O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мухаммаслар

Мухаммаслар
209 views
04 May 2013 - 10:25

Ҳувайдо ғазалига мухаммас

Қил келар ухро ғамин, ғамнок бўлмасдин бурун,
Қабр қуртиға чирик хўрок бўлмасдин бурун,
Майсаи умринг қуриб, хошок бўлмасдин бурун,
Хоки пойи яхшилар бўл, хок бўлмасдин бурун,
Бу қаро ер қўйни сенга чок бўлмасдин бурун.

Кўп туриб йиғла саҳарлар, ёқани хўб чок қил,
Кибрдин ўзни йироқ эт, нафсни чун хок қил,
Ҳеч ема луқма ҳаромеким, ҳалол хўрок қил,
Мўъминени ғийбатидин мунда оғзинг пок қил,
Анда дўзахни ўти мисвок бўлмасдин бурун.

Кайдни қилмай туруб Иблис, сен они кайд қил,
Занжири тақво ила боғлаб аёғин қайд қил,
Пайрави дин бўл, буюрғонин ҳамеша айт, қил,
Кўрсатиб ганжи қаноат, оч кўзунгни сайд қил,
Кўзларингни косасиға хок тўлмасдин бурун.

Сендин озор кўрмасин ҳеч бир баҳойим ё касе,
Яхшилик қилғил баробар, яхшидур ё нокасе,
Зулмға ён босма ҳатто бир ишора, ё сасе,
Хору хасни ёстаниб, қилма тамаъдин бир хасе,
Қабринг узра тўдайи хошок унмасдин бурун.

Ётма ғафлат уйқусида, охират ёд айлағил,
Ул замон боди кўрунмай, ёш тўкуб дод айлағил,
Яхшилиқ бирла кетар хонангни обод айлағил,
Қилма ғамгин мўъминени, кўнглини шод айлағил,
Тонгла маҳшар даштида ғамнок бўлмасдин бурун.

Шокиро, тавбангни тезлат, кўзларинг намнок қил,
Қўнди бошингға қиров, шошғил, ишинг чолок қил,
Қалбни соғ эт ҳамеша, ишларинг ҳам пок қил,
Эй Ҳувайдо, кечалар йиғлаб яқонгни чок қил,
Домани субҳи қиёмат чок бўлмасдин бурун.

————————————–

Навоий ғазалига мухаммас:

Ҳажрида чектим минг оҳу зор, ул оҳу келмади,
Неча бор ваъда этиб, куттирди ёҳу, келмади,
Кўз тикиб йўлиға кўз тинди, жафожў келмади,
Кеча келгумдур, дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимға кеча тонг отқунча уйқу келмади.

Лаҳза ўткан сори дил ўйнаб, бўлиб ҳол беқарор,
Хавфдин ўздин кетар ҳолатға етдим неча бор,
Гар товуш келса умид бирла қўпуб ман дилфигор,
Лаҳза-лаҳза чиқтиму чектим йўлида интизор,
Келди жон оғзимгаву ул шўхи бадхў келмади.

Кўкка ой чиқди, дил ўртанди, умид ёзди қанот,
Зора ой ёғдусида келғай ул ойи дилнажот,
Минг таассуфким, ботиб ой сўнди хуршеди ҳаёт,
Оразидек ойдин эрканда гар этти эҳтиёт,
Рўзгоримдек ҳам ўлғонда қоронғу келмади.

Куйди пайкар дастидин сафро, юрурман телбавор,
Жавдираб ҳар ён боқурман оқузиб ёш шашқатор,
Тентираб йўлларда, ҳар дам кўз тикиб ман интизор,
Ул париваш ҳажридинким йиғладим девонавор,
Кимса бормукин анга кўрганда кулгу келмади.

Гулшани ишқ изладим, лек тутти ҳар ён гулхани,
Оҳ уриб ётқан гадоман, ўртаниб жону тани,
Бул каби ҳолим кўруб, ҳайрат суолин этгани:
“Кўзларингдин нега сув келгай”, деб ўлтурманг мени,
Ки бори қон эрди келган, бу кеча сув келмади.

Ишқи содиқ учрамас, йўқса келур ғов дамбадам,
Ҳамраҳи қайғу, надам бўлғай, на роҳат ва на дам,
Аксари ошиқларин бўлғай борар роҳи адам,
Толиби содиқ топилмас, йўқсаким қўйди қадам,
Йўлғаким аввал қадам маъшуқа ўтрў келмади.

Шокиро, вайрона дил ислоҳини қилма ўйин.
Ул пари келмай туруб онинг тузалмоғи қийин,
Чунки дард ўлғай зиёда айрилиқ ошқон сайин,
Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнлунг уйин,
Не учунким бода келган уйга қайғу келмади..

Шокирий

“Facebok”дан олинди