O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Буюк Туркий эл

Буюк Туркий эл
212 views
13 May 2019 - 7:00

БУЮК ТУРКИЙ ЭЛ

Туркий халқларнинг келиб чиқиши, инсоният тараққиёти, жаҳон маданиятида тутган ўрни мавзуси ҳамиша долзарб.
Бир замонлар дунёнинг ярмига эгалик қилган туркий халқларнинг тарқоқлиги, пароканда бўлгани, туркий халқларнинг муқаддас заминлари бошқа зўравонлар томонидан босиб олингани, туркийларнинг маълум бир қисми эса золим қулига айлангани ва бу аянчли, айни пайтда шармандали вазият ҳамон кучайиб бораётганига мутлақо чидаб бўлмайди.

Абдурауф ФИТРАТ

ЮРТ ҚАЙҒУСИ

Онам! Сени қутқармоқ учун жонми керакдир?
Номусми, виждон била имонми керакдир?
Темур била Чингиз қони тошди томиримиздан,
Айтгил! Сени қутқармоқ учун қонми керакдир?
Ёв суқғали келгач қиличини юрагингга,
Туш олдига, ол кўксуми — қалқонми керакдир?
Боқ, боқ, мана турк тенгизи тошқун қила қолди,
Турон ёвини қувғали тўфонми керакдир?
Турон, йигитинг, барчага боқ, қалқди оёқға,
Юртда қоровул қўйғали арслонми керакдир?

Абдурауф ФИТРАТ

Эй муқаддас Туронимнинг хаёли, кетмай тур, айрилма.
Ёнимда, кўзларимда, юрагимда, виждонимда қол, кетма.
Туроним, сендан айрилмоқ — менинг учун ўлимим.
Сенинг учун ўлмоқ — менинг тириклигимдир,
Паноҳим, саждагоҳим, умидим!
Ёвларинг сени шу кунгами солдилар?
Тилагим, истагим, саодатим!
Болаларинг сени шу ҳолдами қўйдилар?
Суюнчим, овунчоғим, ўчоғим!
Золимлар сени кимсасизми кўрдилар?
Йўқ, сен кимсасиз эмассан. Мана мен, бутун борлиғим билан сенга кўмак қилурға ҳозир. Мана мен чин кўнгил билан сенинг йўлингда ўлурға рози.
Қоф тоғлари йўлимда тушса;
Тамуғ[6] оловлари қаршумдан чиқса, яна сен сари кетарман.
Устимга инсонлар эмас, шайтонлар қўшини келса,
Оёғимга занжирлар эмас, жаҳаннам илонлари сорилса[7],
яна сен сари кетарман.
Дунёнинг бутун балолари бошимға тўкулса,
Зулм чўлининг темир тиконлари кўзларимга кирса, яна сени қутқарарман.
Мен сенинг учун тирилдим,
Сенинг учун яшарман,
Сенинг учун ўлурман.
Эй туркликнинг муқаддас ўчоғи!
Ўлим сенинг ўлимингни истаганларга,
Нафрат сени кўмгани келганларга!

ҚИРҒИЗИСТОН – ҲАЁТИМДА МУҲИМ АҲАМИЯТГА ЭГА

(Бишкекда чиқадиган «Очиқ сўз» газетасида қирғиз тилида босилган мақола матни)

Қирғизистон – ҳаётимда алоҳида аҳамиятга эга.

Тошкентдан жануб томон саксон чақирим масофадаги қишлоқда туғилганман. Тақдир тақозоси билан Қирғизистоннинг Лайлак тумандаги Замбориш қишлоғидан қишлоғимизга келиб қолган тожиксифат, раҳматли Абдулла Аширов ўгай отам бўлади,беш ёшимдан Абдулла отамнинг қўлида тарбия топганман. Абдулла отам ўқимишли бўлиб, қишлоғимиз кутубхоналаридан ҳар доим китоб олиб ўқирди, бинобарин асли қирғизистонлик айнан Абдулла отам туфайли менда ҳам китобга меҳр уйғонган бўлса, ажаб эмас.

Қишлоғимизда турли миллат ва элат вакиллари бир оила аъзоларидай иноқ яшардик. Камина дунёга келишимда рус аёли доялик қилган. Отаси ўзбек, онаси қирғиз раҳматли Кўлбой Йўлдошев мактабимиз директори эди. Тожикистонлик Иброҳим Маҳсумовдан тил ва адабиёт сирларини ўргандим. Лариса Васильевна Фёдорова рус тилидан сабоқ берган. Бошқирд Фотима опа тарих фанидан дарс берган…

Қишлоғимиз катта – алоҳида Қирғизовули ҳам бор.

Тожикистон – жанубий қалқонимиз, Туркманистон – жанубий-ғарбдаги мардонимиз.

Қозоғистон – ишонган боғимиз, Қирғизистон – суянган тоғимиз.

Бутун Фарғона водийсини, сал муболаға билан айтганда, Ўзбекистонни боғу бўстон қилаётган она Сирдарё айнан Қирғизистон тоғларидан бошланади. Қирғизистон – Сирдарё тимсолида бизларни ҳам оби ҳаёт билан таъминлайди, боғу роғларимизга ҳаёт, қалбимизга баёт бахш этади.

Қирғиз халқи билан қон-қардошлигимиз минг йилларга бориб тақалади. Бизларга бегоналик бегона, бинобарин тарихий илдизларимиз ягона.

Бу йил таваллудиниг минг йиллиги дунё миқёсида кенг нишноланаётган Юсуф Хос Ҳожиб қадимий Қуз ўрдадаги Боласоғун шаҳрида, ҳозирги Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳри яқинида таваллуд топган. Хусусан, “Қутадғу билиг” муаллифи достонда ўз она шаҳри Болосоғун эканлигини қайд этган:

Қуз ўрду ўлкаси аслида элим,
Насабу наслимни куйлагай тилим.

Профессор Боқижон Тўхлиев ёзади: “Қуз Ўрду туркийлар истиқомат қиладиган қадимий шаҳарлардан бири. У Боласоғун номи билан машҳур бўлган. Бу шаҳар XI асрда яратилган яна бир муҳташам обида – Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асарида бир неча марта тилга олинади. Жумладан, бу шаҳарнинг арғун лаҳжасида Қуз Улус, ўғуз лаҳжасида Қуз Урду деб юритилишини Маҳмуд Кошғарий махсус қайд этади” .
Навоий Ҳазратлари фахр билан куйлайди:

Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,
Муайян турк улуси худ менингдур.

Олибмен тахти фармонимға осон,
Черик чекмай Хитодин то Хуросон.

Дарҳақиқат, Навоий ҳазратлари ҳам барча туркий халқлар қатори ўзбек ва қирғиз халқини ҳам бир тану бир жон қилган афсунгару оҳанрабо меҳварлар жумласидан.

Бизларни бир тану бир жон қиладиган яна бир сиймо – Чингиз Айтматов.

1998 йили Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунлари ўтказилди. Ўша йили машҳур адиб Чингиз Айтматовнинг 70 йиллиги Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланди. Мазкур сана муносабати билан Чингиз Айтматов Ўзбекистонга келганди. Машҳур адиб билан бўлган учрашувда қатнашиш бахтига камина ҳам муяссар бўлганман. Чингиз Айтматов – атоқли отахон адибу ёзувчиларимизнинг қадрдон дўсти, биз каби кейинги авлоднинг азиз устози.

Бир неча марта Бишкекда ҳам, қолаверса Чингиз Айтматов вояга етган Талас шаҳри ва водийсида ҳам бўлганим билан ҳамиша фахрланаман. Атоқли ўзбек адиби Одил Ёқубов ҳам Чингиз Айтматов билан дўст эканидан бир умр ғурурланиб ўтди. Одил Ёқубов бу хусусда ёзади:

“Мен Чингиз Айтматов туғилиб ўсган Шакар қишлоғини кўришни кўпдан орзу қилиб юрарди. Чунки қайси бир донишманднинг: “Адиб ижодининг туб моҳиятини билмоқчи бўлсанг, у туғилган юртни бориб кўр”, деган маслаҳати доим эсимда турарди.

Шакар аили қудратли Манас тоғининг шундай пойида жойлашган экан. Бошига оппоқ салла ўраган бу тоғ исми-жисмига монанд – ҳам юксак, ҳам улуғвор, ҳам мафтункор бир чўққи экан. У ўз номига муносиб, мажнунтол ва осмонга мағрур бўй чўзган сарвлар ва тераклар билан ўралган. Дарахтлар тагида ҳам хиёл лоф қилиб айтганда, бир дарё шарқираб оқиб ётаркан. Ҳақиқатдан, донишманд айтганидек, мен бу бетакрор манзарани кўрганимда Чингиз ижодининг шоирона ва мафтункор жиҳатларини бутун тўлалигича илғаб олгандай бўлдим”.

“Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадимги Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин. Советгача бўлган даврларда ва совет даврида ҳам Ўзбекистон бизнинг Шарқдаги сўзимиз ва юзимиз бўлиб келган… Биз Туркистон тоғлари ва кенг чўлларида бирга яшаймиз. Болаликдан қадим тарих ва маданиятга эга ўзбек халқига ҳурмат руҳида тарбияланганмиз. Ўзбек халқи ўзининг гўзал миллий хусусиятлари билан ҳеч қандай шак-шубҳасиз барча тан олган шундай ҳурматга лойиқ” дея алоҳида таъкидлаган Чингиз Айтматов таваллудининг 80 йиллиги ўтган йили Ўзбекистонда давлат миқёсида кенг нишонланди. Кўплаб йирик тадбирлар ўтказилди, Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги мактаблардан бирида шоирга бюст ўрнатилди.

Мени Қирғизистон билан пайваста қилган сиймолардан яна бир – Турсунбой Адашбоев.

Турсунбой Адашбоев 1939 йил 1 январь куни Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Олабуқа туманидаги Сафед Булон қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)ни ҳамда Москвадаги Жаҳон адабиёти институтини битирган. Икки қардош халқ ўртасида адабий кўприк вазифасини сидқидилдан ўтаган Турсунбой ака “қирғиз адабиётининг Ўзбекистондаги вакили” мақомини олган, ҳозирги қирғиз адибларининг ўттизга яқин китобларини ўзбек тилига таржима қилиб, Тошкентда чоп эттирган заҳматкаш қаламкаш эди.

Ўзбек халқи “Алпомиш” достони билан қанчалар фахрланаса, “Манас” достони билан ҳам шунчалик ғурурланади. Маълумки, “Манас” – қирғиз халқи ўтмишининг бадиий тарихи, шеърий қомуси, ҳаётномасидир. Бу достон ўзбек тилига бир неча марта таржима қилинган. Таниқли қирғиз адиби Кенгаш Жусупов яратган “Манас” достонининг насрий табдилини Турсунбой Адашбоев ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган ва бу асар Тошкентда 1995 йилда нашр қилинган. Турсунбой Адашбоев икки халқ қардошлигини янада мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳам, Қирғистон давлати томонидан ҳам юксак тақдирланган. Хусусан, Турсунбой ака Ўзбекистоннинг «Дўстлик» ордени билан тақдирланган. У, шунингдек, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби ва «Манас» ордени совриндори ҳамдир.

Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларининг азалий қон-қардошлиги, дўсту қадрдонлиги янада юксалиши йўлида бугунги кунда ҳам сидқидилдан хизмат қилинмоқда. Бу борада икки қўшни ва дўст мамлакат раҳбарлари ўзгача жонбозлик кўрсатаётгани қувонтиради.

Айни эзгу ишга ҳозирги пайтда Қирғистон пойтахти Бишкек шаҳрида фаолият юритаётган шоир дўстимиз Муҳаммаджон Раҳмонов ҳам баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келаётир. Муҳаммаджон қирғизистонлик қатор қаламкаш дўстлар, матбуот нашрларининг ходимлари, хусусан “Очиқ сўз” газетаси мутасаддилари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Бу ҳамкорлик икки халқ адабиёти намояндаларини бир-бирига яна ҳам яқинлаштирмоқда. Бунинг учун газета бош муҳаррири Жўра Сулаймоновга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. Мазкур газетада қатор ўзбек шоир ёзувчилари қатори каминанинг шеърлари ҳам туғишгандай яқин қирғиз халқи тилида, буюк Манас ва Чингиз Айтматов тилида чоп этилди. Қатор ўзбек шоир ва ёзувчиларининг асарларини қирғиз тилига таржима қилаётган қаламкаш биродаримиз Мирсаид Анарбоевга эса “Илоҳим, қўлингиз дард кўрмасин! Асло ҳорманг!” дея самимий тилак билдирамиз.

Маълумки, жаҳон халқларининг тиллари, хусусан туркий тиллар орасида бой ва қудратли, мардона ва ҳақиқатгўй, ҳикматли ва шоирона гўзал қирғиз тили алоҳида ўринга ва мақомга эга. Худо насиб қилса, қирғиз шоир ва адибларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилишдек шарафли ишга мен ҳам баҳоли қудрат ўз ҳиссамни қўшаман.

“Очиқ сўз” газетаси қўшни Қирғизистонда оммабоп нашр экани унинг номидан ҳам яққол кўриниб турибди. Камина асосий касбим журналист бўлгани боис газетачилик машаққатли, айни пайтда шарафли ва савобли касб эканини жуда яхши биламан. “Очиқ сўз” газетасининг барча ходимларига, барча қирғизистонлик журналист ҳамкасбларга, энг муҳими қардош Қирғизистон халқига самимий саломларимни йўллайман.

Эҳтиром ва таъзим билан Абдуҳамид Пардаев

facebook.com