O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Шуҳрат Бобожон: АНОРА

Шуҳрат Бобожон: АНОРА
27 views
26 September 2026 - 19:49

Анора

Шу исмни ëзиб қидирув берсам Шон Бейкернинг икки юзга яқин соврин олган киноси чиқиб келади.

Агар иложи бўлса шу икки юз соврин ëнига яна икки юзта қўшиб Тошкентдаги журналист синглим Анорага берардим Анора Содиқовани ҳали у Ўзбекистон ахборот агентлигида ишлаган даврдан бери биламан ва унинг худди арқон устида юрган дорбоздай ўнга ҳам сўлга ҳам оғмай юришларини хадик билан кузатганман.

Анора сўнгги 35 йилда сиëсатчи Мухаммад Солиҳдан интерьвю олган илк журналист бўлди.

Охирги марта 35 йил бурун Ўзбекистонда Турсун Қоратоев интерьвю олган эди Муҳаммад Солиҳдан.

Актерни гапириши эмас балки сукут қилиши учун юксак махорат лозим дейишади.

Суҳбат бошида жимгина шеър эшитиб¸ шоирнинг 35 йиллик хузун дарëзсига ғарқ бўлиииб ўтирган журналистни кўрамиз. Шу жимликни ўзида Анора ўз томошабини¸ тингловчиси ва суҳбатдоши билан энг самимий ҳиссий кўприкни қура олди. Томошабин шу кичик жусса аммо тоғдай юраги бор қизга ишонади ва у берган саволларни ўзиники деб ҳисоблаб жавоб кутади.

Радиода ишлаганимда “дўстона охангда” гапиришга ўргатишганди. Анора бундай дўстона тонда суҳбат қилиш учун махсус тренинг олмаган. Анорани табиатида бор. Ўткан йили Марокашга борганимда حُسنِ ظنّ ҳуснизон калимаси луғатимга кирувди. Агадирдаги тимсохлар паркига борганимда Тойиб исмли араб айтиб қолди. Сиз тимсохлар ҳақида хуснизон бўлинг дея.

Хуснизон бу суҳбатдошига ëки кўпчилик демонлаштириб ëмон отлиқ қилганга (масалан тимсохга) ҳам яхши ва гўзал муносабатда бўлишни билдиради.

Ҳуснизон журналист деган бўлардим Анорани. Шу билан бирга ташқаридан адабиëт ҳақида бомонд мансублари суҳбатига ўхшаш контентни сиëсий суҳбат ўзанига бура олди.

Анора Содиқова ўз жасорати билан Ўзбекистонда сўз эркинлиги туйнугини кенгайтирмоқда.

Шоир Евгений Евтушенконинг “Ҳақиқат учун уч дақиқа” деган шеъри қаҳрамони Мансана исмли ўсмир, “ватаним Куба ҳақиқатни билсин” дея дўстлари билан биргаликда радиостанцияни ишғол қилади.

Мансана студиядаги тўтинома малласоч аëл қўлидан микрофонни тортиб олиб гапира бошлайди. Жасорат ва умиднинг овози каби янграган ҳақиқатнинг садосига мустабид режим қўриқчиси тўппончасидан узилган ўқ нуқта қўйди.

Мансана фақат уч дақиқа гапира олди холос. “Ҳақиқат учун уч дақиқа” шеъри ëзилганидан 60 йил ўтиб 35 йил давомида исми айтилишига ҳам таъқиқ қўйилган сиëсатчи билан суҳбатни ëйинлаган Аноранинг ботирлигини Мансана жасоратига тенглаштирсам бир оз бўрттирган бўламан. Лекин Анорани бўрттириб бўлса ҳам мақтагим келди.

Бўладиган эл бир бирини ботирим дейди. Бўлмайдиган эл қўтирим дейди.

Албатта Кубадаги Мансанадан фарқли Анорага қарата ҳеч ким ўқ отмади. (Ҳозирча ўқ отмади.)

Одатда тўдалашиб келадиган троллар ҳам йўқ. Коментларда анчайин позитив гапларга кўзим тушди.

Ўша бошдаги гап. Барча олқишу мукофотлар Анорага.

 

Shuxrat Bobojon