O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Туркияда Андижон қирғинининг 9 йиллиги хотирланди

Туркияда Андижон қирғинининг 9 йиллиги хотирланди
128 views
11 May 2014 - 17:00

Истанбулнинг “Боғларбоши” конференциялар марказида Андижон қирғинининг 9 йиллигига бағишланган анжуман бўлиб ўтган.

Қатнашчилар тоталитар режимларнинг табиати ва халқларнинг бундай режимларга қайси йўллар билан курашишлари кераклиги ҳақида фикр алмашганлар.

 Анжуманда Туркия ва бошқа давлатларнинг оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳақлари ташкилотлари вакиллари, шунингдек, муҳожиротдаги ўзбек диаспораси намояндалари иштирок этишган.

Анжуманнинг асосий ташкилотчиси бўлган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ Андижон фожиасидан буён кечган 9 йил тарих олдида “ҳечлиги, аммо шу қадар қисқа муддатда фожианинг унутилаёзганидан таажжубда” эканини айтади.

“Афсуски, биз халқ ўлароқ жуда унутувчан ва жуда лоқайд бўлиб бораяпмиз, шекилли. Чунки Андижон фожиасидан бор-йўғи 9 йил кечди, жуда кўплар бу ҳақда эсламайди ҳам, ҳатто “сизлар нимани хотирлаяпсизлар”, дея киноя ҳам қилишади баъзилари. Бу лоқайдлик мени ҳайратга солади ва ва наҳотки биз шу қадар орсизлашдик, дея даҳшатга тушаман. Бизнинг ўз фожиаларимизга лоқайдлигимизни кўрган золимлар бундай қатлиомларни осонликча такрорлашлари учун замин яратади бу. Қани бизнинг миллатпарвар зиёлиларимиз?. “Гўзал Туркистон санга на бўлди?”, деб куйлайдиган шоирларимиз қаерга ғойиб бўлди?. Бугун Андижонда ҳалок бўлган қаҳрамонларимиз ҳаққига Оллоҳдан раҳматлар тилайман ва Оллоҳ бизнинг ор ва номус туйғумизни тирилтирсин, деб дуо қиламан”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

 

Анжуман қатнашчилари Андижон қирғини атрофидаги жимжитликка қарамасдан, қирғиннинг унутилишига йўл қўйиб бўлмаслигини айтганлар.

 

Андижон шаҳрида 2005 йил 13 май, жума куни ҳукумат қўшинларининг ўз талабларини айтиб чиққан асосан тинч намойишчиларни қақшатқич ўққа тутиши оқибатида юзлаб инсонлар ҳалок бўлганди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Андижондаги 13 май хунрезлигини “қирғин”, деб таърифлашганди.

Фаоллар Андижонда ҳалок бўлган намойишчилар сони расмий рақамлардан “бир неча маротаба” кўп эканини таъкидлашади.

Ўзбекистон ҳукумати аксарияти террорчилар бўлган 187 кишининг ҳалок бўлганини айтиб келади.

Фожеали воқеалардан 8 йил ўтиб, Андижонда аслида нималар содир бўлгани борасида расмий ва норасмий фаразлар бир-биридан ҳар доимгидан кўра ҳам тафовутлироқ.

Вақт ўтгани сайин бу фарқ тобора каттариб бормоқда ва вақт ўтгани сайин хунрезлик гувоҳларининг овози тобора пасайиб бормоқда.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2014/05/140511_cy_istanbul_sammit_andijan_9_year.shtml