Тошкентлик блогер Дмитрий Середин таниқли рассом ва файласуф Вячеслав Ахунов билан сухбат қилди. Ушбу суҳбатда Ахунов миллий ўзликни англаш, санъат ва тил масалаларини чуқур таҳлил қилади.
Ахунов рус блогерига берган суҳбатида ўзбек тилига шунчаки мулоқот воситаси эмас, балки юксак маданият пойдевори сифатида қарайди:
«Адабий ўзбек тили — бу илоҳий нарса. Айнан шу тил атрофида бизнинг амалий санъатимиз ва ҳунармандчилигимиз шаклланган. Аммо бугун бир савол туғилади: фақат тилни билиш инсонни чин маънода ўзбек қиладими?»
Рассом ўз тажрибасидан келиб чиқиб, тилни мукаммал билмаслик инсон ичида маълум бир «айбдорлик» ҳиссини уйғотиши мумкинлигини, лекин ўзлик фақат тил билан чекланмаслигини таъкидлайди. Қуйида икки соатлик суҳбатдан айрим муҳим парчаларни келтирамиз.
Муҳаммад Солиҳ билан учрашганим учун мени «четлатишган»
Суҳбатнинг эътиборга лойиқ томони унда рассом Ўзбекистонда тақиқланган мавзу диссидент шоир дўсти Муҳаммад Солиҳ билан Туркияда учрашгани ва бунинг учун тақиққа учрагани ҳақида гапиради.
Ахунов блогернинг «Сиз узоқ вақт давомида «чиқиши тақиқланган» шахс эдингиз. Ҳатто ОВИР билан судлашгансиз. Бу ОВИР судга берилган биринчи ҳолат бўлса керак. Нима учун бундай бўлди? Ўшанда бирор «ноқулай» гапларни гапирганмидингиз?» деган саволига шундай жавоб беради.
«Тилим — менинг душманим. Мен ўшанда кескин мақолалар ёзардим… шунақа эдим… шу билан бирга, рассом сифатида вазият ҳақида, бизнинг ҳолатимиз ҳақида алоҳида ишлар қилмасдим. Чунки буларнинг ҳаммасини ёзма равишда ифодалаш менга осонроқ эди: мақолалар ёзиш, бу ҳақда гапириш, яъни акционист бўлиш. Шунақа.
Аҳмоқона шундай бир вазият бўлди. Мени Истанбулга таклиф қилишганида… Бу Даккадаги Осиё қитъаси Биенналеси эди. Ва у ерга кураторлар келиб, ишларимни кўриб, еттита лойиҳамни, жами 83 та ишни танлаб олишди. Бу битта рассом учун жуда катта миқдор, бундай эҳтиромга фақат ўлганлар ёки тирик бўлмаганлар лойиқ кўрилади.
Хуллас, ишлар турли жойларга қўйилди. Истанбул матбуоти: «О, Ўзбекистондан шунақа ажойиб рассом келибди», деб гапира бошлади. Кейин бизнинг болалар келишди… қувғиндаги бизникилар, ҳалиги… протестантларимиз. Зўр шоир Муҳаммад Солиҳ келди! У замонавий услубда ёзадиган буюк шоирларимиздан бири.
Энди мен нима дейман: «Вой, ёнимга келма», дейманми? Йўқ албатта. Биз у билан бунгача бирга ишлаганмиз: у сценарий ёзарди, мен фильмларда рассом бўлиб ишлардим. Мулоқот қилардик. У менга 80-йилларнинг бошида Чўлпоннинг портретини олиб келган эди, мен уни чизиб, унга совға қилганман, ҳозир ўша Чўлпон портрети музейда сақланади. Хуллас: «Ҳа, салом, юр чойхонага» деди бордик. Кимдир ҳаммасини видеога олибди…
У пайтлар қаттиқ эди, Каримов даврида жуда қаттиқ эди. Тасвирга тушириб кўришган: «Аҳа, душман!» Шу билан тамом. Стикерим муддати тугади, кейин эса бошқа стикер беришмади.
Блогер: Сизни у билан дўст бўлганингиз учун «четлаштиришганми»? Нима деб ўйлайсиз? Асосан шунинг учунми?
Рассом: Ҳа, асосан шунинг учун. У эса мухолифатчи эди. Ҳа, у Каримов билан бирга номзодини қўйган, биринчи президентлик сайловида овоз бериш бўлган. У ўша «Эрк» партиясининг асосчиси.
Мен эса… мен бу ҳақда ўйламаганман, ҳеч қачон ҳеч қайси партияда бўлмаганман. Болалигимдан бери… ҳа, пионер бўлганман. Лекин комсомолга ҳам, партияга ҳам кирмаганман. Ҳозир ҳам ҳеч қандай партияда, ҳеч қандай ташкилотда йўқман. Рассом ҳамма нарсадан озод бўлиши керак. Ҳамма ташкилотлар мен учун қандайдир… ноқулай. Ҳар доим уларни елкадан ташлаб юборгим келади.
Маҳалла ва меъморчиликнинг йўқолиши
Видеодаги муҳим мавзулардан бири — Тошкентнинг қиёфаси ва маҳалла маданиятининг емирилишидир.
Маҳалла шунчаки яшаш жойи эмас, у ижтимоий институт эди. Кўп қаватли уйлар маҳалланинг «тирик» муҳитини ўлдирмоқда, дея таъкидлайди рассом.
Янги қурилаётган бинолар инсонлар ўртасидаги анъанавий алоқаларни узиб қўймоқда. Бу эса жамиятнинг маданий хотираси йўқолишига олиб келади.
Вячеслав Ахунов шунингдек, замонавий рассомлар дуч келаётган муаммоларни очиб беради:
«Бугунги кунда санъат кўп ҳолларда галеристлар ёки бой харидорларнинг дидига мослашиб қолган. Рассом ўз ички дунёсини эмас, балки бозор талаб қилган нарсани чизишга мажбур бўлмоқда. Ҳақиқий санъат эркин бўлиши керак, бироқ иқтисодий эҳтиёжлар ижодкорни «рамка»га солиб қўймоқда». дейди рассом.
Эски Бухоронинг йўқ қилиниши
Вячеслав Ахунов Бухоро ва бошқа тарихий шаҳарларимиздаги ўзгаришларни катта оғриқ билан тилга олади. Унинг фикрича, Эски шаҳарнинг йўқолиши энг ачинарли холат: Бухоронинг қадимий қисмида «эски шаҳар» руҳи деярли қолмаган. Кўплаб тарихий бинолар, мадраса ва масжидлар атрофидаги муҳит сунъий равишда ўзгартирилган ёки бузиб ташланган.
Рассомнинг фикрича, маҳалла маданияти йўқолиши билан бирга одамларнинг ўзлиги ҳам йўқолмоқда. У ўз дўстининг 15-асрга оид уйини мисол қилиб келтиради — бундай жойларда яшаган инсон ўз аждодлари қаерда дафн этилганини билади, қўшнилар билан яқин алоқада бўлади.
Кўп қаватли уйлар ва замонавий қурилишлар инсонларни бир-биридан узоқлаштирди. Илгари чойхоналарда 5 тийинга чой ичиб, соатлаб суҳбатлашиш мумкин бўлган «маҳалла маданияти» ўрнини совуқ ва разолат эгалламоқда [06:11].
Бугунги замонавий санъат нима ҳақида?
Ахунов учун санъат шунчаки чиройли тасвир эмас, балки ижтимоий ва фалсафий позициядир. Унинг фикрича, маҳорат даражаси кўпчиликда бир хил бўлиши мумкин, аммо ҳақиқий санъаткорни креативлик ва фикрлаш кўлами ажратиб туради.
«Театрда актёр режиссёрнинг «қули» бўлса, перформанс санъатида рассом ўз-ўзини яратади ва ўз ички оламини эркин намоён этади» дейди рассом.
Суҳбатда бугунги санъатда илгаригидан кўра ҳақиқат ва самимият камайиб кетгандек туйилаётгани, санъат кўпинча тизимга ёки бозорга мослашиб қолаётгани ҳақида фикр юритилади.
Вячеслав Ахуновнинг ҳаёт фалсафаси
Суҳбатнинг якуний қисмида Ахуновнинг ҳаётий фалсафаси яққол кўринади. Унинг яшашдан мақсади — инсонларни ўз-ўзига назар солишга ундашдир. «Ҳамма нарса ўзингдан бошланади» деган тамойил ўз ҳаётининг марказида туришини таъкидлайди рассом.
У одамларни фаол бўлишга, экологияни ва тарихий меросни ҳимоя қилишга чақиради. Ахунов учун яшаш — бу шунчаки ижод қилиш эмас, балки атрофдаги адолатсизлик ва лоқайдликка қарши санъат орқали курашишдир.
У инсон ўз ичида эркин бўлиши ва қонунларга амал қилиш даражасида ўзига ишониши керак деб ҳисоблайди. Унинг ҳаёти — бу жамиятни бирлаштириш ва инсонларга ўзлигини эслатишга бағишланган.
Вячеслав Ахунов бугунги кунда «тупик» (боши берк кўча) деб аталаётган даврда, санъат ва шахсий масъулият орқали чиқиш йўлини излаётган ижодкор сифатида намоён бўлади.
«Бизнинг тарихий хотирамиз ва миллий кимлигимиз (идентичности) ҳозирда қайта ёзилмоқда. Эски қадриятлар ўрнини янги, баъзан сунъий қадриятлар эгалламоқда.»
Ахуновнинг фикрича, ҳайкалларнинг алмашиши, кўча номларининг ўзгариши ва меъморий қиёфанинг янгиланиши — буларнинг барчаси халқнинг ўзлигини англаш жараёнига бевосита салбий таъсир қилувчи омиллардир.
Видеода Ахунов жамиятни ўз ўтмишига ва маданиятига юзаки эмас, балки чуқурроқ назар ташлашга чақиради. Унинг фикрича, ўзликни сақлаб қолиш учун фақат ташқи белгилар (кийим, тилнинг юзаки билими) кифоя қилмайди, балки ички маданий ва фалсафий асосларни англаш муҳим.



Гулнор (аудиокитоб)
“ВОДИЙДА ЎЛИШ ТАКИКЛАНАДИ”
Гўзал БЕГИМ: ЭРК МУАЛЛИМИ
Нейзен Тевфиқ ҳақида
Нега бутун дунё давлат тилини талаб қилади, Ўзбекистонда эса бу “миллатчилик” ҳисобланади?