..Ўзбекистонда бир шоир йигит бор эди. Ўзини яхши танирдим-у, ёзганларини яхши тушунмасдим. Юртнинг илғор фикрли кишилари унинг Ғарб услубида ёзилган бу шеърлари мавжуд тоталитар тузумга қарши исён эканини урғулашарди.
Мамлакатда Қайта Қуриш ва ошкоралик бошланган кезлар Ўзбекистонда демократик кайфиятдаги, ҳур фикрли ёшлар аллақачон унинг атрофида тўпланиб улгуришган эди. Порахўрлик, пахта яккаҳокимлиги, Орол фожиаси ва иккитиллиликка қарши кураш каби сиёсий шиорлар атрофида бирлашган илк норасмий гуруҳларнинг ташкил топиши ҳам бевосита унинг иштироки ва номи билан боғлиқ.
Кейинчалик у Ўзбекистон мустақиллигини орзу қилган илк сиёсий партияларга асос солади. Шоирлигини ташлаб, сиёсат билан шуғулланишга мажбур бўлади.
Мустақиллик унинг яккаю ягона орзуси эди. Бу йўлда у ҳатто ўлимга ҳам боришга тайёр эди. Давр ва замон унинг елкасига ана шундай улуғ вазифани юклаган эди. Лекин бу саъйи ҳаракатлари учун у коммунистик тузум ёрдамида ҳокимиятга келган янги раҳбариятнинг кучли босими остида қолади.
Афсуски, ўз Ватани озодлиги ва мустақиллиги учун курашган, унинг давлат сифатида шаклланишини астойдил орзу қилган бу йигитнинг хизматларини шу Ватан тан олишни истамади. Таъқиб ва тазйиқлар боис муҳожирликка юз тутган ватанпарвар йигит учун Ватан дарвозаларини ёпиб қўйишди. Яхшиямки, кунгил йўлларига тўсиқ йўқ!
Мана йигирма йилдирки, у мустақил бўла туриб озодлик нималигини билмаган, Давлат бўла туриб ўз ҳақ-ҳуқуқини танимаган шўрлик халқининг дийдорига талпиниб яшайди. Гарчи, бу гумроҳ халқ аслида ўз ҳатти-ҳаракати билан ўзига муносиб ҳокимларга эга эса-да, барибир унга ўкиниб, талпиниб яшайди бу йигит.
Мустақилликни орзу қилган ва охир-оқибат мустақил Ўзбекистон давлатига асос солган бу фидойи йигитнинг хорижда – сиёсий муҳожирликда эртага нишонланажак таваллуд куни боис менинг гуноҳкор кунглимдан кечгани шулар бўлди.
Фикру ғояси юрт мустақиллиги, яшашдан мазмун-мақсади – шу йўлдаги курашдан иборат бўлган бу йигитнинг номи – Муҳаммад Солиҳ!
63 ёш муборак, ака. Эзгу-ниятларимни қабул этгайсиз. Омон бўлинг.
Ҳурмат ва эҳтиром билан Исмат ХУШЕВ
“Дунё ўзбеклари”нинг кўп минг сонли ўқувчилари номидан Муҳаммад Солиҳни Пайғамбар ёшига тўлиши муносабати билан муборакбод этамиз. Ўзига сиҳат саломатлик, бахт-саодат, ижодий ва сиёсий фаолиятига муваффақит тилаймиз.