O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тошкентдаги “разборка”лар

Нима учун АҚШ молия вазирлиги Ғофурни бадном қилишдан манфаатдор? Нима учун молия вазирлиги Ғафурнинг “ҳамкасблари” Салим Абдувалиев ва Нозим Жумаевларни ўз “эътибор”идан четда қолдиряпти? Ўзбекистон йиллик бюджетининг 30% наркотрафикдан тушган пуллар билан тўлдирилади.

Тошкентдаги “разборка”лар
132 views
19 March 2012 - 15:01

2004 йили Тошкентда таниқли яҳудий тадбиркор Шапиро бошига отилган уч ўқ билан ўлдирилганди. Шапиро ўз вақтида Г.Каримованинг “команда”сида эди ва унинг нефт-газ тармоғидаги сармоядор(инвестор)ларидан бири бўлганди.
Шапиро Г.Каримованинг бевосита раҳнамолиги остида фаолият кўрсатганига қарамай, “буюртма”га кўра қилинган бу қотиллик жуда қўпол ва беписандлик билан амалга оширилганди.
Шапиро бўйича жиноий ишни И.Каримов ўзининг шахсий назоратига олди.
Қотил бир ҳафта ичида қўлга олинди, жинояти бўйнига қўйилди ва у бу “жиноят буюртмачиси” дея жиноятчи дунёсида номи чиққан, икки марта қотиллик содир этган қандайдир Нозим Жумаевни кўрсатди.
Бу жиноий ишда яна бир иштирокчи – Акбар Ражабов исми ҳам келтирилади.
Тергов ҳужжатларининг бошланғичида қотиллик ижрочи ва буюртмачисини Шапиро яшайдиган уйнинг яқинига олиб келган машина ҳайдовчиси А.Ражабов дея кўрсатилган эди.
Жиноят содир этилганидан икки соат кейин, Нозим Жумаев Акбар Ражабовнинг уйига келади ва у билан иккиси дарҳол шаҳардан чиқиб кетишлари кераклигини айтади. Ражабов босснинг буйруғига бўйсунади ва… ўша кундан буён уни ҳеч ким кўрган эмас.
Воқеадан роппа-роса бир йил сўнгра, қочқинда юрган Н. Жумаев Тошкентга қайтиб келади ва унинг жиноий иши маҳкамада “қайта кўриб чиқилади”. Энди қотил Н.Жумаев олдинги айтганларидан қайтиб, буюртмачи Ражабов эди дея кўрсатма бера бошлайди.
Айни пайтда, Ражабовнинг оиласи Жумаевга давомли қатнаб, ундан Ражабовнинг қаердалигини суриштириб туради. Бу қатнашларда Ражабовнинг уч боласи билан қолган хотини Алия Ражабова жуда фаол эди. Жумаев аввал Ражабовнинг хотинига “эринг Туркияда” деб айтади, ва уни Туркияга юборади. Кейинроқ эса, унинг эри АҚШда эканлигини айтади ва аёлни АҚШ га юборади. (Бундай жиноятчилар тўдаси чегара танимайди, уларда виза муаммоси йўқ).
Ҳозир Алия Ражабова АҚШда яшайди ва эрининг халигача изини тополган эмас. Ҳар ҳолда унинг эри тириклар орасида бўлмаса керак. Чунки Акбар Ражабов қотилликнинг буюртмачиси ўлароқ ҳужжатлаштирилганига анча бўлган.
Аммо Жумаевни бу ишгалдан “тозалаган” куч, ҳар нарсага “қодир” раҳнамо ким бўлиши мумкин?
Ўзбекистонда “адолатли маҳкама” қандайлиги ҳаммага маълум-ку.
У йилларда Ўзбекистонда мавжуд системанинг шаклланиш жараёни юқори чўққига чиқаётганди ва майдонда Миродил Жалилов (Зеромакс), шунинигдек Шуҳрат Ғуломов (МХХ раисининг биринчи ўринбосари) каби янги ўйинчилар пайдо бўлганди.

Гулнора Каримованинг эса, бу вақтга келиб иштаҳаси анча карнайлашиб қолган, отасига тақлид килб, ер тепиниб сўкина бошлаганди ҳам.
Буюк давлат қулаб, мустақиллик эълон қилингандан кейин Ўзбекистон раҳбарига “қонундаги ўғрилар” ва “жиноятчи карчалонлар институти” мерос қолди. Ўша пайтларда Ўзбекистондаги энг таъсирли “авторитетлар” Салим Абдувалиев ва Ғафур Раҳимов эди. СССР қулаши оқибатида, улар ўзларига яхшигина капитал ўзлаштириб олдилар. Мустақиллик эса уларни Ўзбекистоннинг энг қувватли кишиларига айлантирди.
Бу икки энг қувватли киши, ўз ҳайбатини Каримов қизларининг рухсати доирасидагина сақлаб тура олдилар. Гулнора ўзбек тижоратини қўлга олганидан кейин, унинг тижорий ишларини юрита оладиган лаёқатли мутахассис ахтаришга киришди. Бунга номзодлар иккита эди – Шапиро ва Миродил Жалилов (“Зеромакс”нинг бош директори).

Бундан Шапиронинг ўлдирилишидан авваламбор Миродил Жалилов манфаатдор эканлиги маьлум бўла бошлайди. Ҳақиқатан ҳам бу жиноятдан кейин Миродил Гулноранинг барча инжиқликларига “миқ” этмасдан кўнади. Бунинг эвазига Миродил Ўзбекистон нефт-газ тижоратининг норасмий рухсатномасини ҳам қўлга киритади.
Айни пайтда Маҳмуд Худойбердиевнинг МХХдаги хомийси, “Тожикистон ва Афғонистон бўйича мутахассис”, МХХ нинг Сурхондарё вилояти (наркотрафикнинг энг кўп қисми шу вилоятдан ўтади) бўлимининг собиқ бошлиғи, Андижондаги хунрезликлардаги жонбозлиги учун “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонини олган, раҳм-шафқатсиз, тутуриқсиз, жоҳил ва ёш генерал Шуҳрат Ғуломов ҳам МХХ пиллапояларидан юқори кўтарила бошлаганди. Бу учта шахс биргаликда кўзга кўринган молиявий куч тизимини тамсил эта бошлайдилар.
Шухрат Ғуломов ўша Гулнора-Миродил тўдасининг кучишлатар тизимларидаги “лоббиси”га айланади.
Ана шу вақтдан бошлаб, мамлакатдаги турли хил бизнес-тизимлари уларнинг қўл остига ўта бошлади. Масалан, “Перфектум мобайл” мобил алоқа хизмати, “Бизнесс банк” ва бошқалар. Илгари Ғафур Раҳимовга тегишли бўлган “Зеромакс”ни (компаниянинг таъсисчиларидан бири америка тарафидан Гарри Хюстас бўлган эди) Гулнора тўла ўз ҳукмига олди.

Кейин Гулнора ва Шуҳрат Ғуломовлар Афғонистонга ўтадиган транзит юкларни назорат қила бошладилар. “FMN-logistic” компаниясида Гулноранинг ҳиссаси бор. Афғонистонга транзит юкларда Гулнора бош “субподрядчик” ҳисоблана бошлагач, Ғафур Раҳимовда қора кунлар бошланди, унинг бизнес-тизимлари бирин-кетин қўлдан кета бошлайди. Ҳукмрон оила уни ёқтирмай қолди. Салим Абдувалиев эса, аксинча “гуллаб-яшнай” бошлади. Чунки у оилага жуда яқин бўлиб олганди, ҳатто Алишер Усмонов ва Каримов оиласи орасида “боғловчи” звенога айланганди.
Умуман олганда, Ғ.Раҳимов 2005 йилгача ўзбек махсус хизматларига “маъқул киши” ҳисобланарди. У “кўча”даги тартибни назорат қилар, Ўзбекистонга чечен мафиясини киритмаслик вазифасини бажарар ва ҳукумат ўзи қила олмайдиган кўп “қора ишларни” бажарарди.

Зокир Алматов (собиқ Ички ишлар вазири) вазафасидан кетгач, Ички ишлар вазирлиги бундай гуруҳларга ҳеч қандай қаршилик кўрсатолмайдиган бўлди. Оқибатда, кучлар мувозанати бузилди ва мамлакат мана шу бугунги аҳволга тушди.
МХХ мамлакатда энг кучли тизимга айланди ва унинг кадрлар сони икки марта кўпайтирилди. Амалда бу ташкилот ҳамма ишларнинг устидан ўз назоратини ўрнатди, ҳатто МХХ савдогарлик билан ҳам шуғуллана бошлаган.
Бугун МХХ ва президент оиласи иккиси биргаликда даромадли тижоратнинг барчасини назорат қилади ва бошқаради.

Энди Гулноранинг тўймас нафси учун яна-да кўпроқ нарсалар керак бўлиб қолганди ва у Ғ.Раҳимовдан йилига 500 млн. доллар ҳисса тўлашни талаб қилди, аммо Ғ.Раҳимов бундай талабни рад этди. 2010 йил Ғафур Раҳимов учун кескин бурилиш йили бўлди, ана шу вақтдан бошлаб МХХ ва оила тарафидан уни қийнашлар бошланди. Унинг барча ходимларига жиноий ишлар қўзғатилди, қариндошлари қамоққа ташланди, ўзи эса Ўзбекистонга қайтиб кира олмайдиган бўлди.
Бугун ҳар бир ресторан ёки кичкина “фитнесс салон”ларининг ҳаммаси Каримовага ҳисса тўлайди.
Бугун Гулнора Каримова Ўзбекистондаги уюшган жиноятчиликни ўз шахсида бутунлай жамлаб олган бир хотинга айланди.
Бу вақт ичида Шуҳрат Ғуломов ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб олди. Масалан, илгари Каримовнинг ҳузурига фақат Иноятов бемалол кира оладиган бўлса, энди бундай ҳуқуқ Ғуломовда ҳам пайдо бўлди. “Ота” ҳузурига кириб, унга тўда(клан) манфаатларига мос бўлишлигини сўзлаш жуда катта имтиёздир.
Аммо, нима учун бугун Ғафур четлаштирилди ва нима учун АҚШ молия вазирлиги унинг бадном қилинишидан манфаатдор? Нима учун молия вазирлиги Ғафурнинг “ҳамкасблари” (Салим Абдувалиев ва Нозим Жумаев)ларни ўз “эътибор”и доирасидан четда қолдиряпти? Бундай мужмал танловда АҚШ жуда муҳтож бўлган Афғонистон коридорининг эгаси – диктатор Каримовнинг қизи “Гуля” бирон роли борми?
Бир нарса маълум: Шапиро ўлдирилгач, М.Жалилов Ўзбекистондаги барча тижорат структураларини Г.Каримова назоратига ўтказадиган молиявий-сиёсий гуруҳ тузишни тугаллади.
Ш.Ғуломов эса, бу гуруҳ учун юмшоқ ҳуқуқий-куч ишлатар системасини тўшаб берди, ва унга Ўзбекистондаги ҳаммани тўлиқ бўйсундириб, йўлида ким турган бўлса, барчасини йўқ қилди ва қамоқларга ташлатди.
Маълумки, Ўзбекистон йиллик бюджетининг 30% наркотрафикдан тушган пуллар билан тўлдирилади.

Гулнора (Ш.Ғуломов) гуруҳи учун маълум мақсадларни амалга ошириш учун катта жиноятчилар керак эди.
Ғафур бу ролга тўғри келмай қолганди. Таъбир жоиз бўлса, у эски “патриарх” эди. Унинг шахси ёш бўриларга ёқмаётганди. Уларга бошқаси керак эди. Жиноятчилик тизимининг барча бўғинлари билан алоқаси бўлган, замонавий, яна-да принципсизроқ, иймонсизроқ, тайинсизроқ, уятсизироқ бир жиноятчи керак бўлаётганди.
Ва бу ролга Жалиловнинг таклифи билан Шапиронинг буюртмачиси Нозим Жумаев келтирилди.
Режа жуда содда ва оддий: қотилнинг кўрсатмаларини ўзгартириб, бутун жиноятни Ражабов устига ағдариш ва шу билан Жумаевни очиққа чиқаришдан иборат эди.
Бу масала билан МХХ уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлимининг бошлиғи Сергей Сергеенко “жиддий” шуғулланди.
Ғафур гуруҳини тугатиш ва Ғафурнинг ўзини обрўсизлантиришга бағишланган бутун амалиётни С.Сергеенконинг бошлиғи Шуҳрат Ғуломов олиб борди. Оқибатда, Ғ.Раҳимов оиласи билан Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Кўраяпсизми, МХХ генерали Ш.Ғуломов бу махфий ўйинларда қандай муҳим роль ўйнамоқда. Бу шахсни яхши кузатиб боринг. Ишончли манбалардан олинган маълумотларга қараганда, Ш.Ғуломов сўнгги олти йил давомида Афғонистондаги Америка махсус хизматлари билан жуда яқин алоқа ўрнатган. У советлардан қолган эски “стингерларни” Толиблардан арзонга сотиб олиб, америкаликларга қимматроққа сотиш билан чўнтагини анчагина қаппайтириб олди. Бу олиб-сотишлардан тушган даромад Дубайга жўнатилади ва улар Ғуломовнинг барча ишларида энг яқин дўсти, МХХнинг истеъфодаги полковниги Савинков тарафидан қўриқланади.
АҚШ молия вазирлигининг “баёноти” аслида МХХ тарафидан олиб борилаётган ишларнинг қўллаб-қувватланишига ўхшаб қолмаяптими?
Бизнинг тахминимизни тасдиқлайдиган яна бир далил, Раҳимовнинг орқасидан дарҳол Ўзбекистон бош вазири Мирзиёевнинг жонли ҳамёни Лазар Мирзояннинг ҳам “персона нонграта” эълон қилинишидир.
Ҳа, Ш.Ғуломов бу арманини овлашга уч йил сарфлади. Чунки Лазар, МХХ ертўласида Мирзиёевга қарши кўрсатмалар бериши учун жуда зарур эди. Бироқ уни вақтида огоҳлантиришга улгурдилар ва у Дубайга қочиб кетишга улгурди.
Бугун Лазар (Ўзбекистоннинг асфальт қироли) унинг Хўжайинини батамом тугатиш учун Ўзбекистон МХХсига жуда зарур.
Тошкентда бугун ишлар мана шунақа, оғайнилар.

Абдукарим Сулаймон