унинг оти “Халқ сўзи” бўлгани учун, менинг, сизнинг – ҳаммамизнинг номимиздан сўйлаётгани, демак, унда менинг, сизнинг – ҳаммамизнинг ҳаққимиз борлиги учун ҳам халқ томон бўлиб бу сўзларни айтяпмиз.
Тўғри, мамлакатда чиқадиган бошқа газет-жўрнолларнинг аҳволи ҳам “Халқ сўзи”дан баттар бўлса баттар, ундан кам эмас. Лекин мисолни ҳаммасидан қалаштириб келтириш шарт бўлмагани учун битта газет билан етариндик.