Дунёдаги илк аёл шоира эрамиздан аввалги Месопотамияда яшаб ўтган. Унинг Месопотамия ҳукмдорининг қизи Эндехуанна эканлигини тарих бизга эслатиб туради. Мусулмон халқлари қарашларига кўра эса илк шеър айтган бу Одам(алайҳиссалом)дир.
Энг қадимги шоирлардан Гомер, Овидий, Данте Алигьери, Петрарка, Фирдавсий, Шота Руставели, Умар Хайёмларни, уйғониш даврига мансуб Чосер, Алишер Навоий, Шекспир ижодларини тинимсиз ўрганамиз. Шунинг ўзи бадиий адабиёт ҳеч вақт эскирмаслигини, урфдан қолмаслигини, ҳар қандай аср учун ўз замонавий кўринишини сақлаб қолиши мумкинлигини кўрсатади.
ХХ асрда чақнаб-чарақлаб чиққан шоираларимиздан бири Ҳалима Худойбердиева бўлган. Шоирлар одатда ўз даврининг қалби, овози ўлароқ янграйдилар. Ҳалима Худойбердиева шеърларида биз ўзи яшаган давр муаммолари шоира қаламида бадиий жозибага айланганлигини кузатишимиз мумкин. Шоирнинг қайси бир шеърига қараманг, ўша давр яраларидан силқиб оқаётган қон у, шоирнинг оғзини ёпиш мумкин, бироқ қалбини ҳеч бир қопқоқ билан ёпиб бўлмаслигининг мажозий кўринишидир!
Ҳалима Худойбердиева шеъриятда Аёллар қалбининг, аёллар юрагининг овозига айланди. Жамиятда овоз чиқариб айтиш мумкин бўлгану, аёл қалбининг энг кунжакларида овозга, сўзга айланмай қолиб кетган ичкин ҳиссиётларгача ҳар бир Ҳалима опанинг шеъриятида муносиб инъикосини топди. Бадиий овознинг ҳам аёли ёки эркакларга хоси бўладими, дерсиз. Ҳа. Бўлади. Чунончи, эркак кўзи кўра олмайдиган, ўзга жинс вакили ҳис қила олмайдиган шундай ичкин нозик тушунчалар борки, булар фақат аёл шоирларнинггина нигоҳидан қочиб қутула олмайди. Бу нафосат доридан фақат аёллар юраги юриб ўта олади.
Ҳалима опанинг шеъриятида жуда нафис фожиалар акс этган: “Шамол пурккан қуюқ чангдан хира тортиб қолдим мен”, “Жунжиккан ел кўксимга кирар”, “Ловуллаб турибди бир дарахт”, “Виждон – асл касбинг қоровулликдир”, “Кузнинг ёноқлари намли туйилар”. Ҳалима опа шеъриятида ана шу каби оғриқли, бир пайтнинг ўзида ёқимли бадиий ҳақиқатларни кўриш мумкин. Улар ижтимоий воқеа сифатида оғриқли, бадиий воқелик сифатида эса ёқимлидир.
“Шеър бу – характер. Шоир қандай бўлса шеъри ҳам шундай. Шеърда унинг юрагидаги суратлар муҳрланади”, деб ёзади мунаққд Иброҳим Ғафуров Ҳалима Худойбердиева шеърияти ҳақида тўхталар экан. Шеър нафақат шоирнинг, балки Адабиётнинг, Сўзнинг, бадииятнинг ҳам характерини белгилаб берадиган ўзига хосликдир. Шунинг учун ҳам шоиранинг шеърларида аёл характерини кўрамиз. Психологик курашларга шўнғиган, изтироб, безовталик, муҳаббат, дард ишлаб чиқарадиган кўнгил қалъси “фабрика”сининг хом-аёшёсидир – шоирнинг ҳар бир шеъри.
Хотирамнинг йўлига чиқсам
Қизил тошлар ўтаверади.
Қони чак-чак томиб ерларга
Кесик бошлар ўтаверади.
Мана шу каби улкан инсоний дарднинг сингроқлари бор унинг шеърларида.
Мен олмаман, тўлқин билан ўйнаб оқиб боряпман,
Кимларнингдир кўзларини ёқиб оқиб боряпман,
Кимлар менга маъюс боқар, раҳми келгандай афти,
Кимлар қўлин узатганча етолмай қолаяпти.
Мен ўйноқи тўлчин билан ўйнаб, оқиб боряпман.
Тасаввурнинг гўзал тасвири бу! Мана бу шеърда қалбнинг энг гўзал ҳаракати ифодаланган. Севаётган қалбнинг, юраётган қалбнинг, мўъжизага эгизак қалбнинг ҳолати, ҳаракати зуҳур этган. Сувда оқишнинг, хаёлда оқишнинг, ҳаётда оқишнинг мажозий тасвири бор бу шеърда. Манзаранинг тасаввурга юқтириш мумкинлигини мана шу шеър далиллайди.
Шоирлар шеър орқали тилни кашф этадилар. Тилнинг сарҳад билмас кенгликлари ва гўзалликларини очадилар, кўтарадилар, қалбларда тил жозибасини бошқарадилар. Грамматик ишланган тилимизнинг бадиий нуқси мисралар қатида янгидан нафас олаётганга ўхшайди. Ҳалима опанинг шеърларида биз тилнинг гоҳ аскардай кучли ва матонатли, гоҳ севимли ёрдай оҳиста ва эрка товланишларини кўрамиз. Тил ҳофизасидан юксаламиз. Буям Шоирнинг бадиий оҳанрабосидир.
Ҳалима Худойбердиева муҳаббат ҳақидаги шеърларида бошқа аёлларнинг севги шеърларидан фарқ қилади. Яъни юраги, туйғулари, кечинмалари жуда ақлли. Ақлдан озган “ақлли”лик бор уларда. Лирик қаҳрамоннинг ички қиёфаси, жим севишнинг, жим изтироб чекишнинг, жим юксалишнинг садоларини юракларимизда акслантиради. “Муҳаббат – инсон мавжудлиги муаммосиининг ечимидир” – дейди немис фаласуфи Эрих Фромм. Бу фалсафа Ҳ.Худойбердиева шеърлари қатидан сизиб чиқаётганга менгзайди.
Кўп шоирлар маълум давр ўтгач, ё чайрчайди, ё зерикади, ё ёзмаса туролмайдиган касалга чалинадилар. Натижада ё ўз-ўзини такрорлайдилар, ё руҳда қайтариқлар бошланади ёки алжирайдилар. Пафоссиз айтаманки, Ҳалима опа умрининг охиригача гўзал шеърлар битди. Юракдан чиқиб, юракларга етгувчи шеърлар…Бадиият пиллапояларида оёғи сирғанмади.
Ҳалима Худойбердиева ХХ аср шеъриятининг ҳақли абадиятга даъвогарларидан. Буни шоирнинг ўзи ёки шахсияти эмас, шеърлари белгилаб беради. Ва бу ҳақли даъводир.
Яна бир гап, Ҳалима опа ўзининг ҳақиқатгўйлигини кўз-кўз қилмайдиган ҳақпараст шахс ва шоира эдилар. 2018 йилда ХХ аср 70 – йилларида ўзбек шеъриятини тубдан янгилаган Шоиримиз Муҳаммад Солиҳни Ватанга қайтаришни сўраб Президентга мурожаат ва имзо йиғилди. Ана ўшанда… анча-мунча шоирлар, ёзувчилар қўрқиб қолишди. Ҳалима опа эса, “Бу Ватанда Муҳаммад Солиҳнинг ва у каби бошқа хорижда юрган ватандошларнинг ҳам яшашга ҳаққи бор”, дея ҳақ сўзини айта олди. Ҳолбуки, Ҳалима опа ўша кезларда шунча уриниш-суринишлардан кейин президентимиз томонидан эндигина қайта номи тикланганди… Шахсан мен учун Ҳалима опа сиёсий, ижтимоий, адабий ўйинлар қошида ҳеч қачон турланмаган, тусланмаган адл Аёл тимсоли, Ҳаққа даҳлдор ШОИРА образидир!
Ҳалима Худойбердиева шеърияти ўтган асрда аёллар қалбидаги энг нафис жароҳатларни, меланхолик ҳиссиётларни, Тўмарисга аждод бўлган аёл қарашларини шеърда кўрсата олган ШОИРАмиздир. Зотан бу ўзбек адабиёти аёллар шеъриятида юзаки айюҳаннос ёки нозу карашма шеърияти эмас, асл маънода жиддий умумдунё адабий об-ҳавосини белгилайдиган юксак бир шеърият юзага келганини далиллайди.
Гўзал Бегим
14 май, 2023 йил



Каримберди Тўрамуроднинг “Триптих”и ҳақида
Вячеслав Ахунов: Ўзлик қандай ўзгартирилмоқда?
Малоҳат Эшонқулова: Ўзбекистон режими танқиди ортидан YouTube’даги каналим ёпилди
Гулнор (аудиокитоб)
“ВОДИЙДА ЎЛИШ ТАКИКЛАНАДИ”