O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Россия Сурияга нега суқилиб кирди?

Россия Сурияга нега суқилиб кирди?
145 views
25 January 2016 - 9:54

80200-1024x587Россия Сурияга нима учун суқилиб кирди? Бутун дунё диктатор Асаддан юз ўгирган бир пайтда у Асадни нима учун қўллаб-қувватламоқда? Нега у ИШИДнинг эмас, асосан «холис мухолифат»нинг устига бомба ёғдирмоқда?

Ушбу саволларга берилган турли-туман жавобларни ўқиган ё эшитган чиқарсиз. Улар орасида бир-бирини инкор қилувчилари ҳам борлиги сизни ҳайрон қолдиргандир. Ниманидир фаҳмлагандай бўласиз, баъзи манбаларга ишонасиз, айримларига ишонмайсиз, аммо умуман олганда уларнинг ҳеч бирига тўла ишониб бўлмайди.

Нима қилмоқ керак?

Ҳозир интернетда баъзи маълумотлар «йўқолиб қолса» ажабланманг. Бугун ишлаб турган сайтни эртага тополмаслигингиз мумкин. Ёки сайт ўша-ўша-ю, ундаги матнлар буткул ўзгартирилган бўлади. Баъзан ўзлари учун «ноқулай» маълумотларни яширмоқчи бўлган сайт эгалари шундай қилишади.

Мунча содда бўлишмаса булар! Билишмайдики, ҳозирги замонда интернетдаги ҳеч нарса изсиз йўқолиб кетмайди. Маълумотни яширишга уринишнинг ўзи эътиборни жалб қилади, яширишаяптими — бу ерда бир гап бор. Тушунган одам астойдил киришса яширилаётган нарсани топиб олиши ҳеч гап эмас. Ҳаволаларнинг ортидан қувилса шундай нарсалар юзага чиқадики, қойил деб юборасиз.

Дейлик, биздан ниманидир яширишаяпти. Биз эса уни топишга қизиқиб интернет оламига сайр қиламиз. Кетдикми, кетдик! Архимеднинг гапини бироз ўзгартириб айтганда: «Менга кириш нуқтасини беринг, шунда мен сизнинг барча сирларингизни билиб оламан!».

Бугун бизнинг кириш нуқтамиз россиялик машҳур бизнесмен Геннадий Тимченкога қарашли «Стройтрансгаз» компаниясининг сайти бўлади. Эшитган бўлсангиз, унинг ғанимлари «Президентнинг бойликлари Тимченконинг ҳисобида сақланади» деган бўҳтон гапларни тарқатишган эди.

Бизни бу гаплар қизиқтирмайди, қани кўрайлик-чи, «Стройтрансгаз» компанияси Сурияда нима билан шуғулланар экан. Устига-устак, компаниянинг сайтида бу ҳақда маълумот берувчи алоҳида бўлим бор.

Танлаймиз: Сурия, барча лойиҳалар. Қараб чиқамиз.

1TSG

Битта лойиҳа бор, мана тўқ сариқ доира билан белгилаб қўйилган. Лекин нега энди фақат битта? Менинг хотирам яхши, бозорни кузатиб бораман, «Стройтрансгаз» Сурияда яна битта тендерда ютиб чиқди» деганга ўхшаш хабарларга бир неча марта кўзим тушганини яхши эслайман. Ишонмасангиз гуглдан қидириб кўринг.

Мана иккита лойиҳа — http://neftegaz.ru/news/view/101965

Мана яна биттаси —  http://www.vedomosti.ru/realty/articles/2014/07/01/strojtransgaz-gennadiya-timchenko-postroit

Мабодо расмий сайтдаги маълумот йўқотилган бўлса, демак, бу ерда бир гап бор. Айтишади-ку, «бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ на қилур?».

Агар бирон-бир компания ўзига тааллуқли бирон-бир маълумотни яширадиган бўлса уни топишнинг яхши бир йўли бор — унинг ҳамкорларининг, буюрмачиларининг, пудратчиларининг сайтларини кавлаштириб кўриш керак. «Стройтрансгаз»нинг Суриядаги бош пудратчисини излашнинг ҳожати йўқ, ҳозир у ҳақда ёзмаган янгиликлар агентлиги қолмади ҳисоб. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ўзининг расмий баёнотида унинг раҳбарининг номини тилга олган эди, у одам Жорж Хашравийдир (Ҳусайний деб ҳам ёзишади), компаниянинг номи эса — HESCO.

HESCOнинг сайти www.hescoco.com.га кирамиз.

Э, у ишламаяпти-ку! Реконструкция қилиш учун ёпилибди. Ҳозиргина ишлаётган эди-ку, мана, гуглда ҳам унинг бир нечта саҳифаси кўрсатилган.

Бироқ гуглда кэш бор, ҳавола ёнидаги учбурчакчани босиб «сақланган нусхалар»ни очишимиз ва ўчирилган саҳифаларда нималар ёзилганини кўришимиз мумкин.

1scr

Ҳатто гуглнинг кэшига киришнинг ҳам ҳожати йўқ. Ҳозирги CMSлар кэшдаги саҳифалар нусхасини сервернинг ўзида сақлашини ҳамма ҳам билавермайди. Компютерда ишлашни яхши билсангиз гуглнинг ёрдамисиз ҳам сайтдаги эски, ўчирилган маълумотларни топа олишингиз мумкин. Мана, мисол учун ҳозиргача hescoco.com серверидаги «вақтинчалик» файлларни қоғозга чиқариб олса бўлади. Уларни кўриб чиқишингиз мумкин.

http://www.hescoco.com/projectpr.php?id=23

http://www.hescoco.com/projectpr.php?id=19

http://www.hescoco.com/projectpr.php?id=20

http://www.hescoco.com/pagegpr.php?id=17

Улар у ерда мангу турмаслиги ва ушбу мақолам эълон қилингандан сўнг ўчириб ташланишини билганим учун мен скриншотларни сақлаб қўйдим.

North

Palmira_n1v1

first_GPZ

Homs-Alepo

Қизиқ манзара намоён бўлади. Суриянинг HESCO компанияси 15 йилдан буён Сурия, Жазойир, Судан ва БААда нефт ва газ инфратузилмаси объектларини қуриб келмоқда. Эътиборни тортадиган жиҳати шуки, ҳамма жойда у «Стройтрансгаз»нинг пудратчиси бўлган. Аслида HESCO «Стройтрансгаз»нинг хориждаги «ипостас»и бўлган десак ҳам адашмаймиз.

Биргина Сурия бундан мустасно, HESCOнинг у ерда «Стройтрансгаз»дан ташқари яна бир рус «буюртмачиси» бўлган, у ҳам бўлса — «Тяжпромэкспорт». У билан HESCO Сурияда иккита лойиҳани амалга оширган. «Тяжпромэкспорт»нинг Сурияда яна қандай лойиҳалари борлигини билиш учун унингhttp://tyazh.ru/main/history/ сайтига кирамиз. Эҳ, маълумотлар ўзгартирилган! «Тяжпромэкспорт» иш олиб борадиган 21 та мамлакат саналган, Сурия эса улар орасида йўқ. Аслида бўлиши керак, буни аниқ биламиз!

Калаванинг учи топилди! Агар ўзаро алоқадор учта компания ўз сайтларида бир хил ахборотни ўчириб ташлаётган бўлса, демак, қандайдир бир жиддий маълумотни яширишаяпти!

Биз тўғри йўлдамиз!

Сурияда «Стройтрансгаз» ва «Тяжпромэкспорт»нинг қандай объектлари борлигини кўриб чиқамиз. Синовимиз ҳаққоний бўлиши учун фақат HESCO сайтининг кэшида маълумот сақланиб қолганларинигина оламиз. Ҳақиқатда уларнинг сони бундан ҳам кўп албатта, аммо биз фақат очиқ линк бериш мумкин бўлганларидангина фойдаланамиз.

Хомсдаги биринчи газни қайта ишловчи завод. Ишлаяпти. 2009 йили ишга туширилган.

Палмирадаги газ тақсимлаш станцияси, қурилиши 2004 йилда тугалланган, ишлаяпти.

«Шимолий лойиҳа»: Раққадан жануби-шарқда жойлашган бешта кондан газ қазиб чиқариш ва қайта ишлашга мўлжалланган иккинчи газни қайта ишлаш заводи (биринчи қисми ишга туширилган). Мазкур лойиҳа ҳақидаhttp://www.remneftegaz.ru/news/5454 сайтидан тўлиқ маълумот олиш мумкин.

Хомсдан Ҳалабга Идлиб орқали ўтувчи газ қувури. Қурилиши тугалланган.

Демак, тўртта объект бор.

Уларнинг биринчиси Асаднинг назоратида бўлиб, Хомсда жойлашган. Қолган иккитаси ҳозир ИШИД назорат қилаётган ҳудудларда жойлашган, охиргиси (газ қувури) эса Суриядаги холис мухолифат назорат қилувчи ҳудудлардан ўтган, аммо унинг учи Асад назорат қилаётган Хомсдаги ўша заводга бориб туташади.

2000px-syria51.0_oJ3iF6R

Уларнинг тақдири не кечди экан?

Мана шу ерда илк бор таажжубланишимизга тўғри келади. Маълум бўлишича, ИШИД ҳудудида жойлашган объектларга бало ҳам урмабди — ҳамма ишлари жойида. «Шимолий лойиҳа»нинг қурилиши давом эттирилмоқда, унинг бир қисми бўлган газни қайта ишловчи заводнинг иши ҳам тўхтагани йўқ. Энг муҳими, уларни аввалгидек HESCO компанияси («Стройтрансгаз» деб тушунаверинг) қуришда ва ишлатишда давом этмоқда. Албатта, ишни давом эттириш учун ИШИД билан «келишишга» тўғри келади. Тегмасликлари учун эмас, аксинча, қўриқлашлари учун ИШИДчиларга пул тўлашга тўғри келади.

Биз бу гапларни қаердан олдик?

Мана қаердан — ИШИД билан ҳамкорлик қилгани учун HESCO компаниясига қарши санкциялар жорий этилгач, унинг раҳбари Жорж Хашравий «Counter Terrorism Project»га у ИШИД билан ҳамкорлик қилмаётгани, аксинча, бошқалар сингари ундан жабр кўргани, кўчмас мулкни ИШИД ҳудудидан олиб чиқиб кетишнинг иложи йўқлиги боис ИШИДчиларга «ўлпон» тўлашга мажбур бўлгани ҳақида тушунтириш хати ёзиб берган.

Мана ўша ёзув.

Бу — расмий ҳужжат. Унда НESCO ва ИШИД ўртасидаги ҳамкорликнинг барча жиҳатлари батафсил баён қилинган, орада муҳим бир маълумот ҳам айтиб кетилган. У шундан иборатки, ИШИД ҳудудидан қазиб олинаётган газ аввалгидек Асад ҳукуматига етказиб берилмоқда, еростидан олинаётган неъматнинг бир қисми — ИШИДнинг «бағрикенглиги»дан миннатдорлик рамзи сифатида унга етказиб берилаётган газ бундан мустасно албатта.

Асадга мўлжалланган газ Ҳалабга жўнатилади, у ердан эса газ қувури (бизнинг рўйхатимиздаги 4-объект) орқали Идлиб ва Хомсдаги газ омборларига жўнатилиши керак. Муаммо ҳам ана шунда. Газ қувури «холис исёнчилар» назорат қилаётган ҳудудлардан ўтади. ИШИДчилардан фарқли ўлароқ, улар билан тил топишишнинг иложи бўлмаган, чунки улар ғоявий курашчилардир, чеккан азоб-уқубатлари учун Асаддан ўч олишни ният қилишган.

Бунинг устига Ҳалаб ҳам, Хомс ҳам, Идлиб ҳам холис исёнчиларга қарши уруш олиб борилаётган зонада жойлашган ва исталган пайтда исёнчилар уларни буткул босиб олиши мумкин.

Мана шунақа гаплар.

Биз ИШИД билан тил топишдик! Асад билан тил топишибгина қолмай, унга Суриядаги ишонган тоғимиз сифатида қарамоқдамиз, Асад қуласа қазиб олинаётган газнинг ҳаммаси исёнчилар қўлига ўтади ва HESCO («Стройтрансгаз» деб тушунаверинг) ҳеч вақосиз қолади.

Шу боис агар сиз «Стройтрансгаз»нинг эгаси бўлсангиз, асосий вазифангиз нима қилиб бўлса ҳам Асад ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолишига эришиш бўлади. ИШИДга эътибор бермасангиз ҳам бўлади, у муаммо эмас, қўшимча харажат холос. Умуман, ИШИДга тегмаган маъқул, акс ҳолда у «харажатлар» категориясидан «муаммолар» категориясига ўтади.

«Холис исёнчилар» эса муаммо ҳисобланади, муаммони эса бартараф этиш лозим!

Россия Сурияга нега суқилиб кирганини, нима учун Асаднинг тарафини олаётганини ва нега ИШИДнинг ўрнига холис мухолифат устига бомба ёғдираётганини тушунгандирсиз?

Андрей Шипилов

Tafsilot.uz маълумоти:

Сурияда давом этаётган уруш ҳақида хилма-хил қарашлар мавжуд. Бугун дунё оммавий ахборот воситалари орқали бу борада турлича ахборог тарқатилмоқда. Воқеаларни ҳар ким, айниқса бу урушга алоқадор, ундан манфаатдор томонлар ўз манфаатларидан келиб чиқиб талқин қилмоқда, ўз қарашларини жамоатчиликка сингдиришга ҳаракат қилмоқда.

Сурия инқирозининг туб моҳиятини англаш учун фикрлар хилмахилиги муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда Кипрда яшаётган россиялик журналист Андрей Шипиловнинг юқоридаги мақоласини эълон қилишдан мақсад, Сурия, умуман, Яқин Шарқдаги нотинч вазият, унинг айбдорлари ҳамда бу урушдан манфаатдорлар ҳақида бошқача маълумотлар ҳам борлигидан бизни огоҳ этади. Мазкур мақола politolog.net, rufabula.com,obuchenieforex.ru ва бошқа кўплаб сайтларда ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилинган.

Муаллиф ҳақида икки оғиз:shipilov-e1453669814797-300x229

Андрей Шипилов — россиялик ёзувчи ва журналист. 1961 йили Москвада туғилган 1984 йили  Москва давлат радиотехника, электроника ва автоматика институти (ҳозирги МДТУ)ни тамомлаган. Россия адиблар иттифоқи аъзоси.

У Адиблар иттифоқи нашриёти, «Компьютерра» нашриёт уйи, «Компьютерра онлайн» электрон нашри, «Рақамли фото» журнали, «Бизнес-журнал онлайн» нашрига раҳбарлик қилган. 2000 йилдан буён журналистлик фаолияти билан бир қаторда интернетдаги стартаплар билан фаол шуғулланиб келмоқда. Бир қанча сайтларда муаллифлик устун (колонка)ларини юритади, кўплаб нашрлар билан ҳамкорлик қилади. Интернетда ўзининг шахсий сайтига эга.

Ҳасан Карвонли

Манба: tafsilot.uz