Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ
САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ
(19)
50-рақамдан мобаъд
«Субҳон ал-ази асру» ояти шарифаси ҳаққинда нозил бўлгон Масжид ал-Ақсои муборакға кириб, ҳар шайдан аввал икки ракъат намоз ўқуб, мундай муқаддас ва мутабаррук мақомларға бандани еткургони учун Оллоҳи зулжалолға ташаккур ва арзи ниёз ва убудият этдим. Масжид ал-Ақсои аш-шарифнинг энг охирги ва минбари шарифни сўл жаворинда ниҳоятда музайян рахомлардан* бино қилинган бир меҳроби шариф бордурким, Меҳроби Имом Шофеи аталур. Минбарнинг ўнг тарафинда темур панжара ва шабикалар ила айрилгон бир қитъа бўлуб, бул тарафда икки меҳроб борки, бири Ҳазрати Мусо, дигари Ҳазрати Исо алайҳиссаломға нисбат берилур. Минбари шариф атрофинда обнус яғочидан ниҳоятда санъатлик қубба ва шакибалар ясалгандур.
Яна ушбу масжиди шарифнинг бошқа бир тарафинда Ҳазрати Довуд ва Яҳё ва Закарийё алайҳум ассаломға нисбат берилган айрича санъатлик ва нафис меҳроблар бордур.
Масжид ал-Ақсои аш-шариф тўлони шимолдан жанубға узайиб бино қилингандур, Қуддуси шарифнинг қибласи жануб тарафи бўлур.
Масжиднинг узунлиги бобдан меҳробғача 130 қадам, эни шарқан ва ғарбан 110 қадам бўлуб, яна масжиди шарифнинг икки тарафинда бир неча хонақоҳлар бордурки, катта равоқ ва эшиклар ила асл масжиди Ақсоға қўшулуб ва ул хонақоҳлар масжид ила бир ҳукмға кирар. Ва ул хонақоҳлардан бир тарафидагини тули* 60 арзи* 36 қадамдур. Масжид ал-Ақсонинг шимолий тарафидан ва масжиди Сухратиллони қаршусидан 7 эшик бўлуб, яна шарқ ва ғарб гарафидан бирор эшики борки, шарқдаги эшик «Боб ул-Ҳизр» аталадур.
Масжиди шариф 7 адад катта равоқ ва кўп адад тоқлардан иборат бўлуб, бу равоқлар 33 адад рахом ва 12 адад тош ва ниҳоят баланд зийнатлик стунлар устинда бино қилингандур. Масжиднинг равоқ ва шўъбаларини бир-бириға рабт қилинғон тош деворлар 40 дан зиёдадур.
Масжиднинг стунлари мусайқал ва мужаллий ранго-ранг мармарлардан ва девори жилолик тошлардан бўлуб, инсоннинг акси кўрунур. Масжиднинг ости аввалан қимматбаҳо ва аъло ҳасирлар* илан ўртулуб, устидан барча еринда Истанбулдан юборилгон аъло қолин—гиламлар ва нафис сажжодалар ёйилғандур. Масжидни(нг) саҳфиға қарасанг, у мажаллий мармар стун бошлиқлариндаги араб санъати меъморияси ва услуби ва анда ўткарилган ишлар сани ўзиға жалб этар.
Тош устиндаги ўймакорликлардан бошқа олтун ва минокорлик* нақш ва хутутларни тамошоси ҳайратларга ғарқ этар.
Ичи бир неча таноб келатургон ва иртифон* 30 газдан зиёда ва кўпи мармар стун ва гуҳарвар ва оқ ва лоҳутнишон маснаъ* меҳроблар ва музайян сақфдаги қанодил* ва овиза* ва муқаддас минбар ҳазрат Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ва ҳар бири бир пайғамбар азимуш-шонға нисбат берилгон муқаддас меҳроблар орасинда мажзубона* зоти зулжалол ҳазратларининг бу назирсиз боргоҳи кибриёсинда ихтиёрсиз жисму руҳ ила саждаға кетарсан. Бу саждаи убудият*дан у қадар лаззат олурсан ва у қадар важдға* қолурсанки, ҳар бир нимарсани унутуб ва ушбу саждадан бош кўтармасдан Оллоҳ зулжалолға етушмоқ амалинда бўларсан.
Назаргоҳи илоҳийдур, мақоми мустафодур бу,
Матофи* қудсиёндур, саждагоҳн анбиёдур бу.
Оҳ, на руҳоний ҳолатлар, на лазиз важдангиз убудиятлар, на ашкрез нозу ниёзлар… Оллоҳ таоло ғариқи раҳмат этсун мунинг бониси асл мутақаддимин* мусулмонларни. Қандай асл мусулмонлар! На нуроний фусункор порлоқ мозийким, онинг асари қудсият самари минг бу қадар сана сўнгра бизни маҳвият даражасинда келтурар.
Эй, ўтмиш муқаддас мусулмонлар! Эй бонийлар! Эй фотиҳлар! Оллоҳ Сизларни ниҳоясиз раҳматларға ғарқ этсунки, замонангизда бу қадар лоҳутий асарлар ва муқаддас буқъалар бино этибсиз. Чин мусулмонлар, ҳақиқий инсонлар сизларсиз. Ва сизларнинг тарзия* ва тавсифингиздан бу кунги, биз мусулмонлар ожизмиз. Бизлар сизни ноҳалаф* авлодингиздурмиз. Сизни изингиздан кетмоқға жаҳолатимиз монеъ бўлди. Қусуримизни ажзимиз учун кенг карамларингиз илан бағишлангиз!..
Илоҳо! Бу азиз ва фаол бандаларинг ҳурматиға бизға басират бер! Эшитар қулоқ, англар ақл бер! Оҳ, у эзгулар қандай эканлар? Биз на ҳолдамиз? Оҳ, бу қадар анбиё, авлиё, машохирлар келиб, биз инсонлар учун шариатлар, тариқатлар, маърифатлар ваъз этиб, бизни ҳақиқатға даъват этиб эканлар. Биз, гумроҳлар, йўлдан чиқиб, ҳазизи* нафсониятға куллиян* чўмубмиз. Букун ўзларини маданият ва инсониятни энг олий табақасинда деб ялғондан даъво этадургон инсонлар ваҳшониятни энг асфал* даражасинда қўл ва аёқ урарлар. Милйўнлар ила бани одамнинг боиси кулфати ва мусибати бўлурлар.
Эй, Оллоҳи азимуш-шон! Бу мағар санинг ғазабингмидур? Афу эт, биз инсонларни ҳидоят эт! Ер юзинда сулҳ ва салоҳи* умумий ато айла, инсонларға инсоният бер! Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсун зулм, яшасун адолат ва ҳаққоният, омин…
Ал-он Масжид ал-Ақсо ичинда оврупойи ва амрикойи юзлар ила заввор бор. Мусулмондан икки мисрий араб ила ман ва 20-30 нафар хаддом ва далил бўлуб, насоро ва яҳуд завворининг ўндан зиёда пўп ва роввинлари-да бордурки, насоро ва яҳуд руҳонийлари ўртага туруб, бир неча ерда давра этуб, ҳарами шариф ва Масжиди Ақсо тўғрисинда баланд овоз ила нутқ сўйлаб, аларга тарихий ҳолатлардан баён қилмоқдадурлар. Масжид ичинда киргонда, ҳар ким бўлсун, этигини ешиб, ёинки устидан бошқа тоза чарм ва ё латта кафш кийиб кирар.
Ушбу масжидни ўрнинда аслан Ҳазрат Сулаймон алайҳиссалом Масжиди Ақсони бино этиб эканлар ва исломиятни бидоятинда қибла ушбу Масжид ал-Ақсо эди. Сўнгра «Фавалли важҳака шатра ал-Масжид ул- ҳарам»[1] ояти нозил бўлуб, Каъбаи шариф қибла бўлди. Ҳазрати Сулаймон алайҳиссаломнинг асл бинолари бузулуб ва тахтға қолиб экан ва асл масжидни ўрнинда ҳозирги ушбу масжиди азим уш-шонни Халифа Абдулмалик бин Марвон ҳазратлари авваланчи асри ҳижрияда бино этиб, сўнгра хулафоу салотин даража-бадаража таъмир ва зийнат берибдурлар. Дерларки, бир замонлар насоро ва яҳуд истило этиб, масжидни калисо этиб эканлар. Ахиран Айюби салотинлари олиб яна аввалгидек масжид қарор берилибдур.
Масжид ал-Ақсонинг остига, ертўлага киратургондек заминий дарвозадан кирдукки, масжидни ости тамоман катта равоқ ва ҳам вусъатлик камар ва 7-8 газ баландликда тоқлардан иборат-бўлуб, ҳаммаси 1-2 макъаб* газлик оқ тошлардан бино қилингондур. Асл маъбад Сулаймон алайҳиссалом мунинг остинда қолиб ва ушбу табақа мусулмонларнинг биносидур. Ва бу катта камарларнинг бир тарафинда ёпуқ сардоба бўлуб, Масжиди Ақсонинг уст табақасидан оғзи бордур. Тахтони табақа Масжид ал-Ақсонинг так курси ва ертўласи ҳукминда бўлуб, онинг ери тош ва га(н)жлардан иборат ва деворлари фақат тош бўлуб, тазйиноти* йўқ. Ва аммо ниҳоятда даҳшатлик ер ости катта бир иморатдур. Мунда қиблаи аввал ва сонинға махсус меҳроб ва аломатлар ҳамда Хорун алайҳиссалом, Шубайр ва Шубрий азизлари учун мақомлар бордур.
Мундан чиқиб Боби Ҳизр алайҳиссаломдан ўтуб, икки-уч таноб мармар саҳндан юруб, ҳарами шарифни шарқи-жанубий кунжида бориб, заминий бир эшикдан ер остинда йигирма қадар тош зина ила тушдук. Мунда катта тошлардан бино қилинган бир уй бўлуб, бир тарафинда бир мармар суффа борки, «Тахти Исо алайҳиссалом» дерлар. Яна мунда Ҳазрати Марям ва Исо ва Нуҳ алайҳиссалом ва Ҳаворийин* учун меҳроб ва мақомлар кўрсатилур. Мунда «ванна» (бир навъ тақора(ға) ўхшаш бир оқ тош борки, «Исо алайҳиссалом бешиги» дерлар. Бу уйдан яна 20 қадар тош зина ила ер остига тушдукки, мунда тўли ва арзи 50-60 газ келатургон катта бир иморат бўлуб, кўп адад оқ тош стун ва деворлар устинда бир неча гунбаз ва қуббалар ила ёйилган бўлуб, равоқу камарларнинг стунлари бир-бириға яқиндур.
Стун ва деворлар 1-2 макъаб газлик ҳажминда тошлардан метин бир суратда бино қилингандурки, биноси ҳазрати Сулаймон алайҳиссаломға нисбат берилиб, ҳазрати Умар разиоллоҳу анҳу фатиҳидан илгари астабли Сулаймон (Сулаймон алайҳиссалом отхонаси) деб, масмуотға* қараганда, ичинда яҳуд ва насороот боғлар эканларки, баъд аз фатҳ амри ҳазрат Умар ила тозаланиб, Масжиди Сулаймон алайҳиссалом аталиб ва ал-он мунинг ости тош ва туфроқдан иборат бўлуб, ўзи мудҳиш ва муаззам ҳам метин бир бинодурки, бу ҳол ила яна юз минг саналарғача бузулмайдур.
Бу мақомлардан саҳн устиға чиқдук. У қадар чарчабманки, бутун аъзога касолат келган.
Далил афандига дедам:
— Манга ҳарам дохилинда ер кўрсатингиз, бир оз ўлтуруб, истироҳат этайин.
(Бақияси бор)
«Ойна» ж., 1914 йил,
51-сон, 1212—1217-бетлар.
*
Рахом – мармар
Тул – узунлик
Арзи – ер; эн
Ҳасир – бўйра, бордон
Минокори – сирланган
Иртифоъ – баландлик
Маснаъ – бунёд этилган
Қанодил – қандиллар
Овиза – осма
Мажзубона – мафтункор, жозибали
Убудият – бандалик таомили
Важд – завқ-шавқ; ҳаяжон
Матоф – тавоф этиш жойи
Мутақаддимин – қадимда ўтган
Тарзия – қониқиш
Ноҳалаф – номуносиб маъносида
Ҳазизи – тубан
Куллиян – бутунлай, тамоман
Асфал – тубан
Салоҳи – эзгулик
Макъаб – ўрнига қараб, куб ё квадрат маъноларида ишлатилади
Тазйинот – зийнат, безак
Ҳаворийин – Исо пайғамбар тарафдорлари
Масмуот – эшитилиши
[1] «…Фаввали важҳақа шатра ал-Масжид ал-ҳарам». «…Юзингизни Масжид ал-ҳарам томонга буринг» (Қуръон, 2-сура, 149 оят).