1963 йили Ўзбекистонда туғилган, мустақил журналист Сергей Наумов 21 сентябрь куни милиция ходимлари томонидан қўлга олинган, деб ёзади Фарғона.ру сайти.
Бу ҳақда Наумовнинг ўзи кечқурун соат олтидан ўтганида бировнинг телефони орқали милиция томонидан қўлга олинганини Тошкентаги ҳамкасбларига шошилиб маълум қилди ҳамда агар кечгача алоқага чиқмаса, чора кўришларини сўради.
Журналист бир соат ўтиб яна бировнинг телефонидан қўнғироқ қилди, аммо гапира олмади: телефон гўшагидан фақат ўзбек тилидаги гурунглар, эркак кишининг кулиши ва бошқа шовқин товушлари эшитилди ва бир неча дақиқадан сўнг алоқа яна узилиб қолди. Кўринишидан, журналист дўстларига шу йўл билан нималар содир бўлаётганини билдирмоқчи бўлган.
Қонун бўйича шахсни аниқлашга кетадиган вақт муддати тугади, аммо ҳеч қандай ҳуқуқий меъёрларни бузмаган журналистни ҳозирча чиқаришгани йўқ.
Наумов “Фарғона.ру” халқаро ахборот агентлиги, Уруш ва тинчликни ёритув Институти, “Экологик хавфсизлик ва фуқаролик ташаббуси” ва “Политжурнал” матбуот ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келар эди.
Сергей Наумовнинг дўстлари барча ИИБларидан излашган, МХХ ва прокуратураларга қўнғироқ қилишган, лекин уни топа олишмаган. Тахмин қилинишича, Наумовни пахта кампаниясини мониторинг қилаётган вақтда ушлашган ва уни айбдор қилиш мақсадини кўзлашган. Таниқли журналистнинг касбдошлари уни қонун олдида айбдор эмаслигини таъкидлашади ва Халқаро ташкилотлардан унинг тақдирига бефарқ бўлмасликни талаб қилишмоқда.
Наумов билан алоқа 22сентябрь, кеч соат 19:00лар чамасида узилган. У аввалида маҳаллий милиция бўлимида эканлигини айтган. Лекин ушлаб турилганлигининг сабабини кўрсатган эмас.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, деб ёзади Фарғона.ру, Ўзбекистон ҳукумати жабрланувчи ва гувоҳларни ёлғон маълумот беришга мажбур қилади. Бу ҳам бўлса, сиёсий мухолифатчилар, журналистлар ва хуқуқ ҳимоячиларига босим ўтказиш мақсадида. Журналист Солижон Абдурахманов, Дилмурод Саидов ва яна бир қатор фаолларни бунга мисол қилиш мумкин.
Сергей Наумов атрофидаги аҳвол унинг касбдошлари ва Халқаро ташкилотлар вакилларида жиддий хавотир уйғотмоқда. Наумов ҳимояси учун биринчи мақолани тарқатган “Марказий Осиёда Инсон хуқуқлари” Ассоциацияси барча Халқаро ташкилотлардан, журналистлардан Сергей Наумов тақдирига бефарқ қарамасликни ва тез орада уни озодликка чиқишида ёрдам кўрсатишларини ўтиниб сўрайди.
“Фарғона.ру” ҳам Наумов тақдирига қайғурмоқда ва у хақда бирор маълумотга эга шахслардан dan@kislov.ru манзилига, агентликнинг бош муҳаррири Даниил Кисловга хабар беришларини сўрайди.
ЎХҲ хабар маркази.