O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

‘Қизил аждар’ Ўзбекистонга кирмоқда

‘Қизил аждар’ Ўзбекистонга кирмоқда
145 views
14 June 2012 - 14:21

Президент Ислом Каримовнинг Хитойга сўнгги ташрифи мобайнида савдо-сотиқ, нефть-газ ва Ўзбекистонга Шинжон-Уйғуристонидан поезд йўли келтириш ва Навоийдаги халқаро ҳабга уланишга оид ўнлаб шартномалар имзоланган. Мутахассислар жами келишувлар нархини 5 миллиард АҚШ долларидан кўпроққа баҳолашмоқда.

Хуллас, шу пайтгача “Қизил Юҳо” кириб келолмаган Ўзбекистон ҳам ниҳоят шарққа қараб дарвозаларани очаётган кўринади.

 Хитой аллақачон Ўзбекистон ва Туркманистон газини, Қозоғистон нефтини олмоқда.

Ўз аҳолиси учун керакли озиқ-овқат етиштиришга ер топа олмайдиган Тожикистонда аллақачон кўплаб унумдор ер майдонларини Хитой юзлаб йилга ижрага олган.

Қирғизистон эса бутунлай Хитой улгуржи моллари тарқатиладиган бозорларга саҳна бўлди.

Аммо Пекин таъсири энди Ўзбекистонга ҳам ёйилмоқда.

“Хитой сармоядорлари ва банклари Ғарб каби қийин шартларни қўйишмайди, давлатдан кредитларини қайтариш кафолатини талаб қилишмайди” – дейди иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусайнов – “Улар ўзлари кредит бериб, анча арзон нефт ё газ қазувчи ускуналарни ҳам, бошқа саноат жиҳозларини ҳам таклиф этишмоқда”.

Яқинда эса Ўзбекистоннинг йирик ҳамкорлари ва сармоядорлари бўлмиш Росия ва Жанубий Кореяни Хитой ортда қолдириши мумкин, деган фикрлар бор.

“Ўзбекистондаги Россия савдо палатасида икки-учта одам ишлайди, Хитойникида эса юзлаб ходимлари бор” – дейди Тошкентдан таҳлилчи Анвар Ҳусайнов.

Ўзбек тужжорлари учун Хитой визасини олиш осон ва Ўзбек тужжорлари сўнгги йиллари Хитойдан ҳаво орқали йирик миқдорда мол келтириш учун шароитлар ўнғайлигини айтишади.

Бугун яхши, эртагачи?

Хитойнинг кириб келиши анча камбағал Марказий Осиёда бугун хуш қаршиланиши мумкин. Чунки янги иш ўринлари яратилмоқда.

“Қорақалпоғистонда хитойликлар тузли денгиз тубида ҳам ўсадиган шифобахш қизилмия ўсимлиги илдизини ишлаб чиқара бошлашди ва янги корхонада кўплаб одамлар ишлашмоқда” – дейди Анвар Ҳусайнов.

Аммо узоқ келажакда Хитой таъсири салбий бўлиши мумкин, деган хавотирлар ҳам кучли.

“Хитой Ўзбекистонни пахта хомашёси ишлаб чиқарадиган базага ва ўз арзон моллари сотиладиган бозорга айлантирмоқчи” – дейди Тошкентлик ишбилармон -“Илгари Россия бизни шу аҳволга солганди. Энди Хитой шундай қилмоқчи”.

“Пахтадан Ўзбекистон яхшилик кўрмаган ва иқтисодимиз тараққий этиши учун ундан воз кечишимиз керак”.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон пойабзал ва тўқимачилик саноатлари шундоқ ҳам Хитойнинг арзон оёқ кийимларига дош беролмай қолмоқда.

“Ўзбекистон эса ғарб сармояларини жалб этишга интилиб, ўз маҳсулотларини Оврўпога сотишга интилиши лозим” – дея хулоса қилади Анвар Ҳусайнов – “Акс ҳолда, эртага Ўзбекистоннинг тетапоя қилаётган бошқа саноати, мева-сабзавот қайта ишланадиган ва бошқа анъанавий соҳалари ҳам Хитой билан рақобатга дош беролмай касодга учраши мумкин”.

 

bbc.uzbek