O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Дорул-ислом

Дорул-ислом
483 views
15 February 2017 - 8:00

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(30)

1ДОРУЛ-ИСЛОМ

Етти кеча-ю саккиз кун дарбадарликдан сўнг Кархийга кириб бордик. Шаҳарга икки мил қолганда, ҳамроҳларимдан рухсат олиб ёлғиз кета бошладим. Бир кеча-кундуз тутзорда кун кечирдим. Агарчи ноумид бўлиб қайтсам-да, дилим хотиржам эди. Истихора намозини ўқиб янада хотиржам бўлдим.

Пешинда саройнинг олдидаги масжидга бориб, таҳорат олиб намоз ўқидим. Суннату-нафлларни ўқиб салом бериб намозни тугатганимда бир кишининг мен тарафга кўз узмай тикилиб турганини сезиб, бу ҳам бирор жосус бўлса керак деб ўйладим. Намоздан сўнг дуога қўл кўтариб узоқ вақт дуо қилиб ўтирдим. У киши аста-аста сурилиб менга яқинлашди. Дуо қилиб турмоқчи бўлиб тургандим, қўлимдан тутиб:

—Бу ерга қачон келдинг?- деб сўраб қолди.

—Бу ерга ҳар доим келаман — дедим мен.

—Сарбонмисан?

—Йўқ, деҳқонман.

—Бу ерликка ўхшамайсан.

—Тўғри айтасиз.

—Бу масжид Афғонистон карвонбонлари учун қурилгандир. Бу карвон сарой ҳам улар учундир. Бошқа кишини кириши мутлақо ман қилингандир,-  деди, қаттиқ-қаттиқ овозда донадор қилиб.

Унинг коммунистларнинг жосуси эканлигига шубҳам қолмаган эди. Қочишга чора йўқ эди.

—Агар мени текширмоқчи бўлсангиз идорангизга ёки бирор бошқа жойга олиб боринг, бу ерда Аллоҳнинг уйида яхши эмас,- дедим, хотиржам қиёфада.

У эса: “Афғонистонга кетишни хоҳлайсанми?”,- деди, кулиб.

—Хоҳлайман.

—Пул-мулинг борми?

—Қанча дейсиз?

—Бир эшак сотиб олгудек.

—Иккитасини ҳам сотиб оламан.

—Бас, бас, пулларингни ёнингга солиб орқамдан юр,- деди тураётиб.

Орқасидан эргашдим. Карвонсаройнинг бир ҳужрасига олиб кирди. Бу киши Давлатқул исмли карвонбоши экан. Ўқиш-ёзишдан хабардор бўлиб арабий ва форсийда ўз она тилидек сўзлаша оларди. Ичкарида уч киши бор экан, улар карвонбошини ҳурматлаб, туриб кутиб олишди. Улар карвонбошини Давлат оға деб чақирардилар. Давлат оға:

—Бу йигитга бир чопон келтиринглар — деди.

Чопонни олиб кийдим. Чопон туркман туякашлари киядиган махсус либослардан эди. Уни кийиб туркманга ўхшаб кетдим шекилли Давлат оға кулиб юборди. Эртасига икки эшак сотиб олдик. Мен ва яна бир туркман киши Давлат оғанинг 50 нафар туясига туякаш бўлиб ёлланиб йўлга тушдик. Давлат оға биз билан бирга кетмаган эди. Икки соатча юриб бир қалъага кириб бордик. Ичкарида қуюқ тут дарахтларининг соясида Давлат оға икки нотаниш киши билан ўтирарди. Бири туркистонлик қария, иккинчиси бир туркман йигит эди. Қария мен билан самимий кўришди. Овқатдан сўнг Давлат оға менга қараб:

—Бу киши Бухоронинг бузруг устозларидандирлар. Сиз билан бирга ҳижрат этадилар. Сизлар билан яна икки туркман йигити бирга кетади. Эшакларнинг бирига Бухорий устоз, иккинчисига сиз минасиз. Туркманлардан бири йўлбошчи бўлади. Унинг сўзидан чиқмайсизлар. Карвон кеч кириши билан жўнаб кетади. Дорул исломга етгандан сўнг бизнинг ҳаққимизга ҳам дуо қилинглар, — деди.

Белгиланган вақтда карвон йўлга тушди. Икки йигит ҳам қуролланган эдилар. Биз эса бирбиримиздан узоқроқ сафар қилар эдик. Йигитлардан бири олдинда, иккинчиси эса орқада кетарди. Биз карвондан бироз узоқда юрардик. Сафарни кечаси қилиб, кундузлари қуюқ ўтлар орасида яшириниб кунни ўтказардик. Икки бор дуч келиб қолган рус аскарларидан Аллоҳнинг ўзи асраб қолди. Ниҳоят чегарага ҳам етиб келдик. Йўлбошчи йигит қуюқ ўсиб ётган ўтлар орқали чегарани ёриб ўтиш кераклигини тушунтирди. Йўл ўйдимчуқур ва харҳил ҳашаротлар кўп эди. Тонг вақтида Афғонистон ислом ўлкасига қадам босдик. Хурсандлигимдан девона бўлаёздим. Майсалар устига бошимни қўйиб Аллоҳга ҳамду сано айтдим. Бошимни кўтариб ўрнимдан турдим. Ичимдан келаётган ҳайқириқни босолмай:

— “Дорул-ислом, сенинг хокинг мен учун шифо ва сурмадир. Ҳой миллати афғон, сизлар бахтиёрсизлар. Сизларга Аллоҳ улуғ неъмат бергандир. У озодлик ва ислом неъмати. Шояд сизларга унинг қадр-қиймати билинмаса. Бу неъматларнинг қадрини биз биламиз. Аллоҳ таоло сизларни бу неъматлардан Қиёматгача маҳрум этмасин” — деб қичқирдим.

ХОТИМА

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари шу ерга етганда якунланди. Қолгани ўзимнинг ҳаётий кечинмаларимдир. Афғонистон чегарасидаги “Андухўй” шаҳрида комиссариат мени қайтармоқчи бўлди. Шаҳар мусулмонлари ўз ҳимояларига олгани учун бу қарордан қайтишга мажбур бўлдилар. Андухўйда хилма-хил қийинчиликларга учраб Ҳиротга етиб келдим. У ерда мавлоно Абдурраҳмон Жомийнинг мозорларини зиёрат этдим. Онамнинг насиҳатларига биноан Қуръонимнинг жилдини кўчира бошладим. Бироқ жуда қаттиқлигидан, бир танишимдан теша олиб келишга мажбур бўлдим. Жилдни синдириб ҳайратда қолдим. Меҳрибон онам бутун жилдни тилло билан тўлдириб чиққан эканлар. Бу тиллолар ғариблик вақтларимда жуда кўп асқотди. Ана шу тиллаларни сарфлаб Покистон ва Ҳиндистон уламоларидан диний таълимни мукаммал ўргандим.

Тамом.