1999.28.03. ИИВ ертўласи.
Бугун “тергов”нинг ўн биринчи куни. Ертўладаги 2-чи ҳужрада[1] бир ўзим. Темир кароват[2]нинг бош томони сал юқорига қайрилган. Унинг устида на ёстиқ бор, на тўшак. Ҳужра совуқ. Соат эрталабки ўнлар чамаси, лекин “терговчилар”дан дарак йўқ.
Тушлик обкелишди. Ўрнимдан туришга ҳаракат қиламан, бироқ эплаёлмайман.
ИИВ ертўласининг 2-чи ҳужраси. Шу ҳужрада мен қизларимнинг исмларини эсдан чиқариб қўйдим!..
Шу ҳужрада менда ортиқ яшашга иштиёқ сўнди!..
Шу ҳужрада менда бу дунёнинг ташвишларидан тезроқ қутулиш истаги пайдо бўлиб, ортиқ бу дунёда яшашга иштиёқ ўчди!..
Ва ниҳоят, ИИВ ертўласининг мана шу 2-чи ҳужрасида Меҳрибон Оллоҳ мени яна ҲАЁТга чорлади!..
Апрел ойи охирларида мени ИИВ ертўласидан Тоштурмага олиб келишди.
Турма қабулхонасида тиббий кўрикдан ўтказишди.
Баданимнинг ҳамма жойи кўкариб ётганини кўрган ҳамшира мени кузатиб келган қўриқчи-кузатувчи капитанга қабул қилмаслигини айтди.
Капитан ҳамширага:
‒ Уни Украина мелисаси калтаклаган, бу ерда ҳеч ким унга қўлини теккизмаган, ‒ деди.
Ҳамшира менга:
‒ Украинада уришдими? ‒ деб сўради.
‒ Украинада менга ҳеч ким қўл теккизгани йўқ! Мана шу одам мени қаердан олиб келган бўлса, ўша ерда қийнашди, ‒ деб жавоб бердим.
Капитан ҳамширани чеккароққа чақириб, ўзаро нималарнидир келишиб олишди. Натижада мени Тоштурманинг биринчи овули (корпус) ертўласи бошлиғига топширишди.
Мен ертўлага келтирилганимдан сўнг ертўла бошлиғига:
‒ Ўртоқ капитан! Сиз мени бу ерга қай аҳволда келтиришганини кўрдингиз, тўғрими? Мабодо мен бирор жойга шикоят қилиб, мени Тоштурма ертўласида қийнаб шу аҳволга солишди, десам, оқибати сиз учун қандай кечишини биласизми? ‒ деб сўрадим.
Ертўла бошлиғи:
‒ Ака, мени ҳам тушунинг, бу ертўла ИИВга тегишли, мен ҳам уларга бўйсунаман, шунга мажбурман, ахир. Нима қилай, айтинг? ‒ дея саволимга савол билан жавоб берди.
– Ҳамширага бориб айтинг, мен бу одамни бу аҳволда олиб қололмайман, денг.
Капитан ертўла даҳлизида турган навбатчилар (войсковойлар[3]) дан бирини чақириб, менга қараб туришини айтди ва ўзи ташқарига чиқиб кетди. Орадан ярим соатларча вақт ўтиб, капитан кириб келди ва навбатчи ҳарбийга даҳлизга чиқишига буйруқ берди.
– Ака, сизни олиб келган одам қайтиб кетибди, илтимос, мана шу қоғозга “Украина мелисасида шу аҳволга солишди” деб ёзиб беринг.
– Мен ҳеч нарса ёзмайман. Украинада ҳеч ким менга қўл теккизгани йўқ!
Капитан даҳлиздаги навбатчини чақириб, мени 23-чи ҳужрага жойлаштиришга топшириқ берди ва ўзи юқорига чиқиб кетди.
23-чи ҳужрада менгача беш маҳбус бор экан. Улардан бири карис, иккитаси ўрис ва иккитаси ўзбек эди.
Киев қамоқхонаси билан Тошкент қамоқхонаси солиштирилса, улар орасида ер билан осмонча фарқ борлиги яққол кўриниб турарди.
Юқорида келтириб ўтилганидек, Киевдаги Оболон қамоқхонаси маҳбуслари бир-бирлари билан тез тил топишиб, бир-бирига қўлидан келганча ёрдам қўлини чўзар экан. Тоштурмада эса, янги келган маҳбусга энг олдин шубҳа билан қарашар, салом-аликни ҳам истар-истамас қилишар эди.
Кейинчалик маълум бўлишича, маҳбуслар орасидаги бундай муносабатнинг сабаблари бор экан. Тоштурманинг ҳар бир хатасининг[4] лохмачи[5] ва козёли[6] бўлар экан.
Хуллас, Тоштурманинг 23-чи ҳужрасидаги карис “козёл”, ўрислардан бири “лохмач” бўлиб чиқди. Лекин бу иккаласи ҳам менга нисбатан бирон-бир ёмонлик қилишмади ёки ёмонлик қилишга улгуришмади.
Чунки уч кундан кейин мени бошқа ҳужрага ўтказишди.
Бу бошқа ҳужра рақами “28” эди! Тоштурманинг энг машҳур ҳужраси экан! Айтишларига қараганда, лохмачларнинг энг ашаддийлари шу ҳужрада иш олиб боришаркан.
Шундай қилиб, мен энди 28-чи ҳужрадаман. Бу ҳужрада ҳам 23-чи ҳужрадагидек, беш маҳбус.
Кўрпа-тўшакни қўлтиқлаб ҳужрага кирарканман, ҳужрадаги тўрт маҳбус ўринларидан туриб мен билан илиқ сўрашишди.
Ҳужранинг қоқ ўртасида нонни талқон қилиб майдалаб ўтиргани эса, орқасига ўгирилмасдан, “Осторожно, не задевай машку[7]”, дея огоҳлантириб, ишида давом этди.
Йигитлар тўрдаги шконкадан жой қилишиб, мени ўтиришга таклиф қилишди. Улардан бири ерга дастурхон ёйиб, нон қўйди. Дарров чойга ҳаракат бошлаб юборишди.
Бир оз суҳбатлашганимиздан сўнг ерга иниб, дастурхон атрофида чардона қуриб, чойлаша бошладик.
Ҳалиги ўртада ўтириб нон майдалаётган “ўзбек” ўзича ғудраниб, нон майдалашда давом этди. Биз томонга қараб ҳам қўймади.
Чой ичиб бўлганимиздан сўнг ўзаро танишиб олдик.
Йигитлардан иккитаси феврал воқеаларига алоқадорликда гумон қилиниб, биттаси Ҳизбут таҳрир партияси варақаларини тарқатганликда, яна биттаси уйида ов милтиғи сақлаганликда айланиб қамоққа олинганлардан экан.
Ҳалиги ҳужра ўртасида ўтиргандан:
‒ Сен нима билан ўтиргансан? ‒ деб сўрадим.
Саволимга тўнғиллаб жавоб берди:
‒ Ты кто, прокурор что ли?!
Йигитлар менга: “У билан гаплашманг”, дегандек имо-ишора қилишди ва мен уларнинг маслаҳатини қабул қилдим.
Бу ҳужрага келганимдан бир соатларча вақт ўтганидан сўнг эшик очилиб, “талқончи”ни олиб чиқиб кетишди.
Биродарлар дарров атрофимга йиғилишиб, “талқончи”нинг ғирт “козел”лиги ҳақида гапириб беришди. Мен бу ҳужрага кўчирилмасимдан ярим соат олдин ҳужра “лохмач”ини бошқа жойга кўчирганини ҳам айтиб беришди. Ҳамҳужралардан бири:
– Ҳали вазирлик ертўласида ўтирган пайтингиздаёқ сиз ҳақингизда қўрқинчли хабарлар тарқаганди, ‒ деб қолди.
– Қанақа хабарлар экан?– деб сўрадим.
– Сизни ёмон қаттиқ қийнашибди бу золимлар, оёқларингизни, қўларингизни синдиришибди, шу ростми, ака?
– Бундай хабарлар қандай қилиб бу ёқларгача етиб келди? Ахир, у жойдан хабар тарқашининг ҳеч иложи йўқ-ку?!
Гапимизга “ов милтиғи билан ушланган” биродар қўшилди:
– Бу системада хабарлар шунақа тез ёйилади, Муҳаммаджон ака. Бугун бир иш бўлса, эртага деярли ҳамма эшитади. Бир ҳафта ичида бутун Ўзбекистоннинг барча зонасида ўтирганлар ўша ишни муҳокама қилаётган бўлади. Масалан, камерадошлардан бири зонага этап бўлиб кетади ва… бу ёғи тушунарли. У айтади,ундан эшитганлар бошқасига етказади ва ҳоказо. Шу билан ке-е-етди. Системанинг бу “телеграмма”сини шу пайтгача ҳеч ким тўхтатолмаган, бундан кейин ҳам тўхтатолмаса керак.
– Биродар[8], узр, албатта, “система-система” дейсиз, системада қачондан бери ўтирибсиз ўзи?
– Бир йилдан ошди, ака…
Бу пайт ҳужра эшиги шақир-шуқур очила бошлади ва ҳужрага “талқончи” кириб келди. “Талқончи” ўзбек бўлатуриб, ўзбекчани зўрға билар, ўзбекчасини ўзидан бошқа одам унча-мунчада тушуниши амримаҳол эди.
“Талқончи” ҳужрага кириб келаркан, менга қараб:
‒ Ҳозир кевоссам, жаллаб, кетвоган манашкани[9] обкевоткан экан, бир обнять қилий десам, қўлтигимга сиғмаса кераг-ов, жаллаб, шунаканги толстийкан, воощще жаллаб!..
Унинг нафақат чўтир башараси, балки ҳозиргина ўта маданиятсизларча айтган шилта гапларию бири боғдан-биритоғдан гапириш усулларигача менга Ислом Каримовни эслатиб юборди.
Ислом Каримов тахтга ўтирганидан уч-тўрт йил ўтиб, 8 март хотин-қизлар байрамига бағишланган йиғилишда тахминан шундай деган эди:
“Қани энди, шу залда ўтирган ҳаммаларинг қучоғимга сиғсаларинг-у, қўлтиғим тагига босиб муччилаб-муччилаб ўпсам”, дея армон қилган эди.
Хуллас, ҳужрага кириб келган “козёл” бу гапларини ўзи ҳақида “илиқ таассурот” қолдириш учун гапираётгани чўтир башарасидан шундоқ билиниб турарди.
Табий, менга ёқмади.
‒ Сен ўзбекмисан? ‒ деб сўрадим.
‒ Наполовину узбек, наполовину таджик, ‒ деб жавоб қилди у ўрисчалаб.
‒ Ота-онанг нима иш қилишади?
– Пахан мой был известным музыкантом, жаллаб…
– Ты можеш без этого мерзкого словца?
– Не понял, ты мне приказываешь? Допрашиваешь? Какое твое дело кто был мой отец? Какое твое дело, кто я такой: узбек или русский? Ты кто такой, чтобы допрашивать меня, а?!
“Талқончи” ўзича қизишиб кетган бўлиб, мени қўрқитиб қўймоқчи бўлди. Менинг жим турганимдан илҳомланиб, овозини янада авжига чиқара бошлайди:
– Я тебя спрашиваю, кто ты такой? Мент?! Может ты прокурор, а?!
Унинг попугини пасайтириб қўйиш вақти келганини пайқаб, ўрнимдан шашт билан турдим ва ёнига келиб:
– Если сейчас же не заткнешься, мне придется самому заткнуть твой поганий рот! Ты меня понял, козёл драный?!
Шўрлик “талқончи” қўрқувдан дир-дир қалтирай бошлади ва энг юқори пардада жаранглаб турган овози бирданига пасайиб, эндигина дунё юзини кўрган қўзичоқдек маъраб қолди:
– Братань, вы что, вы что, братань, не надо, не надо, прошу вас…
– Я тебе не братань, понял?
– Понял, братань, понял…
“Талқончи”нинг ранги докадек оқариб кетганига ўзим ҳам ачиндим. Бу текин томошани зимдан кузатиб ўтирган биродарлар ҳам юзларидаги табассумларини яширолмай қолдилар. Улар “талқончи” билан орамизда бўлиб ўтган бундай “айтишмадан” лаззатланаётган эдилар.
“Талқончи” сал ўзига келганидан сўнг:
‒ Пацаны, в честь нового сокамерника, будем накрывать хороший стол и пить чай, ‒ дея дастурхон ёя бошлади.
Мен унга бу ишни тақиқладим:
‒ Шу дақиқадан бошлаб чой, овқат ишлари билан йигитларнинг ўзлари шуғуллансин, сен умуман аралашма! ‒ дедим.
– Братань, не делайте так, пожалуйста. Зачем вы это?
– Что “зачем”?
– Я же старший по камере, братань. Я должен смотреть за общаком.
– Общак? Какой общак? Вообще, кто назначил тебя старшим по камере?
Мен ҳужрадаги йигитлардан буни ким камеранинг каттаси қилиб сайлаганини сўрадим. Йигитларга ҳам жон кириб қолган эди:
‒ Ўзини ўзи сайлади, бизнинг сумкамиздаги нарсаларга ҳам у хўжайинлик қилади. Унинг рухсатисиз биз ҳеч нарсага тегинмаймиз, ‒ дейишди жўр бўлиб.
– Бунга нима дейсан, шеф?!
“Талқончи” бу сафар қизариб кетди ва биродарларга нафрат билан қаради. Асабий ҳолда бошини чайқаб, у ёқ-бу ёққа юракетди. Охири ҳамҳужраларга қаради:
– Ребята, я вам что-нибудь плохого сделал за все это время? Ведь, ничего плохого не сделал, правильно? Вот вы, очень плохо поступили со мной. Я к вам всегда хорошо относился, а вы…
Биродарлардан бири унинг гапларига ортиқ чидай олмай, ёрилди:
– Сен бизга доим ёмонлик қилиб келдинг. Ҳар куни биз ҳақда хўжаларингга ахборот бериб келасан. Уларга биз тўғримизда яхши гапларни гапирмайсан-ку, ахир. Мен нотўғри гапираётган бўлсам, айт, сен нотўғри гапиряпсан, дегин-чи? Айтолмайсан, чунки…
Мен биродарнинг гапини бўлдим:
‒ Бу нусхага гапириб ўтиришингиз бефойда. Бугундан бошлаб ҳужрада “старший”-“младший” деган гапларга чек қўйсак, яхши бўлармиди, ‒ дедим.
Биродарлар бу таклифни жон-дилдан қабул қилишди ва биз, 28-чи ҳужра маҳбуслари шу дақиқадан эътиборан ҳужрада ўрнатилган янги қоида бўйича яшай бошладик.
“Талқончи” эшикни тақиллатиб, ертўла даҳлизидаги “дубак”ни[10] чақирди ва:
‒ Фалончи мени чақирсин, унга айтадиган гапим бор эди, ‒ деди.
Ҳужрадагилар “талқончи”ни чойга таклиф қилишган эди, кўнмади:
– Пейте сами, я по горле сыт от вашего чая! – деб қўпол жавоб қилди ва тинмай у ёқ-бу ёққа бориб келаверди.
Биз чой ичиб бўлганимизда эшик очилиб, “талқончи”ни олиб чиқиб кетишди.
Орадан бир оз вақт ўтиб, қайтиб келди ва бор-будини йиғиб, ҳеч ким билан хайрлашмасдан ҳужрани тарк этди.
Ҳужрадаги йигитларга жон кирди. Биз бир-биримиз билан яқиндан танишишга тушдик. Ҳар биримиз ўзимиз ҳақда бир-биримизга иштиёқ билан сўзлаб бера бошладик.
Шундай қилиб, 28-чи ҳужра маҳбуслари шу кундан эътиборан ғойибдан келган бундай “эркинлик”дан баҳра олиб яшай бошлашди.
Бироқ ўзимизга ўзимиз яратган бу “эркинлик” узоққа чўзилмади.
Ўн беш-йигирма кун ўтиб, мени яна ИИВга олиб кетишди.
ИИВ ертўласи.
Яна ўша этни жунжиктирувчи совуқ манзара. Яна ўша турқи совуқлар. Яна ўша жирканч “тергов” хонаси.
Орадан ярим соатдан ортиқ вақт ўтди. Бу “тергов” хонада ёлғиз ўтирарканман, турли хаёлларга чўмилар эдим. Бу ерга яна нимага олиб келишди экан? Пешонага яна қандай кўргуликлар ёзилган экан?..
Ва ниҳоят, хонага полковник кириб келди ва менга:
‒ Ҳозир сени эски қадрдонинг билан юзма-юз қиламан, лекин қара, ҳеч қандай ортиқча сўз айтилмайди, тушундингми? ‒ деди.
Ким экан бу эски қадрдоним? Юсуфми? Қобулми? Неъматми? Ким?..
Мен ҳали аниқ бир тўхтамга келиба улгурмай, “тергов” хонасига полковник ёрдамчиси капитан Улуғбек бир ёш йигит билан кириб келди.
Мен бу йигитни дарров танидим.
У мен билан қўл бериб кўришмоқчи бўлган эди, капитан бунга йўл қўймади. Уни менинг қаршимга ўтирғизди.
Полковник қаршимдаги йигитга савол бера бошлади:
– Асқаров, қаршингдаги одамни танийсанми? Ким у?
– Ҳа, танийман. Бу киши Муҳаммад Солиҳнинг укаси.
– Исмини, фамилиясини айт.
– Бегжонов Муҳаммад.
– Қаерда танишгансан?
– Муҳаммад Солиҳнинг Истанбулдаги уйида.
– Бегжонов қаерда яшарди? Акаси Муҳаммад Солиҳнинг уйидами ёки бошқа ердами?
– Бошқа уйда яшарди.
– Қаерда? Акасининг уйидан узоқмиди?
– Мен унинг уйида бўлмаганман. Қаердалигини билмайман.
– Қаршингдаги одам билан тез-тез учрашиб турармидинглар?
– Ойда бир-икки марта учрашардик.
– Демак, бир-бирингни яхши танийсанлар, шундайми?
– Ҳа, яхши танишмиз.
Полковник чеккароқда ўтирган капитаннинг олдига бориб, нималарнидир шивирлади.
Капитан ташқарига чиқиб кетди. Полковник қайтиб жойига келиб ўтирди ва энди менга саволлар бера бошлади:
– Хўш, Муҳаммад, бу одам ким? Танийсанми?
– Йўқ, танимайман.
– Демак, танимайсан, шундайми?
– Шундай. Танимайман.
– Акангникида кўрганмисан буни?
– Кўрган бўлишим мумкин, лекин эслаёлмаяпман.
– Сен акангникида яшармидинг?
– Йўқ, бошқа жойда яшардим. Лекин, Акамникига бориб турардим.
Полковник ёрдамчисини чақирди ва унга нималардир деб “тергов” хонани тарк этди.
Хонада Зайниддин, мен ва капитан қолдик.
‒ Сизлар бемалол гаплашиб олаверинглар, бошлиғимиз анчагача келмайди, обед қилишга кетди, ‒ деди капитан.
– Нимани гаплашамиз? Мен бу кишини танимасам, бу киши мени танимаса.
– Муҳаммад ака, сиз мени тушунмадингиз, мен серёзно айтяпман, бемалол ҳол-аҳвол сўрашинглар, демоқчиман.
– Капитан, мен сизни тушундим, айтяпман-ку, мен бу кишини умуман танимайман! Нимани гаплашишимиз мумкин?
Капитан Зайниддинга қаради:
‒ Асқаров, Муҳаммад акага айтадиган гапингиз йўқми? ‒ деб сўради.
Зайниддин бошини кўтарди:
– Муҳаммад ака, ҳаммасини айтаверинг, яқин кунларда булар Муҳаммад Солиҳни ҳам, Тоҳир Йўлдошни ҳам, бошқаларни ҳам тутиб келишаркан. Булар зўр экан, умуман Ўзбекистон мелисаси дунёда тенги йўқ кучли экан.
– Тушунмадим, буларга ниманинг ҳаммасини айтишим керак? Ўзбекистон мелисасининг дунёда тенгги йўқлигиними? Бегуноҳ одамларни ёппасига қамаб ташлаётганиними? Беайб инсонларни қийноқлар остида “айбига иқрор” қилишлариними?
Асқаров гапиришга энди шайланаётганида полковник кириб келди. Асқаровни турғазиб, даҳлизда турган навбатчи мелисага:
‒ Камерасига олиб бор! ‒ деб буюрди-да, менга компьютерда ёзиб тўлдирилган беш-олти қоғозни қўлимга тутқазди: ‒ Ўқиб чиқиб, тагига: “Танишиб чиқдим, бу ерда ёзилган ҳамма нарса тўғри”, деб ёзиб, қўл қўйиб бер, бўлди. Шу билан бўшсан, турмангга қайтиб, дам олаверасан. Сени ҳеч ким безовта қилмайди, сўз бераман! ‒ деди.
Қўлимга тутқазилган варақларни бир бошдан ўқиб чиқишга тушдим. Бундаги ёзувлар Зайниддин Асқаровнинг Муҳаммад Солиҳ, Тоҳир Йўлдошев ва бошқа мухолифат аъзоларига қарши берилган кўрсатмалари эканини билиб олдим. Ҳар бир қоғоз ост қисмида Зайнидиннинг имзоси турар эди. Охирги варақ сўнгида: “Тушунтириш хатини ўз қўлим ва ўз сўзим билан тўғри ёздим”, деб битибди. Кетидан Асқаровнинг исми-фамилияси ёзилган ва имзоси қўйилган эди.
‒ Танишиб чиқдингми? Бу ерда келтирилган “факт”лар тўғрими? Тан оласанми? ‒ деб сўради полковник.
– Қандай фактлар? Бу ерда ҳеч қандай факт кўрмаяпман. Булар ҳаммаси қуруқ туҳматдан ва чўпчакдан бошқа нарса эмас, ўртоқ бошлиқ.
– Қўл қўйиб берасанми, йўқми? Ҳўв инсон, ўзингни ўйла, қамоқда ўтирган акангни ўйла, укангни ўйла! Буларни ўйлама, улар призидентимизга, халқимизга тажовуз қилишди, булар қонхўр террористлар, нега тушунмайсан!
– Илтимос, ўртоқ бошлиқ, менга ўргатманг ким террорист, ким яхшию ким ёмонлигини. Ўзим биламан ким қанақалигини.
– Демак, қўл қўймайсан, шундайми?
– Шундай. Қўл қўймайман.
– Бўлмаса, ўзингдан кўр. Кейин пушаймон бўлиб юрма! Ҳеч ким сенга ёрдам беролмайди. Бутун умринг қамоқда ўтади.
– Пушаймон бўлмайман, ўртоқ бошлиқ. Бировга туҳмат қилиб яшагандан кўра, ўлганим яхши деб биламан, ўртоқ бошлиқ…
Бир иш чиқара олмагач, Полковник билан капитан камерада ёлғиз ўзимни қолдириб, чиқиб кетишди…
* * *
[1] Ҳужра – камера.
[2] Жаргонда: “шконка”: турма ва зоналардаги темир кароват.
[3] Войсковой – Ички ишлар вазирлигига қарашли ҳарбий.
[4] Жаргонда: “хата” – қамоқхоналардаги ҳужралар тушунилади.
[5] Жаргонда: “лохмач” – “хатага” янги келган маҳбусларни жисмонан қийнаб, ўзига ва бошқаларга қарши кўрсатмалар беришга мажбурлайди.
[6] Жаргонда: “козёл” – “хатада” нима гап бўлса, ҳаммасини оперларга ташиб турувчи чақимчи.
[7] Жаргонда: “Машка” – спиралли электр ўчоқ. Асосан, пишган ғишт ўйилиб, ўйиққа спирал ёйилади ва бир томонидан электр токка уланади.
[8] Бу ерда келтириб ўтилаётган ва кейинги бўлимларда келтирилиши мумкин бўлган кўпчилик “қаҳрамонлар” исм-шарифлари хотирамдан кўтарилган. ‒ М.Б.
[9] Жаргонда: “монашка” – жиноят оламида жиноят қилган аёлга нисбатан қўлланиладиган лақаб.
[10] Жаргонда “дубак” (бу ёғига: дубак) ‒ ертўлада навбатчилик қиладиган Ички Ишлар Қўшинлари ҳарбийси.
Манба: Би-Би-Си Ўзбек