O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Гулшан Қораева: Мустақилликда топганимиз мана шу қўрқув эмасмикан?

Гулшан Қораева: Мустақилликда топганимиз мана шу қўрқув эмасмикан?
131 views
29 August 2013 - 9:10

28 август куни Қарши шаҳрида Ўзбекистон мустақиллиги санаси муносабати  билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Шаҳар марказий истироҳат боғининг  Амфитеатрида бу байрам тантаналари бошланганлигини гумбурлаган  салютлардан билдим. Ҳа, ҳар қалай байрамни ўзини кўрмаган бўлсамда,  Қарши осмонида порлаган салютларни кўриб қолдим. Насиб этган бўлса,  байрам тадбирларини эртага, 29 август кунида кўп қатори, телевизорда  кўрарман. Болаларим уларни ҳам байрамга олиб боришимни, томоша   қилмоқчи эканликларини айтиб қолишди.

“Бу байрамни фақат телевизордан кўришимиз мумкин, у ерга бизни яқин  йўлатишмайди.” – тушунтирган бўламан мен.

“Нега?” – ҳайрон бўлиб сўрайди кичкина қизим.

“Бу байрам одатда халқники дейилади, асосан у ерда ҳукуматда  ишловчилар байрам қилади”. – дея аниқлик киритаман.

Болани подшоҳга ўхшатишади. Чунки у имкон қадар ўзининг болаларча  “сиёсатини” ўтказишга уринади. Ҳаётда эса ҳар бир истакни ҳам бажариб  бўлмаслигини тушунтириш жуда  ҳам мураккабдир. Осмонда ярақлаган,  гумбурлаган салютни кўрган фарзандларим қувонганини кўрсангиз эди,  буни тил  билан тушунтириб беришга ҳам ожизман аслида.

Мустақиллигимизга 22 йил тўлибдию, бизга истиқлол тантаналаридан  тегадигани осмонга отилган салютлар бўлди холос.

“Мустақил бўлганимизда нима топдигу, нимани йўқотдик?” – деган савол  истайсизми ёки йуқ, барибир хаёлингизга келади. Менда ҳам шундай  савол туғилди. Тўғрисини айтганда, Қарши шаҳрида кўркам бинолар қад  кўтарди, шахримиз обод бўлаяпти. Бу таҳсинга сазовор.  Буни кўрмаган  инсонни кўзи кўр бўлади ахир! Халқнинг аҳволида қандай ўзгаришлар рўй  берди дерсиз? Мен ҳамиша дунёга ўз дунёқарашим билан боқаман. Барча  бўлаётган муаммоларга бефарқ эмасман. Шу сабабли ҳам оддий халқни  имкон қадар қийнаётган муаммоларини ёритиб боришга ҳаракат қиламан.   Нега дерсиз?

Жуда  кўп муаммоларни  ҳукуматдагилар кўриб-кўрмаганликга олишади.  Очиқ жамиятда яшасак муаммоларни кўрсатиб турилса, албатта  мансабдорлар бунга бефарқ қарашмайди, имкон қадар уни бартараф этишга  харакат қилишади деб умид қиламан.  Ахир айтадиларку: “Танқид келажакнинг меваси”.  Булар ҳаммаси мана шу  ватанга ва мана шу элга бўлган муҳаббатимдир балки…. Юзинг, кўзинг  демай аниқ қилиб айтадиган бўлсам, оддий инсонлар муаммолар гирдобида  яшашга маҳкум этилгандек. Улар учун тирикчилик қайғуси олдинги ўринда  туради.   “Қани эди, халқимиз ўз ватанида иш билан таьминланса, ўз оиласи   бағрида бўлса”. – деган хаёлга ҳам ботаман.

“Орзуга айб йўқ” дейдиларку.    Истиқлол даврида ўзбеклар онгига “мустақиллик” сўзи билан бирга   “мардикор” сўзи ҳам кириб  келди. Буни ҳам тан олмай иложимиз йўқ!  Бозорларда, ҳаттоки йўлларда ҳам мардикорларни  учратмаган инсон бўлмаса керак. Собиқ иттифоқ давридан қолган завод ва фабрикалар  тугатилмаганда эди, ёш авлод қанча-қанча ишларни амалга оширган  бўларди. Улар Ватанимизни янаям гуллатган бўлмасмиди? Ўзга юртларга иш  излаб кетишга ҳам зарурат қолмасди.

Халқимиз ҳали ҳам сабрли халқ! У ҳеч қачон иш топиб бер, нон топиб бер  демайди. Ёки ёлғонми бу сўзим? Электрсиз, газсиз, сувсиз қолса ҳам  чидайди ва тирик қолиш имконларини излайди. Чунки у мустақил  юртимизнинг фуқароси да!  Демак, у мустақил ҳолда яшаб қолиши учун имкон излаши керак. Керак  бўлса таппи ёқади, шам ёқиб уйини ёритади, сувсиз қолса ер тагини  кавлаб бўлсада, сув чиқариб олади. Фақат ҳукумат унга тегинмаса, у  ҳукуматга тегинмаса бўлди эди. Бундай халқни бошқа юртларда кундузи  чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайди. Халқнинг ҳаммаси шу ҳолатда демайман,  “қулоқсизлари” ҳам бор. Ўша бармоқ билан санарлик даражадаги  “қулоқсизлар” ҳақ – ҳуқуқини талаб қилганининг ўзи етарлик эмасда.  Буни эса бутун халққа тушунтириш қийин менимча.  Қўрқув деган бир  иллат халқимизнинг ҳам қон-қонигача сингиб кетди. Аввал мана шу  иллатни йўқ қила олсак эди…

Мустақилликда топганимиз ҳам мана шу қўрқув эмасмикин?

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси