Бундан роппа-роса беш йил олдин Ўзбекистоннинг Андижонида бўлган машъум қонли воқеа жаҳон аҳлини ларзага солди. Ўша куни Андижонда юзлаб одамлар қурбон бўлди, минглаган одамлар уйини, ватанини тарк қилишди.
Қанча-қанча болалар ота-онасиз, етим қолишди. Қанчадан-қанча ота-оналар фарзандлари ва яқинлари доғида ёнаяптилар. Андижон фожеасининг келтирган маънавий ва моддий зарарининг адоғига етиб бўлмайди.
Андижон фожеаси сабаб Ўзбекистонни, Президент ва ҳукуматни ер юзи биладиган бўлди. Жаҳоннинг кўпгина демократик ва ривожланган давлатлари Ўзбекистондан юз ўгирдилар.
Андижон фожеасига нима сабаб бўлди? деган саволга Ўзбекистон ҳукумати ва матбуоти, “Буюк келажакка яқинлашиб қолган Ўзбекистонга ҳасад қилган ва конституцион тузумни чет эл махсус хизматлари кўмагида ағдариб, ҳокимиятни эгалламоқчи бўлган террорист ва диний экстримист (Акромий)ларнинг хуружлари”, деб эълон қилди.
Ва 2005 йил 13 майда Андижонда ўндан ортиқроқ ҳукуматга тегишли (қуролли) кучлар ходимлари ва 170 дан ортиқроқ террористлар ҳалок бўлди. Тинч аҳолидан биронтасига ҳам шикаст етмади, деб баёнот берди.
Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф манбалар ва айрим шоҳидлар эса адолат талаб қилган қуролсиз ва тинч намойишчилар шахсан Президент Каримов буйруғи билан ўққа тутилганини, натижада мингга яқин (балки ундан ҳам кўпроқ) қуролсиз намойишчилар ҳалок этилганини иддао қиладилар.
Шоирликка даъво қилмай (шоир эмасман, демоқчиман), Андижон фожеаси ва унинг сабабини шеърий услубда тасвирлашга ҳаракат қилдик. Бу вазифани қай даражада уддалаганимизни баҳолаш муҳтарам ўқувчиларимиз ҳукмига ҳавола.
Бўлганди Андижонда
2005 баҳорда, Бобур юрти Андижон,
Яшар эди ғазабнок, ғам-аламдан ютиб қон,
Ишбилармон (23 та) фарзандларнинг айби не?
Айтгил, золим, дея кўтарилди оломон.
13-май куни, ҳалқнинг додин сўргани,
Ўнг ёнида СНБ, чап ёнида МВД,
Орқасида армия, келди қонхўр, қўтир шох,
Берди фармони олий, қон тўкинглар ичгани!
Отинг, “нон” деганларни, чопинг “ҳақ” деганларни,
Тўкинг қонин “биз ҳам ҳалқ”, деганларни,
Аяманг, ёшу-қари, булар бари “Ҳизбут”чи,
Чолу-кампир, гўдак ҳам, аҳли Водий бузғунчи.
Отдилар ва чопдилар, “нон” ва “ҳақ” деганларни,
Тўкдилар қонин “биз ҳам ҳалқ” деганларни,
Кейин қилдилар эълон, “босдик террористларни”,
«Акромия», «Ҳизбуллох», «Ҳизбут» экстремистларни.
Лекин жаҳон билди-ку, бўлганин Андижонда,
Аллоҳ ҳам бўлди шоҳид, чўмилдинг бегуноҳ қонда,
Ҳалқ ғазаб-адоватда, шаҳид тутар қиёматда,
Дуо қилар Олим ҳам, етмагай деб шафоатга.
Олим Хасанов
Профессор
Тошкент