Бугун Бахтиёр Исабек оламдан ўтди: виждонини, Иймонини, илмини, ҳурриятини ҳамма нарсадан устун қўйган шахс, уларни ҳеч нега алишмаган ҳақиқат тимсоли!
Шундай инсонлар борки, уларнинг ҳар бир қадами яшашинг учун қалбингга масаллиқ бўлади. Ҳаёт ва ўлим орасидаги тўғри чизиқда туйғуларингни ўткирлайди. Улар турланмайди, тусланмайди, ҳеч қачон миллатга қараб оёқ узатмайди. Бу ботиний суврат соҳиби – Бахтиёр Исабек эди!
Бахтиёр Исабек
ЭРК учун курашди;
Тил учун курашди;
Миллат учун курашди.
Инсон то қабрига қадар ўз эътиқодини баланд-баландга байроқдек кўтариши мумкин экан. Ғоясини терс тўнкармай яшаш мумкинлиги Бахтиёр Исабек қиёфасида яққолроқ кўринди.
Бугун юрагини каламуш кемирган адабиётчилар(чин адабиётчилар бармоқ билан санарли) урчиган бир замонда соф адабиётчи олимларимиз Адабиёт даргоҳларидан четда ҳаёт кечиришди. Чунки Бахтиёр Исабек(лар) ўрин талашмади, сўз талашмади, даража талашмади.
Адабиётнинг куни бир гала қалбсиз ва туйғусиз “…лог(х)”ларга ҚОЛДИ. Қалбига чироқ ёқсанг шоирлар куйлаган софликнинг учқуни топилмайдиган касларга қолди Адабиёт қисмати!
Бугун Бахтиёр Исабек оламдан ўтди: ростлик, софлик, ҳурлик сувратидаги навқирон бир шахс, миллий бир қоя!
Чўлпонни, Фитратни, Рауф Парфини йўқотган монанд жимгина йўқотдик Бахтиёр Исабекни ҳам!
Дилда намхуш саволлар кезинади: Ватан КИМГА ҚОЛЯПТИ, ТИЛ кимга ҚОЛЯПТИ, сўз кимга ҚОЛЯПТИ?
Наҳотки, дейману тўхтайман Метерлинкнинг “Сўқирлар”(Вафо Файзуллоҳ таржимаси)ини эслайман.Сўзнинг лаби бунақа, шеърнинг қалби унақа, тилнинг бўйи анавиндақа дегич Сўқирлар ичра ҳолимиз на кечар Энди?
Алвидо, эй Адабиёт паҳлавони, хайр, эй кўнгиллар талпингани, қиёматгача жасорати табассумига бекинган ЭРК МУАЛЛИМИ!
9-ноябр, 2025-йил.



Вячеслав Ахунов: Ўзлик қандай ўзгартирилмоқда?
Малоҳат Эшонқулова: Ўзбекистон режими танқиди ортидан YouTube’даги каналим ёпилди
“ВОДИЙДА ЎЛИШ ТАКИКЛАНАДИ”
Нейзен Тевфиқ ҳақида
Нега бутун дунё давлат тилини талаб қилади, Ўзбекистонда эса бу “миллатчилик” ҳисобланади?