Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(45-қисм)
Ўн биринчи кўчат
Оқ пахтанинг қора ишлари
Ушбу масалага киришдан олдин сал илгарироққа – совет даврига хаёлан бир саёҳат қилишимизга тўғри келади. Чунки ўша пайтлари кечган бир ҳодисани ҳеч бўлмаганда йўлакай эслаб олмасак, ниятимиз унча англашилмай қолади.
Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий Комитетининг Бош секретари лавозимига Михаил Горбачёв келиб СССРдай сўлақмон давлатда “қайта қуриш ва ошкоралик” шиорини ўртага ташлади.
Ўзбекистонда бу пайт Биринчи секретар Иномжон Бузрукович Усмонхўжаев бўлиб, у “қайта қуриш”ни сал илгарироқ бошлаб юборишига “тўғри келган” эди.
Узоқ йиллар юрт сўраб, Масковга сидқидилдан хизмат қилиб келган Шароф Рашидов ўлганидан кейин республикада машҳур XVI Пленум бўлиб ўтди. Одатдагидек, Иномжон Усмонхўжаев Пленумда катта маъруза қилиши лозим эди. Маърузага тайёрланган матнни қўлтиғига қистириб, ҳеч нарсадан хабарсиз, минбарга чиқиб келаётганида Республика Компартияси МКининг иккинчи (ўрис) секретари унинг қўлига Марказ пишанги билан тайёрланган бошқа матнни тутқазиб юборади ва: “Шуни ўқийсиз!” дейди.
Шўрлик янги секретар гап нимадалигини ҳам билмай, мажбур олади ва шуни ўқишга киришади. Ўқиётган нарсасидан терлаб-пишиб кетади. Чунки “маъруза” мазмунини ўқиётган чоғидагина, тинглаётганлар билан бирга билади. Аммо энди кеч, орқага йўл йўқ эди.
Марказга ва Коммунистик партияга шунча садоқати ва хизмати эвазига Марказ Шароф Рашидовга Кремлда ҳайкал қўйиш ўрнига ўлимидан кейин унинг номини булғаш режасини тузган, баҳонада ўзбек халқининг шаънини ҳам ерга пийпалаб ташлайдиган бир маъруза яширин равишда тайёрланган эди.
Ана шундан кейин республикада катта томошалар бошланиб кетади: олдинги бошлиқ даврида “йўл қўйилган” ҳамма камчилик шафқатсизларча “очиб ташланди”, очиб ташланаверди…
Шум “ХVI пленум” оқаваси бўлиб кўп ўтмай Ўзбекистонга Марказдан Гдлян ва Иванов бошчилигида бир гуруҳ терговчилар десанти туширилди. Ўзимиздан жуда кўп ҳуқуқчи уларга югурдак бўлди. “Пахта иши” очилди. Дунёга “Ўзбеклар иши” номида ҳам ёйилди. Қама-қама, ур-сур бошланди. “Қўшиб ёзиш”, қаллоблик ва порахўрлик асосий айб ўлароқ текширилди.
Айрим раҳбарлар ўзини отди, айримлари осди, қолганлари узоқ йилларга қамалди. Қамоқда ҳам сирли ўлишлар кўпайди.
Уйлардан, ишхоналардан пуллар, олтинлар чиқди, ҳаммаси йиғиштириб олинди, қаёқларгадир ташиб кетилди. Каттадан тортиб кичиккача, Биринчи секретардан тортиб оддий биргадиргача ҳамма тиззаси қалтираб, Гдлян билан Ивановнинг раҳм-шафқатидан умидвор бўлиб, уларнинг “тозалаш ишлари”ни томоша қилиб турди.
Томоша қилиш не, ҳаммаси бир-бир қамоққа кирди. Ҳатто республиканинг биринчи шахси – Иномжон Бузрукович Усмонхўжаев ҳам қатордан қолмади!
Тўй кўпга келган эди!
Миллат хўрланди…
Диққатни тортадиган томони ‒ нимага бири армани, иккинчиси ўрис? Ҳатто каттаси армани, орқадагиси ўрис? Бу ҳолат тарихдан бир нарсаларни эслатиб юборди.
Совет давлати асосчиси Лелиннинг “Миллатлар тақдирини ўзлари белгилаши тўғрисида” чиқарган қарорига суяниб 1917 йил декабрида Қўқонда “Туркистон мухторияти давлати” қурилди.
Лелин у гапни Чор Русиясига қарам бўлиб қолган миллатларни ўзига мойил қилиш учун йўлига айтган, болшавойлар ҳеч қачон уларга мустақиллик бермоқчи эмасди. Энди нима қилади: халқ иродаси мухториятга кетди, уни тўхтатиб қолишга болшавойларнинг кучи етмайди.
Шундай пайтда арманиларнинг туркларга доимий душман экани эсланди. Туркия туркларининг аламини Туркистон туркларидан олсин, баҳонада биз ҳокимиятимизни мустаҳкамлаб оламиз деб армани миллатчилари бўлмиш дашноқлар билан иттифоқ тузди. Дашноқлар аслида болшавой-советларга ҳам қарши эканига вақтинча кўз юмилди ва “Дашнақ сутюн”нинг қўшинини Қўқонга ташлади. “Мана, булар ҳам турк, ўчингни қанча истасанг шунча ол!” деб тиш-тирноғигача қуроллантириб олакишлаб юборди.
Орқасига ўрис болшавойларини олган дашноқчи арманилар 1918 йил феврал ойида Қўқонга етиб келиб халқни шафқатсизларча қирган, шаҳарни қонга ботирган, биноларга ўт қўйиб вайрон қилган эди.
Уларни қутуртирган нарса, бир томондан, туркларга душманлик бўлса, иккинчи томондан, орқасида болшавойлар ҳукумати тургани эди!
Энди, мана, орадан 67 йил ўтиб Ўзбекистонга Гдлян билан Иванов “қўшини” бостириб келди!
Хўш, бу Гдлян билан Иванов деганлари аслида ким? Бундай қараганда, бор-йўғи иккита оддий терговчи!
Йўқ, улар шунчаки оддий терговчи эмас, бири дашноқ, иккинчиси болшавой ўрис! Гуруҳбоши дашноқ армани экани, орқасида унга болшавой ўрис таянч этиб қўйилгани ҳам тарихий иттифоқнинг такрорига ўхшарди! Бу иккаласининг орқасида эса СССР Компартияси Сиёсий Буйроси, СССР пуркуратураси, СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ), СССР Ички ишлар вазирлиги, бир сўз билан айтганда, бутун куч-қудрати билан СССР давлати турарди!
Хуллас, Туркистон тупроқлари иккинчи марта “Дашнақ сутюн” қўшини билан ўрис болшавойлари қўшини бирлигининг ишғоли остида қолди. Олтмиш етти йил бурунги оммавий қирғин (генотсид)ни унутмаган халқнинг тиззаси яна бир бор қалтиради. Энди оммавий равишда “йўлбошчилар” қирғини бошланди…
Гдлян билан Иванов нима учун оддий терговчи эмас, “Ҳазрати Терговчилар” эканининг сабабини энди англагандирсизлар.
Бу юзсизлар орқасида бутун куч-қудрати билан СССРдай улкан бир давлат тургач… шапалоқдек келадиган қарам Ўзбекистонни нима қилса қилди. Деярли ҳар куни ё ҳар кеча кимдир қамалар, эртасига матбуотда катта мақола ёки кичикроқ хабар чиқиб, у одамнинг қилмишлари ёзилар эди.
Республикада анчадан бери нимадир қинғир ишлар бўлаётганини кўриб-сезиб юрган одамлар олдинига, адолат бор экан-ку, дея бу ишларни тозаловга йўйиб илиқ кутиб олди. Қойиллатяпти, дея чапак чалди. “Десантчилар” ўзлари ҳам оппоқ эмаслигини, уларнинг ниятлари қинғирлигини илғамай қолди.
Гўё “жиноятларни ўрганиш, очиш, тугатиш, адолат ўрнатиш” учун келган у очофатлар, қараса, Ўзбекистонда мўмайгина бойлик орттириб олиш мумкин экан. “Пахта иши” ниқоби остида енг шимариб пул тўплашга, олтин йиғишга киришиб кетди. Халқни алдаб ва талаб, давлатни алдаб ва талаб, пахталарни қўшиб ёзиб тўпланган у ҳаром бойликлар эгаларига насиб этмади, десантнинг чўнтагига келиб тушди, Масковнинг олий кабинетларига оқди. Файзулла Хўжаев замонида Ўрусияга қизил вагонларда оққан олтин карвони билан бошланган анъана тикланиб, энди замонавий учоқларда учди. У замонда мажбурий-ихтиёрий жўнатилган бўлса, бу замонда куппа-кундузи росмана талаб кетилди…
Хуллас, гапираман деса, гап кўп. Лекин биз ҳозир у қора кунларни бутун тафсилоти билан бир бошдан эсламоқчи эмасмиз.
Бу ҳақда, жумладан, ушбуларни ёзаётган муаллиф биринчилардан бўлиб, ҳали Гдлян билан Иванов гуруҳи Ўзбекистонда ҳеч бир тўсиқсиз қора ишини давом эттириб турган бир паллада “Бригадир нега йиғлади?” деган мақола ёзиб “Ёшлик” журналида эълон қилган. Кейинроқ, айниқса “мустақиллик”нинг илк йиллари роса ва кўп ёзилди. Ҳатто энг олий минбарлардан энг олий рутбали шахслар гапирди. Халқимиз бошига қора кунлар солинди, деб қанча ғавғо кўтарилди. Онда-сонда ҳалигача эслаб турилади.
Булар тушунарли.