O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Жаннат ва жаннатликлар

Жаннат ва жаннатликлар
170 views
18 August 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(15)
(давоми)

Жаннат ва жаннатликлар

Абу Ҳурайра (ундан Оллоҳ рози бўлсин) дейдики, бир куни Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан: “Ё, Расулуллоҳ, жаннат нимадан яратилди?”, деб сўраганимизда, у: “Сувдан”, деб жавоб берди.

Биз “жаннатнинг нимадан қурилганини айтиб беринг”, дедик. Расулуллоҳ шундай деди:

“Унинг бир ғишти олтиндан, иккинчиси кумушдандир. Ҳиди – мушкдир, тупроғи заъфарон, тоши – инжу билан маржондир. У ерга кирган бахтли бўлади, асло умидсизликка тушмайди, у ерда абадий қолади, ҳеч ўлмайди. На унинг либослари йиртилар, на-да, ёшлиги тугайди”.

Кейин суҳбатини шундай давом эттирди: Уч киши борки, уларнинг дуолари асло рад этилмас:

1.Одил ҳукмдор.

2.Ифтор пайтидаги қилинган дуо.

3.Мазлум.

Мазлумнинг дуоси булутлар устида юксалади. Оллоҳу Таоло мазлумнинг дуоси билан қаршилашганда “Иззатим ва жалолим ҳаққи учун бир муддат кейинроқ бўлса-да, сенга мутлақо ёрдам этаман”, дейди.

Абу Ҳурайранинг (ундан Оллоҳ рози бўлсин) ривоятига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган: “Жаннатда шундай бир дарахт борки, унинг соясида отлиқ бир киши юз йил юрса, бу соядан чиқолмайди. Агар истасангиз, “узун ёйилган соялар”, маолидаги оятни (“Воқеа” сураси, 30 оят) ўқинг. Яна жаннатда ҳеч бир кўзнинг кўрмагани, ҳеч бир қулоқнинг эшитмагани ва ҳеч бир инсоннинг кўнглидан кечмаган неъматлар бордир. Истасангиз шу оятни ўқинг: “Ҳеч ким ўзи учун қандай кўз қамаштирувчи неъматларнинг тайёрланганини билолмайди” (“Сажда” сураси, 17).

Жаннатда бир қамчи сиғадиган жой дунё ва ундаги мавжуд ҳар нарсадан хайирлироқдир. Истасангиз, шу оятни ўқинг: “Кимки, жаҳаннамдан узоқлаштирилиб, жаннатга қўйилса, муҳаққақ муродига етгандир” (“Оли Имрон” сураси, 185).

-Ибн Аббоснинг (ундан Оллоҳ рози бўлсин) айтишига кўра, Жаннатда Луъба исмли бир ҳури бор экан. Бу ҳури мушк, анбар, кофур ва заъфарондан яратилиб, хамири ҳаёт суви билан қориштирилган. Ҳуриларнинг ҳаммаси унга ошиқдир.

Агар у денгизга бир марта тукурса, денгизнинг шўр суви дарҳол ширин бўлади. Унинг бўйнида шу ёзув ёзилган: “Ким мен каби ҳурига соҳиб бўлмоқ истаса, Роббимга ибодат этиши лозим”.

-Мужоҳидларнинг айтишига кўра, жаннатнинг тупроғи мушк, дарахтларининг илдизлари ҳам мушк, шохлари инжу ва забаржад. Уларнинг меваларини тик туриб ҳам, ўтирган ҳолда ҳам, ёнбошлаб ётиб ҳам ейиш мумкин”.

Мужоҳид бу сўзларини шу оят билан якунлади: “Мевалар ейишлари учун яқинлаштирилгандир” (“Инсон” сураси, 14).

-Абу Ҳурайра (ундан Оллоҳ рози бўлсин) дейди: “Муҳаммадга Қуръони Каримни индирган Оллоҳга ямин этаманки, жаннатликлар дунёда қандай бора-бора қариса, жаннатда борган сари гўзаллашиб, норғул бўлиб боради”.

-Суҳайбдан (ундан Оллоҳ рози бўлсин) ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Жаннатликлар жаннатга ва жаҳаннамликлар жаҳаннамга киришганида, жаннатликларга шундай дейилади: “Эй, жаннатликлар, Оллоҳу Таоло сизга бир нарса ваъда қилганди. Энди ўша ваъдасини ўрнига келтирмоқ истайди”.

Жаннатликлар бунга шундай жавоб беришади: У қандай ваъдадир? Оллоҳу Таоло бизнинг амал тарозимизни савоб палласини оғирлаштириб, юзларимизни оқ қилгани етмайдими? У бизни Жаннатга киритиб, жаҳаннамдан узоқлаштирмадими?”.

Шунда парда кўтарилиб, жаннатликлар Уни кўрадилар. Нафсимни қудрат қўлида тутган Оллоҳга ямин этаманки, жаннатликларга берилган ҳеч нарса Уни жамолини кўриш қадар гўзал бўлмаяжакдир”.

-Анас бин Малик (ундан Оллоҳ рози бўлсин) дейди: “Бир кун Жаброил Пайғамбаримиз ёнига бир порлаган ойна билан келди. Ойнада қора бир нуқта бор эди. Пайғамбаримиз: “Ё, Жаброил, бу порлоқ ойна надир?” деб сўради.

Жаброил унга шундай жавоб берди:

“Бу ойна Жума кунидир. Ундаги бу сиёҳ нуқта эса жуманинг бир соатидир. Жума куни фақат сенга ва умматингга берилган бир имтиёздир. Бутун инсонлар, яъни яҳудийлар ва христианлар, бу маънода сенга боғлиқдир. Жума кунининг шундай бир соати борки, бу соатни топиб, ўша соатда Оллоҳдан хайирли бир нарсани тилаган ёки ҳар қандай ёмонликдан сақланмоқ учун дуо этган мўминнинг истаги мутлақо қабул этилади. Биз жума кунига “Яймул Мазид” деймиз.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Яймул Мазид нима?” деб сўради. Жаброил сўзларини шундай давом эттирди:

–Роббинг Фирдавс жаннатида бир водий танлади. У водийда мушкдан бир тепа бор. Ҳар жума куни бу тепа пайғамбарларнинг минбарлари билан қуршатилади. Яна бу мушк тепанинг атрофи солиҳларнинг ва шаҳидларнинг забаржади билан безатилган, минбарлари билан қуршатилади. Кўшкда ўтирганлар ҳам ўз кўшкларидан тушиб, бу мушк тепа атрофига йиғилишади.

Ва ҳаммаси Роббиларига ҳамду сано айтадилар. Шунда Оллоҳу Таоло уларга “тилагингизни тиланглар”, дейди. Улар “сенинг ризоингни истаймиз”, дейишади.

Оллоҳу Таоло уларга “Сиздан розиман. Сизни Жаннатимга ерлаштирганим каби, сизга бошқа бир кароматимни ҳам бағишлайман”, дея тажаллий этар экан, ҳамма Уни кўради.

Шу боис Жаннатликларга жумадан ҳам суюкли кун йўқдир.

-Бошқа бир ривоятга кўра, Оллоҳу Таоло малакларига “дўстларимга емак беринг!”, дея амр этади. Ва дастурхонга турли-туман емаклар келтирилади.

Жаннатликлар бу емакларнинг ҳар биридан алоҳида бир лаззат туядилар.

Емаклар ейилиб бўлганда, Оллоҳу Таоло “қулларимга ичимлик тақдим этинглар”, дейди. Ва дастурхонга турли-туман ичимликлар келтирилади. Жаннатликлар бу ичимликларнинг ҳар бирида айри бир лаззат тотиб кўрадилар.

Ичимликлар тугаганда, Оллоҳу Таоло “мен сизнинг Роббингизман, сизга берган сўзимни тутдим. Энди жонингиз нима истаса, айтинг уни берайин”, дейди.

Жаннатликлар икки ва ёки уч марта “Эй, Роббимиз, биз сенинг ризоингни истаймиз”, дейишади.

Оллоҳу Таоло уларга “Мен сиздан розиман. Қолаверса, бугун сизларга бундан ҳам кўпроғи бағишланажакдир”, дейди ва парда кўтарилиб, жаннатликлар Оллоҳнинг жамолини кўрадилар**.

Улар дарҳол саждага йиқиладилар ва Оллоҳ истагани қадар саждада қоладилар. Кейин Оллоҳу Таоло “Бошингизни кўтаринг, бу ер ибодат жойи эмасдир”, дейди.

Жаннатликлар Оллоҳни кўрганда у ернинг бутун неъматларини унутиб юборадилар.

Шунда Арш остидан бир шамол мушк тепасига қараб эсади ва жаннатликларнинг пешоналарини ва уловларнинг ёлларини ялаб ўтади.

Улар маконларига қайтиб боришганда, ўз жуфти ҳалолларининг янада гўзаллашганини кўришади. Жуфтлари ҳам уларга “сиз ҳам аввалгидан гўзалроқ кўринаяпсиз”, дейишади.

-Икримага кўра, жаннатлик хотинлар ҳам, эркаклар ҳам 33 ёшдаги ёшлар кабидирлар. Уларнинг бўйлари ҳазрати Одам каби 60 тирсак узунлиги қадардир. Ҳаммаси порлоқ юзли ва кўзи сурмали ёшлардир. Етмиш қат либоси бор ҳаммасининг. Бу либосларнинг ҳар бири ҳар соатда етмиш марта ранг ўзгартиради.

Эркак ўз аксини хонимининг юзида, бўйнида, тўпиғида кўргани каби, хотин ҳам ўз аксини эрининг юзида, бўйнида ва тўпиғида кўролади.

Жаннатликлар на тупурадилар, на бурун қоқадилар. Булардан бошқа ифрот ҳам уларга бегонадир.

-Айтилишига кўра, жаннатлик бир хотин агар кўкдан ҳовучини ичини очиб кўрсатиб юборса, кўк билан ер ораси ойдинлашиб кетган бўларди.

-Зайд бин Аркомдан (ундан Оллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишага кўра, Аҳли китобдан бири Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ёнига келиб: “Ё, Абул Қосим, жаннатликлар у ерда еб-ичадилар деб ўйлайсанми?”, деб сўраганида. Пайғамбаримиз (с.а.в.):

Ҳа, нафсимни қудрат қўлида тутган Оллоҳга ямин этаманки, жаннатлик бир эркакка емак, ичмак ва жинсий муносабатда юзта эркак кучи берилгандир”, деди.

Шунда ўша одам “еб-ичган одам ахлатларини вужудидан чиқаришга мажбур бўлади. Ҳолбуки жаннат тоза ердир, демак, у ерда ахлат йўқ”, дейди.

Пайғамбаримиз унга “уларнинг бу каби чиқиндилари терлаш йўли билан вужудидан чиқади. Уларнинг тери эса мушк каби хушбўйдир”, деб жавоб берди.

-Суммий бин Мутоб “Иймон келтириб, солиҳ амаллар ишлаган зотлар тубо (хушнудлик) ва гўзал оқибат –жаннат бор” (“Раъд” сураси, 29”) ояти ҳақда шундай дейди: “Тубо жаннатдаги бир дарахтдир. Жаннат уйларининг ҳар бири бу дарахт шохларидан бирининг соясида бўлади. Бу дарахт турли-туман мевалар беради. Шохларига туялар каби қушлар қўнади.

Жаннатликлардан биттаси бу қушлардан биттасининг этини қунтли тусаса, у қушни чақиради, қуш ҳам тайёр ҳолда, унинг дастурхонига келади. Жаннатликлар бу қушнинг бир оёғини қовурилган ҳолда, иккинчисини димланган ҳолда ейди. У еб бўлгандан сўнг қуш яна эски ҳолига қайтади ва учиб кетади.

-Абу Ҳурайрадан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган: Умматимдан жаннатга кирган илк гуруҳнинг юзи ўн тўрт кунлик ой каби порлоқ бўлади. Улардан кейин кирганларнинг юзлари энг порлоқ юлдуз каби бўлади. Сўнгра келганларнинг юзи ҳам даражаларига кўра бўлади. Улар на кичик, на-да катта ҳожат чиқарадилар, на тукурадилар, на бурун қоқадилар. Тароқлари олтиндан бўлади ва хушбўй ҳид қутиларидан ўт ҳиди ёйилади. Терласалар теридан мушк ҳиди келади. Ҳаммасининг феъли бир хилдир. Бўйлари оталари ҳазрати Одамнинг бўйи каби олтмиш тирсакдир.

* “Парданинг кўтарилиши” – бу жаннатликларнинг кўзидаги парданинг олиб ташланиши демакдир. Бу парда  уларга Оллоҳни кўришига тўсиқ сифатида қўйилган эди.

*“Жаннатликлар Оллоҳни кўради” – бу демак, улар Оллоҳни ўхшатишсиз (очиқ) кўрадилар.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси