O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ҚОРОНҒУЛИКДАН ЁРУҒЛИККА

ҚОРОНҒУЛИКДАН ЁРУҒЛИККА
12,534 views
17 April 2023 - 21:19

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Мурод Хидир оламдан ўтди.

Устоз олим Сувон ака Мели қўнғироқ қилиб қолди. Мен Сувон ака билан ҳол-аҳвол сўрашгунча бўлган вақт ичида куни кечагина Адиблар хиёбонида учрашиб қолганимиздаги Мурод Хидирни йўқлаб бориш ҳақидаги келишувимизни эсладим. Бироқ, домладан бошқа, совуқ бир хабарни эшитдим.

Устоз, ўзбек эзотерика илмининг асосчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Мурод Хидир 83 ёшида оламдан ўтди.

Аввал эзотерика ҳақида икки оғиз гап. Эзотеризм (юнонча ἐсcéрīкōс – бошқа, “ички”) – одамлар учун бехабар бўлган сирли таълимотлардан билимлар, маълумотлар тўплами, яширин мазмун ва ифодага эга бўлган воқеликни идрок этиш махсус усуллари. Психо-маънавий билимлар.

Ҳатто Пифагор, Афлотун ва Aрасту ҳам “эзотерик” сўзини махфий таълимот деб аташган. Энди эзотерика анъанавий равишда қуйидагиларни ўз ичига олади: сеҳр, алкимё, астрология, теософия, тасаввуф, йога, буддавий тантризм, масонлик, антропософия, мондиализм.

Мурод ака мана шу таълимотнинг ўзбекча белбоғини топган илм эгаси эди. У 1940 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. “Гулистон”нинг гулистон пайтидаги илк қалдирғочлардан. “Қалб кўзи”, “Сирли олам” каби газета ва журналларнинг ривожланишида яқин дўсти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Рустам Обид билан биргаликда фаолият кўрсатишган эди.

Бироқ бу иккала устознинг тақдири ҳам ниҳоятда аянчли кечди. Биласиз, Рустам ака ҳаётининг сўнгги йигирма йилга яқинини қариялар уйида ўтказди. Мурод ака эса кўз нуридан айрилди. Қоп-қоронғи олам ичида ёруғ дунёни кутиб яшади. Илми ичига сиғмасди. Руҳ жуда баланд эди.

Сувон домланинг айтишича, кейинги пайтларда аҳволи оғирлашгани сабаб Тошкент вилоятида истиқомат қиладиган қизининг уйига кўчиб кетган эди.

Биз ТТЗ яқинидаги уйига йўқлаб борганимизда бир неча соатлаб гаплашганмиз. Ёлғиз ўзлари яшаганлиги сабабли, суҳбат у одам учун кўз нуридек оромижон эканлигини тушунганман.

Устознинг қуввайи ҳофизаси кучли эди. Бир йил ичида 500га яқин аудио китобни тинглаганини айтган эдилар. Қайси мавзуда суҳбатлашманг, Мурод акадан оригинал фикр чиқарди, янги фикр айтарди.

Отам, Аллоҳ раҳмат қилсин, Азройилдан қочиб қутулган одам йўқ, бироқ болам, ўлимнинг кечидан буюргани яхши, дер эдилар. Мурод ака 83 йил яшади. Бу кимнингдир наздида яхши яшалганлик, узоқ умр кўрганлик аломати. Аслида, олимнинг ўлими кишини қайғуга солади. Неча ёшда оламдан ўтса ҳам қўйиб юборгинг келмайди. Кўзингдан ёшларингни артсанг ҳам қуйилиб келаверади.

Шундай табаррук кунларда, илмий журналистика асосчиси, энциклопедик олим, тақдир аччиқ қисмат билан тақдирлаган устозимиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Мурод Хидир сафар йўлини ўзгартирдилар. У дунёга қадам қўйдилар.

Алвидо, Мурод ака!

Бу дунёда зулумотда бўлган кўзларингиз, у дунёда жаннат боғларини кўрсин!

17 апрел, 2023 йил.

Гўзал БЕГИМ