O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЭЙФОРИЯ КИТОБИ

ЭЙФОРИЯ КИТОБИ
10,815 views
10 May 2023 - 21:47
Ёки гўзаллик паспортидаги ёзув
Онам ҳақдаги хотиралардан қорағатнинг ҳиди келади.
Эслайман, болалагимда биз қартота деб атаб, соғиниб кутадиганимиз лекин ҳеч қачон кўрмаганимиз бобомдан жуда кўп хат ва посилка келарди. Унинг ичида Бошқирдистон асали, қуритилган қорағат, жуда кўп арахис ёнғоқлари, жиляк(ўзбекча номини ҳалигача тополмадим) мураббо ва албатта жун пайпоқ, жун қўлқоп, онам учун аталган паутинка рўмол бўларди. Ва яна посилка ичида онамга аталган, татар тилида ёзилган мактуб олардик.
Биз бу маҳсулотларни жуда тез орада паққос туширар ва кейинги посилка келгунига қадар Онамдан Бошқирдистон тоғларида шифобахш гиёҳларни еган асалари асалининг хосияти, ўрмонда қўзиқорин теришга чиқиш мавсуми, сабан тўйи, қорағат қуритиш малакаси, ўрмонда олмахон уясини топиб олган одамларнинг жуда кўп миқдорда ёнғоқ ва арахислар билан бойиши ҳақидаги ҳикояларни тинглардик. Биз бу ҳикояларни шу қадар қулоғимизни жонлантириб тинглардикки, шимол ўрмонларидаги ҳар бир дарахт шовурини эшитардик гўё.
Онам бобомнинг хатларини залдаги столнинг устига ёйилган духоба дастурхон тагида сақларди. Ва бу хатларни тез-тез ўқирди. Ўқир экан, кўзига ёш оларди ва бу ёқимсиз эди, бироқ бу еқимсиз манзарага биз кўниккан эдик.
Онамнинг бошқа миллат вакили эканлиги ҳақидаги хабарни кўнгилсизликлар ичида таниганман. Мендан катта Акам ва Опам мактабга борар, кунда ё кунора “Опа-а, менга фалончи “татар” деди,” деб йиғлаб келарди. Онам ҳадеб мактабга борар ва у болаларга миллат камситиладиган эмас, фахрланадиган тушунча эканлигини англатишга уринарди. Ва, албатта, Онамнинг бу ҳаракатлари зое кетарди.
Бу мен учун ёқимсиз ҳол бўлган. Ва ака-опамнинг бошига тушган кунлар меникига яқинлаша олмаслигига ҳаракат қилганман. Чунки мен улар тушган чоҳга тушмаслик учун синфимда жуда тезлик билан лидерликни қўлга олдим. Ва бирорта синфдошим мени миллат шаъни билан ҳақоратлашга ботина олмади.
Онам меланхолик аёл эди. Ўзбек тилида тоза гапирарди, ҳар ишни дид билан қиларди, китоб кўп ўқирди. Оғиздан чиқаётган сўз ҳам санъат даражасида ифодаланишини хоҳларди. Маълум вақт дипломсиз ҳолдаям Нефтекамск шаҳридаги театрлардан бирида актриса бўлиб ишлаганини билардим. Чунки Онажонимнинг альбомидаги “Ёзилмаган законлар” спектаклида рол ўйнаб тушган суврати бу ҳақда гапирарди. Суратда онам актёрларнинг айнан ўзидай эди.
Уйда бизнинг ғаройиб фотогалереямиз бўлган. Илк музей таассуротини мен ана шу альбомдан олганман. Агар мендан илк бор қайси музейда бўлгансиз, деб сўрашса, шубҳасиз, “Бошқирдистон” музейида бўлганман, деб жавоб бераман. Альбом-музей болалигимнинг асосий бўлагидир. Чунки у расмларда бизнинг ёзги жазирама ва яйдоқ табиат кўринишининг акси бўлган ниҳоятда сўлим, гўзал табиат тасвири акс этган.
Ўрмон, дарё ва тогларга илк бор Онамнинг альбомида дуч келганман. У расмларни Онам ниҳоятда ардоқлар ва альбомнинг охирги бетда битта тўртлик ёзилганди:
Ҳаволарда қушлар юрган
Қанотли қушлар бит ул.
Тонг отганда, йил ўтганда
Соф муҳаббат бор буткул.
Бу татар тилида ва татар алифбосида ёзилган шеър. Бироқ ифодаси айнан шунақа эди. Ва шеърга ҳар гал кўзим тушганда Онамдай серэмоция бир инсоннинг 21 йиллик ҳаёти ортида Урал ўрмонларию, Идил дарёси бўйларида ниҳоятда иссиғи баланд кунлари қолганлигини туярдим.
Гўзаллик билан илк бор учрашганимда жуда ёш эдим. Эсимни элас-элас танирдим. Баҳор кунлари… Онам даҳлиз эшигини очдию ҳаммамизни ёнига чақирди: “Болаларим, қаранглар турналар ўтяпти. Осмондаги энг гўзал китоб бу”, – деганди. Юртидан олисда яшаган, бешта боласидан бошқа юрагининг қаноти бўлмаган, Хоразмнинг чекка бир қишлоғида аксарият одамлар “келгинди” деб қараган муҳитдаям синмаган, синмас болаларни тарбия қилган аёлнинг ички портрети эди бу! Эҳтимол, Онам ўшанда турналарга қўшилиб ўз ватанига учиб кетгиси келгандир. Эҳтимол, ҳадеб ўзининг ниҳоятда сулув аксини синган кўзгуда кўравериш Онамни лаҳзага бўлсин чарчатгандир.
Агар мен рассом бўлганимда, ҳеч қурса фотосувратчи бўлганимдами эди, айнан ана шу тасвирни сизга кўрсатган бўлардим. Фожиа билан гўзалликнинг тўқнашуви бор эди бу ҳолатда. Осмонда турналар яратган китоб ва ерда жасур бир аёлнинг фожиалар оралаб ёзган эйфория китоби… Кўкдаги турналарни томоша қила туриб, гўзалликни, ҳаётнинг шавқини илк бора тотиганман тўшанда. Илк бора Онамнинг қучоғида танишганман гўзаллик билан…
Ҳа, Онам мен кўрадиган қишлоқ аёлларидан тамоман бошқача эди. Уйда катта магнитафон бўларди. Менимча, бутун қишлоғимизда бу биргина бизнинг уйимизда бўлгандир, эҳтимол. Онам унга катта айлана ленталарни қўйиб, Алла Пугачеванинг, Валерий Льеонтевнинг, йиғма татар хоанандаларининг қўшиқларини эшитарди. Муса Жалилнинг, Абдулла Тўқайнинг ва Қозонда нашр этиладиган “Азат хатин” журналининг ҳар бир сонини ўқирди. Уйимизда бори татар тилидаги “хом-ашё”лар шулар эди.
Бироқ онам асосий адабиётларни ўзбек тилида ўқирди. Чунки, кутубхонага бориб китоб ташувчи мен эдим. Онам уларни ўқир ва қайси китобни ўқишим керагу, қайси бири шартмаслигини ажратиб берарди. Ҳатто Онам кўзи хиралаша бошлаганида ҳам(кўзойнак тақиб китоб ўқиса, қон босими ошарди) китобларни менга ўқитиб, эшитарди. Эсимда, кечки овқатдан сўнг мен Отам ва Онамга Абдулла Қодирийни, Чўлпонларни ўқиб берганимда Отажон ва Онажоним кўз ёшларини бир-биридан яшириб, бири иккинчисига тескари қараб йиғлашганди.
Кузги мавсумни Онам обуна билан қаршиларди. Уйимизда ҳаммамиз газета-журналларга бўлишиб обуна бўлардик. Яъни обуна тақсимланарди. Чунки бу таомил бизнинг оилада энг муҳим анъаналардан бири эди. Почтачиям энг кўп газета-журнални бизнинг уйимизга олиб келарди. Ва энг кўп хат ёки телеграмма ҳам бизникига ташиларди.
Онам, кунларнинг бирида Тошҳовуз(Туркманистоннинг вилоятларидан бири. Ота-онам Урганч бозоридан кўра кўпроқ Тошҳовуз бозорига боришарди.) бозорига кетди ва менга китоб жавони кўтариб келди. Ҳаётимга кириб келган ана шу маънавий совға мен олган энг муҳташам туҳфадир. Онам ўша кеча китоб жавонни эринмай менинг “ижодхона”(Онам бу хонани шундай атарди)мга остирди ва акамга столим тепасига Алишер Навоийнинг портретини чиздириб илдирди.
Онам покизаликка алоҳида эътибор қаратарди. Уйимизда ҳатто энг майда буюмнинг ҳам ўз ўрни бор эди ва ҳамма нарса ўз ўрнида турарди, ўз номи билан аталарди. Уйимизга узоқ-яқиндан келадиган меҳмонлар кўп бўларди. Шунда келган меҳмонлар “қишлоқ жойидаям шу қадар озода яшаш мумкинми?” деб ҳайратланса, бобом(Отамнинг акаси) гапни келини татарлигидан бошлар эди. Йиллар давомида “татар” ва “келгинди” калимаси бир хил маъно англатишини кўравериб зада бўлган онам меҳмонлар кетгач ёзғиришга тушарди:
– Наҳотки озода бўлиш учун татар бўлиш шарт бўлса! Қачондан буён озодалик татар сўзининг синонимига айланган экан?!!
Оиламизда тенгига тўртта талаба ўқиганмиз. Онам ҳатто кўйлак сотиб ололмасди. Ўзидан доим аярди. Қурбсиз эди бунга. Лекин ойда 1-2 марта туманимиздаги китоб дўконга бориб китоб сотиб олишимни ҳеч қачон чеклаган эмас! Газета-журналларига обуна бўлишни қисқартирган эмас ҳеч қачон! Ҳолбуки, уларнинг пулига онам ўзининг моддий истакларини қондирадиган даражада кўйлак олиб кийиши мумкин эди.
1991 йилда акамни уйлантиришади. Биласиз, у пайтлари тўйлар ҳозиргидай ҳашамдор эмасди. Қишлоқда столларга дастурхон ё кленка етмай қолган жойларига газеталар ёйиларди. Шунда амакиларимдан бири келиб, “мана бир тонна газета турибди, беринг шуларни” дея Онамга “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталарининг бир неча йиллик тахламларини кўрсатган. Онам эса “Йўқ, булар Гўзалнинг газеталари, гуноҳ бўлади” дея асраган экан. Қолаверса, китоб сўраб келгичлар кўп бўлганлиги боис, мен Тошкентга кетгандан сўнг энг яхши китобларимни сандиққа солиб қулфлаб сақларди Онам! Қишлоқда одамлар асл молларини, бойликларини сандиқда сақлашса, Онам сандиқда китоб асрарди.
Онамда жуда яхши рассомлик қобилияти бор эди. Уйларимиз деворларига ўзи нақш соларди, гуллар чизарди. Бу жиҳати ҳозир Рашид акамга ўтган. Онамли кунларимни эслар эканман, унинг ботинида улкан бир санъат устахонасига, энг ноёб экспонатлар сақланадиган музейга, юксак академнашр китоблар қўйилган боқий кутубхонага дуч келаман. Менинг ҳеч бир олий даргоҳни кўрмаган, дипломсиз Онамнинг унвони олийдан олий эди аслида.
Онам гўзал аёл бўлган. Олийнасабларга хос дид эгаси эди. Лекин ана шу гўзалликни, юксак мақомдаги санъатга ошуфталикни, мукаммал дидини бешта бола тарбиясига ва рўзғорини бутлашга сарфлади. Уй қурди, мол боқди, қўй боқди, кунора бутун гўзаллигини тандирга суқиб болаларига иссиқ-иссиқ нон ёпди. Баъзан айтиб-айтиб йиғлаганларида Онамнинг гўзал юрагида шунча шўрхок жойлариям бор экан-да, дея изтиробга ўралардим…
Ўнинчи синфда ўқирдим. Мактабимиз директори эрталаб ва кечқурун қишлоқ радиоузелидан пахта режаси қандай бажарилаётганлиги ҳақида ҳисобот берарди. Ана шундай кунларнинг бирида мактаб ўқувчиларининг билими, ўқиш даражаси ҳақида ҳам тўхталди. Директор бизнинг оила ҳақида гапирар экан, оиламиздаги беш фарзанд ҳам ниҳоятда аълочи эканимизни айтиб, Онамнинг хизматларини алоҳида таъкидлади ва Онамга қайта-қайта “раҳмат” айтди. Радионинг тагида турган онам юм-юм йиғларди. Бу йиғида бир умр “келгинди” деган тошларнинг остидан чиққан бош устида порлаган навқирон қуёшни кўриш мумкин эди, Шоир қуёш, наққош қуёш, файласуф қуёш титрарди бу кўзёшда.
Матназар ака, менга эринмасдан ва жуда кўп хатлар ёзарди. Кунларнинг бирида уйимизга келган хатда Матназар аканинг шундай сўзлари бор эди: “Гўзал, татар халқининг шарофати билан дунё адабиёти иккита буюк ёзувчига эга бўлди: Чингиз Айтматов ва Асқад Мухтор. Сен эса уларнинг учинчиси бўласан!”. Бу, албатта, мен учун ёқимли эди. Энг, аввало, Онамга даҳли бўлгани учун, касал Онамнинг кўнглини осмон оралаб кўтариб учгани учун ҳам ёқимли эди бу қиёс.
Оиламиз катта бўлганлиги боис, онамнинг анча вақти тўқишга ва йиртилган нарсаларни ямашга кетарди. Пайпоқ, қўлқоп, ҳатто дастурхонларимизга ямоқ солиб ўтирарди. Онам ямай-ямай рўзғоримизни бутун қилди, бахтини ҳам ямаб каттайтирганди гўё.
Онамнинг охирги лаҳзаларида ёнларида севимли келиним Бикажон бўлган. “Она, нима ейсиз ахир, айтинг тайёрлаб бераман”, деса, “Отам юборган қуритилган қорағатдан солиб чой қилиб бер”, дебди. Болалигимдан то бугунга қадар димоғимдан қорағат ифори таралади. Унда Онам юртининг чиройи бор, Онам юрагининг уриши эшитилади. Онамнинг санъаткор юрагининг уриши акс этган.
Гўзал БЕГИМ
10 май 2023 йил