ЖАСЛИҚДА «САЙР»
Жаслиқ зонасида сайр қилдириш вақти аниқ белгиланмаган. Яъни, зона ходимларининг кайфиятига қараб, сайрга чиқариш эрталаб соат 10 да ёки тушдан кейин соат 14 да бўлиши ёинки умуман бўлмаслиги мумкин.
Мабодо сайр бўладиган бўлса, ҳеч қандай олдиндан эълон қилинмасдан, камералар эшиги очилиб, “17-чи камера сайрга чиқ!” дейилади ва камерадагилар коридорга чиқишади, бир қатор бўлиб қўлларини кўтарилган ҳолда деворга қўйишади. Думбасига 5-6 та “дубинка пайка”сини олганлар коридор ўртасига бир қатор бўлиб сафланишади ва “Сайрхонага қараб бегом марш!” буйруғини кутишади. Ҳамма “пайка”сини олиб бўлганидан сўнг буйруқ янграйди.
Сайрхона бинонинг охирги ‒ тўртинчи қаватида жойлашган бўлиб, тепаси арматуралар билан панжараланган, панжара устига сим тўр тўшалган бўлади. Сайрхона устида иккита войсковой сайр қилаётганларни назорат қилиб туради.
Сайрга чиқаётганимизда иккинчи қаватдан то тўртинчи қаватгача дубинка билан қуролланган 30-40 ҳарбийдан иборат “тирик коридор” ҳосил қилишади. Бу “коридор”дан ўтган ҳар бир маҳкум сайрхонага етиб боргунича 30-40 тадан дубинка ейди. Сайрдан қайтишда ҳам бу “ўзига хос ва ўзига мос” жазо усули такрорланади.
Бир соатлик сайрдан сўнг яна ўша ДПНК бошлиғи ёрдамчисининг савол-жавоблар “спектакли” бўлади:
– Мужиклар, сайр қандай ўтди?
– Раҳмат, гражданин началник, сайр яхши ўтди!
– Ҳеч ким урмади-сўкмадими?
– Йўқ, гражданин началник, ҳеч ким урмади, сўкмади!
– Чекадиганлар чекдими? Ҳарбийлар самосад[1] беришдими?
– Ҳа, гражданин началник, ҳамма чекди! Самосад ҳам тарқатишди!
– Ҳаммаларинг мазза қилиб сайр қилдингларми? Ёки ичларингда недоволнийларинг борми?
– Ҳаммамиз мазза қилиб сайр қилдик, гражданин началник! Орамизда недоволнийлар йўқ, гражданин началник!
– Колония бошлиғига айтадиган гапларинг, шикоятларинг борми?
– Колония бошлиғига раҳматлар деймиз! Овқатлар яхши! Кийим-бошимиз бут! Камчилигимиз йўқ! Ҳамма нарса етарли! Арз ва шикоятимиз йўқ, гражданин началник!
– Маладци мужики! Так держат!
Савол-жавоблар сўнггида ДПНК ёрдамчиси “қониқарли жавоблар” учун камера маҳкумларига миннатдорлик билдиради.
Шу билан сайр тадбири ниҳоясига етади.
ЖАСЛИҚДА «ШМОН» (ТИНТУВ)
Жаслиқда “шмон” тадбири бошқа зоналардаги “шмон”га қараганда ўзининг ғайриинсонийлиги билан яққол ажралиб туради.
Камера эшиги очилиб, 3-чи ҳолат эълон қилинади. Камерага дубинкалар билан қуролланган 10-15 нафар войсковой кириб келади ва 8-чи ҳолат эълон қилинади. Саккизинчи ҳолат – бу “шмон” деганидир.
Камерадаги 16 маҳкум икки дақиқа ичида қип-яланғоч ечиниб, проходга[2] 4-чи ҳолатда бир-бирининг бўйнига ўтириши лозим бўлади. Биринчи қатдаги 4 кишининг ҳар бири устига яна 3 кишидан ўтиради. Ҳар бир кишининг оғирлиги ўртача 70 килодан ҳисобланса, биринчи қатдаги шўрлик 200 кило юкни оёқ устида кўтариб ўтирган бўлади. Бундай “шмон” пайтида ҳушидан кетиб қолганлар ҳам учраб туради.
“Шмон” жўрттага 10-15 дақиқага чўзилади. Ким юқори қатдан йиқилса ёки пастдаги қатда ўтирган киши оғирликни кўтаролмай ўтириб қолса, калтакнинг кўпи уларники бўлади.
“Шмон”дан кейин ҳар бир маҳкум учун белгиланган 5-6 тадан дубинка “пайка”сини олади. Шунинг билан камерада ўтказилган “шмон” тадбири тугайди ва одатдагидек, ДПНК ёрдамчиси камерадаги маҳкумлар билан савол-жавоблар ўтаказади:
– Мужиклар, қалайсизлар, кайфиятлар яхшими?
– Раҳмат, гражданин началник, кайфиятимиз зўр!
– Шмон қалай ўтди, яхшими?
– Худди шундай, гражданин началник, шмон яхши ўтди!
– Шмончиларга эътирозлар йўқми?
– Йўқ, гражданин началник, шмончиларга эътирозимиз йўқ!
– Колония бршлиғига қандай гапларинг бор?
– Колония бошлиғига раҳматлар айтамиз! Овқатимиз яхши!
‒ …
‒ …
– Президент олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватлайсанларми?
– Албатта, гражданин началник, президентимиз олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватлаймиз! Президентимиз чиқараётган қонунларни тўғри деб биламиз! Президентимизнинг ислоҳотларини қўллаб-қувватлаймиз! Президентимизга раҳмат!..
– Шахсан менга эътирозлар борми?
– Йўқ, гражданин началник, сизга эътирозимиз йўқ! Сиз ҳамма ишни тўғри қиляпсиз! Бунинг учун сизга раҳматлар айтамиз!
– Маладци мужики! Так держат!..
«СТАРОСТА»
17-чи камерада бир киши «ЭРК»чи (мен), ўн тўрт киши “ҳизб”чи ва бир киши “ваҳобий”.
Чапдан биринчи, менинг ўнг томон “қўшним” Фарҳод Сапаев ваҳобийликда айбланиб қамалган. Отаси тожик, онаси бошқирд. Тошкентда туғилган, ёши ўттизлар атрофида, олий маълумотли, рассом. Ҳаддан ташқари интеллигент, ҳатто душмани билан ҳам ўта юмшоқ гаплашади. Ўзининг айтишига қараганда, намоз ўқишни бошлаганидан сўнг расм чизишни бутунлай ташлаган.
Зонага келганимиздан 20 кун ўтиб, камерамизга ДПНК бошлиғи келиб, Республика Олий суди томонидан ҳукм қилинганларни сўрайди. Бизнинг камерадан фақат Сапаев Фарҳод Олий суд ҳукми билан қамалгани маълум бўлади.
– Сен бугундан бошлаб 17-чи камерада староста[3]сан. Старостанинг вазифаси нималардан иборатлигини биласан. Агарда камерада бирон ишкал чиқса, бошинг билан жавоб берасан, тушунарлими? – дейди ДПНК бошлиғи.
Энди Фарҳоднинг зиммасига камера маҳкумларини Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон мадҳияларини айттириш вазифаси ҳам юкланади.
Бу жуда оғир вазифа…
Шу пайтгача камерамизда “староста” тайинланмаган эди ва 9-чи ҳолатни назоратчи дубакнинг ўзи эълон қилиб, ўзи текширарди.
17-чи камерада фақат мен Ўзбекистон гимнини айтолмасдим ва бунинг учун коридорга чиқариб мени роса калтаклашарди. Энди Фарҳод ҳам мен сабаб калтакланадиган бўлди, аммо мен бундай бўлишини асло хоҳламаганман ва хоҳламайман ҳам, лекин ноиложман, “гимн” деса тилим калимага келмай қолади. Шу важдан Фарҳод ҳам менга ҳамроҳ бўлиб, икки-уч маротаба калтакланди.
Шундай кунларнинг бирида навбатчи дубак бизнинг камера маҳкумлари учун яна 9-чи ҳолат эълон қилди. Ҳамма маҳкум жўр бўлиб Ўзбекистон мадҳиясини куйлайди. Дубак мени эшик олдига чақириб:
– Агар бугун ҳам айтмасанг (гимнни назарда тутиб), нафақат сени ва старостани, балки камерадаги ҳаммани чиқариб калтаклаймиз! – деди.
Мен дубакка қарата:
– Гражданин началник, ҳамма айб менда. Мен гимнни айтишга ҳаракат қиляпман, аммо ҳеч ўхшамаяпти. Старостанинг ҳам, бошқа маҳкумларнинг ҳам бунда ҳеч қандай айби йўқ. Шунинг учун, илтимос, фақат мени жазоланглар, – дедим.
Дубакка менинг гапим таъсир қилди шекилли, старостани чақириб мени ҳозироқ шу ерда, унинг кўзи олдида гимнни ўргатишга буюрди.
Шўрлик Фарҳод ярим соатларча менга гимнни “ўргатишга” ҳаракат қилди, лекин бирор натижага эришолмади. Дубак ҳам бу “репетиция”ни томоша қилишдан чарчаб:
‒ Короче, эртагача ўргат буни, агар эртага ҳам айтолмаса, шу гап: эртага ҳамманг коридорга чиқасанлар! ‒ деди ва кормушкани ёпиб қаёққадир ғойиб бўлди.
Дубак эшик олдидан кетганидан сўнг, Фарҳод ёлвора бошлайди:
– Муҳаммад ака, эртагача ўрганайлик, илтимос, бўлмаса эртага… Айтмасангиз ҳам, ҳеч бўлмаганда оғзингизни қимирлатиб туринг, – деди.
– Фарҳод, сиз ҳам менга ишонмаяпсиз, чоғи? Ҳақиқатан, гимн бошланди дегунча тилим калимага келмай қолади. Нега шундай, ўзим ҳам тушунмайман.
Хуллас, камерадошларим мени гимн айтилаётган пайтда фақат оғиз қимирлатиб туришимга кўндирдилар ва шу йўл билан ҳамма калтак ейишдан қутулди…
«СЎНГГИ МАНЗИЛ»ДАГИ КУЛГИЛИ ҲОДИСАЛАР
Жаслиқда бир ойларча ўтирганимиздан кейин вазият бир оз юмшади. Тушлик, кечки овқатлардан кейин 5 дақиқа бўлсаям бир-бирларимиз билан гаплашишга имкон туғиларди. Дубаклар ҳам энди эртадан кечгача эшигимиз тагида пойлоқчилик қилмасдан, ҳамма камера қоровуллари коридорда йиғилишиб олиб гурунг қилишаётганини “акустик” Раҳматиллоҳ айтиб, огоҳлантириб турарди.
Раҳматиллоҳ ўнг тарафдаги қаторда биринчи (эшик олдида) бўлиб ўтирарди. “Оғир ҳаёт”нинг бошиданоқ унга камера навбатчилигини, яъни “доклад қилиш”ни топширганмиз. Чунки, у “доклад”ни шундай қойилмақом қилиб айтардики, агарда унинг гапирганини Ислом Каримовнинг шахсан ўзи эшитганида борми, Раҳматиллоҳ шу куни қамоқдан озод қилиниб, уйига қимматбаҳо президент совғалари билан қайтган бўларди. Лекин, минг афсуслар бўлсин, Ислом Каримовни мақтаётганлар, туққан отасидан устун қўяётганлар, “ҳақиқий отам” деяётганлар кўчада ҳам сонмингта.
Раҳматиллоҳнинг камерамиздаги иккинчи вазифаси – акустиклик. Камерада ўтириб, баландачилар қайси камерага овқат тарқатаётганию коридорда нечта войсковой юрганлигигача билади. Шунинг учун унга “акустик” лақабини берганмиз. Шунингдек, акустигимиз бизга қайси камерани “пайка”га коридорга чиқаришгани, қандай фамилияли маҳбусни тепкилагани, ҳатто қайси маҳбус ҳушидан кетганлигигача айтиб берарди.
Бир куни Раҳматиллоҳ акустик коридордаги ғала-ғовурга қулоқ ташлаб ўтириб, сирли ва паст овозда сўради:
– 18-чи камерадан Маҳмудов деган одамни танийдиган борми?…
Раҳматиллоҳ “Маҳмудов” дейишиданоқ, тасаввуримда Мамадали аканинг сиймоси пайдо бўлди. Бирон кори-ҳол юз бермадимикан Устозга, деган савол туғилади.
– Исмини айтишмади? – деб сўрайман Раҳматиллоҳдан.
– Исмини айтди, лекин …
– Мамадали эмасми? – сўрайман мен.
– Ҳа, ҳа. Тўппа-тўғри, Мамадали дейишди…
– Нималар дейишганини аниқ эшитмадингизми? Маҳмудов ҳақда нималар деди?
– “Тошкент… Тошкент.. с вещами…” деганини эшитдим. Менимча, Тошкентга этап қилди. Точно, этап…
Табиийки, менинг ҳам бу кутилмаган “янгилик”дан бошим осмонга етди. Табиийки, шу ондан бошлаб мен ҳам бундай “бахт”га муяссар бўлишни орзу қила бошладим.
– У киши менинг поделнигим[4]. Ёзувчи. Менимча, бизнинг ишни қайта кўриб чиқишса керак. Мени ҳам бугун ё эртага этапга тортади, Худо хоҳласа! Яшанг, укам Раҳматиллоҳ, яшанг! – дедим юрагим ҳаприқиб…
Шу куни икки маротаба коридорга чиқдик, ҳар икки маротаба юрак ҳаприқади, бироқ хушхабар ўрнига калтак еб камерамизга қайтдик.
Эртаги кунни интизорлик билан кутаман, лекин эртасига ҳам калтакдан бошқа бирор янгилик юз бермайди.
Учинчи кун, ниҳоят, Раҳматиллоҳ тилга кирди:
– 18-чи коридорга чиқариляпти. “Пайка” олишяпти… “Маҳмудов” деяпти… Яна “Маҳмудов” дейишди. “Санчаст… санчаст” дейишди… Этапга кетмаган шекилли… Санчастга обкетишди, менимча… Ҳозир бизнинг камерага келишади… Келишяпти…
“Террорчилар гуруҳи” бизнинг камера маҳбусларига аталган “пайка”ни “тарқатиб” даф бўлди. Камерамиздаги ҳамма маҳбус каби, “бош акустигимиз” Раҳматиллоҳ ҳам калтак изларини ишқалаш билан банд. Менга томон қарашга изза бўляпти. Унинг бу ҳолатига раҳмим келиб, ҳазил қиламан:
– Раҳматиллоҳ, сиз бу кунги “ахборотни” айтмай турганингиз маъқул эди. Негаки, шу ўтган икки кун ичида шундай мазза қилиб яшадим, ҳатто еган калтакларим ҳам гўё асалдек туюлди.
Ҳамма жим. Гап нима ҳақда кетаётганини тушунмайди. Раҳматилло менга кўзини лўқ қилиб ўтирарди.
Гап нима ҳақда кетганини биринчи бўлиб староста Фарҳод тушунди ва кутилмаганда баланд овозда қаҳқаҳа уриб кулиб юборди.
Унинг кетидан баракдаги бошқа маҳбуслар кулгига қўшилишди.
Камерадаги бу кулги овозини коридорда юрган дубак ҳам эшитибди.
‒ Тушунмадим, бу нима хурсандчилик? ‒ деб сўради.
Мен ўрнимдан туриб, эшик олдига келдим ва:
‒ Гражданин началник, ҳаммаси жойида. Йигитлар бир-бирларига дубинка изларини мақташяпти, шунга кулишяпти, ‒ дедим.
Дубак бир оғиз ҳам гапирмасдан темир эшикка дубинкаси билан бир марта уриб, кўздан ғойиб бўлди.
Бундай кулги 17-чи камерадаги биринчиси эди.
Старостамиз Фарҳод
Старостамиз Фарҳоднинг калтакдан панжалари шишиб кетганидан бармоқлари ораси очилиб, ёғочдан йўнилган қўлларга ўхшаб қолган эди. Фарҳоднинг юриши ҳам, туриши ҳам машҳур эртак қаҳрамони Буратинони эслатарди.
Овқат пайти Фарҳод алумин қошиқни зўр бериб панжалари орасига қистиришга ҳаракат қилаётганини кўриб қолдим.
– Фарҳод, папа Карлонинг ўғлига роса ўхшабсиз ўзиям! Қошиқни ташланг, барибир натижа чиқмайди. Бир-икки кун энди картошкадан воз кечишингизга тўғри келади…
– Нимага энди мен картошкадан воз кечишим керак экан?
У қанчалик урунмасин, қошиқ ушлашни эплолмади.
– Фарҳод, ҳозир тушликка ажратилган вақт тугайди, оч қоласиз, – дедим.
У идишни кўтариб, овқатнинг шўрвасини ича бошлади. Шўрвани ичиб бўлиб, картошкани бармоқ учи билан майдалашга ҳаракат қилиб кўрди. Мен Фарҳодга яна маслаҳат билан мурожаат қиламан:
– Ҳўв, барака топкур, икки кун картошка емасангиз емабсиз-да, очингиздан ўлмайсиз. Қийналиб кетдингиз-ку икки дона картошка деб, – дедим жиддий оҳангда.
– Муҳаммад ака, намунча ёпишиб олдингиз “картошка”, “картошка” деб. Мискамдаги картошкалар меники, ҳеч кимга бермайман, ўзим ейман, тушундингизми! Бурним билан бўлса ҳам эзаман шу картошкани! – деди у мендан ҳам жиддий туриб.
Камерада уч-тўрт сония жимлик ҳукм сурди. Ҳамма Фарҳодга қараб ҳайрон қотиб қолган.
Бир-неча сониядан сўнг худди биринчи галдагидек, 17-чи камера кулгига тўлди.
***
Кунларнинг бирида марғилонлик иккита йигит – Равшан билан Алижон ўзаро шивирлашиб гаплаша бошлашди. Староста Фарҳод уларни огоҳлантирди:
‒ Дубак кўриб қолса, иккаланг ҳам пишасанлар, ‒ деди.
Равшан унга жавобан:
‒ Оғзимизни тирсак билан тўсиб ўтирибмиз, дубак қандай кўради, қизиқ гапирасан-да, Фарҳод, ‒ деди.
Фарҳод ҳам “билганларингни қилларинг” деган каби уларга бошқа гапирмади.
Орадан беш дақиқа, ўн, ўн беш дақиқа ўтди ҳамки, уларнинг тили тийилмади. Мен Равшанга:
‒ Иккалангнинг ҳам гаплашиб ўтирганинг кўз-қошларингнинг ҳаракатидан сезилиб турибди, ҳозир дубак буни кўриб қолиши аниқ, ‒ дедим.
Равшан яна ўз билганидан қолмай, Алижон билан шипшишда давом этди.
Бир оз вақтдан сўнг эшикдаги дарча очилди ва дубак чап қатордан Равшанни, ўнг томондан Алижонни дарча олдига таклиф қилди:
– Қўлингни чиқар! – деди Равшанга.
– Гражданин началник, сабабнини билсам бўладими? Нимага қўлимни чиқаришим керак?
– Қўлингни чиқар! Сабаби гаплашиб ўтирганинг,– деди дубак.
– Биз гаплашмадик, гражданин началник.
– Чиқар қўлингни! Ёлғон гапирганинг учун ҳам чиқарасан қўлингни! – деб ҳайқиради дубак.
– Биз гаплашмадик, гражданин началник.
– Ҳўв! Асабга ўйнама, чиқар қўлингни!
– Гражданин…
– Чиқар!!! – деб ўкирди дубак.
Бу ўкирикдан бир сакраб тушган Равшаннинг гапи оғзида чала қолди. Ўнг қўлини секин чиқариб, дарча эшикчаси устига қўйди: “Банг!” ‒ “Воҳ!”
– Чап қўлингни чиқар!
– Гражданин началник, ахир биз гаплашмадик.
– Чиқар!
– Хўп, ака, лекин биз гаплашмадик…
– Чап қўлингни дедим!
Равшан чап қўлини чиқарди. Ҳар қўлига бештадан дубинка еди.
Алижон ҳам “айби”ни тан олмади. У ҳам ҳар қўлига бештадан дубинка еди.
Сўнг дубак Равшанни чақирди:
– Яна гаплашасанми сафда?
– Йўқ, гражданин началник! Бошқа қайтарилмайди!
– Тушунмадим, нима қайтарилмайди?
– Бошқа гаплашмаймиз, гражданин началник!
– Сафда гаплашиб ўтирганингни тан оласанми, ахир?
– Ҳа, гражданин началник, тан оламан! Бошқа қайтарилмайди!
– Чиқар қўлингни!
– Гражданин началник…
– Чиқар дедим!
Равшанбой ва Валижон иккиси яна бештадан қўлларига дубинка егандан сўнг жой-жойига келиб ўтиришди. Инграшиб, ҳадеб қўлларини силашади.
Уларга ҳамдардлик билдиргим келди:
– Равшанбек, ҳали дубинка емай туриб “бошқа қайтарилмайди, кечиринг” деганларингда, балки бир дубинка ҳам урмасди.
Равшан индамади, ёстиқчага айланаётган қўлини букиб очиб ўтиришда давом этди.
Фарҳод уларни мазах қилиб:
– Бармоқларингни машқ қилдиришдан фойда йўқ, барибир шишади. Ҳечқиси йўқ, икки-уч кун овқатнинг фақат шўрвасини ичиб, картошкадан воз кечиб турасанглар, очингдан ўлмайсанлар, – деди.
Фарҳодга эътироз билдирдим:
– Нега улар картошкадан воз кечишар экан? Бурни билан бўлса ҳам эзишади, воз кечиш йўқ!
Жаслиқ зонасининг 17-чи камерасида яна ‒ энди учинчи кез кулги кўтарилди.
КЎЗ «УЧИШИ» ТАЪБИРИ
2000 йил 11.06. УЯ 64/71. Жаслиқ.
Тонг саҳардан иккала кўзим ҳам пирпираб уча бошлади. Буни ёнимда ўтирган Фарҳодга айтиб, таъбирини сўрадим. Фарҳод:
‒ Асабларингиз чарчаган, шунга бўлса керак, ‒ деди.
Эрталабки нонуштадан сўнг коридорга чиқдик. “Пайка”мизни олиб, яна камерага қайтдик. Кўз “учиши” тўхтади.
‒ Кўзларим эрталабки “пайка”ни истаган экан, учишдан тўхтади, ‒ дедим ҳазиллашиб.
Аммо бир оз вақт ўтиб, еган калтакларим камлик қилди шекилли, кўзларим яна пирпирай бошлади. Яна бирор нарсани истаб қолди, шекилли.
Соат 10:30 ларда камерамиз маҳбусларини “сайр”га чиқаришди.
“Сайр”га боришда, қайтишда одатдагидек яхшигина калтакландик. Кўзларим “учиш”дан тўхташди. Бироқ буниси ҳам вақтинчалик экан.
Кечқурун “зерикиб қолмаслигимиз учун” яна коридорга чиқарилдик. Кечки “пайка”ни олиб, камерага кирдик. Кўзим пирпирашдан тўхтагандай бўлди. Лекин тўртинчи гал ҳам вақтинча тўхтади. Сўнгра яна бошлади.
Хойнаҳой, ухлаб қолганимда ҳам кўзларим “учган” бўлса керак.
2000 йил 12.06.
Бугун ҳам худди кечагидай, кўзларим тонгни пирпираб кутиб олди. Шунга қарамасдан, кайфиятим кўтаринки эди.
Бугун ҳам кечаги куннинг такрори бўлди. Эрталаб калтак, тушликдан олдин калтак, кечқурун калтак. Кўз “учиши” ҳам худди кечагидай…
2000 йил 13.06.
Уйқудан уйғондим дегунча, кўзларим яна “уча” бошлади.
“Аллергия ёки биронта асаб касаллиги аломати бўлса керак”, деган шубҳага бордим. Чунки илгарилари ўзимда бундай ғалати ҳолатни ҳеч қачон сезмаганман.
Эрталабки “пайка”дан сўнг ўнг оёғим (синган) зирқираб оғрий бошлади. Соат 11 ларда Фарҳод билан санчастга тушдик. Ҳамшира ўнг оёғимни ушлаб кўриб, вазелинга ўхшаган нарсадан қоғозга бармоқ учидай сиқиб берди ва:
‒ Ҳозир оёғингизга суртинг, эрталабгача оғриқ ҳам, шиш ҳам қайтади, ‒ деди.
Мен оғриқ қолдирувчи игна илтимос қилдим. Ҳамшира хонада ўтирган қорақалпоқдан (врач бўлса керак):
‒ Қандай укол қилсак экан? ‒ деб сўради.
“Врач” ўрнидан туриб келиб, оёғимни кўрган бўлди ва:
‒ Маздан сурт, эртага битиб кетади, ‒ дея маслаҳат берди.
Шу билан “даволаниш курси” тугаб, биз яна ўз камерамизга қайтдик.
Соат 11:30 ларда акустик Раҳматиллоҳ эшик олдига кимлардир келганидан хабар берди. Тушлик десак, у яна 15 дақиқадан сўнг тарқатилади. Демак, эшик олдидагилар баландачилар эмас. Демак, бошқалар. Аммо кимлар?
Раҳматиллоҳнинг бу сафарги “башорат”и ҳам тўғри чиқди ва камерага 3-чи ҳолат эълон қилинди:
– Бегжанов, ҳамма нарсанг билан ташқарига! – деди кимдир.
Мен нарсаларимни йиғиштириб, читозни қўлимга олиб коридорга чиқдим. Коридордаги капитан мен тўғримда маълумотларни солиштириб кўрди ва ҳарбийга:
‒ Олиб бор! – деб буйруқ берди.
Читозни қўлимда олиб кетаётганимни кўриб қолган капитан бизни тўхтатиб ҳарбийдан:
– Нега бу оёқяланг юрибди? – деб сўради.
– Оёғи шишиб кетган, ўртоқ бошлиқ, – жавоб берди ҳарбий.
Капитан ёнимга келиб оёғимни кўрди.
‒ Қани, кийиб кўр-чи, балки сиғар, ‒ деди.
Мен читозни кийишга ҳаракат қилдим. Айниқса ўнг оёғим ҳаддан ташқари шишиб кетгани учун ҳамма ҳаракатларим зое кетди.
Капитан ҳарбийга читознинг олди ва ёнини кесишни буюрди. Ҳарбий ўнг оёқ читозимни олиб пичоғи билан кесди. Бир илож қилиб илма-тешик бўлган читозни оёғимга илдириб, оқсоқланганча зинадан биринчи қаватга тушдик.
Қайсидир хона тўғрисига келганимизда, ҳарбий менга:
‒ Нарсаларингни шу хонага ташла! ‒ деди.
Мен фақат битта тўшакдан иборат бўлган “нарсаларимни” хонага улоқтирдим.
Буни кузатиб турган ҳарбий елкамга бир дубинка тушириб:
‒ Нимага улоқтирасан? Эртага бошқаси келиб шу матрасда ётади! ‒ деди.
Мен унга жавоб қайтариб ўтирмадим…
АЛВИДО «ЖАСЛИҚ»!
Ташқарига чиқаётганимизда, мени кузатиб кетаётган ҳарбий:
– Маҳкум! Чепчигингни[5] босиб кий! Янаям тушир, кўзинг фақат оёғингни кўрсин! – деди у бақириб.
Юзми, икки юзми метрлар чамаси юриб, бир эшикдан кириб бордик. Ҳарбий ким биландир гаплашди. Менга 4-чи ҳолатда ўтиришимни буюрди. Қўлимни бўйнимга қўйиб ўтириб олдим. Кўзларим фақат оёқларимни кўради.
Ўнг оёғимдаги читозга кўзим тушиб, кулгим қистади: ғирт масхарабозга ўхшабман…
Чап томонимдан бир овоз:
– Маҳкум! Бошингни кўтар, бу ёққа қара! – деди. Мен бошимни кўтариб, овоз келган томонга қарадим.
Камера олдида кимлигимни аниқлаган капитан бошқа бир капитанга менинг “дело”мни топшираётганини кўрдим.
– Чепчигингни еч, бошингни кўтариб бу ёққа қара! – деди таниш капитан.
Энди қабул қилиб олаётган капитан ўрисчалаб сўроққа ўтди:
– Фамилия, имя, отчество, год рожденья, статья, срок…
Мен капитаннинг ҳамма саволларига жавоб бериб бўлганимдан сўнг, ташқарига олиб чиқишди ва зона дарвозаси олдида турган зековозга чиқаришди.
Машинага автомат билан қуролланган учта солдат, овчарка етаклаган сержант ҳам чиқиб жойлашиб олишди.
Ҳамма ёғи темир билан қопланган зековознинг ичи тандирга ўхшаб қизиб кетган эди. Устига устак, конвойларнинг каттаси ярим соатларча қаердадир қолиб кетди. Машинадаги ҳарбийлар навбатма-навбат ташқарига чиқиб тушишар, мен эса бу “ўчоқ”да зўрға нафас олиб ўтиришда давом этардим.
Ниҳоят, конвойларнинг каттаси келиб, ҳайдовчи ёнига ўтирди ва зековоз ўрнидан қўзғолди.
Машина тепасидаги очиқ люк (дарча)дан чўлнинг ёқимсиз, иссиқ нафаси уради.
Икки соатча вақт юрганимиздан кейин машина тўхтади ва менинг қўлларимни кишанлаб, пастга туширишди.
Автоматчилар атрофимни ўраб олишди. Сержант итини ҳозирлади.
Буларни кўриб, миямга келган биринчи фикр бу бўлади: “Етиб келдим, ҳозир отиб ташлашади. Атроф кимсасиз. Шу жазирама бепоён чўлда ким ҳам бўларди…”
– Ҳўв брат, бўлинг тезроқ, ҳожатингизни чиқаринг, энди то Нукусгача тўхтамаймиз, – деди сержант.
Машинага чиққанимиздан сўнг сержантдан қаерга кетаётганимиз тўғрисида сўрадим.
– Биз сизни Нукус турмасига топширамиз. Турма Тошкентга жўнатади…
* * *
[1] Самосад – арзон тамаки тури.
[2] Проход – икки шконка орасидаги кенглиги ярим метрлик, бўйига 1 метр 70 сантиметр келадиган оралиқ жой.
[3] Староста – бу ерда: “жавобгар” маъносида. Яъни, камерадаги умумий ҳолат учун жавобгар шахс. Жаслиқда бу “лавозим” билан Каримов режимининг ашаддий душманлари ҳисобланганларни “сийлашади”, чунки бу “лавозим” эгалари камерадаги арзимас “хатолар” учун ҳам аёвсиз калтакланадилар, қийноққа солинадилар.
[4] Поделник – жиноий шерик.
[5] Чепчик – маҳкумларнинг ёзги бош кийими.
(тугади)
Манба: Би-Би-Си Ўзбек