O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Oхиригача адолат томонда турди

Oхиригача адолат томонда турди
1,083 views
28 January 2022 - 11:11

Шароф Бошбековнинг ўлимини эшитиб, карахт бўлиб қолдим. Ҳолбуки, ўлим ҳақ – ёшу қари ҳамманинг бошида бор.
Эрта билан шу фб.дан хабар топдим. Туйқус бир нарса дея олмадим, ёза олмадим. Дуо қилдим, албатта.
Шароф ака билан раҳматли Машраб Бобоев шарофатлари билан танишганмиз. “Ёшлик” журнали таҳририятига келиб турардилар.
Кейинроқ узоқ вақт узилишиб кетдик. Шундай бўлса ҳам, бошимга мушкул тушганида орқаворатдан қайғуриб, маънавий қўллаб турган камдан-кам ижодкорлардан.
Қамалиб қолганимда менинг ҳимоям учун тайёрланган хатга биринчилардан бўлиб имзо қўйган, бир гуруҳ зиёлилар шоир ва сиёсий арбоб Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтариш бўйича президентга йўллаган “Очиқ хат”га ҳам ҳеч иккиланмай бошидаёқ қўл қўйган эди! Кўпчилик қўрқоқ “зиёли”лар каби, давлат назарида ёмонотлиқ бўлиб қолмай тағин, деб чўчиб ўтирмади. Виждони буюрганини қилди. Виждони эса, доим ҳақ томонда бўлиб келган!
Кўп масалаларда фикрдош, дарддош эдик. Шароф ака умрининг охиригача адолат томонда турди. Доим ҳақиқатни сўзлади, ҳақиқатнинг ёнини олди. Асарларида ҳақни, адолатни не чоғли бош масала қилиб кўтарганини испектакилларини, филмларини кўрганлар билади. Тан берган. Айниқса, шоҳ асари “Темир хотин”даги кинояли, зардали, залворли, тагдор гаплар эл оғзида ҳалигача кўчиб юради – зарбулмасал бўлиб кетган.
Инсултнинг оғирроқ шаклини бошидан ўтказди, лекин ижодни тўхтатиб қўймади. Охирги ижодларидан бири “Ер айланаверади” испетакилининг тақдимотига таклиф этган эди. Оилавий бордик. Ютуқларини ўз кўзимиз билан кўриб келдик.
Бугунги оғир кунларда айниқса келинойимизга, фарзандларига юрак-юрагимиздан фарёд бўлиб отилиб чиқаётган таъзиямизни билдирамиз. Яримжон касалга узоқ вақт миннатсиз қараган келинойимиз чинакам қаҳрамон аёллардандир! Қачон йўқлаб борсак, чиройли кийинтирилган ҳолда, ишчан руҳда кўрардик Шароф акани! (Бу руҳни фб.даги фаолиятидан ҳам сезса бўларди.) Югуриб-елиб, самимий меҳмон қиларди келинойимиз!
Шароф аканинг иши энди охиратга ўтди. Оллоҳдан ҳақларига кечирим, марҳамат ва раҳмат, оила аъзолари ва яқинларига чиройли сабр тилайман.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.

Nurulloh Muhammad Raufxon

Facebook