O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Учма – уч…

Учма – уч…
176 views
27 April 2017 - 8:00

Жамол Камол,
Ўзбекистон халқ шоири

УЧМА – УЧ…
(“Анвармирзо ҳикоятлари” китоби)

Қошларинг пайваста, ёрим,
икки раъно, учма-уч,
Кўзларинг шаҳлосида
нозу таманно учма-уч.

Икки зулфинг икки гул
рухсоринг узра силкинур,
Икки саф киприкларинг ҳам,
эй нигоро, учма-уч.

Бўлмагай сеҳру малоҳат,
бўлгай ул жон офати,
Бўлса гар ҳусну чиройга
зебу оро учма-уч.

Гул очиб, атрин сочиб,
мазмунга тўлгайдир ҳаёт,
Келса гар икки муҳаббат,
икки маъно учма-уч.

Икки саҳро ҳам туташ
эрса Ватанда, не ажаб,
Икки саҳрога муқобил
икки дарё учма-уч.

Ўтдилар не-не азизлар,
дилда не асрор эди,
Эрди ул кўзларда ҳар дам
икки дунё учма-уч…

Эй Жамол, таъзимга тургай
ҳар сафар аҳли жаҳон,
Сўз аро ўтса Самарқанду
Бухоро учма-уч…

facebook.com