Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг МУРОЖАAТИ
Ҳурматли ватандошлар!
“Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасида фаол иштирок қилиб, ўтган ҳафтада эълон қилган варақамизни мамлакатимизда тарқатган юртдошларимизга миннатдорлигимизни изҳор этамиз. Гарчи 7 кун мобайнида ЎХҲ логотипи ва “Кишан кийма, бўйин эгма, ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!” деган сатрлар акс этган варақаларимиз мамлакатимиз кўчаларида тарқатилгани ҳақида хабар олмаган бўлсак-да, юртдошларимиз ушбу варақамизни ҳам фаол тарқатганига ишончимиз комил.
“Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасининг саккизинчи ҳафтасида фаолларимиз, тарафдорларимиз, эркинлик ва адолат руҳидаги бошқа юртдошларимизга навбатдаги варақамизни тақдим этамиз. Саккизинчи ҳафта варақасида мустақиллик йилларида “доно” сиёсатчи ва иқтисодиёт фанлари номзоди Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон давлат ва жамият сифатида улкан бир циркка айланиб улгурганини акс эттирувчи “И.А.КАРИМОВНИНГ “ДОНО” СИЁСАТИ ТУФАЙЛИ БУГУН ЎЗБЕКИСТОНДА ЎҚУВЧИЛАР ПАХТАДА, ЎҚИТУВЧИЛАР ҚУРИЛИШДА, ШИФОКОРЛАР ЭСА УЙМА-УЙ ПУЛ ЙИҒИШДА…ШУ ҲАМ ДАВЛАТМИ? ШУ ҲАМ ПРЕЗИДЕНТМИ?” деган саволларни ёзиб чиқишга қарор қилдик.
Бу сафарги варақачамизда айнан шу муаммони кўтариб чиқишимиздан мақсад диктатор Ислом Каримовнинг мустабид сиёсати Ўзбекистонни аянчли аҳволга, ҳавфли жар ёқасига олиб келганини яна бир бор эслатишдир. Дарҳақиқат, мустақилликнинг илк йилларида аксарият ўзбекистонликлар Ислом Каримовнинг тарғиботларига алданиб: “Иқтисодчи президент бўлса – иқтисодиёт гуллаб яшнайди! Шоирдан президент чиқадими?!” деб, сайрашарди. Аммо иқтисодиёт фанлари номзоди ҳам иқтисодиётни ўлдира олиши 20 йилдан орқтироқ вақт мобайнида тасдиқланди. Шу давр мобайнида Европа мамлакатларида президент бўлиб сайланган қатор шоирлар ўз мамлакатларини одил бошқариб, ўз юртларини сиёсий жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам равнақ топдирганига ҳам гувоҳ бўлдик. Бу вазиятда ҳақиқатни кеч бўлса ҳам англаб етганимиз бизга бироз таскин бериши мумкин. Шундай вазиятда бу ҳақиқатни варақалар орқали оддий юртдошларимизга ҳам етказишимиз лозим.
Шундай экан, келинг, биз, оддий ўзбекистонликлар, олдимизга ана шу мақсадларни қўйиб, “И.А.КАРИМОВНИНГ “ДОНО” СИЁСАТИ ТУФАЙЛИ БУГУН ЎЗБЕКИСТОНДА ЎҚУВЧИЛАР ПАХТАДА, ЎҚИТУВЧИЛАР ҚУРИЛИШДА, ШИФОКОРЛАР ЭСА УЙМА-УЙ ПУЛ ЙИҒИШДА…ШУ ҲАМ ДАВЛАТМИ? ШУ ҲАМ ПРЕЗИДЕНТМИ?” деган саволларни юртдошларимизга етказайлик! Ҳар биримиз шу варақачадан ҳеч бўлмаса 7 тасини одам кўп тўпланадиган жойларга ёпиштириб чиқсак, Ислом Каримовнинг сиёсатчи сифатида золим эканлигини, иқтисодчи сифатида эса хомкалла эканлигини юртдошларимизга эслатган бўламиз.
Саккизинчи ҳафта варақасининг электрон шаклини қуйидаги линклардан юклаб олишингиз мумкин:
http://uzerk.org/25-02-2013-.pdf(PDF форматида)
http://uzerk.org/25-02-2013-.jpg(JPG Форматида)
Азиз юртдошлар!
Қуйида ҳавфсизлигингизга оид бир қатор маслаҳатларимизни яна эслатмоқчимиз. Варақачамизни принтердан чиқараётганда ҳамда бекатлар, деворлар ва симёғочларга ёпиштираётганда ўта хушёр бўлишни, иложи бўлса, атрофда ҳеч ким йўқ пайтларда ёпиштиришни тавсия этамиз.
Бир марта варақа ёпиштирган жойингизга иккинчи марта варақа ёпиштирмаганингиз маъқул. Варақаларни бегона одамларнинг принтерларидан, айниқса, компьютер клублари ва интернет-кафелардаги принтерлардан чиқармасликни тавсия этамиз.
Бундан ташқари, варақачамизнинг электрон версиясини компьютерларингизда узоқ сақламасликни, варақачаларни ёпиштириб бўлгандан кейин компьютерларингиздан иложи борича тез ўчириб ташлашни тавсия қиламиз. Қирқиб олинган варақачаларни ёнингизда узоқ муддат сақлаб юрмасликни, айниқса, Тошкент метрополитенига олиб тушмасликни, уларни иложи борича тезда ёпиштириб чиқишни маслаҳат берамиз.
Зеро, бугунги кунда Ўзбекистон озодлиги учун курашда эҳтиётсизлик туфайли қамалиб, курашдан ташқарида ётгандан кўра, эҳтиёткор бўлиб, озодликда ва аҳоли орасида юриб, кураш майдонида ҳаракат қилиш фойдалидир. Ўзимиз учун ҳам, халқимиз учун ҳам!
Келажак ҳафта мобайнида юртдошларимиз “Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасида фаол иштирок этиб, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати логотипи туширилган ва “И.А.КАРИМОВНИНГ “ДОНО” СИЁСАТИ ТУФАЙЛИ БУГУН ЎЗБЕКИСТОНДА ЎҚУВЧИЛАР ПАХТАДА, ЎҚИТУВЧИЛАР ҚУРИЛИШДА, ШИФОКОРЛАР ЭСА УЙМА-УЙ ПУЛ ЙИҒИШДА…ШУ ҲАМ ДАВЛАТМИ? ШУ ҲАМ ПРЕЗИДЕНТМИ?” деган сўзлар битилган навбатдаги варақачамизни мамлакат кўчаларида ёпиштириб, ватандошларимизни курашга чорлашда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига кўмакдош бўладилар, деган умиддамиз.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ташвиқот бўлими
2013 йил 26 февраль