O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЎЗБЕК МУХОЛИФАТИ ТАРИХИГА БИР НАЗАР

ЎЗБЕК МУХОЛИФАТИ ТАРИХИГА БИР НАЗАР
1,447 views
17 March 2022 - 2:01
Ҳар ёмон нарсанинг бир яхши тарафи бор. ДХХ нинг сўнгги “инавациони” Б. Абдуллаев шантаж гуруҳининг туҳмат ва хақоратларига жавоб бериш баҳонасида акам Муҳаммад Солиҳ архивини титкилаб, жуда кўп саволларимга жавоб топдим. Шу сабаб, Б.Абдуллаев бошчилигидаги шаллақилар темасига танаффус бериб, мухолифат ҳақида бир-икки сўз айтишга жазм қилдим.
Яқинда Фахриддин Худойқулов (Фахриддин Тожимурод) деган бир шарлатан чиқиб “Бирлик”ни мен туздим” дегани эса, умуман сабр-косамни тўлдирди. Бу ёлғончи ахлоқсизлар тўдасига жавоб бериш кераклигини ҳис этиб, бу мақолаларни ёзишга мажбур бўляпман. Ёзувимдаги кичик темачалар бир-бирига қоришиб кетган бўлса, олдиндан узр сўрайман. Бу матндаги баъзи парчларни “ЭРК” сайтида исмсиз эълон қилганман. Аммо бунга жуда кўп ўзгартишлар киритдим. Дўстларнинг, акамнинг фикрини олдим. Яъни бу сўз “коктейли”ида фақат менинг эмас, кўпчиликнинг ҳиссаси бор.
Бу матн ўзбек мухолифати тарихига менинг субъектив қарашимни ифодалайди. Мутлақ ҳақиқатга даъвом йўқ.
Гапни узоқдан бошламоқчиман.
Ўзбекистон Олий Кенгаши 20 июн 1990 йилда Ўзбекистоннинг Мустақиллик Декларациясини қабул қилди. Аммо бу тарихий воқеа мавжуд ҳокимиятни ўзгартира олмади. Мустақиллик эълон қилингандан сўнг ҳам коммунист ҳукумат иқтидорда қолаверди.
Компартиянинг Политбюро аъзоси, Ўзбекистон КП Марказий Қўмитаси Биринчи котиби Ислом Каримов Ўзбекистоннинг СССРдан ажралиб, мустақил давлат сифатида яшаб кетишига ишонмаганди. У то 1991 йил 25 августгача Москванинг амрига кўра сиёсат юритган, СССР ни сўнгги дамларигача ҳимоя қилган, республика мустақиллигига мутлақ душман қарашли бир шахс эди.
1991 йил декабр ойида СССР расман тарқатилгандан кейин мустақиллик душмани бўлган Ислом Каримов ва унинг гумашталари бирданига мустақиллик каҳрамонига айландилар. Мустақиллик учун курашган кишилар эса, “ватан хоини” дея эълон қилинди.
1991 йилда президентлик сайловини сохталаштириб, ҳокимиятга ўтирган Ислом Каримов ўз диктатурасини ўрнатди. Ва биринчи кунданоқ Ўзбекистоннинг янги тарихини ўзгартира бошлади. Айниқса, 80-90 йиллардаги миллий уйғониш саҳифаларини ўчириб, ўрнига ўзининг сохта ва хиёнатларга тўла кечмишини безаб-бўяб, миллий либос кийдириб, ёш авлодга тақдим эта бошлади.
Хусусан, Ўзбекистон мустақиллиги мафкурасига умрини атаган шоир ва сиёсатчи, “Ўзбекистон Мустақиллик Декларацияси”нинг меъмори, уни Олий Кенгашга тақдим этган киши Муҳаммад Солиҳнинг 1988-1992 йиллардаги сиёсий фаолиятига тааллуқли объектив информация давлат архивларидан олиб, йўқ қилинди. Унинг ўрнига КГБ (МХХ, ДХХ) тарафидан тайёрланган Муҳаммад Солиҳни обрўсизлантирувчи миш-мишлар тарқатилиб, хабар ва мақолалар ёзила бошланди.
Муҳаммад Солиҳ ҳақида 1988 йилда ёзилган “Солиҳ русларга қарши” деган мазмундаги мақолалар оммага акс таъсир кўрсатганини кўриб, КГБ (МХХ, ДХХ) “сопини ўзидан чиқариш” тактикасини қўллади.
У мухолифат ичидан виждонсиз, иймони заиф, ғаразгўй кимсаларни сотиб олди. Уларга мухолиф ниқобида чет элга чиқиб, яшаб, истаган пайтда ватанга қайтиб келиш имкониятини яратди. Ва бу кимсалар узоқ йиллар давомида Каримовнинг бош душмани Муҳаммад Солиҳ ҳақида ёлғон ва иғво тарқатди.
Шулардан биттаси Пўлат Охунов. Хўш, бу Пўлат Охунов дегани ким ўзи?
Бу нусха 1989-1991 йилларда СССР халқ депутати бўлган. У пайтларда СССР халқ депутати бўлиши учун бўлажак депутат СССР (Москва) КГБ си томонидан ҳар томонлама синчковлик билан текширилиб, кейин СССР депутати этиб сайланар эди. Бўлажак депутатнинг ота-онаси, қариндош-уруғлари ким, ўзи ким, Москвага содиқми-йўқми, Компартияга қандай муносабатда, ҳукуматга қандай муносабатда, миллиятчими-йўқми, хуллас ҳамма томонлама қаттиқ текширилиб, кейин депутатликка автоматик равишда сайланарди, сайловда овоз бериш номигагина ўтказиларди.
Пўлат Охуновнинг отаси порахўр коммунист мулозимлардан бўлган, ўзи эса Андижон Комсомол шайкаси бошлиғи эди. Биографиясидаги бу муҳим нуқталар уни СССР депутатлигига олиб келди.
Қайта қуришнинг сўнгги босқичида унинг Сахаров группаси лаганбардорига айлангани эса, коммунист каламушларнинг янги шароитда яшаб қолиш рефлексидан бошқа нарса эмасди.
Бугун бу “потомственний” қулоқ ўзини диссидентман деб, ҳақиқий мухолифатга қарши кураш олиб бормоқда. Бугун бу нусха ўша ўзбек халқини “мол” деб атаган Абдураҳим Пўлатовнинг муовини, “Озодлик” радиосидан Муҳаммад Солиҳга ҳужум қилиб, “сиз Каримов билан келишиб Ўзбекистонни хароб қилдингиз” деб ҳайқирди. Бу нусхага сўз берган “Озодлик” радиосининг позицияси мени жиддий шубҳалантирди. Чунки программани олиб борган шахс М.Солиҳга провокатор П.Охуновнинг хуружига жавоб беришга имкон бермади.
Масала сайловдан кейин ойдинлашди. Сайловдан бир ой ўтиб Охуновнинг Швецияда бир банкада ишлайдиган ўғлининг Ўзбекистон Давлат газетасида катта суҳбати босилди. Бу Пўлатнинг режим мухолифига қарши “зарбаси” учун тўланган гонарар эди. Бу очиқ савдо, мухолифат ичидаги қулоқ билан ўзбек режимининг келишуви ҳар қандай номусли инсонни жиркантиради.
Бу “бирликчилар”, Пўлат Охунов ҳам, унинг шефи Абдураҳим ва Абдиманноб Пўлатовлар ҳаммаси “мухолифатчи” бўлиб, ҳеч бир зарар кўрмаганлар. Уларга Ўзбекистонга фақат Мирзиёев пайтида эмас, Каримов пайтида ҳам кириб-чиқиб юравердилар. Уларнинг уйларини ҳам ҳеч ким мусодара қилмади. Пўлатовнинг “Высоковолтный”даги уйида ҳали ҳам ижарачи киши ижара ҳаққини Абдураҳимга юбориб туради ва бунга ҳеч ким халақит бермайди. Пўлат Охунов ҳам узоқ йиллардан бери Ўзбекистонга бемалол бориб, чойхоналарда ош еб семириб юрибди. Чунки бу шайка чет элда кечирган чорак асрлик умрини Муҳаммад Солиҳга қарши курашга бағишлаган Каримовнинг фидоийларидир.
“Муҳаммад Солиҳнинг ҳукумат билан, Каримов билан тили бир” эканлиги, унинг “Каримовдан квартира олганлиги” ҳақдаги эртак “Бирлик” ҳаракати тузилганидаёк ишга туширилганди.
“ЭРК” партияси тузилгандан кейин Муҳаммад Солиҳнинг кутилмаганда “Бирлик” душмани деб эълон қилиниши баъзи омий қатламига таъсир қилгани рост. Энг қизиғи, Муҳаммад Солиҳни “обрўсизлантириш кампанияси” Каримов ўлимидан кейин ҳам айни авжда давом этаяпти.
Ўзбекистоннинг янги тарихидан Муҳаммад Солиҳ номини супуриб ташлаш учун янги-янги фаррошлар ишга солиняпти.
Кампания шу қадар примитивлашдики, “Бирлик” ҳаракатини Муҳаммад Солиҳ тузгани йўқ” дейишгача бордилар.
Б.Абдуллаев ўзига ўхшаган бир ахлоқсиз хотинни ДХХ ташкил қилган Ютуб каналидан чиқартириб, “мен шоҳидман, Муҳаммад Солиҳ Каримовнинг буйруғи билан “Бирлик”ни парчалади” дейишгача боришди.
Аммо ёлғоннинг умри қисқа.
Ҳамма билади, Муҳаммад Солиҳ ҳақида давлат тарафидан 80-90 йилларда тарқатилган бутун ёлғонлар бир-неча йил ўтмай ёлғонлиги фош бўлди. Бу ёлгонлардан энг даҳшатлиси “1999 йил портлашларини Муҳаммад Солиҳ қилди”, деган ёлҳон эди.
Бунинг катта туҳмат эканлигини дунё радиолари қаршисида эътироф этган маҳбус, раҳматли Зайниддин Асқаров Каримов ва унинг давлатини бутун дунёга шармисор этди.
Бугун ёлғончилик анъанасини давом эттираётган ДХХ нинг кичик югурдаклари, ютубда бир-неча минг кишини алдаб, бутун халқни алдадим дея, ДХХ дан уй ва машина олаётган ожиз кимсаларнинг ёлғонлари ҳам аввалгилари каби ўзлари билан ерга кўмилишига ҳеч шубҳамиз йўқ.
Мавзуга қайтиб айтиш керакки, Ислом Каримовнинг Ўзбекистоннинг янги тарихини сохталаштириш жараёни мамлакатда ҳали ҳам давом этаяпти. Юқорида эcлатганимиздек, ўтган асрнинг 80-йилларида бошланган миллий уйғониш ҳаракати босқичига оид ҳужжат ва билгилар методик шаклда йўқ қилинишда давом этмоқда.
Масалан, ўша 1990 йил Мустақиллик Декларацияси қабул қилинган кун ҳужжатларини Парламент архивидан топа олмайсиз. Лекин ҳақиқий тарих барибир бир кун қайта кун юзига чиқади.
Муҳаммад Солиҳнинг 1987-1992 йилгача матбуотда чиқишлари газета ва ТВ архивларидан олиб ташланган, аммо унинг ҳозир сизга тақдим қилаётганимиз тарихий нутқини Озарбайжон Халқ Жабҳасининг “Жумҳурият” газетаси архивидан топдик.
Бу нутқ ўзбекчадан озарбайжон туркчасига ўгирилган. Лекин матнда Муҳаммад Солиҳнинг услуби бузилмаган, таржима ниҳоятда аниқ.
Яна бир муҳим жиҳат: бу нутқ Муҳаммад Солиҳ Тошкентда “Миллий мажлис” тузди деган уйдирма айб билан ҳибсга олиниб, Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлиги ертўласида ўтирган кунлари Озарбайжон матбуотида эълон қилинган. Яъни, бу матн айни пайтда турк жумҳуриятларида яшаётган туркчиларнинг ўша даврдаги бирдамлигининг тасбити ҳамдир.
Мана ўша нутқ матни, танишинг:
“Cumhuriyet” gazetasi (Аzеrbаycаn)
3 Апрель 1993 йил сони
МУҲАММАД СОЛИҲНИНГ ЧИҚИШИ
Ўзбекистон “ЭРК” Дeмократик Партияси раиси Муҳaммад Солиҳ муосир (замонавий) Ўзбекистоннинг энг кўркамли шоирларидан бири, ўз тупроғининг озодлиги йўлидаги курашчидир. Туркликнинг, хусусан, Озарбайжоннинг дўсти Муҳаммад Солиҳ Совет Империяси даврида даъфаларчa таъқибларга маъруз қолган ва таассуфлар булсинким, энди янги ҳужумларниг ҳадафига айлантирилди.
Сўнгги кунларда унинг ҳақида жиноят иши очилган.
Менинг бу масала ила боғлиқ ҳурматли Президентимиз Абулфаз Элчибей билан суҳбатлашдик. У Муҳаммад Солиҳ тақдирига бефарқ қолмаяжагини билдирди. Умумият-ла ҳозирги давр талаби ва ҳукми ила Озарбайжоннинг чекига бир қанча масалаларда умумтурк муаммоларининг юкини ташимоқ тушди ва нақадар оғир бўлса-да, бу вазифамизни тарих қаршисида бажо келтиришимиз керак.
Ҳурматли ўқувчилар, Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистон Парламентида (1990) қилган чиқишини “Турк дунёси” (1991) журналидан кўчириб, сизнинг эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.
Вагиф Самадоғлу
Муҳaммад Солиҳнинг 20 июн 1990 йилда Ўзбекистон Олий Кенгашида ўқиган нутқи:
Ҳурматли миллатвакиллари,
Аллоҳга минг карра шукр бўлсин, биз ҳам бу муборак кунга қовушдик.
Бугун биз халқимизнинг юз йиллик орзуси бўлган миллий мустақиллик остонасида турибмиз.
Кундузлар хаёлларимизда, кечалар рўёларимизда кўрган истакларимиз ҳақиқатга айланмоқда.
Бугун бизнинг боболаримиз Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Алишер Навоий, Заҳриддин Муҳаммад Бобур ва Амир Темурнинг руҳлари шод бўлажакдир. Бугун миллий истиқлол сарчашмалари Мадамин Бек, Шер Муҳаммад Бек, Чўлпон, Мустафо Чуқай каби шахсиятларнинг тилаклари руёбга чиқаяпти.
Бу муқаддас онни, бу хушбахтликни яшамоқ сиз билан бизнинг қисматимизга тушди. Ўнларча наслнинг кўрмасдан ўтиб кетгани бу маросим бизга насиб бўлди.
Энди биз бунга лойиқ бўлсак етар!
Бу мустақилликни қўллаб- қувватласак – етар!
Шубҳасиз, бизга қийин бўлажак.
Буни унутмаслигимиз керак.
Ўзбекистон йиқилган Совет Империясининг бир парчасидир. Бу парча, яъни бизнинг ватанимиз, дунё ҳамжимияти ичида мустақил бир борлиқ сифатида шаклланганга қадар бизга осон бўлмаяжак. Ҳар турли босимларнинг бўлиши муқаррар.Ҳар турли ҳийлалардан бўлиши мумкин.
Босим ва ҳийлалар иқтисодиётда, сиёсатда ҳам ўртага чиқиши мумкин. Бу тўсиқларга қарши мужадолага биз руҳан ва жисман ҳозир бўлишимиз керак. Бу кунгача тўхтамасдан қўлланилиб, қийматини йитираётган бир калима, “ёрдамлашма” деган сўз бор. Бу сўз бугун мутлақо бир янги маъно таший бошлади. Бизга ёрдамлашма ва уйғунлик бугун ҳар замонгидан кўпрок керакдир. Ҳар замонгидан кўпрок муҳтожмиз.
Бу азият чеккан ватанимизнинг мустақиллигини қабул этган ва уни қўллаган ҳар қандай миллат, ҳар қандай жамиятни қардошимиз каби бағримизга босишимиз керак. Токи орамизда айримчилик, ўгайлик бўлмасин!
Токи бу айримчикни баҳона этиб, ҳурриятимизга ҳужум этмасинлар.
Бу кунга юз йилларча миллат бўлишимизга тўсиқ бўлиб келган чиркин одатимиз маҳаллийчиликдан қутулишимиз керак.
Халқимиз ичидан чиққан ҳар қандай керакли инсонни қўримасак, унга йул очмасак, биз ҳеч қачон илгарилай олмаймиз.
Менимча бу нарсалар, мустақилликнинг ўтиш даврини яшаётган ҳар бир миллат учун ғоят муҳимдир.
Бугун мустақилликни эълон этаркан, яна бир муҳим нарсани ёдга солмасак бўлмас.
Биз тоталитар ва мустабид режимдан демократик, янги қурилишга кечмоқчимиз. Аммо эски тизим шакли Ўзбекистонда ҳали хам яшаяпти. Янги қурилиш эски тизимда яшай олмайди!
Мен коммунист арбобларга мурожаат эмоқ истайман: азизлар, иделогогик ғавғоларни тўхтатайлик, ҳақиқатни қабул этишимиз керак!
Ўлган бир нарсани тирилтирмак мумкин эмас!
Коммунист партияси бу кунгача давлат партияси эди, уни бу шаклда яна давом эттирмак тарихий шароитга қарши турмоқдир.
Агар коммунист партияси яшамоқ истаса, у ҳам бошқа партиялар қаторига кўшилиши керак.
Яккаҳокимлик даври ўтди.
Бутун ҳуқуқий идоралар, фақат санъат, адабиёт ташкилотларигина эмас, бутун давлат муассасалари, иш ерлари ҳам компартия ячейкаларидан қутулишлари керак.
Агар коммунистлар бунга жасорат этмаса, бизнинг мустақил давлатимиз Ғарбда ҳам, бизга умид билан боқаётган Шарқда ҳам ҳурмат қозона олмайди.
Чунки коммунист иделогияси Ғарбда бўлгани каби Шарқда ҳам ўз ролини йўқотди.
Шу маънода, мен зиёлилар номидан, жумҳуриятимиздаги эркин фикрли инсонлар номидан ҳурматли президентимизга мурожаат қилмоқчиман: Коммунист Партияси Марказий Қўмитаси Котиблигини бошқа бировга беринг. Сизнинг ишингиз кўп, бундан кейин яна ҳам кўп булади. Чунки биз мустақил давлат бўламиз, мустақил сиёсат юритажакмиз. Шунингдек, бизнинг истагимиз бу мустақил давлатда ҳақиқий маънода ҳур фикрлилик бўлсин. Қоғозда эмас, сўзда эмас, ҳақиқатан бўлсин.
Чунки сўз озод бўлмаса, жамият ҳам озод бўлмайди.
Биз истардик-ки, матбуот воситалари эркин бўлсин. Чунки улар озод бўлмаса, бизнинг тушунчамиз ҳам озод бўла олмайди.
Биз истардик-ки, қураётганимиз мустақил давлатда митинг-намойишлар эркинлиги бўлсин. Чунки бу эркинлик бўлмаса, халқ ўз озодлигини ҳимоя қилиш йулларини ҳеч қачон ўргана олмайди.
Биз яна шуни истардик-ки, бу давлатда шахс озодлиги бўлсин. Чунки шахс озод бўлмаса, миллат озод бўлмайди. Миллат озод бўлмаса, бугун биз қовушаётган давлат мустақиллиги бизга асло яхшилик келтирмайди.
Бугун яна бир муҳим масалани кўришимиз керак. Биз Ўзбекистоннинг миллий байроғини муҳокама қилайлик.
Бу байроқ қандай бўлиши керак?
Бугунларда Русия, Болтиқ жумҳуриятлари, Озарбайжон жумҳурияти ҳам ўз миллий байроқларини кўтардилар.
Биласиз, бизда ҳам 29 ноябр 1917 йилда Қўқон шаҳрида ўтказилган Туркистон Қурултойида мустақил Туркистон Халқ Жумҳурияти қурилиб, унинг байроғи таъсис этилганди.
Бу байроқни янгидан қабул этмак бизнинг авлодлик бурчимиздир.
Чунки у байроқда боболаримизнинг шони ва қони бор. У байроқ бизнинг кечмишимиздан хабар бергани каби, бу кунимизни ҳам белгилаяжакдир.
Бу байроқ рангларининг маъноси шудир:
1. Тўқ қизил ранг. Бу қадим боболаримиз қурган давлатларнинг байроғидаги рангдир.
2. Ол ранг. Бу қипчоқлар ва ўғузлар қурган давлатлар байроқларининг рангидир. Боболаримиз мусулмонликни қабул этгандан сўнг ҳам бу қирмизи ранг байроқларида сақланган.
3. Оқ ранг. Бу ўрта асрларда ҳукм сурган ҳукмдорларимиз давлатларининг рангидир.
4. Туркистон миллий байроғининг мовий ҳошияси эса исломиятдан аввалги миллий инончимиз рамзидир. У даврларда миллатимиз мовийни илоҳий ранг сифатида кўрарди.
5. Байроқнинг марказидаги оқ ҳилол ва юлдуз шакллари ислом қабул этилгандан сўнг қурилган бутун давлатларимиз байроғида мавжуддир. Бу дунё ва инсоннинг хушбахт бирлигининг рамзидир”.
Изоҳ: Муҳаммад Солиҳ, бошқа миллатвакиллари, президент Ислом Каримов маслаҳатлашишгандан сўнгра Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги (Декларацияси) парламентда кўпчилик овоз билан қабул этилди. (Озарбойжон туркчасидан таржима.)
Муҳаммад Бекжон