O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Шукур деган тоғни билганинглар борми…”

“Шукур деган тоғни билганинглар борми…”
221 views
10 April 2017 - 10:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 156
(давоми)

АЗДИ ШАНУЪА ҚАБИЛАСИНИНГ ЭЛЧИЛАРИ

Азди Шануъа қабиласидан бир жамоа кишилар элчи бўлишиб, Мадинага келишди.

Буларнинг раислари эрса Сурад ибн Абдуллоҳ номли бир киши эди. Расулуллоҳни кўришлари биланоқ кўнгиллари Исломга мойил бўлиб, барчалари иймон келтирдилар.

Расулуллоҳ кўрдиларким, буларнинг раислари фазл-шарафга эга бўлиб, ҳар ишга ярарлик экандур. Қавмининг мусулмонларига уни амир қилиб, Исломга кирмаган Яман қабилалари билан жиҳод қилмоққа буюрдилар. Шу билан ўз юртига қайтгандан сўнгра у ерлик мусулмонлардан бир қўшин аскар тайёрлаб, жиҳод нияти билан чиқди.

Жураш деган бир шаҳарга келиб Исломга таклиф қилди эрса, қабул қилмагач, уларни қамал қилдилар. Бу уруш бир ойга чўзилиб, ҳар икки томондан анчагина одам чиқимга учрадилар.

Шаҳар айланаси қалин қўрғонлик, кучлик қопқалик, энг тепалик жой бўлгани учун уни олиш мусулмонларга оғирлашди. Қалъабузар жабдуқлари йўқлигидан душманни қўрғондан чиқармоқ арғасида ўзларини уларга қочган бўлиб кўрсатдилар. Буларни қочди дейишиб қалъадан чиқиб орқадан қувлашганича Шукур деган тоғга етганларида мусулмонлар қайтарма ҳужумга ўтиб, душманларидан кўп кишини ўлдирдилар. Қолганларини эрса асир олдилар.

Уруш бошланмасдан илгари шу шаҳар халқи Мадина хабарини билиб келмак учун икки киши юбормиш эди. Улар келиб, Расулуллоҳ билан кўришдилар. Буларнинг Мадинага биринчи йўл келишлари эди. Кўришиб бўлишлари билан:

— Шукур деган тоғни билганинглар борми, қай ерда бўлур? — деб саҳобалардан сўрадилар.

У икки киши бу сўзни англагач, дарҳол туришиб:

— Ё Расулаллоҳ, у бизнинг еримиздур. У жойда нима иш бўлди? — дедилар.

Расулуллоҳ бўлган воқеани, уларнинг қирилганини айтиб бердилар эрса, англашлари ҳамон у иккови тўхтовсиз юришиб ўз элларига келишди. Қарасалар худди Расулуллоҳ айтгандек иш бўлмишдур. У шаҳар халқи бу сўзни англашиб кўнгиллари Исломга мойил бўлди.

Мадинага қайтадан элчилар юборишиб, ҳаммалари иймон келтирдилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у шаҳар атрофидаги ерларни ўзларига кўруқ қилиб бердилар.

 (давоми бор)