O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тил миллатнинг ўзаги

Тил миллатнинг ўзаги
248 views
24 July 2016 - 6:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(78-қисм)

Ўн еттинчи кўчат
Тил миллатнинг ўзаги

Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ҳамда тилимиз ушбу мақомни олмасидан бурунги ва олганидан кейинги ҳолати тўғрисида гапиришдан олдин ўша даврдаги ўзим учун шарафли бир воқеани эсламоқчиман.

Советнинг охирги паллаларида, ошкоралик йилларида юртимизда бир неча яхши қонун қабул қилинган. Давлат билан халқ бир-бирига яқинлашиб, бирининг овозига иккинчиси қулоқ солиб, халқ ўртага қўйган масалаларни давлат ҳал эта бошлаган эди.

Масалан, Орол денгизини сақлаб қолиш, табиатни асраш, ўзбек тилига “Давлат тили” мақомини бериш… каби масалаларни халқ ўртага қўйган эди. Ҳали совет даврида, мустамлака  таъсиридан чиқиб кетмаган бир пайтимизда!

Тўғри, бунақа миллий ҳаракатлар битта бизнинг мамлакатда юз бермаган, совет қўл остида ўн бешта республика бўлса, шулар ичида биздан эртароқ ва кучлироқ уйғонган Болтиқбўйи давлатлари бошлаб берган эди. “Улуғ оға” тили зуғуми остида яшаган миллий тилларининг қаддини тиклаш ва қадрини юксалтириш бўйича Болтиқбўйи, Қофқоз ва ниҳоят Ўрта Осиё халқлари ҳам миллий уйғондилар.

Тил борасида ҳар бир халқ ўрис-совет камситишларидан безиб,  узоқ йиллар давом этган хўрликлардан руҳан чўкиб юрганининг аламларини шу қисқа қайта қуриш замонида кўчага тўкиб солди… ва бирин-кетин республикаларда тил қонунлари қабул қилина бошлади.

Мақтанишга ўхшаб кетса ҳам, тарихий бор гап бўлгани учун айтай: Тил қонунининг муқобил нусхасини яратиш бўйича “Бирлик” халқ ҳаракати билан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳамкорликда тузган беш кишилик кичкинагина ишчи гуруҳда камина ҳам бор эдим. Бу муқобил нусханинг асосий қисми машҳур миллиятчи қўшиқчи Дадахон Ҳасан уйида қоғозга туширилган. Гуруҳда буюк шоиримиз Рауф Парфи, Дадахон Ҳасан, тилшунос олим Бахтиёр Исабек, “Фитна санъати”нинг муаллифи Мирза Кенжа ва камина эдик.

Дадахон Ҳасан мезбон сифатида чой-пой қилиб бериб турди. Буюк шоиримиз Рауф Парфи: “Ҳамма фикрларингга қўшиламан, ёзаверинглар!” деб оқ йўл тилаб ўтирди. Матнни асосан уч киши ишладик. Қалам, одатдагидек, Мирза Кенжа қўлида эди!..

Ўша кунгача бир неча давлатнинг тил ҳақидаги қонунини ўрганиб чиққаним бу ишда жуда асқотди.

Тилимиз қайғусига озми-кўпми ҳиссам қўшилганидан ҳалигача шараф туяман.

Яъни, давлат ўз йўли билан, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ва “Бирлик” халқ ҳаракати ўз йўли билан “Давлат тили ҳақида”ги қонунни ишлашни бошлади. Кейин мана шу иккала нусха асосида ягона бир нусха қабул қилиниши келишилган эди.

Ўшанда мен атай солиштириб чиққанман: охирги таҳрирда давлат биз тайёрлаган нусхадан мўлжалдан анча кам фойдаланган. Бизники давлат назарида кескин туюлганидек, расмий тайёрланган нусха бизнинг назаримизда анча бўш эди. Лекин у замонларда умумий ижтимоий руҳнинг ўзи анча демократик бўлгани учун, тасдиқланган нусхаси ҳам, масалан, ҳозирги замон гази билан ўлчанса, ҳарҳолда чидаса бўладиган даражадаги қонунлардан биттаси эди.

Яъни, биз орзу қилган жуда кўп моддалар давлат қабул қилган нусхага кирмай қолганига қарамай, бундай олганда, айниқса, бугунги кўз билан қаралса, у илк қонун кейинги тузатилган нусхасидан анча миллий ва халқчил эди.

Энг муҳими – совет даврида сиқув остида бўлган тилимиз эркка эришди, ҳуқуқ қозонди, ҳурриятга чиқди ва… қонун қабул қилинган кун “Тил байрами” ўлароқ қутланадиган бўлди (кейинги замонларда бу “байрам” ҳам расмиятчилик учун ўтказилаётгани бошқа масала). Ахир, ўзбек тили ҳам бир мустақил тил сифатида яшашга ҳақли, дейишнинг ўзи илгари ўта миллатчилик деб баҳоланарди. Шу боис тилимиз ҳақида хос қонун (илк талқиндагиси)нинг вужудга келиши ижобий ҳодиса бўлганини тан олишимиз керак.

Булар бугун ширин хотиралардир.

Сўнгра қаршимизда асосий масала – қонунни амалга киритиш, қўллаш, ҳаётга татбиқ этиш масаласи турди (ҳамон турибди).  Бугунги натижага қараб баҳо берсак, бу борада йилдан-йилга орқага кетса кетиляпти, асло олға силжиш йўқ! Силжиётгандек кўринса ҳам, бир қадам олға, икки қадам орқага!

Бугун тил деярли эгасиз, эрта етим қолган қўзидай дийдираб турибди: радио-телевидение тили борган сари бузилиб бўлди; оммавий ахборот воситалари ким нимани қандай ёзса, ёзиб ётибди; кўча абгор: одамлар ўзбекча гапиряптими ё ўрисчага ўзбекча сўзлар қўшиб гапиряптими – билиб бўлмай қолди!

Юз эллик йиллик ўрис асорати даврида, ҳатто очиқдан-очиқ тилимизни ўрислаштириш сиёсати юритилган совет даврида анча-мунча сақлана олган тил кейинги йигирма йил ичида кескин бузилишга учради.

Тағин ҳам адабиёт бор, тағин ҳам ёзувчи-шоирлар бор ‒ ўзбекчада тозароқ ёзиб туришибди (Кундалик муомалада ҳатто адабиётчи ҳам тилини эҳтиёт қилмаяпти, аралаш тилда гапиради).

Тил қонуни қабул қилинган илк йиллари ўзбек тили ҳаётнинг ҳамма соҳаларига фаол кира бошлади. Атамашунослик қўмитаси ташкил  бўлди. Ёзувчилар уюшмасида ҳар куни қизғин муҳокамалар кечарди. Фанлар Академиясида катта ишлар қилинди.

Ёзувчи-шоирлар шахсий ташаббус билан асарларида, ўрис-совет босқини даврида унутилган ва ё унуттирилган сўзларни топиб-ишлатиб, янги-янги ифодаларни муомалага киритди. Хуллас, тилнинг қадрини ва қаддини тиклаш бўйича оммавий бир ҳаракат юзага келди.

Юзага келди-ю… афсус, бу ташаббус, бу ғайрат йил ўтган сайин сўниб, тил уйғониши тўлқини тобора орқага кайтди. Мана, ҳозир ўша илк қонун қабул қилинганига 21 йил бўлган бўлса, кундалик ҳаётда бу қонунга риоя фақат орқага кетяпти. Бу ҳол нималарда кўринади?

Тил мавҳум бир нарса эмас. Ўз ҳолича бор бўлмайди. Тил асосан одамларнинг оғзида ва ёзувларда яшайди, оғиз ва ёзувларда ҳаётини давом эттиради. Агар миллат турли сабаблар билан айрим сўзларини унутаётган бўлса, аста-секин тилидан тушиб қолаверса, ўрнини “замонавий”ми, “маданий”ми ниқоблари остида бегона сўзлар эгаллайверса, бу тил олдинига қашшоқлашиб боради, кейин, тарихда кузатилганидек, ўлишга қараб кетади.

Тилларнинг ўлиш ҳодисаси бор нарса. Айрим тилларнинг номини биламиз, айрим сўзлари атама ўлароқ ё бошқа бирон кўринишда ўзга миллатлар тилида сақланиб қолган, лекин ҳозир у тилда гапирувчилар йўқ. Бир пайтлар у тилда гапирган халқ (мас., лотин, айрим сибир ва шимолий-жанубий Амрика маҳаллий халқлари) йўқолиб, бошқа миллатларга сингиб-ейилиб кетган.

Бунақанги натижадан Оллоҳ қўрисин.

Бошқа тиллар зуғуми остидаги кучсиз, кичик тиллар бошида шундай хавф ҳамиша туради. Шу боис хавф остидаги тилнинг яшаб қолиш учун қаршилик ҳаракати айниқса кучлироқ бўлиши керак. Озгина парвосизлик, тилни ўз ҳолига ташлаб қўйиш натижаси аянчли бўлиши тайин.

Оллоҳга шукр, узоқ-яқин давлатларда ҳам яшаётган тилдошларимизни қўшсак, нуфуси қирқ милён нари-берисидаги катта миллатмиз. Балки бундан кўпдирмиз ҳам. Бу тилда ёзилиб, ўтмишдан қолган ва ҳамон севиб ўқилаётган жуда улкан маданий-тарихий-адабий мерос эгаларимиз биз. Маънавий пойдеворимиз жуда чуқур ва кучли. Тилимиз йўқолиб кетмайди, иншаоллоҳ, аммо бузилиб кетаётгани кўнгилларда хавотир уйғотади.

Биз ўзбекистонликмиз, мамлакатимизнинг оти “Ўзбекистон”, миллатимизнинг оти “ўзбек”, тилимизнинг оти “ўзбек тили”. Шу тил бор экан, “ўзбек халқи”, “ўзбек адабиёти”, “ўзбек маданияти”, “ўзбек урф-одатлари” ҳақида гап бўлиши мумкин. Демак, тил масаласи шунчаки гап орасида айтиб кетавериладиган ёки йилда бир марта “Тил байрами”дагина эсланадиган кичик, майда масала эмас, давлат аҳамиятига эга улкан масаладир.

Тилнинг икки қирраси бор: назарий ва амалий. Бошқача айтганда, тилшунослик илми ва тилнинг кундалик ҳаётда ишлатилиши.

Биз атай назарий қиррани – илмни олдга ўтказдик. Аслида, ҳодиса сифатида тилнинг ўзи тил илмидан олдинда туради, чунки ҳар қандай илм-назария бор нарса асосида туғилади. Бу ерда олдга илмни чиқарганимиз боиси – бугун глобаллашув замонида илм (назария) қаттиқ турмаса, тилни ўз ҳолига ташлаб қўйса, эртага бу тил бузилиб, таниб бўлмас ҳолга келса, тил илмидан нима фойда?! Оллоҳ кўрсатмасин, тил йўқолса, назария кимга керак?!

Шуларни ҳисобга олиб илмни тўрига ўтказяпмиз. То асосий омманинг тилдан фойдаланиш аҳволи ўта ночор ҳолга тушиб қолган айниқса бугунги шароитимизда тилшунослик илми майдонга отилиб кирсин, қалтис вазиятга тез аралашсин, турли воситаларни қўллаб, тилимизнинг бойлигини, гўзаллигини, қобилиятини сақлаб қолишга бел боғласин. Акс ҳолда биздан  болаларимизга бой ва гўзал тил эмас, ўта қашшоқ, бузуқ, қанақадир қорма-қоришиқ, бўтқа бир тил қолади.

Бугун ўзбек тилимиз чуқур илмга, тўғри назарияга, ва ниҳоят, давлат ҳимоясига жуда-жуда муҳтож!

Мустамлакага учраган тагли-тугли, маданий халқлар ўзлигини асраб қолиш учун дин, тил ва урф-одатлар атрофида олдингидан ҳам қаттиқроқ уюшган бўлади. Жумладан, тилини ётнинг ёмон таъсиридан тоза сақлаб қолишга қаттиқ интилади. Ўз-ўзидан фитрий ҳимоя воситалари ишга тушиб кетади. Босқинчи тилнинг зуғумидан сақлайдиган кучли қобилият уйғонади, едирилиб-емирилиб кетмасликнинг чора-тадбирлари ишлаб чиқилади.

Совет давлати имконидаги бор воситани ишга солиб, миллий маданиятимизни “эскилик сарқити” деб эълон этиб, барча соҳада ўрислаштириш сиёсатини юритган бўлса-да, хавф даражасига тенг даражада уйғонган фитрий ҳимоя қобилияти ишга тушиб, миллат тилини ва урф-одатини ҳарҳолда сақлаб қолишга эришди. Тилнинг товуш қисмида ва луғатда анча ютқизиқлар бўлди, аммо, умуман олиб қараганда, ўзига хослигини ва бойлигини асраб қолишга жон-жаҳди билан тиришди. Натижада тилни халқимиз аждарҳо тилларга ем қилмасдан бу замонларгача олиб ўта олди.

Айниқса, миллат тақдирига куюнчак адибларимиз, шоиру ёзувчиларимиз, муҳаррирларимиз ижобий маънодаги қайсарлик билан тилимизнинг ранго–рангликларини, бойликларини кўрсатиб ёзаверишди.  Мафкураси қандай бўлишидан қатъи назар, тилни асраб қолиш ҳаракатида адабиётчилар орасида қандайдир бир фикрдошлик, уюшқоқлик бор эди. Асарларида турфа ўзбекона-туркона сўз ва ибораларни қўллаб, иложи борича чеккадан сўз киритмай, кирганини ҳам жуда кам ишлатиб, тилимизни муқаррар ҳалокатдан асраб қолишга эришишди.

Бугун нима бўляпти?

Бугун “мустақил”миз, дунё билан тўғридан-тўғри алоқаларга киришдик, мамлакат дарвозалари дунёга очилди. Айни чоқда, ачинарли томони – тилимизнинг дарвозаси ҳам катта очиб юборилди.

Ҳолатга боқсангиз, миллатда ўз тилига эътибор борган сайин пасайиб кетаётганини кўрасиз. Айниқса, кўчада, кундалик турмушда, бозорда, мактабларда, университетларда, оилада, маҳкамада, девонда…

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com