O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мустамлакачилар зулмига қарши Туркистон қўзғолони

Мустамлакачилар зулмига қарши Туркистон қўзғолони
1,309 views
16 October 2021 - 13:54
Биринчи жаҳон уруши йилларида асир олинган 150 минг киши Туркистонга кўчириб келтирилиши иқтисодий ҳаётни янада оғирлаштирди. Туркистон ҳудудида Болтиқбўйи, Польша ва бошқа жойлардан кўчириб келтирилган 70 минг кишидан иборат немислар, австрияликлар, венгрлар, поляклар, чехлар, латишлар, словаклар ва бошқа миллатлар жойлаштирилди.
Шундай шароитда 1916 йилнинг 25 июнида Россия императори Николай II қабул қилган янги фармон эълон қилинди. Бу фармонга кўра, ўша пайтда Биринчи жаҳон урушида кетма-кет мағлубиятга учраб турган Россия империясининг фронторти ҳудудларига Туркистондаги 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган маҳаллий эркак аҳли мудофаа иншоотлари, истеҳкомлар қуриш учун сафарбар этилиши буюрилган эди.
Фармоннинг амалга оширилиши, энг аввало, халқни ўз боқувчилари – рўзғорбошидан маҳрум этиб, аёлларни четдан олиб келинганлар Ислом маданиятидан йироқ эркаклар қўлига топшириш, халқни ассимиляция қилиш эди. (Кунимизда эркакларнинг иш излаб четга оммавий чиқиб кетиши уруш вазиятига тенглаштирса бўлади ва бу ҳолат давлат бўйлаб ўртача 3/1 оила бузилиши, аёлларни беъва қолиши, етимларни кўпайиши каби кўплаб ижтимоий инқирозга сабаб бўлган)
Фармон ижросига зўравонлик билан киришилган биринчи кунларданоқ халқ унга қарши кескин бош кўтарди. 4 июлда Хўжандда бошланиб, бир неча кун ичида бутун ўлкани қамраб олган норозилик ғалаёнлари қисқа муддатда мустамлака ҳукуматга қарши оммавий халқ қўзғолонларига айланди. Тошкент, Самарқанд, Андижон, Наманган, Қўқон шаҳарларида қўзғолонлар шу қадар оммавий, умумхалқ тус олдики, айрим жойларда, масалан, Марғилонда уларнинг иштирокчилари 25 минг кишигача бориб етди. Икки ҳафта ичида 150 та аҳоли пунктларида халқ ғалаёнлари кўтарилиб, полиция ва маъмурият билан кескин ва қонли тўқнашувлар бўлди.
Қўзғолонлар мустамлака ҳукуматни саросимага солиб қўйди. Туркистонда 18 июль куни ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Туркистондан ажралиб қолишдан хавфсираб, мустамлака ҳукумат бор куч ва имкониятларини ишга солди.
Россиядан ва чегара ҳудудларидан кетма-кет ҳарбий кучлар етиб кела бошлади. Халқ ғалаёнлари соат сайин кескинлаша бошлагач, вазиятдан чиқиш учун 30 июль куни сафарбарликни 15-сентябрга қадар кечиктириш ҳақида император фармони эълон қилинди. 23 августда эса сафарбар қилинувчилар сони 250 минг кишидан 200 минг кишига камайтирилди. Халқни маҳаллий амалдорлар ва нуфузли кишилар қўллаб-қувватлашига йўл бермаслик учун элликбоши, оқсоқол, қозилар, диний уламолар (имом, муллалар), мударрислар ва талабалар сафарбарликдан озод қилинди.
Олимжон Акрам
Манба: Facebook