Ўзбекистон Халқ Ҳаракати веб-саҳифаси Каримов режимини қарши курашда мухолиф фикрловчилар учун муҳим минбарлардан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Сўнги бир йил ичида саҳифага ташриф буюрувчилар сони 45 мингдан ошди. Бу эса режим ҳимоячиларини қаттиқ ташвишга солиб қўйди.
Жорий йилнинг февраль ойи бошларидан бери ЎХҲ сайтига Ўзбекистон хавфсизлик тизимларига хизмат қилувчи хакерлар томонидан узлуксиз ҳужумлар уюштирилди. Ҳужумлар натижасида сайтнинг функционал тизими бутунлай издан чиқарилди, электрон почта пароллари ўғирланди. Хавфсизлик тизимида қайдга олинган IP манзиллар ошкора равишда Тошкентга ишора қилди. Улар қисқа бир муддат давомида ўз мақсадларига эришдилар ҳам. ЎХҲ сайти вақтинчалик фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.
Кетма-кет уюштирилаётган кибер-ҳужумларга қарамасдан ЎХҲ техник ходимларининг саъи-ҳаракатлари натижасида веб-саҳифа ўз фаолиятини қайта тиклади.
Шу муносабат билан режимнинг кибер-қароқчиларига қарши мужодалада машаққатли меҳнат қилган барча техник ходимларимизга ўз миннаддорчилигимизни билдирамиз. Шу билан бирга сайтимиз муштарийлари ва барча ҳур фикр эгаларини ЎХҲ саҳифасига таклиф қилиб қоламиз.
ЎХҲ таҳририяти