O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Яна бир шаҳид жадид

Яна бир шаҳид жадид
621 views
16 December 2021 - 20:59

Комилбек Норбеков 1880 йил Тошкентнинг довруғи кетган маърифатпарвар бойларидан Муҳаммад Аминбек Норбеков хонадонида дунёга келган. Отаси Муҳаммад Аминбек фарзандлари Комилбек ва Каримбекларнинг илм олишига алоҳида эътибор билан қаради. Комилбек Норбеков аввал эски мактаб ва мадрасани, сўнг рус тузем мактабини битирди. Комил ва Кримбек Норбековларнинг болалиги кечган Кўкча даҳаси Қўштут маҳалласи азалдан зиёлилар маскани бўлган. Бу ерда Эшонжон Ҳазрат, Азиз Лазиззода, Санжар Сиддиқ каби кўплаб ёш таниқли ижодкорлар етишиб чиққан. Комилбек укаси Каримбек (1882-1965) жуда ёшлигидан ота касбини тутиб савдо ишларига киришади. Кейинроқ мустақил ҳолда чарм ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, Тошкент бозорларида қатор савдо расталарига эга бўлади. Комилбек Норбеков Австрия ва Германия фирмалари билан ҳамкорликда қисқа муддатда шаҳарнинг йирик савдогарлардан бирига айланади.
Комилбек Норбеков Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Убайдулла Хўжаев, Низомиддин Хўжаевлар каби илғор жадид тараққийпарварлари билан доимий алоқада бўлди. Комилбек 1909-1911 йилларда ўзининг янги усул жадид мактабини қуриб, бу мактабда ўқувчиларнинг 50% харажатларини унинг ҳисобидан қоплаб берилар эди. Шунингдек, 1909 йил жадид мактабларини очиш ва уларни қўллаб қувватлаш мақсадида “Имдодия” (“Мадад”) жамиятининг тузилишига раҳбарлик қилди. 1914 йил унинг ҳомийлигида маҳаллий тараққийпарварлар “Турон” жамияти ва шу номдаги труппа тузадилар. Комилбек Норбеков 1916-1917 йилларда бўлажак журналист ва давлат арбоби Абдулҳай Тожиевни Татаристондаги “Олия” мадрасасида ўз ҳисобидан ўқитган эди. 1917-18 йиллар очарчилик вақтида ака-ука Комилбек ва Каримбек Норбековлар аҳолига 600 пуддан ортиқ буғдой ва жўхорини тарқатиб, халқни очлик азобидан қутқаришга интилганлар.
Комилбек Норбеков сиёсий ҳаётда ҳам фаол иштирок этди. Туркистон Мухторияти эълон қилинганида уни қўллаб-қувватлади. 1918-21 йиллар ўлкада шўро тузуми ўрнатилиши билан Туркистон Халқ Совет Республикаси Савдо халқ комиссарлигида бўлим мудири лавозимида иш олиб борди. Комилбек Норбеков 1919-1920 йиллар амир айғоқчилари таъқибидан Тошкентга келиб жойлашган Файзулла Хўжаев учун ўз боғида махсус жой ташкил этиб беради. Шунингдек, қувғиндаги “Ёш бухороликлар” партияси аъзоларига ҳам моддий ва маънавий кўмак беришга ҳаракат қилган.
1921 йил муфти Садриддинхон Шарифхўжаев, Мунаввар қори Абдурашидхоновларнинг қамоққа олиниши жараёнида Комилбек Норбеков ҳам “Миллий иттиҳод” ташкилотининг аъзоси сифатида айбланиб, Туркистон ҳукуматдан чиқарилди. У кейинги йилларда Тошкент, Қўқон ва бошқа шаҳарларда савдо ишлари билан машғул бўлади. Айни пайтда маърифатпарварларнинг “Кўмак” ва “Нашри маориф” жамиятларини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишида ҳам жонбозлик кўрсатади.
1930 йил сўнгида Комилбек Норбеков ҳам “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий ташкилоти аъзоси сифатида ГПУ томонидан қамоққа олинади. Қийноқ ва таҳқирлар асосида амалга оширилган сўроқ саволлар қарийиб бир йилдан ортиқ давом этди. 1931 йил 3 ноябрь куни Комилбек Норбеков, Каримбек Норбеков, Рустамбек Ниёзбеков, Саидвали Саидаҳмедов, Ибратқори Умарҳожиев, Ҳакимхўжа Умархўжаевлар ЎзССР ЖКнинг 58-моддаси 10-банди билан айбланиб, ОГПУ ҳузуридаги “учлик” йиғини томонидан Ғарбий Сибирга 3 йилга сургун қилинади. Комилбек Норбеков ноҳақ жазони Новосибир ўлкасида ўтаб, оғир шароитда қулдек меҳнат қилишга мажбур этилди.Комилбек Норбеков 1933 йил жазони ўтаб қайтишда Шарқий Туркистонга қарашли Қулжа шаҳрига ўтиб олишга эришади. Қулжада ўзининг савдо ишларини ўрнига қўйиб, янги фаолият бошлайди. Бироқ, бу вақтда Қулжа ҳам жуда хавфли, худди Эрон ва Афғонистон чегараларидаги каби сонсиз шўро хуфялари изғир эди. Қолаверса, фарзандларининг соғинчи, ватан ишқи унга бир лаҳза тинчлик бермади. Комилбек Норбеков шундай бир шароитда юртга қайтишга қарор қилди. У 1935 йил 9 июн куни уйига кириб келди. 1935 йил 10 июн куни эса Тошкент шаҳар, Октябрь тумани, Ф.Хўжаев маҳалласи, 2-Соғбон хонадонидан яна қамоққа олинди. Унинг шахсий анкетасига биноан бу вақтда оила аъзолари сифатида турмуш ўртоғи Каромат Юлдашева (45 ёш), қизи Қимматхон (22 ёш), ўғиллари Ўрта Осиё темир йўл транспорти институтининг 2-курс талабаси Муҳиддин (18 ёш) ва Фахриддин (14 ёш)ларнинг номлари қайд этилган.
1935 йил 9 июл куни Комилбек Норбеков ишига доир материаллар билан танишган терговчи уни аксилинқилобий ташвиқот олиб борган дея айблов эълон қилади. 1935 йил 4 октябрь куни Комилбекни таниган билган Ф.Хўжаев маҳалласида яшовчи 14 киши имзо чекиб, хат тайёрлашди. Унда Комилбек Норбековнинг ҳеч қандай жиноятга алоқаси йўқлиги, аксинча бутун ҳаёти давомида тўғри, ҳалол, халқнинг манфаати, элу юрт дардини биринчи даражага қўядиган инсон бўлганлигига гувоҳлик бердилар. Ваҳоланки, манфур шўролар тузуми айнан шундай инсонларни ўзининг душмани деб билар эди.
1935 йил 10 октябрь куни Тошкент шаҳар, 3-туман судида Комилбек Норбековнинг иши кўриб чиқилди. Унинг Қулжадан турмуш ўртоғига ёзган хатлари аксилинқилобий фаолиятига далил сифатида талқин қилиниб, ЎзССР ЖКнинг 106 модда билан 2 йил муддатга қамоққа ҳукм этилади. Аслида на хатларда, на тинтив ва сўроқлар давомида унинг жиноятини исботлайдиган ҳеч бир далил аниқланмаган эди. 1935 йил 13 октябрь куни Комилбек ва унинг қариндошлари суднинг бу нохолис қароридан шикоят қилиб яна ариза киритадилар. Бироқ, 1935 йил 22 октябрь куни шўро суди аввалги ҳукмни ўз кучида қолдириб, аксинча шикоятчининг зарарига қарор қабул қилади. Комилбек Норбеков айрим маълумотларга қараганда 1943 йил Сибир лагерларидан бирида вафот этган.

Бахром Ирзаев