O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Алишер Файзуллаев: Бизга ақли ўз ботқоғидан ташқарига чиқмайдиган тилла балиқлар керак

Алишер Файзуллаев: Бизга ақли ўз ботқоғидан ташқарига чиқмайдиган тилла балиқлар керак
67 views
07 November 2026 - 11:43
Бугун ишхонамга китоб сўраб келишди; мақсад китоб сотиб олиш эмас экан. Хуллас, Чилонзор тумани ИИБси бир гуруҳ хизматчилари рейд ўтказишди ва умумий 3 номдаги, 5274 дона китобимни олиб кетишди: Шуҳрат Бобожон «Тайм машин: 1984» лотин ва кирилл алифбосида, Жидду Кришнамурти «Билганингдан озодлик». Қизиғи, 10 сентябр куни чиқарган китобларимнинг муҳокамаси бўлган (Узкомнадзорда дейишди), аммо нашриёт раҳбари, муҳаррири сифатида мани хабарим йўқ. Сизга 5 сентябрдан телефон қилиб тушмаганмиз деди кўзини лўқ қилиб қовусда келтирилган ташкилот ходими. Ҳай.
Нашриётлар эндидан нима босаётганига эҳтиёт бўлиши керак: бу бадиий асар бўладими, Кришнамуртига ўхшаш фалсафа даҳоларининг асарларими, аҳамиятсиз. Чунки бизга ақли ўз ботқоғидан ташқарига чиқмайдиган тилла балиқлар керак.
Айрим фикрларимни қолдирсам, айнан шу китоблар бўйича, зеро ҳозиргача кўп китобларимни ўз ҳисобимдан, гонорарим ва меҳнат ҳақим эвазига орзуйимни: «АЛП» ни амалга оширишни истаганман ва бу истагимдан қайтмоқчи эмасман, негаки орзу қилиш ва унга эришиш учун меҳнат қилишга ўрганиб бўлдим:
Шуҳрат Бобожон «Тайм машин: 1984» китобини чоп этиш катта риск эканини аввал бошдан билганман, буни манга кўпчилик яқинларим, ичи ачиганидан ҳам айтганди. Сабаби сизга ҳам аён бўлса керак, боиси муаллиф. Аммо менга кўпроқ адабиёт қизиқ ва адабиёт бўлганда ҳам катта шоҳсупаларга чиқа оладиган, кўзни шамғалат қилмай рўй-рост ҳикоя қиладиган адабиёт. Тушунинг, бизнинг адабиёт аллақачон орқага кетаётган, ўтмиш ёзувчилари ва ҳозирги шоирларнинг такрорий шеъриятига кўз тикиб қолган адабиёт. Очилмаган қўриғи қанча, тўсилган, ёпиб ташланган қанча мавзуларимиз бор олиб чиқамиз десак, лекин:
1. муаллифлар учун мактаб йўқ, улар ҳали тўлиқ профессионал ёзувчиман дейиши, бор умрини бағишлаб ижод қилиши учун шароити йўқ;
2. мавзуларни танлашда дух йўқ, дейлик фантастикани, дейлик умрбоқий фалсафани адабиётга олиб кириши учун қанча қовун пишиғи бор.
Шу маънода Тайм машин яхши бир тажриба эди, бўлганда ҳам ўта-ўта ажойиб тажриба. Асар маркази 1984 йилги Тошкент: ўз ўқига ўралашиб қулаётган улкан Советлар мамлакатининг илмий нуқталаридан бири бўлган шаҳар. Асарнинг мураккаблиги ва ёзувчиларимизга стил бера оладиган томони унинг замон ва макон масаласида ўта хилма-хил нуқталарни танлаб бирлаштирганида ва бу бирлашув маълум бир мазмуний ипга боғлангани. Ўргимчак инини тасаввур қилинг, асарда ҳам замон ва макон нуқталари айни ўшандай инжалик билан бирма-бир боғлаб чиқиладики, ўқувчи асарга қандай шўнғиб кетганини билмай қолади. Роман ўзида муаллиф (ровий) га Тамарахоним, Эйнштейн, Файзулла Хўжаев, Сталин, Тесла; Тошкентга Фотима, Берлин, Москва, СССР нинг жанубий қопқаси бўлмиш шаҳар, Американинг шаҳарларини боғлаб беради ва юқорида таъкидлаганимдай булар ҳеч қандай эътирозларсиз ўқувчи тафаккуридан оқиб ўтади. Роман ўта оддий тилда ёзилган, муаллиф одатий ёзувчилардек қулоғини ушлаш учун қўлини бошидан айлантириб ўтирмаган.
Шу ўринда атай ёзиб кетай, адабиётимизда кўрмайдиган, маънавият пардаси ортига беркитилувчи сўкиниш сўзлари ҳам қўлланган, аммо бу зарурият юзасидан, бекорга эмас: ахир одаммиз, жамиятдаги айрим вазиятлар олдида сўкиниб юборамиз. Тан олинг, машинангизни аллақайси гўрсўхта сиқиб кетса бўралаб сўкасиз, мен эса шуни ўзбек адабиётига қайта қўшган одамнинг асарини мақтаяпман. Ва бу табиий, бу адабий асар, унда жамиятнинг қусурлари бор бўйича берилиши керак, мн асардаги фоҳишаларни келтириш саҳнаси каби. Бунинг устига кўрга ҳассадек 18+ белгиси қўйилган. Асар ўзбек ўқувчисига нима беради:
1. Тафаккур учқурлиги. Асар фантазияси реал воқелик олдида яна бир веқелик қурадики, бу ўқувчининг тафаккурини ўстиради.
2. Жамиятга муносабат. Асар 84 йилги Тошкент ва тошкентликлар (унда истиқомат қилаётганлар яъни) ҳақида воқеликдан келиб чиқиб сўзлайди ва бу ҳикоялардан яхшигина хулосалар олиш мумкин.
3. Илмга муносабат. Асар нимани ҳикоя қилганига қарамай илмни олқишлайди, илм одамзодни ортга қайтара олади дейди ва кишига умид бағишлайди.
4. Оғизбирчилик масаласи. Асарда ўзбекчиликнинг битта оғир масаласи, бирлашув масаласи оғриқли ёритилади: бирлашув, бир тан бўлиш, бир бирини қўллаш. Буни ўзбек қилмайди, буни жуҳуд қилади.
Жидду Кришнамурти «Билганингдан озодлик» китоби энг кўп кутган китобларимдан бўлганди, негаки ушбу фалсафа даҳоси замонавий дунёга катта таъсир кўрсатган зиёкорлардан бири. Сиз Нитшенинг супер инсон идеясини билмаслигингиз мумкин, аммо «Тасодифлар тасодифан бўлмайди» ёки «Ўзингни ҳаёт оқимига ташлаш» идеяларини биласиз. Бу интернет саҳнларидан кунига минглаб маротаба, минглаб нуқталардан, минглаб оғизлардан сасланадиган идея муаллифи Кришнамурти бўлади. Унинг исмини эшитган бугунги ходим бурнини жийирди, гўё Исломга рахна солаётгандай, динсизликни тарғиб қилгандай, аммо китобни аввал ўқишни, кейин сўфизм билан уни солиштириб кўришни маслаҳат берардим.
Кришнамуртининг бу асари инсон миясига солиб олган билимлар хусусида эди: сиз билан биз ўз ўзимиздан бу характерга, хусусиятга эга бўлиб қолмаганимиз, бизни онгимиздаги идеялар бошқараётгани ва стрессга солаётгани хусусида.
Ўтган куни бир дўстим билан психолог танишимиз бн кўришгандик, психолог бир гапни айтиб қолди: ҳозир Ўзбекистон аҳли тиқилинчда қолган одамлардек хусусиятга эга эмиш, яъни уларнинг асаблари шунчалик таранглашганки, бахтни ҳис қилмайдилар. Китоб мана шу юкдан халос бўлиш тўғрисида. Хўш, буни ҳам бир ростлайлик, ўзбек ўқувчиси нима олади бундан?
1. Сакинат. Сакинатни кўпчилик сукунат бн адаштиради, аммо сакинат ундан юксакроқ. Инсоннинг ичи ёришганда юз беради ва у ҳотиржам тортади.
2. Билим хусусиятлари. Билим деб атаганимиз кўп, ҳозир интернетни очсангиз ҳамма нимадирни миянгизга тиқиштиради. Бу сизга керакмикин?
3. Мақсад ва орзулар. Ҳаммамизнинг нимадандир умидимиз бор, кимдир машина олгиси, ким уй жой қилгиси келади. Аммо бу интилишнинг боиси нима, ҳақиқий эҳтиёжми ё одамнинг бошқарилганиданми?
Ҳозирча шулар, назаримда тероризм ва диний экстримизм ғоялари билан суғорилган китоблар эмас булар, яна бирон ерида хато қилган бўлсам, айтинг. Буларни ўзим таҳлил ва таҳрир қилганман ва чоп этишга лойиқ деб топганман. Зеро, Алпнинг қадрияти фақат жасорат эмас, балки ақлга озуқа бўладиган китобларни ўқувчига етказиш. Шунда хато қилган бўламанми?