O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“ЁШ БУХОРОЛИКЛАР” ТАРИХИ ТУРКУМИДАН

“ЁШ БУХОРОЛИКЛАР” ТАРИХИ ТУРКУМИДАН
20,754 views
04 December 2022 - 21:08

МУИНЖОН АМИНЖОНОВ
Муинжон Аминжонов 1890 йил Бухоро шаҳрида йирик уламо қози ва муфти хонадонида дунёга келган. Мактаб ва мадраса таҳсилини муваффақиятли битирган Муинжон ҳам ўз фаолиятини қозиликдан бошлаган. Бироқ, у кўпроқ мустамлака зулми остидаги қолоқ, маърифатсиз ватани Бухорони дунёнинг тараққий топган мамлакатлари қаторида кўришни истади. Шу мақсадда “Ёш бухороликлар” партиясига аъзо бўлиб, амирликда жадид мактабларини кўпайтириш, иқтидорли ёшларни чет элларда ўқитиш ҳамда ҳукумат бошқарувида замонавий ислоҳотларни жорий қилиш йўлида курашга киришди. 1918 йил март воқеалари туфайли амирликда жазо ва тазйиқлар авж олиши ортидан унинг оила аъзолари ҳам қамоққа ташланди. Муинжон Аминжонов ватандан қочиб чиқишга мажбур бўлди. Оғир ҳижрат йилларида ҳам “Ёш бухороликлар” сиёсий курашни ташламади. Амир Бухоросини ислоҳотларга мажбур этиш йўлида барча чораларни амалга оширишга ҳатто, қуролли йўл билан бўлса ҳам ҳокимиятни қўлга киритишга киришадилар. Муинжон 1919 йил ташкил этилган фуқаро қўшинида олти атрофида хизмат қилади. Афсуски, амирлик салтанати қизил армия томонидан ағдарилиши ортидан большевикларнинг ҳам ўз режаси борлиги ойдинлашди. Большевикларнинг беминнат ёрдам ҳақидаги ваъдаларига ишониб улар билан иттифоққа киришдан “Ёш бухороликлар” тезда ўзларининг даҳшатли хатога йўл қўйганликларини англаб етдилар.
1920 йилнинг сентябрида Бокуда ўтказилган қурултойда улар ғози Анвар пошони қизил армиянинг зулмларига қарши курашда ёрдамга чақиради. Анвар пошшо махфий тарзда Бухорога келиб, дастлаб Абдуқодир Муҳиддиновнинг уйида йиғин ўтказади. Унда Файзулла Хўжаев, Абдуқодир Муҳиддинов, Ота Хўжаев, Ҳошим Шойих, Аҳмаджон Абдусаидов, Мукаммил Бурҳонов, Мунавварқори Абдурашидхонов, Мусо Саиджонов, Абдурашид Мукаммилов, Қори Йўлдош Пулотов, Наимжон Яқубзода каби 25 нафар БХРнинг етакчилари иштирок этади. Анвар пошшо мажлисда Файзулла Хўжаев ва Абдуқодир Муҳиддиновларга мурожаат қилиб, миллий армия тузиш, БХР ҳукуматидаги майда гуруҳбозликларга чек қўйиш ва миллат озодлиги учун жиддий кураш бошлашга чақиради. Бироқ, кўп ўтмай чекистларнинг изига тушганини сезган Анвар пошо овга кетаяпман деб чиқиб Бухорога қайтиб келмади. Шундан сўнг истиқлолчилик курашига раҳбарликка киришди. Бухоро ҳукумати МИК раиси Файзулла Хўжаевнинг амакиси Усмон Хўжаев ҳам Шарқий Бухорога бориб, турли йўллар билан Анвар пошо ва истиқлолчиларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. 1921 йил Файзулла Хўжаев Усмон Хўжаевга хат юбориб, Бухорога қайтиши хавфли эканлиги ҳақида маълум қилади. Душанбеда Анвар пошшонинг ёнида бўлган Усмон Хўжаев ҳам шундан сўнг истиқлолчилар томонига ўтади ва Афғонистонга бориб уларга қурол яроғ топиш масалалари билан машғул бўлади. 1921 йил кузида Файзулла Хўжаев БХР мустақиллигининг кундан кун рўёга айлантирилаётганлигига қарши ўзининг уйида ҳукуматдаги сафдошларини жамлаб Бухоронинг северен мустақиллигини сақлаб қолиш зарурлиги ҳақида сўзлайди. У шахс даҳлсизлигига эришиш, зудлик билан миллий армияни вужудга келтириш, мустақил молия ва давлат хазинасини шакллантириш керак деб ҳисоблайди. Бунинг учун аввало ер ўз эгаларида қолдирилади. Аммо мамлакатни тарк этган амир ва унинг амалдорларига тегишли эгасиз ер мулклар давлат тасарруфига олиниши, хусусий мулк бўлмаган барча ер ва сув давлат тегишли бўлиши, диний таълим ва диндорлар тўлиқ эркинликка эга бўлиши ҳақидаги фикрларни илгари суради. Шундан сўнг қатнашчиларга мурожаат қилиб, ҳудудларда маҳаллий ҳокимиятни шакллантириш учун Муинжон Аминжоновни Бухоро атроф туманларига, Аҳмаджон Абусаидовни Карманага тегишли туманларга, Қори Йўлдош Пўлотовни Керки ва унинг атроф ҳудудларига, Абдурашид Мукаммиловни Чоржоу вилоятига, Ота Хўжаевни Қарши ва атроф ҳудудларига, Мусо Саиджоновни Бухоро шаҳарга масъул қилиб белгилайди. Аммо, советлар қизил армияга таянган ҳолда ҳудудларда қирғинни авж олдириб амалда Бухоро ҳукуматини обрўсизлантиришга киришди. 1922 йил бошларида Усмон Хўжаев Афғонистондан мулла Рахматулло орқали хат йўллаб, Бухорога қайтишини маълум қилади.

Файзулла Хўжаев Афғонистонга қори Зуҳурни юбориб, унинг асло қайтмаслигини, шўролар ҳокимиятни тамоман қўлга олгани ва қайтадиган бўлса ўзининг уни советлардан ҳимоя қила олмаслини айтади. Усмон Хўжаевни хатто Афғонистондан ҳам чиқиб кетишини тайинлайди.
1922 йил сентябрь ойида БХР ҳукумати ўзининг етук миллий кадрларга бўлган эҳтиёжини инобатга олиб 70 дан ортиқ туркистонлик ёшларни Германия таълим даргоҳларига ўқишга йўллайди. Бироқ, Бухорога келган Куйбишев Файзулла Хўжаевдан Германияга ўқишга юборилган ёшларни Москвага қайтаришини сўрайди. Файзулла Хўжаев уни қатъиян рад этди даволаниш баҳонасида ўзи ҳам Германияга йўл олди. 1922 йил қишида Германиядан Файзулла Хўжаевни кутиб олиш мақсадида Бухоро ҳукуматидан Муинжон Аминов, Умар Фахриев, тилмоч Юнус Шокировлар Москвага боради. Ўзлари билан олиб борган 250 та қоракўлини сотиб, ҳаммаси биргаликда Бухорога қайтадилар. Муинжон Аминов эртаси куниёқ Умар Фахриевни чақириб олиб, Германиядаги Бухоро талабалари учун ўз ҳисобидан 18000 сўм миқдорида пул, ҳукуматнинг Германиядаги талабалар комиссиясига махсус хати, шунингдек, ота-оналарнинг фарзандларига жўнатмалари ва 40 га яқин хатларини топширади. Шундан сўнг Умар Фахриев БХР Маориф нозири Қори Йўлдош Пўлотов, Порсо Хўжаевлар билан яна Москвага йўл оладилар. Бир ойга яқин вақтда Бухоронинг Москвадаги консули Абдурашид Мукамилов ёрдамида хориж паспорти олган Умар Фахриев Берлинга бориб, Бухоро ҳукуматининг Берлиндаги ташқи савдо вакили Юсуфбой Муқумбоевнинг хонадонига жойлашади. У Олимжон Идрисий ва Бадри Сайфулмулкларга ҳукумат томонидан йўлланган хатларни топширади. Хатда Ф.Хўжаев Олимжон Идрисийга аввало болаларга яхши қарашни ҳамда ҳар қандай ҳолатда уларни дипломсиз қайтармаслигини тайинлайди. “Ўқишни битирмагунча бирор йигитни ҳам қайтарманг” деб ёзади. Шунингдек, хатнинг махфий қисмида ўзининг Бухорога етиб келгани ва энди аввал келишилганидек Германия ҳукуматининг БХРни суверен мустақил давлат ва ўзининг тенг ҳуқуқли ҳамкори деб эълон қилиниши сўралган эди. Бироқ, Германия ҳукумати ўзининг оғир ҳолати туфайли Файзулла Хўжаевга берган ваъдасини бажара олмайди.
1923 йил апрелда Муинжон Аминов дўстлари Умар Фахриев, Халил Каримов, БХР Маориф нозири Қори Йўлдош Пўлатов ҳамда Савдо нозири Мустафо Сайфулмулклар билан Кисловодскда дам олиш баҳонасида Тифлисга бориб, “Ореанда” меҳмонхонасига жойлашадилар. Шу ерда БХР консули Муқимиддинбек Ҳамзабеков билан учрашади. Бу гал Бухоро ҳукумати вакиллари Усмон Хўжаев орқали Туркиядан ёрдам олишга эришмоқчи эди. Муинжон Аминов Туркиянинг Анвар пошшонинг қасоси ва бошқа пошшоларининг Кавказда ўлдирилиши туфайли Бухорога ёрдам беришига ишонган эди. Бироқ, бу гал ҳам душман бир қадам олдинда экани маълум бўлди. Ҳали музокаралар бошланмай туриб, бу вақтда Тифлисда бўлган Элиава ишга халақит беради. Тўсатдан Муинжон Аминов ва Қори Йўлдош Пўлатовлар Москвага чақириб олинди. Кўп ўтмай Рудзутаг буйруғи билан Бухоро ҳукуматидаги собиқ “Ёш бухороликлар”нинг Фитрат, Ота Хўжаев, Саттор Хўжаев каби қатор етакчилари ҳам ҳукуматдан четлаштирилди. Улар ҳам зудлик билан Москвага чақириб олинди. Собиқ Бухоро ҳукумати раҳбарларига Москвада ҳам кўп туришга рухсат берилмасдан Қозонга юборилди. Улар 1923 августдан 1924 йил августигача Қозонда деярли уй қамоғи шароитида яшашга мажбур этилди. Улар 1924 йилнинг ўрталаригача Қозон уламолари Тоиб Ҳазрат, Қосим Ҳазрат, Иброҳим Ҳазратлар билан танишиб шўролар шароитида ислом арконларини сақлаб қолиш мақсадида доимий суҳбатлар ўтказиб туришар эди. Бухорода эса ҳукумат амалда Аббос Алиев бошчилигидаги сўлларнинг қўлига ўтди. Большевиклар арзимаган баҳона билан хоҳлаган кишини отувга ҳукм этиши оддий ҳолга айланиб қолди.
1925 йил сургундан Бухорога қайтиб келган Муинжон Аминжонов кўп вақт ўзига иш топа олмади. Шундан сўнг Москвага бўриб турли вазифаларда ишлаб юрди. Фақат 1934 йилга келибгина Муинжон Аминжонов Тошкентга қайтишга муваффақ бўлди. Бироқ, 1935-1936 йилларда Москванинг қутқуси билан Файзулла Хўжаев ва унинг бухоролик кадрлари ҳамда Амал Икромов командаси ўртасида жиддий кураш кетаётганлиги ҳақидаги миш-мишлар ўрчитила бошлайди.

Хатто, Файзулла Ҳўжаевнинг иниси Ибод Хўжаевнинг ўз жонига қасд қилиши ҳам бу низоларнинг натижаси сифатида талқин этилди. Файзулла Хўжаевнинг “Акмал Икромов хатто менинг ягона укамни ҳам ўлимигача олиб борди” деган гапни айтгани халқ орасида тез-тез такрорланадиган бўлиб қолди.
1937 йил 17 январь куни берилган ордер орқали Ўзбекбирлашувнинг сут-ёғ бўлимида бошлиғи Муинжон Аминжонов Тошкент шаҳри, 2-Оққўрғон маҳалласи, 15-уйдан ҳибсга олинади. Унинг ортида турмуш ўртоғи Фотимахон, ўғли Муҳаммаджон, қизлари Холида ва Муниралар қақшаб қоладилар.
1938 йил 28 январь куни сўроқда Ибод Хўжаев аслида 1936 йил 7 февраль тунида ичкилик таъсирида хотини Антонина Николаевна билан тортишиб қолгани ва ўзини отиб қўйганини айтади. Бироқ, эл орасида уни Акмал Икромов Ўзбекторгдан ишдан кетказгани, партиядан ҳайдагани сабаб бўлган деган гап чиқди. Ҳатто, унинг номига ёмон сўзлар ҳам бўлган эди, дейди.
Муинжон Аминжонов 1937 йил 16-20 апрель кунлари сўроқ жараёнида Файзулла Хўжаевни халқ душмани эмас, аксинча ўз халқининг ҳақиқий фарзанди, фидойиси эканлигини исботлашга ҳаракат қилади. У Ф.Хўжаев Намиқ Камолнинг шеърларини жуда севар эди. Айниқса, унинг “Овчи ва ит” поэмасини айтиб, тун қоронғулиқларидан ортиқ сиқилар, ёруғ кунларни орзу қилар эди. Ўзининг худди ит ҳолига солинган, компартиянинг қули бўлиб қолаётганидан ташвишланар эди. Фитратнинг “Ватан қайғуси” шеърини Муҳиддин Қори Яқубий томонидан куйланишини жуда ёқтирар эди. 1935 йил баҳорида мен, Раҳматилла Музаффаров, Саттор Хўжаев, Ота Хўжаевлар Файзулла Хўжаевнинг уйида йиғилган эдик. Ф.Хўжаев дастурхон олдида нимагадир ҳўнграб йиғлаб юборди. Шунда онаси “нега йиғлайсиз ўғлим, сизга нима етишмайди. Подшоҳ ҳам йиғлайдими” деди. Шунда Ф.Хўжаев: “Сен подшоҳ эмас, бахтсиз бир қул туққансан Она! Тўғри, мен эшшакдай ишлаяпман, аммо қалбим истаган ишни, ўз миллатимга қилишни хоҳлаган хизматни қилолмаяпман. Мени буйруқни сўзсиз ижро этадиган қулга айлантиришмоқда, Она” деди.
1935 йил кузида Файзулла Хўжаев бизни ўз уйига таклиф этди. Унда мен, Раҳматжон Музаффаров яна икки уч нафар собиқ “Ёш бухороликлар”, Комил Яшин, Ҳалима Носировалар келган эди. Файзулла Хўжаев: “Эй, Аллоҳ мени Ўзбекистонни мустақил, ҳар жиҳатдан тўкис, гуллаган кунларини кўргунимча ўлдирма!” деб сўзини якунлади. 1935 йил Ф.Хўжаевнинг уйида унинг Халқ комиссарлар советига раис бўлганлигининг 15 йиллиги юбилейини ўтказдик. Фитрат, Раҳматилла Музаффаров, Ота Хўжаев, Мусо Саиджоновлар келган эди. Ўшанда ўзи Фитрат ва бошқаларни ҳам НКВД тўлиқ кузатиб бораётганини айтган эди. У ҳамиша Бухоронинг хонавайрон қилинишида ўзини айбдор деб ҳисобларди. Ҳамиша Бухорони қайта қуришга интилди. 1936 йилнинг бошларида Бухоро шаҳар кенгаши раиси Қурбоновга “Мен юз йил бу ишда қололмайман, нима керак бўлса шу вақтда қилиб қолинглар” деб қурилишга зўр беришларини буюрган эди, дейди.
1937 йил 20 июн куни Муинжон Аминжоновни жисмоний қийноқ ва таҳқирлашлар билан айбига иқрор эта олмаган терговчилар янада тубан қилмишларини амалга оширишга киришади. Гўёки унинг турмуш ўртоғи Фотимахоним келтирган кўрпа жилди текширилганида унинг ички қисмида араб ёзувида “оға, сизни ёлғиз қолдирмаймиз”, “Билганингиздай бажаринг” каби гаплар ёзилганлиги аниқланганлигини ҳужжатлаштиришадилар. Албатта, бу уларнинг инсонни синдириш учун ўйлаб топилган найрангларидан бири эди.
Муинжон Аминжонов 1937 йил 13 апрель куни сафдоши Ота Хўжаев билан юзлаштирилди. 1937 йил 15 июн куни юзлаштиришда Олимбек Арабов деган кимса Муинжон Аминжоновга Троцкийнинг ашаддий тарафдори бўлгани ҳамда “ҳамма ишни биз қилиб, натижа Акмал Икромов номидан эълон қилинаётганидек, асли ишни Троцкий қилиб, ҳаммасига Сталин эга чиқди”, деганини эслатади.
1937 йил 15 август куни юзлаштиришда собиқ сафдоши Халилжон Каримов: БХР МИК раиси бўлган Муинжон Аминжоновнинг Ғиждувонда мулла Қаҳҳорни қўллаб қувватлагани, шунингдек 1921 йил бошларида у билан Карминага боргани, у ердан махфий тарзда Варғозига ўтиб Жабборбек билан учрашганини, Муинжоннинг унга 20-30 та чопон ҳамда пул берганлигини айтади.

Сўзининг исботи сифатида ўша йилнинг ўзида Жабборбек йигитлари билан Муинжон Аминжоновнинг уйига келганида қизил аскарлар томонидан тутиб олиниб отиб ташланганлигини келтиради. Муинжон тўғри мулла Қаҳҳор менинг мадрасадош дўстим бўлган. Жабборбек ҳам мендан ёмонлик кутмагани учун чекистларнинг ёлғон ҳийласига ишониб, уйимга келган. Ваҳоланки, мен бу гаплардан улар отиб ташланганидан сўнг хабар топганман дейди.
Муинжон Аминов қанчалик чидам билан қийноқ ва таҳқирларга қарши турмасин 1937 йил 14 октябрь отувга ҳукм этилди. Ноҳақ ҳукм 1937 йил 25 октябрда Тошкент шаҳридаги махсус объектда ижро этилди. Шу тариқа Бухоро Халқ Жумҳурияти ҳукуматида Марказий ижроия қўмитаси раис ўринбосари, Бухоро Фавқулодда комиссия раиси, Ички ишлар нозири каби масъул лавозимларда иш олиб борган Муинжон Аминжонов ҳаётига чек қўйилди.
1965 йил 2 декабрь куни оқланган.

Bahrom İrzaev