Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(56-қисм)
2011 йил 16 декабир сонида:
“Француз сиёсатшуноси Ўзбекистон эришаётган муваффақиятларни юксак баҳолади”:
“Унинг фикрича, “Мустақил Ўзбекистон Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ўтиш даврининг барча синовларидан муваффақиятли ўтмоқда, давлатчилик ҳамда ташқи сиёсатни шакллантиришда улкан ютуқларга эришмоқда ва бундай изчил давлат сиёсати бошқа мамлакатлар учун намуна бўлиши мумкин…
Француз олими қайд этдики, Ўзбекистонда ўз вақтида танланган ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш йўли бугуннинг ўзидаёқ юксак самаралар бермоқда – улкан иқтисодий ўсишга эришилмоқда, молиявий барқарорлик таъминланмоқда”.
Шу ерда кетма-кетлик тартибини бузиб, бир оз орқага қайтсак. Газетнинг 28 ўктабир сонида бош муҳаррир ўринбосари Шуҳрат Жабборовнинг “Ҳавас уйғотувчи шиддат” номли мақоласи босилган. Шуҳрат Жабборов тажрибали журналист, чет эллик билан суҳбатини ҳам қуруққина ёзиб қўяқолишни ёқтирмайди. Жонли, қизиқарли битмоқчи бўлади. Бунинг исботи учун каттароқ кўчирма олишимизга тўғри келди (имло, жумла хатоларига тегинмадик):
“…Хориждан келган меҳмонлардан бири “Ўзбекистоннинг бунчалик илгарилаб кетаётганига сабаб нима?” деб сўраб қолди. Аввалига саволга бирданига жавоб бермоқчи бўлдик. Шу лаҳзада бир ғоя туғилди. “Ўзингиз қандай ўйлайсиз, вариантлар борми?” деб қарши савол қўйдик. “Мен юртингизда яна бир ҳафта тураман, ўрганиб, кейин жавоб қилсам майлими?” – деди. Жуда маъқул. Биз ўз муваффақиятларимизнинг омилларини ўзимиз яхши биламиз, қани, четдан ташланган назар орқали нималар намоён бўлар экан?
Келишилган вақтда учрашдик. Ўзимизга маълум воқеълик ҳақида хорижлик меҳмоннинг фикри қизиқишимизни орттирарди.
– Бир парадоксга дуч келдик, – деб сўз бошлади меҳмон.
– Қанақа парадокс экан? – ажабландик биз.
– Ўзбекистон худди бошқа замонда яшаётгандай. Ҳамма ёқда инқироз ваҳимаси, сизларда бари жойида. МДҲнинг кўпгина мамлакатларида бўлиб, халқ ҳаёти билан танишганмиз. Парадокс шундаки, ўзини демократия пешқадами деб ҳисоблаган айрим мамлакатларда бутун-бутун қишлоқлар тугаб боряпти, сизларда шаҳардан қолишмайдиган янги маҳаллалар пайдо бўлмоқда. Сизларга қўшни бўлган айрим республикаларда мактаблар назардан четда қолган бўлса, Ўзбекистондаги мактабларни завқ билан томоша қилиш мумкин. Бутун мамлакатда қад ростлаган коллеж ва лицей бинолари дунёнинг ҳеч қаерида(!) йўқ. Ўзбекистон кўчалари тўлиб кетган мошиналарни айтиб ўтирмай.
– Дуруст, сиз ҳикоя қилаётган манзара бизга тушунарли. Унинг асл сабаби сизни қизиқтираётганди…
– Ҳа, юртингиз гуллаб-яшнаётганлигининг сабабини билдик. Ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини тўғри танлаб, дадил қадам қўяётган бу мамлакатда ҳамма нарса инсон учун хизмат қилаётган экан. Шундай давом этсаларинг, албатта, буюк мамлакат қурасизлар.
Четдан назар ташлаган одам бизнинг ҳаётимизга шунчалик ҳавас қилаяпти. Биз, шу мамлакатнинг ҳақиқий фарзандлари бундан нечун ғурурланмайлик?!”
Кўчирма тугади.
Биринчидан, мақолада хориждан келган меҳмоннинг кимлиги, қайси “хориж”дан? – Қирғизистонданми, Тожикистонданми ё Амрикаданми экани айтилмаган. Буни аҳамиятсиз ҳисоблаган бўлса керак муаллиф. Тўғри қилган. Чўпчак тўқилаётганида бунақа майда-чуйда нарсаларга эътибор қилинмайди.
Иккинчидан, диққатингизни чекиш учун ётиқ ҳарфлар билан ёзилган жумлаларга боқинг: танишми? Ҳа-да! Ҳар кунги ўзимизнинг гаплар… Учинчидан, муаллиф барибир тажрибалилигига бориб, лофни ҳаммадан ошириб юборган! Лофчилик истеъдоди унда ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолмаган. Коммунистик партия етмиш йиллик сиёсатини қайта қуришга киришган йиллари “Муштум” жўрноли демократия ва мустақиллик йўлида анча жанговар минбарга айланган эди. Жа-а эркинсираб кетган таҳририятнинг попугини пасайтириб, эркинликка иштаҳасини жиловлаб туриш мақсадида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети “Муштум”га тезлик билан сиёсий десант ташлашга мажбур бўлди. Яъни, мана шу ўзимизнинг коммунист Шуҳрат Жабборовни Бош муҳаррир ўринбосари этиб юборди. Акамиз енг шимариб ишга киришди – демократларга, мустақилликчиларга қарши тиш-тирноғи билан курашга, Совет давлатини, Коммунистик партия мафкурасини сақлаб қолиш йўлида тер тўкиб, жонбозлик кўрсатишга киришди. Лекин тезда ўзидан кучли “Муштум”га ҳам, истеъдодда ўзидан бир неча калла баланд турадиган ёш ижодкорларга ҳам тиши, тирноғи ўтмаслиги маълум бўлиб қолди. Кураша-кураша… енгилишига тўғри келди ва аста-секин ўзи ҳам кулги жўрнолининг таъсирига туша бошлади. Яъни, охир-оқибатда унга ҳам жўрнолнинг қораси юқди. Айниқса “Бир қайнови ичида гаплар”, “Лоф” рукнларида “истеъдоди” очилиб кетди. Натижа чакки бўлмади: мана бугун “Муштум”да орттирилган ўша тажрибалар қўл келди ‒ коммунист-десант-журналист Шуҳрат Жабборов оддий, арзимас, ёлғон гапларга ҳам зарбоф тўнлар кийгазиб, қаватма-қават ва устма-уст лофлару бир қайнови ичида гаплар билан… “мустақиллик”ка хизмат қилиб ётибди.
Қаранг: “Бутун мамлакатда қад ростлаган коллеж ва лицей бинолари дунёнинг ҳеч қаерида йўқ” эмиш! Қайси дунё ҳақида лоф уряпти Шуҳрат Жаббор?! Унинг дунёсига бошда Амрика ўлароқ бутун Ғарб, бошда Япония ўлароқ бутун Шарқ ҳам кирадими?! У ёқларда ҳам йўқми бунақа бинолар?! Ҳа, унда ё у “хориж”лик Ўзбекистондан бошқа биронта мамлакатни кўрмаган, ёки Абдулла Ориповнинг тилла балиқчасига ўхшаб, “битта кўлмак сувни дунё” деб ўйлайди!
Ўттиз милёнли халқни лақиллатиб, “Дунёнинг ҳеч қаерида йўқ!” дейиш учун одам на қадар юзсиз бўлиши керак! Лофда ҳам мисқолча ҳақиқат, мантиқ бўлади, “Халқ сўзи” тўқималарида ёлғондан бошқа ҳеч нарса йўқ!
Бунга ҳам майли дейлик. Битта ялангоёқ четэллик Ўзбекистонга келиб, бу ерда озгина меҳр-муҳаббат кўриб, мендан нима кетди, қабилида шоввоз журналистларимизга ва… “муҳтарам” президентимизга ёқадиган гап қилган бўлса қилгандир. Баттар бўлсин. Бизга оғир ботаётган нуқтаси –ҳар тузумга, ҳар мафкурага, ҳар шахсга бирдай хизмат қилиб кетаверадиган “тажрибали” десант-журналист Шуҳрат Жаббор ва у кабилар мени, сизни, ҳаммамизни аҳмоқ қилаётганидир, бу лофга халқни ишонади деб ўйлашидир. Халқни анойи ҳисоблаши, уни хоҳлаган куйимга ўйнатавераман деб ўзига бино қўйишидир.
Лекин халқ анойи эмас! Бу ёлғонга ишонмайди! Демак, лофчилар аслида ўзларини аҳмоқ қилиб ётибди! Ўзларининг аҳмоқлигини кўрсатяпти!
Одам болаларига юборилган илк пайғамбарлардан бери келаётган “Агар уялмасанг, истаганингни қил”, деган ҳикмат бекорга айтилмаган экан-да. Бет бўлмаганидан кейин, уялмаганидан кейин… одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши!
Йиллик тўплам титкиланса, “Халқ сўзи”да (бошқа жиддий газет-жўрнолларда ҳам) бунақа мисоллар тиқилиб ётибди. Халқимиз айтмоқчи, ғиж-ғиж. Аммо чарчаб қолманг деган андишада мисол келтиришни шу ерда нуқталаб турамиз. Эсли-ҳушли одам шунинг ўзиданоқ “жиддий матбуот”имиз аҳволини, чинакам ранги-тусини яхшигина тасаввур этиб олади.
Сезилган бўлса, Ўзбекистонга келган ҳар қандай чет эллик – у ғарблик бўладими, шарқлик бўладими – негадир мамлакатимиз “мустақиллик”ка эришганидан бу ёғидаги йигирма йиллик аҳволимизни бирданига ва тўла-тўкис ўрганиб чиққан бўлади ва оламшумул хулосаларини бера бошлайди. Энг қизиғи – ҳаммаси деярли бир хил фикрлайди, бир хил гапиради.
Биз меҳмондўст халқмиз, диёримизга келган меҳмоннинг бетига қарамай, дарров бошига ўзбекча дўппию эгнига ўзбекча тўн кийдирамиз. Бу яхши одат, албатта. Қизиғи ‒ бу ўзбекча дўппи билан ўзбекча тўнни кийган заҳоти, масалан, фаранг ўзининг фаранглигини, карис карислигини, хитой хитойлигини, итолиён итолиёнлигини унутиб қўяди. Дўппимиз билан тўнимизнинг сеҳрига қойил қолмасдан илож йўқ. Кийиш не, елкасига бир ташланса, етади – ҳар қандай четэллик гапига тўн кийдириб, жумлаларига дўппи қўндириб гапирадиган бўлиб қолади. Яъни, ғирт ўзбекистонлик бўлади-қолади!
Майли, барибир меҳмонни ҳурматлаш керак. Қилиғи совуқ бўлса ҳам, меҳмон – меҳмон. Тепасида турмаганмиз, бу гаплар учун бутун айбни фақат уларнинг бўйнига қўя олмаймиз. Балки тилбилмас у бечоралар ўзининг “тушунарсиз” тилида бирнималар дегандир, сўнгра ўзимизнинг азамат журналистлар ҳашар қилиб, уни ҳаммамиз учун “тушунарли” тилга ўгириб қўяқолишгандир. Қайдам…