O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Қуръон Аллоҳнинг сўзидур

Қуръон Аллоҳнинг сўзидур
247 views
24 June 2017 - 9:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 174
(давоми)

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ МЎЖИЗАЛАРИ-2

Мана шу кунларда Расулуллоҳни қувватлаб ушбу оят Аллоҳдан тушди:

«Қул лаинижтамаъатил инсу вал жинну ала ан яъту бимисли ҳазал Қуръани ла яътуна бимислиҳи ва лав кана баъзуҳум ли баъзин заҳирон».

Яъни «Айтгил, (эй Муҳаммад), Қуръонга ўхшаш бир китоб чиқармоқчи бўлиб барча инсу жинлар йиғилишсалар ҳам, улар бир-бирларига ёрдамлашсалар ҳам, ундоқ Китобни чиқаролмагайлар», деди.

Аллоҳнинг бу дегани албатта тўғридур. Чунки Расулуллоҳ қирқ ёшга кирганларида пайғамбарлик келди. Олтмиш уч ёшга кирганларида вафот топдилар. Йигирма уч йил халқни Ислом динига даъват қилдилар. Шу муддат ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим:

— Агар Қуръонни инкор қилиб, бу китобни Аллоҳ сўзи эмас, маҳлуқ сўзидур деб гумон қилсангиз, сизлар дегандек бу китоб Аллоҳ сўзи бўлмай, балки мен ўзим чиқарган сўз бўлса, сизлар ҳам бирорта сурани ёки беш-ўн оятни Қуръонга ўхшатиб ясаб чиқармоққа, албатта, қудратингиз етгай, ўзингиз ўйлаганингизча мен айтган сўзларни нечук сиз айтолмагайсиз? Ичингизда неча минглаб сўз усталари, шоир, хатибларингиз бордур. Барчаларингиз йиғилишиб бирлашинглар, ёрдамлашинглар, ҳар қандоқ қилиб ҳам бўлса, ўн оят тўқиб чиқазиб, мени мот қилинглар, — деб ҳар вақт уларни қистар эдилар.

Расулуллоҳдан шунчалик сўз эшитиб хижолатга қолсалар ҳам ҳеч бирлари бу ишнинг уддасидан чиқа олмадилар.

Мусайлама Каззобга ўхшаш шақоватда қолган баъзи бировлари ўз гумонича Қуръонга ўхшатдик, деб беш-ўн оғиз сўз ростлаб чиқарган бўлса ҳам, бутун араблар ичида кулгу бўлди, ўз тарафдорлари олдида шарманда бўлиб расвоси чиқди. Энди ҳақиқат излаган ҳар бир киши олдида очиқ маълум бўлдиким, Қуръон Аллоҳнинг сўзидур, банда сўзи эмасдур.

Агар Қуръон инсон сўзи бўлиб, Муҳаммад алайҳиссалом буни ўзи кўнглида ўйлаб чиқарган бўлса, шунчалик узун муддатлар ўтиб, нима учун бирорта одам беш-ўн оят бўлса ҳам Қуръонга ўхшаш сўз чиқара олмади?

Албатта, Унга ўхшаш қилиб, инсон тарафидан чиқармоқ мумкин эмасдур. Чунки Аллоҳ таоло азалийдур. Анинг сўзини бошқалар ҳеч бир чиқара олмайдилар.

Яна Қуръон Аллоҳ сўзи эканига иккинчи далил шулки, ўтган замондаги ғайб ишлардан ва ваҳий тушиб турган вақтнинг ғайб ишларидан, келажакдаги бўладиган бир неча ғайб ишлардан Қуръон хабар бермишдур. Ғайб ишларни эрса Аллоҳдан ўзга ҳеч ким била олмагай. Қуръонда айтилмиш ғайб хабарлари эрса қандоқ айтилган бўлса, шундоқча чиққанлиги бугун умматларига маълумдир. Агар ваҳий орқалик Аллоҳ буларни билдирмаган бўлса, Расулуллоҳ бу ғайб ишларни қандай билдирур эдилар?

Энди Қуръонда айтилган ғайб ишлардан баъзи бирларини бу ўринда келтирамиз. Алардин бири шул эрдиким, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратдан илгари Маккада турган замонларида Эрон подшоси билан Рум подшоси орасида уруш очилди. Рум халқи у замонда насоро динида бўлиб китобий кофир эдилар.

Эрон аҳли эрса мажусий динида бўлиб, оташпараст эдилар. Расулуллоҳ замонларида Эрон билан Рум ораларида икки йил уруш бўлган эди. Ҳар вақт булар уруш қилсалар, араб мушриклари Эрон тарафдори бўлиб, уларнинг ғалабасини тилар эдилар. Агар Эрон ҳукумати ғалаба қозонур эрса араб мушриклари:

— Мана бизнинг тарафдорларимиз сизларнинг тарафдорларингиз устидан ғалаба қилди. Биз бу ишдан фол кўрдик, ҳар қачон биз билан уруш қилсангиз, биз ғалаба қилурмиз, — дер эдилар.

Ҳижратдан илгари Эрон подшоси Рум устига аскар юборди. Икки қўшин Сурия тупроғида тўқнашдилар. Бу урушда Эрон ғалаба қозонди. Буни англашиб мушриклар бек суюндилар. Мусулмонлар маъюс бўлдилар. Бу иш эрса Расулуллоҳга оғир келди. Ана шу чоғда Расулуллоҳга тасалли бермоқ учун Аллоҳ таолодан бу оят нозил бўлди:

«Ғулибатир-Руму фи аднал арзи ваҳум мин баъди ғалабиҳим саяғлибуна фи бизъи синийна».

Яъни, «Рум аскари Шом ерида Эрон аскаридан енгилди. Кўп узоқ ўтмай бир неча йил ичида Рум аскари Форс аскарини енггайлар» демакдур.

Бу оят тушгандан сўнгра Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ Қурайш мажлисига чиқиб:

— Кўп ортиқча суюниб кетманглар. Аллоҳ таоло бизнинг Пайғамбаримизга хабар берди, бу яқин замонларда Рум билан Форс яна урушгайлар, бу урушда эрса Рум подшоси енгадур, — дедилар.

Бу сўзни англаб Қурайш мушрикларининг ғазаби қўзғалди. Улардан Умийя ибн Халаф туриб Ҳазрати Абу Бакрга дашном бериб:

— Бу сўзинг ёлғондур, — деди.

Анда Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ:

— Эй Худо душмани, сен ёлғончи каззобдурсан, — деди эрса, ул айтди:

— Андоқ бўлса ўртамизда ўн туядан гаров боғлашайлик. Кимнинг сўзи рост бўлса туялар уники бўлсин.

Ҳар икки томон бу сўзга келишиб гаров боғлашдилар. Бу ишга уч йил муддат қўйдилар. Расулуллоҳ бу сўзни англагач, Абу Бакр Сиддиққа айтдиларким:

— Гаров туяларини кўпайтириб, муддатни узун қўйгил.

У эрса қайтадан бориб туяни юзга, муддатини тўққиз йилга келтирди. Шунинг билан бу сўздин етти йил ўтганда, Рум ва Эрон қайтадан уруш бошладилар. Аммо Қуръон айтгандек, Рум подшоси бу урушда эронийларни қаттиқ енгди. Гаровга қўйган юз туяни Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ олдилар. Сўнгра туяларни Расулуллоҳнинг буйруқлари билан Худо йўлида садақа қилиб, камбағалларга улашиб бердилар.

(давоми бор)