O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Соғлиқни сақлаш вазирлиги устидан шикоят

Соғлиқни сақлаш вазирлиги устидан шикоят
867 views
04 September 2021 - 16:50

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирига!

Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани, Газа маҳалласида

яшовчи фуқаро нафақаҳўр Абдураимов Мажид томонидан

ШИКОЯТ АРИЗА

Ҳурматли, Вазир!

Сизнинг номингизга ёзган шикоят аризам англашилмовчилик билан Бош Вазирга бориб тушган ва аризада кўрсатилган барча коррупцион ҳолатлар “якдиллик” билан хаспўшланди. Менинг аризам билан унга берилган жавобларни бир-бирига солиштиринг.

Аризамда мен, вилоят ва туман соғлиқни сақлаш тизимидагилар юлғичлик билан шуғулланаяпти, беморнинг барча дори-дармони касаллар гарданига юкланаётгани, касалхона бемор учун ҳатто

“Ш П Р И Ц” бермаслиги, туғруқхона давлат стандарти асосида эмас, дори-дармон тўлиқ бемор гарданига юклаб қўйилганлиги, врачлар беморга бошдан-оёқ компания чиқарган дори-дармонларни ёзиб бериши ва бу дорилар инсон учун самара бермаслиги, врачлар билан компания ўртасида яширин шартномалар борлиги, бу ҳизматлари учун врачлар мўмай фойда кўришлиги, даволаниш даврида беморни “Шилиб” олиш одатий ҳол эканлиги, бунинг исботи учун менга ёзиб берилган дориларнинг кўчирмасини юборганлигим, ҳатто касалхонага тушган бемор елкасига шпириц, сода, совун, салафангача юклаб қўйилганигача ёзиб,  бундай медицина ҳизмати кимга керак эканлиги, ҳам ҳалқнинг, ҳам давлатнинг кўзига чўп суқиб келаётган Бойсун туман соғлиқни сақлаш бирлашмаси бундан кўра барча иҳтиёрини врачларга бериб қўйгани маъқул эмасми, деб ёзган эдим.

Соҳтакорликка оддий бир мисол: менга берилган жавоб ҳолатларининг санасига эътибор қилинг. Барчасида “17.07.2021йил” деб қайд қилинган. Шундайи ҳам бўладими?

Ҳурматли Вазир!

Менинг аризамга берилган жавоб хатида юқорида кўрсатилган жиноий ҳаракатларнинг бирортасига жавоб йўқ. Бу камчиликлар тўғрисида лом-лим дейилмаган. Қолаверса, мендан медицина ҳизматлари учун шилиб олинган 2000000 (Икки миллион) сўм маблағни кимдан ундириб оламан? Агар ушбу аризамга аниқ жавоб ололмасам, мен Соғлиқни сақлаш Вазирлигини судга бераман.

Ариза ёзувчи нафақаҳўр                                         

Абдураимов Мажид

Телефон рақам:  +998 90 747 38 01                               

31.07.2021

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Миромонович Мирзиёев

Нусҳаси: Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш Вазирига

Нусҳаси: Бойсун туман Департаменти бошлиғига

Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани, Газа  маҳалласида яшовчи

нафақаҳўр Абдураимов Мажид томонидан

ШИКОЯТ АРИЗА

Ҳурматли, Юртбоши!

Ҳалқимиз, игнани ўзингга санч, оғримаса бировга санч, дейишади. Республика, вилоят, туманлардагидек Бойсун туманида ҳам ҳалқ соғлиги учун кўрсатилаётган ҳизмат нақадар фожеали тус олганини Сизга ёзмасдан иложим йўқ. Жондан ўтиб кетди! Фарзандим касал бўлган сабабли, ЙЎЛЛАНМА билан вилоят Марказий касалхонасида даволанди. Беморни талаб олишди. Дори-дармон ёзиб беришаверади, ёзиб беришаверади. Бу дори-дармонларнинг беморга фойдаси борми ёки йўқми, бу билан бирор шифокор қизиқмайди. Чунки мақсад-битта. Беморни тунаб олиш.

Бойсун туман соғлиқни сақлаш  тиббиёт бирлашмасига қайтайлик. Қизим учунчи марта фарзандли бўлиши учун операцияга ётқизилди. Ҳали жарроҳлик иши бошланмасдан туриб, менга дори-дармон ёзилган қоғозлар учиб кела бошлади. Ҳаш-паш дегунча 1000000 (Бир миллион) сўм йўқ бўлди. Дори-дармон, дояю-даволовчиларга пул тақсимлаб беришга тўғри келди. Навбатчи врачдан, нега бундай аҳвол, деб сўраганимда, у  касалхона бизга ҳатто “ШПРИЦ” бермайди деб жавоб берди. Шифохонадаги тартиб, муомала, иш жараёни шу даражага етганки, пули бўлмаган фуқаро ўлиб кетар экан.  Яқинда шундай воқеа содир бўлди ҳам. Врач беморнинг онаси билан жарроҳлик учун пул сўраб, тортишиб турган вақтда, ёш ҳомиладор аёл ўлиб қолган. Ҳомиладор аёл қон кетиб вафот этган. Жарроҳ эса қонни тўҳтатиш эмас, пул ундириш мақсадида вақтни бой берган. Жиноятни ёпиб юбордилар. Демак йўли бор экан!

Хуллас фарзандимни соғ-саломат уйимга чиқариб кетгунча врачлар ёзган узунқулоқ дори қоғозлари тўҳтамади ва мен яна 1000000 (Бир миллион) сўм ҳаражатга тушдим.

Медицинада СТАНДАРТ деган қоида бор. СТАНДАРТ га кўра барча дори-дармонлар бепул берилади ва бу таъминотлар давлат томонидан қопланади. Шифокор томонидан дори-дармон ёзиб берилиши ва бу ҳаражатларни бемор елкасига юклаш  қатъиян тақиқланади!

Нега бўлмаса медицинамиз бемор учун эмас, тиббиёт бирлашмаси ходимлари фойдасига ишлаяпти?

Давлатимиз уларга ойлик маоши бермайдими? Кониститутцияда “бепул ҳизмат” дейилган-ку? Биз қайси замонда яшаяпмиз?

Мен Сизга шифокорлар ёзиб берган дори-дармонларнинг бир қисмини юбораяпман холос. Исбот учун шунинг ўзи етарли.

Бу анархиянинг олдини олиш мумкинми ёки йўқми? Тиббиёт бирлашманинг барча бўлимларида аҳвол шу. Пораҳўрларнинг ёзилмаган қоидалари ҳам бўлади. Сиздан қатъий чоралар кўришни илтимос қиламан.

  1. Ариза- 2 варақ.
  2. Бойсун туман тиббиёт бирлашмаси шифокорларининг дори-дармон ёзилган қоғоз парчалари-1 варақ.

76 ёшар нафақаҳўр

Абдураимов Мажид                         

Телефон: +998 90 747 38 01                                                  

28.06.2021 й.