Ижтимоий тармоқларда Диёрбек Авазов исмли журналистнинг “Экспорт кушандаси” номли журналистик суриштируви эълон қилинди. Муаллиф сўнги вақтларда пайтларда Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия давлатларининг Ўзбекистондан мева ва сабзавотлар импорт қилишни тўхтатаётгани ва унинг сабаблари билан боғлиқ журналистик суриштирув ўтказганини ёзади.
Мақолада ёзилишича хорижга мамлакатимиздан экспорт қилинаётган ёки бизга импорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг фитосанитар хавфсизлигини текшириш ваколати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига берилган. Бу ташкилот маҳсулотларда бирорта зараркунанда аниқлангудек бўлса, маҳсулотларнинг етказилишини тўхтатиб қўйиш ва чора кўришга ҳам ҳақли. Бунинг учун чегара постларида Инспекциянинг инспекторлари фаолият юритади.
Ташкилот фаолиятига ойдинлик киритаркан муаллиф шундай давом этади:
“Республикамиздан хориж давлатларига экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тозалигига, бир сўз билан айтганда, миллий маҳсулотларимиз жаҳон бозорларида кўпроқ эга бўлишига энг аввало мана шу ташкилот масъул. Хўш, нега унда хориж давлатлари борган сари қадимдан ўзининг ширин-шакар мевалари ва сабзавотлари билан машҳур Ўзбекистоннинг маҳсулотлари импортига тақиқ қўймоқда?”
Юқоридаги саволларга жавоб изларкан муаллиф қуйидаги мисолларни келтиради:
“- 2018 йилда Қозоғистонга Ўзбекистондан олиб кирилаётган 2,5 тонна хурмода Комсток қурти аниқланганлиги сабабли ортига қайтарилган. 2019 йилда Қозоғистон Ўзбекистондан олиб кирилаётган анорда ҳам икки маротаба Комсток қурти аниқлаб, мамлакатимиздан анор импорт қилинишини тақиқлаган;
– 2019 йилда Қирғизистон Ўзбекистондан олиб келинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари фитосанитария талабларига жавоб бермаслиги бўйича 365 та ҳолатни қайд этди ва мамлакатимиздан маҳсулот импорт қилинишини тўхтатиб қўйди. Бу ҳам етмагандек, Ўзбекистондан Қирғизистонга олиб кирилаётган анор мевасида Шарқ мевахўри – “Grapholita Molesta” ҳашароти аниқланган. Яна 35 тонна нок, беҳи, нўхат ва зиравор маҳсулотларимиз фитосанитар сертификатсиз ва махсус этикеткаларсиз юкланган;
– 2020 йилда Россия Федерацияси Фарғона ва Навоий вилоятидан Россияга олиб келинган помидор ва қалампирларда «Помидор жигарранг бужмайиш вируси» аниқлангани сабабли тақиқ қўйди. Кейинчалик қуритилган ўрик партиясида хавфли зараркунанда — капр қўнғизи аниқлангани сабабли Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан барча ўсимлик маҳсулотларини олиб киришга тақиқ жорий этди. 11 декабрдан бошлаб эса Қашқадарёдан помидор ва қалампир олиб киришга тақиқ қўйди.
Яна маълумот учун, бир неча йил аввал Жанубий Кореяга экспорт қилинган қовунларда зараркунандалар аниқланганлиги сабабли Корея ҳукумати Ўзбекистондан қовун импорт қилинишини тақиқлаб қўйди ва ҳанузгача биздан қовун олиб кирилишини истамаяпти.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Лекин нима керак дилни баттар хира қилиб.”
Санаб ўтилган ҳолатларнинг сабабини аниқлаш мақсадида муаллиф ўзининг журналистик суриштирувини ўтказганини таъкидларкан муаммоларнинг илдизи Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси раҳбарига бориб тақалишини иддао қилади.
Маълум бўлишича Иброҳим Эргашев Кенжабоевич исмли шахс бу ташкилотга бошлиқ экан. Шунингдек журналист инспекция ходимлари билан суҳбатлашганини ва ташкилот раҳбари ҳақида уларнинг фикрларидан иқтибос келтиради. Инспекция ходимининг айтишича, Иброҳим 2017 йилда инспекцияга раҳбар бўлиб келганида ишни эски ходимларни ишдан бўшатиб, ўзи аввал ишлаган жойлардан янги ходимларни олиб келишдан бошлаган. Инпекциянинг биринчи ўринбосаридан тортиб барча ёғли лавозимларда унинг эски қадрдон ҳамкасблари ишлар экан. Деярли ҳаммаси иқтисодчилар экан. Суҳбатдаги киши тизимнинг пароканда бўлиш сабаби ҳам шунда эканини таъкидларкан ушбу соҳага иқтисодчилар эмас, қишлоқ хўжалиги ва ўсимликлар карантини мутахассислари кераклигини айтади.
Шу билан бирга раҳбарнинг оғзидан боди кириб, шоди чиқиши, нуқул бақириши ва ҳақорат қилишидан шикоят қилади.
Журналистик суриштирувда қилинган хулосага кўра мамлакатда ўсимликлар карантини соҳасининг таназзулга юз тутиши Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғининг масъулиятсизлиги ва бутун лавозимларни иқтидорсиз ўз яқинларига тақсимлаб берганидир. Муаллиф бу соҳанинг масъулиятсиз ходимлари туфайли мева ва сабзавотларимизни айрим хорижий давлатлар қабул қилишни таъқиқлаётганини таъкидларкан ҳозирданоқ қатъий чора кўрилмаса, бу кетишда келгуси 4-5 йил ичида ўсимликлар карантини соҳасининг аҳволи қандай кечади деган саволни ўртага қўяди.
Эрк Демократик Партияси нашрининг таҳририяти кўтарилган мавзу бўйича етарли маълумотга эга бўлмагани учун ўз позициясини билдиришдан йироқ. Бироқ Мирзиёев раҳбарлик қилаётган ҳукумат бу мавзуни албатта ўрганиб чиқиши ва керакли чораларни кўриши шарт деб ҳисоблайди. Чунки экспортнинг таназзулга юз тутиши мамлакат иқтисодиётининг таназзули демакдир. Давлат секторидан ташқари соҳаларда, айниқса қишлоқ хўжалик соҳасидаги экспорт билан боғлиқ муаммолар ҳал қилинмас экан ҳеч қачон ўзбек халқининг косаси оқармайди. Чунки давлат монополияси остида қолаётган табиий бойликлар экспортидан келаётган даромаднинг халқ турмуш тарзини яхшилашга сарфланмаётгани ҳеч кимга сир эмас.
ЭРК хабарлар бўлими



Каримберди Тўрамуроднинг “Триптих”и ҳақида
Вячеслав Ахунов: Ўзлик қандай ўзгартирилмоқда?
Малоҳат Эшонқулова: Ўзбекистон режими танқиди ортидан YouTube’даги каналим ёпилди
“ВОДИЙДА ЎЛИШ ТАКИКЛАНАДИ”
Гўзал БЕГИМ: ЭРК МУАЛЛИМИ