O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ: МУҲАММАД СОЛИҲ ЮРТГА ҚАЙТМОҚДА

Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ: МУҲАММАД СОЛИҲ ЮРТГА ҚАЙТМОҚДА
189 views
10 October 2026 - 9:29

Том маънода янги шеърияти билан танилган, сал кейинроқ ёниқ публицистик мақолалари билан миллатни туртиб уйғотган, Ўзбекистон мустақиллигига алоҳида ҳисса қўшган, ҳақиқатгўйлиги ва куюнчаклиги, ўз сўзи билан танлаган эрк йўлидан қайтмайдиган маънавий курашчи Муҳаммад Солиҳ юртдан бадарға қилингандан кейин унинг ижоди ва фаолияти ҳақида узоқ йиллар жуда кам, узуқ-йулуқ маълумотга эга эдик. Ичкаридаги хас-хашак мақола-ю, айблашлар куракда турмаса-да, фақат унинг устидан мағзава тўкишдан бошқа нарса бўлмаган. Аммо у ўттиз йилдан ортиқ юртдан айро яшаганига қарамай, унинг кетганигача ёзгани ва айтгани ўша замондан озми-кўпми хабардор бўлганларнинг хотирасидан ўчиб кетган эмас. У ҳақидаги фикр, тасаввур ва мулоҳозалар, адолатли, холис тўхтамлар ҳам бирон-жойда чиқмаган бўлса-да, эл ичида доимо айланиб юрди.

Мен ўзим азобли бир йўлни босиб, юртга етиб келган, хорижда ёзилган баъзи бир китобларини ютоқиб ўқиганман. Ва Истамбулда 2023 йилда чоп этилган ўн уч жилдли “Куллиёт”и (12 жилди муаллифнинг асарлари, бир жилди у ҳақидаги мақолалар )ни (шоира ва олима Гўзал Бегим нашрга тайёрлаган)нашрини кўриб жуда ҳам хурсанд бўлдим. Бу унинг ижоди борасида яхлит тасаввур бериш қаторида, баҳор бошланишидан дарак – биринчи қалдирғоч учиб келгандек романтик таассурот қолдиргани ҳам рост. Кейин синфдош дўсти Мадраҳим Сафарбойнинг “Ўзликка йўл” китоби Муҳаммад Солиҳнинг ўқувчилик йиллари, илк ижоди, талабалиги ҳақида ёрқин тасаввур инъом этди. Ниҳоят яқинда журналист ва адиб Каримберди Тўрамуроднинг икки жилдли “Эрта уйғонган одам” (Муҳаммад Солиҳнинг биографияси) китоби Туркиянинг Истанбул шаҳрида нашр этилиб, Ўзбекистонга ташриф буюргани менга шоир Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистонга қайтаётганидек кўтаринки бир руҳ берди. Мен буни Ўзбекистонда эркинлик шабадасининг ҳур-ҳур эсаётганлиги, сўз эркинлигига кенг йўл очилганлигининг улуғ бир далолати деб биламан. Чунки юртдан туриб Муҳаммад Солиҳ билан қилинган журналист Анора Содиқованинг холис интервьюси, сўнг таниқли журналист, ўша замон сиёсий воқеалари гувоҳи Исмат Хушевнинг самимий суҳбатларидаги бир ёқлама бўлиб қолмаётган мулоқотлар ҳам миллатдошлар учун ҳақиқатнинг очқичи сифатида бугунги холис Ўзбекистон сиёсатининг ёруғ юзини ҳам кўрсатиб турибди.

Бир оғиз Каримберди Тўрамуроднинг “Эрта уйғонган одам” китоби ҳақида. Китобнинг биринчи жилди Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистондаги ҳаёти, ижоди ва фаолияти ҳақида фақат фактлар тилга кирган ва бунда ҳам энг кўп Муҳаммад Солиҳ ёзганларига таянилган. Айниқса, мен китобнинг иккинчи жилдидан жуда кўп нарса олдим, билдим, шоирнинг, сиёсатчининг, халқини, юртини севган улуғ бир қалб эгасининг сургундаги ҳаёти, хорижда ҳам унга бир кун ҳам осон бўлмаганлигини ҳужжатли маълумотлар орқали танишиб бордимки, бу мени ниҳоятда мутаассирлантирди. Иккинчи жилдда бир қадар муаллиф фактларга таяниб, М.Солиҳнинг қарашлари ва ҳаракатларини талқин ва таҳлил ҳам қилганки, чеккадаги одамнинг Ўзбекистон ичкарисидаги сиёсий ва ижтимоий аҳвол, унга дунёнинг муносабати борасидаги тасаввурлари ва ҳақиқат ҳақида ўқувчида адолатли фикр уйғотади. Қисқаси, биринчи марта Муҳаммад Солиҳнинг ҳақиқатга асосланган биографияси яратилди. Бу эса келгусида ҳар томонлама тадқиқ этиладиган бу мавзудаги асарнинг кўз очишининг илк муждаси бўлиб қолади. Мана шуниси жуда муҳим. Бунинг учун умрининг тўрт йилини сарфлаган журналист ва ёзувчи Каримберди Тўрамуродга ташуккур. Журъати ва жасорати учун ҳам.

Қадрли элдошлар! Бизнинг Бобуримиз Ватанни ташлаб чиқиб, қанчалик армонга ботиб йиғлаган, улуғ бир салтанатлар қурган ҳолида Андижоннинг тупроғига зор ўтиб, умрининг охиригача кўз ёши тинмаган.Фурқатимиз, “Фиғонки, гардиши даврон айурди ёр-диёримдан”деб чеккан фиғони оламларга сиғмаган. Муҳаммад Солиҳ ҳам ана шундай феноминал шахсларимиздан! Уйғоқ миллатлар ҳеч қачон ўзининг азиз, жасур, мард ва доно фарзандларини хор қилмаган, зор этмаган, ардоқлашни, севишни, ҳимоялашни билган ва билади. Шубҳасиз, Муҳаммад Солиҳнинг юртга қайтиши Ўзбекистон давлатини ҳам, давлат сиёсатини ҳам, Ўзбекистон халқини ҳам, аввало кимлигини, қандай халқ эканлигини кўрсатади, халқимизнинг, юртимизнинг, давлатимизнинг обрўини янаям юксакка кўтаради.

Ижтимоий тармоқларда кимлардир шоиримизга хайрихоҳлигидан уни давлатимиз раҳбари, Президент оқлаши, кечириши керак, деб ёзаяпти. Бунга кўзи тушган одам ўйлаб қолади: “Муҳаммад Солиҳнинг қандай айби бор эдики, у кечирилиши керак, у қандай қора иш қилганки, уни оқлаш керак.” Ҳолбуки, жасорат ва оқил миллат ва давлат вакиллари шундай фикрга келади: У наҳақ айбланди, таъқиб қилинди, унинг жонига суюқасд қилишгача борилди. Уйдирма айбловлар билан хорижда ҳам қамоқларга тиқилмоқчи бўлинди. Аммо ҳаққиатсевар дунё қилган хатоси учун Муҳаммад Солиҳдан кечирим сўради, эътиқоди Ҳақ, ҳақиқат ва эзгулик йўлида бўлган шахсни мустабиднинг қўлига топширмади. Буни билган, англаб етган эканмиз, биз ўзимизни оқлаб олишимиз, бунинг учун керак бўлса, Муҳаммад Солиҳдан, ўзбекнинг шундай оқил ва мард, истеъдодли фарзандидан кечирим сўрасак, унинг ижоди ва фаолиятининг холис баҳоласак, мана бу адолатдан бўлади. Инша Аллоҳ, мен шундай кунлар келишига жуда қаттиқ ишонаман.

Сўзим сўнгида бундан 31 йил олдин ёзганим, “Мангу лаҳза” (2000 й, Бухоро) ва “Из” сайланма (Тошкент, 2023 й) китобларимда чиққан Муҳаммад Солиҳга бағишлаган шеъримни илова сифатида беришни истадим.

 

ҚИСМАТ

Муҳаммад Солиҳга

 

Ишим хаёл қирида дайдиш,

Фикр топиб, сингдирмоқ гулга.

Рақс тушади ёнишу тониш,

Қабрида тик чайқалар Билга.

 

Вазифамга бермаслар маош,

Тортиб олмоқ бўларлар ҳаққим.

Мен жуда ҳам чиқибман бебош,

Қўйдан юввош, шеърдан ўр халқим!

 

Тушларимда туртарлар бурчим,

Қатлгоҳда чаларлар қарсак.

Қафасларга солинган ўчим,

Юрагига термулади сак.

 

Ўқталади, ўқраяр интиқ,

Ўртанишим оларлар нишон.

Ғам қучади жуда ҳам илиқ,

Шахсим ҳечдир, исмим палаҳмон.

 

Йўқ, ўзимга тиламам шафқат,

Басиратим, ёзиғим аччиқ.

Лолали юрт қанисан фақат?

Соғинаман онамни қаттиқ.

4.05.1995

 

Манба