O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

МУҲАММАД СОЛИҲНИНГ 1989 йил 19 январда СССР ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ ПЛЕНУМИДАГИ НУТҚИ

МУҲАММАД СОЛИҲНИНГ 1989 йил 19 январда СССР ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ ПЛЕНУМИДАГИ НУТҚИ
143 views
08 August 2026 - 14:01

Кеча Анқаралик дўстим, ёзувчи Hayati Bice менга 37 йил аввал СССР Ёзувчилар уюшмаси пленумида сўзлаган нутқим матнини юборди. Бу матн бошқа ҳужжатлар билан бирга 1993 йили Ўзбекистон КГБ ходимлари томонидан мусодара қилинган эди. Матн «Литературная газета» таҳририяти томонидан қисқартирилганди, аммо уни ўқиш мен учун қизиқ бўлди. Ўқиб кўринг, балки сизга ҳам қизиқ бўлар.

 

МУҲАММАД СОЛИҲНИНГ 1989 йил 19 январда СССР ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ ПЛЕНУМИДАГИ НУТҚИ

(Русчадан таржима)

1989 йил 25 январдаги «Литературная газета»си (№4 (5220) нашридан.

— Республикамизда қайта қуриш кадрларни қайта қуришдан бошланди, — деди шоир М. Солиҳ (Ўзбекистон). Бу бизга катта умид берган эди. Чунки ўшанда биз кадрларни алмаштиришнинг ўзигина ҳали ҳақиқий қайта қуриш эмаслигини билмасдик.

Порахўрлик ва қўшиб ёзишлар фош этилабошлади. Биз бутун Иттифоқ халқлари билан бирга қувондик: ниҳоят адолат қарор топмоқда, деб ўйладик.

Аммо ўшанда биз фош этилган ва ҳукм қилинганлар орасида қарийб икки минг нафар мутлақо айбсиз инсон ҳам бўлажагини билмасдик. Биз матбуот сўзига ишондик. Аммо коррупцияга оид воқеаларни ёритган журналистлар халқимиз ҳаётининг чуқур қатламларига кириб бормаслигини ўйламагандик. Натижада бу иллатлар “турғунлик” деб аталган тизимнинг маҳсули эмас, балки бир миллий (этник) хусусият тасаввури уйғотилди.

Мен “бизда ўғрилар йўқ” демаяпман. Мен айтмоқчиманки, уларнинг сони бутун Иттифоқ стандартидан баланд эмас. Яқин-яқингача биз бутун дунёга Социалистик меҳнат қаҳрамонларининг суратларини кўрсатиб, мана шу Ўзбекистон халқи, деб келдик. Бу халққа қарши бир туҳмат эди. Чунки халқ ҳеч қачон камера объективига интилмаган, объектив ҳам уни изламаган.

Энди эса ўша қаҳрамонлар жиноятчи бўлиб чиққанидан кейин ҳам эътиборимиз яна ўшаларга қаратилди. Газеталар саҳифаларида яна ўша пахта яккаҳокимчилигининг маҳлуқлари кўрина бошлади. Илгари улар ҳайрат уйғотган бўлса, энди қўрқув уйғотмоқда.

Халқ эса аввалгидай яна кадр ортида қолмоқда.

Мана шу — миллий фожиамиздир, — деб таъкидлади нотиқ. Аммо коррупция, қанчалик бу фожиага сабабчи бўлмасин, асло «миллий» эмас. У байналмилалдир. Бизнинг ҳолатимизда коррупция пахтанинг қаймоғи билан озиқланди. Пахта эса халқимизнинг бадани эди.

Академик Яншин ва «Литературная газета»нинг айрим чиқишларидан ташқари, бутун кулфатларни келтириб чиқарган пахта яккаҳокимчилигига бағишланган бирорта мақола ҳали чиққан эмас. Аммо «олтин устидаги кобралар», мафия бошлиғи Одилов ҳақидаги «Темурнинг авлоди» (Темурнинг бу ерга нима алоқаси бор?) каби мақолаларни етарлича ўқидик.

Оммани эҳтиросга бериш ҳамма ерда давом этди, «Ўзбек иши», «боқимандалар», «раҳбарларнинг чекланган контингенти» каби атамалар пайдо бўлди.

«Раҳбарларнинг чекланган контингенти» дегани нимаси?

Албатта, бу аскарларнинг чекланган контингенти эмас. Аммо улар ҳам аскарлар каби ўзларининг «интернационал бурчлари»ни бажараётган эдилар. Бу кадрлар чин дилдан ёрдам бериш ниятида юртимизга келардилар. Лекин тасаввур қилинг: пахтани фақат фото-альбомларда кўрган одам партия чақируви билан Ўзбекистонга келади ва республика Сув хўжалиги вазири бўлади.

Тарихчи Лев Гумилёв ёзишича, Бобил подшоси маҳаллий эмас эди ва Миср маликасига уйланди. Малика экин майдонларини кенгайтириш учун янги канал қуришни таклиф қилди. Подшо канал қурдирди. Натижада Фирот дарёси секин оқадиган бўлди. Деҳқончилик самарасизлашди. Бобил бўшай бошлади. Милод бошига келиб ундан фақат вайроналар қолди.

Бобилнинг ҳам, Оролнинг ҳам ҳалокатига сабаб бир хил — ўйланмаган мелиорация, тупроқни танимаслик, яъни бизнинг ҳолатимизда — хўжаликни марказдан бошқаришдир.

Шунинг учун биз Сибир дарёларини буриш лойиҳасига қарши чиққанлар билан ҳамфикрмиз. Бу лойиҳага ким бошчилик қилмоқда? Балки Сибирни бошқариш учун юборилган «раҳбарларнинг чекланган контингенти»дан чиққан бирор ўзбекдир?..

Бу — жоҳиллик, аҳмоқлик моҳиятан инсонликка зиддир.

Подшо Россияси даврида биз пахтанинг барчасини хом ашё сифатида Россияга чиқарар эдик ва бу иқтисодий тузум мустамлакачилик деб аталган.

Бугун эса ўшандан ўнлаб марта кўп пахта хом ашёсини ташқарга чиқаряпмиз, аммо бу иқтисодий тузумни қандай аташни билмаймиз. Ниҳоят тан олиш вақти келди: «пахта мустақиллиги» деб аталган нарса бутун бир халқни пахтага қул қилиб қўймоқда. Республика ҳукумати буни яхши билади. Биз унинг СССР Олий Совети навбатдан ташқари сессиясида бу ҳақда очиқ гапиришини кутдик.

Аммо кутганимиз амалга ошмади.

Сиз: «Ҳукумат ҳеч бўлмаса қишлоқ аҳолисининг соғлиғини, турмушини, маданиятини яхшилаш учун ҳеч нарса қилмаяптими?» — деб сўрашингиз мумкин.

Албатта, қилмоқда.

Ҳукуматнинг бу борада амалга оширилаётган кўплаб оқилона чора-тадбирлар орасидан биттасини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу тадбир «оилани режалаштириш» деб аталади.

Бу кампания дастлаб бошқача номланган эди — туғилишни қисқартириш. Кейинроқ эса вазият тақозоси билан унга анча юмшоқроқ ном берилди. Аммо иқтисодчилар, демографлар ва тарғиботчиларнинг барча далиллари бир хил оддий мантиққа бориб тақалади. Улар аёлларга таклиф қилаётган биринчи ва ягона шарт — фарзандларни уч йиллик танаффус билан туғишдир.

Гўё шу йўл билан барча муаммоларни ҳал қилиш мумкин эмиш.

Биринчидан, дейишади улар, аёлнинг соғлиғи яхшиланади.Иккинчидан, болалар ўлими камаяди. (Ростдан ҳам, агар бола туғилмаса, у ҳеч қачон ўлмайди.).Учинчидан, аҳоли сонининг ўсиши секинлашади. Бу эса, ўз навбатида, иш ўринлари етишмаслиги, иқтисодиёт ва демография ўртасидаги номутаносиблик каби муаммоларимизни ҳал қилади…

Мана шундай давлат аҳамиятига эга вазифаларни аёлларимиз ҳал қилиши мумкин экан. Албатта, агар улар бунга рози бўлсалар.

Балки биз ўз ишимизга алоқаси бўлмаган соҳага аралашаётгандирмиз?

Бизга танбеҳ беришади:

— Худо ҳаққи, шеърларингизни, достонларингизни ёзинглар. Демографияга аралашманглар, бу сизларнинг соҳангиз эмас.

Аммо қизиқишимиз мутлақо табиийдир. Америка билан ўтказилган телемостлардан бирида ленинградлик муҳандис Россияда туғилиш камайиб бораётганидан ташвиш билан гапирган эди. Биз телевизор қаршисида ўтириб унинг дардига хамдард эдик. У рус халқи бир кун келиб миллий озчиликка айланиб қолиши мумкинлиги ҳақида гапирганида эса мен жиддий ўйланиб қолдим: «Наҳотки миллий озчилик бўлиш шунчалик қўрқинчли бўлса?»

Унда чукчалар нақадар жасур халқ экан!

Ундай булса, эстонларнинг холи не кечади?

Латишларнинг-чи?

Ахир ўзбеклар сони жиҳатидан уларга “катта оға” бўла олади-ку.

«Бизнинг қўрқишимизга сабаб йўқ”, ўзимга тасалли бердим. Аммо тасалли келмади.

Кейин маълум бўлишича кичик халқларга каби  катта халқларга ҳам осон эмас экан. Дўстларимдан бири шундай деди: «Катта халққа қийин — чунки у барча кичик халқлар учун масъул.»

Бу ҳақиқат эди. Унинг фикрини бошқача ифода қилсак, шундай дейиш мумкин:

«Кичик халқларга ҳам қийин — чунки уларга ўз тақдири учун ўзи жавоб бериш имкони берилмайди…»

(Матн “Литературная газета” таҳририяти томонидан қисқартирилган)

19 Январ 1989

Манба