Юртимизда эркин сўз эпкини эсиб қолди. Бу кунларнинг садағаси кетсанг арзийди.
Сарвар Усмоннинг қадами Ўзбекистонга ёқди.
Буюк маърифатпарвар инсон, забардаст ижодкор, Олий Сенат аъзоси Қудратилла Рафиқов неча йиллардан буён ечилмай ётган калаванинг учини топиб берди ва бир бири билан келишаолмаётган дўстлар ўртасига мустаҳкам кўприк қурди: “Президентимизнинг ҳеч кимга хусумати йўқ, ҳеч қайси ватандошимизни ўзига душман деб ҳисобламайди”.
Бу сўзлар учун сизга катта раҳмат ҳурматли Қудратилла Рафиқов!
Қудратилла аканинг бу сўзларини қўллаб қувватлаган Олий Сенат аъзоси Абдусаид Кўчимовга, оташин журналист Исмат Хушевга, Олий Сенат аъзоси Хусан Эрматовга чин дилдан ташаккур!
Ва ниҳоят давримизнинг Тўмариси, қўрқмас қалб эгаси Анора Содиқовага, ўзбек миллатининг мард ўғли, бугунги куннинг Абдулҳамид Чўлпони Муҳаммад Солиҳ билан интервъюси учун катта раҳмат. Анорахон, сизнинг олдингизда таъзимдаман!
Мен, ҳурматли Президентим Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Муҳаммад Солиҳни кечиришига ҳеч қачон шубҳа қилмаганман. Чунки, Президент биринчи иш кунларидаёқ Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Шерали Жўраев, Ўткир Ҳошимов сингари ўн йиллаб, йигирма йиллаб “қора” рўйхатда, уй қамоғида ўтирган адабиётимизнинг улуғ дарғаларини оқлади, катта саҳнага олиб чиқди, шарафлади. Ҳатто, айтиш мумкинки, бу азиз устозларимиз “қора” рўйхатда турган пайтлари ҳам яширинча уларнинг ҳолидан хабар олганини, моддий қўллаб қувватлаганини ўз кўзларим билан кўрганман. Бу пайтда яширинча хабар олиш, кундага бош қўйиш билан тенг даражадаги мардлик эди.
Қолаверса, Президент мардона туриб жадидларимизни оқлади, жадидларимиз олдинга сурган ғояларни замоналаштирди, бугунги кунда ҳар бир зиёлидан, ҳар бир ватандошимиздан жадидлардай бўлишни, жадидлардай Ўзбекистонни тараққиётга етаклашни, юксакка кўтаришни талаб қилмоқда. Шундай экан, бугунги куннинг жадиди, ўзбек шеъриятининг улкан вакили, миллатимизнинг мард ўғли Муҳаммад Солиҳни кечирмаслиги мумкинми?
Шу ўринда, хотирамга келиб қолган бир воқеани айтмоқчиман. 1999-йил телевиденияда ишлар эдим. Тошкентда бир қанча портлаш юз берди. Атоқли адиб Одил Ёқубовдан “портлашни Солиҳ уюштирган” денг, дея талаб қилишди. Агар шу гапни айтсангиз, сизга “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини берамиз дейишди. Одил ака қатъий туриб “йўқ айтмайман, унвонларинг ўзингга сийлов” деди. Одил ака бу сўзи учун катта зуғум остида қолди, дарров “қора” рўйхатга олинди. Турсуной Содиқовага айтиш талаби қўйилди. Турсуной опа “ўзимни жигаримга қандай туҳмат қиламан, бу кунимдан ўлганим яхши” деди. Турсуной опа ҳам дарров Тошкентдан бадарға қилинди, бир ярим йил инсульт бўлиб ётди. Миллатимизнинг мана шундай мард фарзандлари бор. Агар улар ўшанда телевиденияга чиқиб ўн минут “сайраб” берганда, мукофотларга, унвонларга кўмиларди, лекин улар ёлғоннимас, ҳақиқат йўлини танлашди.
Биз ҳам бугун, ёлғоннимас, ҳақиқат йўлини танлайлик. Муҳаммад Солиҳнинг ўзбек миллатига душманлиги ёлғонку, дўстлиги ҳақиқат. Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистонга тош отгани ёлғон, шарафлаб келгани ҳақиқатку!
Шонли Мустақиллигимиз учун бутун ҳаётини бағишлаган инсонга Мустақил диёримиздан жой берайлик муҳтарам Президентим!
Аслида биринчи рақамли жадид сизсизку! Арзи додимизни сизга айтмасак кимга айтамиз! Наҳотки, қирқ миллион одам сиққан офтобдай иссиқ бағрингизга ўттиз уч йилдан буён ғурбатта ғариб яшаётган, соғинч азобидан юраги куйиб адо бўлган бир шоир фарзандингиз сиғмаса?! Умид қиламанки, бизни ноумид қолдирмайсиз. Кўзимиз очиқлигида бу бахтни бизга туҳфа этинг, жон Президентим!
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Халқаро Робиндранат Тагор мукофоти совриндори.
(Муаллиф матни Фейсбук саҳифасидан ўзгартишларсиз олинди – таҳририят)



Муқовасиз китоб
Muhammad Solih bilan eksklyuziv intervyu – Uzdiplomat
“Озодлик” радиоси Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистондаги нашрда чиққан шеърлари ҳақида
Баҳодир Файзи: Расмий нашрнинг Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги мақоласи сиёсий илиқлашувдан дарак
Каримов журналист Паҳлавон Содиқни урганми?